Таълим жараёнида таълим олувчиларни тарбиялашнинг асосий мақсад-вазифалари ва йўналишлари
Баркамол инсон – ўзида маънавий-ахлоқий ҳислатлар мажмуини мужассамлаштирган, жамиятда ўзлигини ва ўз қобилиятини ҳар томонлама намоён эта оладиган, маърифатли, дунёвий билимларни мукаммал эгаллаган, юксак истеъдодли ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган маънавий жиҳатдан етук, ахлоқан пок, жисмонан соғлом, ҳаёт гўзалликларини ҳис эта оладиган ижодкор шахсдир.
Таълимни инсонпарварлаштириш деганда ёш авлодда бой эстетик ҳиссиёт, юксак маънавият, маданий ва ижодий тафаккурни шакллантириш ва ҳар томонлама ривожланган шахсни тарбиялашнинг устивор йўналишларини ўз ичига олган таълим-тарбия дастурларини такомиллаштириш назарда тутилади. Бунда, таълим олувчида мустақил шахсни тарбиялаш, унда билим олиш маданиятини шакллантириш, шахсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, мустақил фикрлаш ҳамда шахсий ғурур, ишонч каби ҳислатларни ҳосил қилишга алоҳида эътибор берилиши керак.
Талаба-ёшларда инсонпарварлик фазилатлари, энг аввало уларнинг ўзидан катта ёшдагилар – ота-она, яқинлари, ўқитувчилар ва бошқалар билан бўлган муносабатлари орқали шаклланиб, сўнг тенгқурлари билан муносабатларда такомиллашади. Шу маънода инсонпарварлик шахс таърифи ва тавсифининг бош мезони сифатида, унинг шахс руҳиятида вужудга келиш, шаклланиш ва тараққий этиш жараёнлари ва қонуниятларини ўрганиш ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялащда, уларнинг ҳар томонлама уйғун тараққий этишларини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бу ўринда узлуксиз таълимни ҳам инсонпарварлаштириш муҳим вазифадир.
Баркамол шахсни вояга етказиш ижтимоий-маданий қадриятларни инсоннинг ижтимоий интизоми ва унинг ихтисослик бўйича меҳнат фаолиятининг ажралмас ва табиий белгиларига, хусусиятларига айлаштиришдан иборат бўлиб, бўлажак мутахассиснинг инсонпарварлик сифат ва фазилатларининг устивор бўлишини таъминлашга қаратилади. Тарбиявий ишлар режалари гуманитар туркумдаги фанларнинг, шу жумладан, ижтимоий-иқтисодий фанларнинг инсонпарварлик хусусиятларидан ҳам таълим-тарбия жараёнларида унумли ва самарали фойдаланишни кенг йўлга қўйиш билан бирга, бу туркумга кирмаган фанлар, яъни физика, кимё, биология, математика, шунингдек, техника фанлари ва умуман талим тизимида ўтиладиган барча фанларнинг ҳам тарбиявий тамойилларига, инсоннинг маънавий-аҳлоқий руҳий жиҳатдан такомиллаштириш имкониятларига алоҳида аҳамият ва эътибор қаратишни, уларнинг инсонпарварлик хусусиятларини кенгроқ очиб, таҳлил этиб кўрсатиб беришни, талаба ёшларни ўқитиш орқали маънавий-руҳий жиҳатдан ҳам тарбиялашни мақсад қилиб қўяди. Ўқув дастурларининг, дарслик ва қўлланмаларнинг янги авлодини яратишда, таълимнинг техник воситаларидан фойдаланишда, улар учун махсус ўқув дастурлари тайёрлашда таълимни гуманитарлаштиришнинг мана шу томонларига, яъни ёш мутахассисларнинг маънавий-аҳлоқий жиҳатдан баркамол шахс сифатида такомиллашувида ҳар бир фаннинг иштирокини энг юқори даражада таъминлашга катта эътибор берилиши зарур.
Ҳозирги кун фан, маданият ва таълим соҳаларида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда, ислоҳотларнинг суръатлари тобора жадаллашмоқда. Бироқ ахборотлар асри талабларига мувофиқ ўзгараётган ҳаётимиз эҳтиёжлари жамият олдига янгидан-янги вазифаларни кўндаланг қилиб қўймоқда.
Шахснинг маънавий, руҳий камолоти таъминланмаса, жамиятнинг моддий-техник тараққиёти бир томонлама бўлади ва кутилган натижани бермайди. Руҳий ибтидо ёшлар қалбини юксак маданият ва ахлоқий фазилатлар билан бойитишга, уларнинг умуман миллатнинг руҳий-маънавий ростланишига ёрдам бериши керак.
Баркамол шахсни тарбиялаш гуманитар таълим ва тарбиянинг муҳим қисмларидан бири сифатида талаба-ёшлар руҳий оламининг шаклланишида, ҳаётий позицияларнинг мустаҳкаланишида, уларнинг ижтимоий фаоллигининг ўсиши ва ихтисослик билимлари ҳамда умумназарий тайёргарлигининг ошишида асосий воситалардан бири ҳисобланади. Инсоният томонидан тўпланган беҳисоб маданий бойликлардан баҳраманд бўлиш, уларни ўзлаштириш ёшларда гуманистик дунёқарашнинг ватанпарварлик, виждон, эътиқод, ор-номус, шаън, мардлик, жасорат, олийҳимматлик, фидоийлик, инсонпарварлик каби қадриятларнинг шаклланишига ёрдам беради. Ёшларда бундай сифат ва фазилатларни тарбиялаш маориф ва олий таълим тизимида устивор аҳамиятга эга бўлиши керак. Зеро, Президент И.А.Каримов таъкидлаганидек, сиёсатда, иқтисодда ва маънавият соҳасидаги ислоҳотларнинг тақдири ўсиб келаётган ёш авлодга боғлиқ.
Барча талаба-таълим олувчиларни Республикамизнинг тарихий шаҳарларига, диққатга сазовор жойларига мунтазам равишда саёҳатлар уюштириб туриш, музейларга, кўргазмаларга, театрларга, концертларга махсус жадвал тузиб оммавий равишда олиб бориш, таълим муассасаларида уларнинг меҳнат ва уруш фахрийлари билан, замонамиз қаҳрамонлари билан, санъаткорлар, шоир-ёзувчилар, шифокорлар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг масъул ходимлари, маҳалла оқсоқоллари, ота-оналар билан давра суҳбатларини, учрашувлар ташкил этиш-булар ҳаммаси ёшларда миллий ифтихор, ватанпарварлик туйғуларини тарбиялаш билан бирга уларнинг дунёқарашини янада кенгайтиришга, бойитишга умуминсоний савиясини оширишга ёрдам беради. Ўқув юртларида талабаларнинг қизиқишлари бўйича ташкил этилган турли хил тўгараклар, клублар, спорт секциялари, касб-ҳунар цехлари ҳам талаба-ёшларнинг уйғун ривожи учун яратилаётган шароитлардандир.
Do'stlaringiz bilan baham: |