3.3. Ер участкасига бўлган мулкий хуқуқ, битим турлари ва уларни расмийлаштириш тартиблари
Юридик ва жисмоний шахсларнинг ерга нисбатан мулкдорлик хуқуқи Ер кодексининг 18-моддасига биноан тартибга солинади.
Ердан хусусий мулк асосида фойдаланиш Бино- иншоот жойлашган ер участкаларини сотиб олиш асосида вужудга келадиган тасарруф қилиш, эгалик қилиш ва фойдаланишдир. Ер участкалари савдо ва хизмат кўрсатиш обектлари билан бирга ҳусусийлаштирилганда аукцион орқали юридик ва жисмоний шахсларга Ер кодексининг 18-моддасига мувофиқ сотилиши мумкин. Ер участкаларини ҳусусий мулк асосида берилиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 11 апрелдаги 126-сонли қарори билан тартибга солинган. Савдо ва хизмат кўрсатиш обектлари хусусийлаштириш жараёнида уларнинг қийматига ер участкаларининг қиймати қўшилиб аукционда бошланғич нарх белгиланади. Аукционда энг юқори нарх тавсия этган шахсга ер участкаси обектлар билан мулк бўлиб ўтади.
Дипломатия ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган, Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган халқаро ташкилотларнинг ер участкаларига мулк ҳуқуқи уларга ўзлари ваколатхона биноси сифатида фойдаланаётган иморат ёки иморатнинг қисмлари, шу жумладан ваколатхона бошлиғининг қароргоҳи улар жойлашган ер участкалари билан бирга, шунингдек мазкур ваколатхоналарнинг иморатларини қуриш учун ер участкалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда реализация қилинганда вужудга келади.
Чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг — дипломатия корпуси ходимларининг, Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган матбуот вакилларининг, фирмалар, компаниялар ва халқаро ташкилотлар доимий ваколатхоналари ходимларининг, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарда доимий асосда ишловчи шахсларнинг, шунингдек республикада доимий истиқомат қилувчи ва яшаш учун гувоҳномаси бўлган шахсларнинг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи уларга уй-жой бинолари шу бинолар жойлашган ер участкалари билан бирга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда реализация қилинганда вужудга келади.
Ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи Ер кодексининг 19-моддасига биноан тартибга солинади.
Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи деганда деҳқон хўжалиги юритиш, якка тартибда уй-жой кўриш, жамоа боғдорчилиги ва узумчилиги юритиш учун бериладиган ер участкаларидан фойдаланиш тушунилади. Бу ер участкалари қонуний мерос ҳуқуқи асосида ворисларга ўтади. Ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси фуқароларига деҳқон хўжалиги юритиш, уй-жой қуриш, жамоа боғдорчилиги билан шуғулланиш мақсадларида берилади.
Фуқароларнинг ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати билан тасдиқланади.
Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжатининг шакли, уни рўйхатга олиш ва бундай ҳужжатни бериш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ҳақ эвазига аукцион орқали реализация қилиниши мумкин. Фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 27-моддасига мувофиқ якка тартибда уй-жой қуриш учун 0,04 гектар ва ушбу Кодекснинг 55-моддасига мувофиқ деҳқон хўжалиги юритиш учун 0,06 гектар ер участкаси реализация қилиниши мумкин. Фуқароларга ер участкаларини реализация қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 11 апрелдаги 126-сонли қарори билан тасдиқланган «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси обектларини улар жойлашган ер майдонлари билан биргаликда ҳамда ер майдонларини мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилиш учун ҳусусий мулк сифатида сотиш тартиби тўғрисида»ги Низом (ҚТ, 1995 й., №4, 15-модда) билан тартибга солинади. Ер участкалари туман ва шаҳар ҳокимиятлари томонидан аниқланиб аукционга қўйилади. Аукцион давлат мулки қўмитаси органлари томонидан ташкил этилиб, аукционга қўйилган ер участкаларини бошланғич нархлари белгиланади. Аукционда энг юқори нарх таклиф этган шахс ерга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ордер беришади. Ер участкаси жойда ажратиб бериш ва ерга бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олиш мазкур ордер асосида амалга оширилади.
Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам берилади.
Туман, шахар хокимликлари Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига якка тартибда қурилган уй-жойларини расмийлаштиришда хокимлик хузуридаги махсус комиссия йиғилиш баённомасига асосан тегишли қарор билан фойдаланишдаги ер майдонини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш хуқуқи билан бириктириб берилади (3.1-расм).
Ер участкаларига доимий ва муддатли (вақтинча) эгалик қилиш ҳамда улардан доимий ва муддатли (вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқи Ер кодексининг 20-моддасига биноан тартибга солинади.
Ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи деганда корхона, муассаса, ташкилотларга ва фуқароларга олдиндан белгиланмаган муддат асосида ер майдонларини бериб қўйишлик тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |