3. Шартли рефлекслрни ҳосил бўлиш шартлари
Шартли рефлекснинг ҳосил бўлиши учун иккита қўзғатувчи танлаб олинади. Бири шартли сифатида, иккинчиси шартсиз сифатида. Бу иккала қўзғатувчи бир вақтда итга таъсир қилиниши керак, шунда шартли рефлекс ишлаб чиқарилади, масалан, “Ёнимга” буйруғи берилиб, 1-2 секунддан кейин шартсиз қўзғатувчи билан таъсир этиш керак, яъни итнинг бўйнидаги тасмани ўрта меъёрда тортиш керак.
Бошида “ёнимга” товуш буйруғига ит қулоқ солиб, мўлжаллаш рефлекси пайдо бўлади. Бир неча марта “ёнимга” деган сўз билан итнинг бўйнидаги ип тортилса мўлжаллаш рефлекси йўқолади ва шу буйруқдан кейин итда ўргатувчи ёнида ҳаракатланиш рефлекси туғилади.
Рефлекс – бу организмнинг шартли ва шартсиз қўзғатувчиларнинг таъсирига жавоб реакциясидир.
Шартли қўзғатувчилар етарли даражада кучли бўлиши керак. Кучсиз шартли қўзғатувчиларга рефлекслар секин ишлаб чиқарилади ва реакция бўш, кучсиз бўлади. Шунинг учун ит ўргатилаётганда (дрессировка) буйруқлар етарлича кучсиз ва аниқ бўлиши керак. Шунда шартли рефлекслар пайдо бўлади ва ит уларни ғайрат билан бажаради.
Шартли қўзғатувчилар ҳаддан ташқари кўп бўлмаслиги керак, бу асаби ёмон итларда шартли рефлексларни ишлаб чиқарилишини кечиктириши мумкин, алоҳида ҳолларда умуман рефлекс туғилмаслиги мумкин.
Шартсиз рефлекс асосида ишлаб чиқарилган шартли рефлексларни пайдо бўлиш шартларидан бири бу асаб марказини қўзғатилиш даражаси ҳисобланади. Масалан, чала оч ҳолатдаги итда озиқ-овқат асаб маркази қўзғатилган, шунинг учун шартли рефлексларни овқат бериш (бир бўлак гўшт) билан маҳкамланса, рефлекс тез ишлаб чиқарилади.
Шартли рефлексларни ҳосил бўлишига атроф-муҳит шароити катта таъсир қилади. Жуда катта миқдорда ташқи қўзғатувчилар, масалан кўп одамларнинг ҳаракатланиши, ҳайвонлар, транспорт, ҳар хил товушлар, сигналлар ва бошқалар керакли шартли рефлексларни ишлаб чиқаришни қийинлаштиради. Чунки ташқи қўзғатувчилар итни чалғитади, итнинг мияси бошқа нарсалар билан банд бўлади.
Итни ўргатишни кучли ташқи қўзғатувчилар йўқ жойда бошлаш керак. Ҳатто ўргатувчилар ҳам бир-биридан анча узоқда бўлиши керак. Кейинчалик шартли рефлекслар ишлаб чиқарилгандан кейин атроф-муҳит шароитини секин-аста мураккаблаштириш керак ва шу даражагача шароитни оғирлаштириш керакки, ит бемалол ҳар қайси оғир вазиятда буйруқни бажара оладиган бўлиши керак.
Итни ўргатишда организмнинг ички муҳитини ҳисобга олиш керак. Ўргатишдан олдин итни бироз айлантириш керак, қувуғини ва катта ичагини бўшатиб олиш керак. Мабодо ит касал бўлса машғулотни тўхтатиш лозим.
Итни ўргатишдан олдин об-ҳавога эътибор бериш керак. Чунки ҳавонинг ҳарорати баланд ёки пастлиги, қаттиқ шамол, ёмғир, қор ва бошқалар ит ўргатишда салбий таъсир қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |