Кириш 5313100 – Автомобиль транспорти, йўл қурилиш машиналари ва жиҳозларининг эксплуатацияси (автомобиль транспорти бўйича) ва 5620600–“Автомобиль сервиси” таълим йўналишлари 2-курс назарий машғулотлар тугаганидан сўнг бакалаврларни тайёрлаш тизимида бажариладиган малакавий амалиёт автомобиль транспорти ва автомобиллар сервисини ривожлантириш соҳаларидаги билимларини шакллантиришда асос ҳисобланади.
Талабалар етакчи автотранспорт корхоналари ҳамда “Тошавтотаъмирхизмат” АЖ ёки “Автотеххизмат” АЖ таркибидаги сервис хизмат кўрсатиш корхона ва марказларида малакавий амалиётнинг ўтилиши даврида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш (ТХК) ва жорий таъмирлаш (ЖТ) ишларини ҳамда жараёнларини ташкил этишни ўргатади.
1. Малакавий амалиёти мақсади Малакавий амалиёти умумкасбий ва мутахассислик фанларидан назарий билимларини мустаҳкамлашга ва амалий (ишлаб чиқариш) жараёнлари билан уйғунлаштириш, тегишли амалий кўникмалар, компетенциялар ва малакаларни шакллантиришга қаратилади. Малакавий амалиёти ўқув жараёнинг давоми ҳисобланади.
Ушбу амалиёт таълим йўналишларига оид автотранспорт ва автосервис корхоналарда ўтказилади. Амалиёт даврида талаба университетда олган назарий билимларини амалий жиҳатдан мустахкамлаб боради ва корхонадаги ишларни бажаришда ташкилотчилик ва ишчанлик қобилиятларини намоён қила билишлари лозим.
Амалиётнинг асосий мақсади “Автомобиль транспорти, йўл қурилиш машиналари ва жиҳозларининг эксплуатацияси (автомобиль транспорти бўйича)” ва “Автомобиль сервиси” таълим йўналишлари бўйича қуйидагилардан иборат:
ишлаб чиқариш корхоналарида турлари, вазифалари билан танишиш;
– бакалаврлар эгаллаши мумкин бўлган лавозимлар билан танишиш;
– автомобилларга ТХК ва ЖТ жараёнлари билан танишиш;
– эксплуатация даврида учраган бузилиш, носозликларни бартараф этиш ва уларни таҳлил этиш ва бошқалар.
2. Малакавий амалиёти вазифалари Амалиёт ўташ даврида талабалар қуйидагиларни билишлари лозим:
– мазкур дастурда кўзда тутилган топшириқларни тўлиқ бажаришлари;
– корхонадаги ўрнатилган ички тартиб қоидаларга тўлиқ риоя қилиши;
– корхона иш ўринларида техника хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси қоидаларини ўрганиб чиқиши ва уларга риоя қилиши;
– корхонадаги умумий ва махсус иш шароитларига риоя қилишлари лозим;
– штатдаги ходимлар билан бир қаторда бажарилаётган ишларга жавобгарликни хис қилишлари;
– амалиёт тугаганидан кейин ишлаб чиқариш ва университет томонидан тайинланган раҳбарларига амалиёт дастурида кўзда тутилган барча бажарилган ишлар бўйича 3 кундан кўп бўлмаган муддатда ёзма ҳисобот тайёрлаш, амалиёт ўталган корхона раҳбарияти томонидан имзолаш ва муҳрланган билан тасдиқланган ҳолда амалиёт ҳисоботини ҳимоялашлари лозим.
Ички тартиб қоидаларни бузган амалиётчи талабага нисбатан амалиёт раҳбари ёки корхона раҳбарияти томонидан жазо қўлланиши мумкин ҳамда бу ҳақида университет ректорига хабар берилади. Талабанинг университетдаги кейинги фаолияти университет раҳбарияти томонидан хал этилади. Талабага степендия тайинлаш ва курсдан кейинги курсга ўтиши фақатгина амалиёт бўйича ҳисобот топширилгандан кейингина амалга оширилади.