Инвестиция таваккалчилиги бу - ноаниқ иқтисодий, сиѐсий иқлим шароитидаги инвестиция инжиқликлари бўлиб, мамлакатнинг сиѐсий, бизнес ва маданий муҳитида яширин бўлган ва унга хос бўлган омиллардир. Унинг бошқарув, хавфсизлик ва обрў-эътиборга таъсирлари ҳамда молиявий оқибатлари бўлиши мумкин.
Илмий адабиѐтларда учрайдиган таваккалчиликка берилган изоҳларнинг турли-туманлигига сабаб шуки, аксарият тадқиқотчилар таваккалчиликнинг ўрганилаѐтган предмет доирасида тор таърифини берадилар. Замонавий изоҳли луғатларда таваккалчилик - хавф-хатар сифатида, зарар кўриш эҳтимоллиги сифатида таърифланади. Бошқа бирида, яъни мулк ва кўчмас мулк масалаларига бағишланган луғатда таваккалчилик тушунчаси суғурталаш билан боғланади ва тегишли ҳимоя билан таъминлашни талаб этадиган воқеа ѐки предмет сифатида таърифланади.
Таваккалчилик тўғрисидаги бир қанча таърифларнинг таҳлили таваккалчилик вазияти учун хос бўлган асосий хусусиятларни ажратиб кўрсатишга имкон беради:
- эҳтимоллик. Ҳодиса содир бўлишининг тасодифий тавсифи, ноаниқликнинг мавжудлиги;
- муқобиллик. Камида иккита бир-бирига қарама-қарши натижалар эҳтимоллигининг мавжудлиги яъни, зарар кўриш эҳтимоли ѐки қўшимча фойда олиш эҳтимоли;
- кутилаѐтган натижалар ва оқибатлар эҳтимоллигини аниқлаш мумкин ѐки улар маълум;
- муқаррарлик. Таваккалчилик вазияти натижасининг инвестор ҳолатига таъсир этиши.
Аксарият илмий адабиѐтларда, таваккалчилик молиявий йўқотишларга олиб келувчи ноаниқлик сифатида талқин этилади, Ноаниқлик - хатти-ҳаракатларнинг натижалари аниқлаштирилмаган (улар тўғрисида тўлиқ ва аниқ маълумот йўқ) омилларнинг мавжудлигидан иборат бўлиб, бу омилларнинг натижаларга таъсир этишининг эҳтимолга яқин даражаси эса маълум эмас; лойиҳани амалга ошириш шарт-шароитлари тўғрисида маълумотнинг тўлиқсизлиги ѐки ноаниқлиги.
Таваккалчилик ва ноаниқлик ўртасидаги фарқ шундан иборатки, таваккалчилик олдинги давр маълумотларига асосан оқибатларнинг эҳтимоллиги баҳоланганда мавжуд бўлади, ноаниқлик эса бундай эҳтимолликни олдинги ѐки кейинги давр маълумотларининг тўлиқсизлиги ѐки умуман йўқлиги туфайли субъектив баҳолашда мавжуд бўлади.
Инвестиция таваккалчилигини шакллантирувчи омилларни аниқлаштиришда барча омиллар икки гуруҳга ажратилади:
- хатар;
- таҳдид.
Инвестиция таваккалчилиги барқарорлигига таъсир этувчи омиллар:
сиѐсий барқарорлик, макроиқтисодий барқарорлик, ҳуқуқий барқарорлик.
Иқтисодий ва сиѐсий барқарорлик инвестиция иқлимининг асосий таркибий унсурлари бўлиб, улар хорижий инвесторлар маблағ киритаѐтган муҳитни белгилайди.
Ҳуқуқий барқарорлик қонунчилик тизимининг мустаҳкамлиги бўлиб, сиѐсий барқарорлик моҳиятини кучайтиради. Қонун устуворлиги, мол-мулк ҳуқуқларининг хавфсизлиги, қонунларнинг ички ва ташқи инвесторлар учун бир хилда тенг татбиқ этилиши ва бошқаларда намоѐн бўлади. Инвестиция таваккалчилиги барқарорлиги ривожланаѐтган ва ўтиш даври иқтисодиѐти мамлакатларидаги бевосита хорижий инвестициялар даражасини тушунтиришда муҳим ҳисобланади.
Инвестиция таваккалчилиги даражасидаги барқарорлик инвесторларга фойда нормасини баҳолашда таваккалчиликни янада аниқроқ ҳисобга олишга ѐрдам беради. Шунинг учун хорижий инвесторлар таваккалчилик даражаси барқарор бўлган мамлакатларга сармоя киритишга ҳаракат қиладилар.
Амалда, таваккалчилигини баҳолашга нисбатан методик ѐндашувларга кўра уларнинг 4 гуруҳи мавжуд. Қуйида, назаримизда, уларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олишимиз лозим:
Do'stlaringiz bilan baham: |