3. Миллий бойлик тушунчаси ва унинг таркибий тузилиши
Миллий бойлик инсоният жамияти тараққиёти давомида аждодлар томонидан яратилган ва авлодлар томонидан жамғарилган моддий, номоддий ва интеллектуал ҳамда табиий бойликлардан иборатдир.
Миллий бойликнинг бир қисмини инсон меҳнатининг натижаси ҳисобласак, бошқа қисми табиат бойликларидан иборат бўлади. Шундай экан миллий бойлик кенг маънода ўз ичига нафақат моддий ва номоддий неъматлар, яратилган санъат асарлари, интеллектуал салоҳиятни балки барча табиат ресурслари ва бойликлари ҳамда такрор ишлаб чиқаришнинг табиий иқлим шароитларини ҳам олади. Миллий бойликнинг бу барча таркибий қисмларини миқдоран, қиймат ўлчовларида ҳисоблаб чиқиш бир қатор объектив сабабларига кўра анча қийин, жумладан унинг табиат инъомларидан иборат қисми инсон меҳнатининг натижаси ҳисобланмайди ва қиймат ўлчовларига эга эмас. Шу сабабли иқтисодий таҳлил амалиётида миллий бойликнинг тор маънодаги тушунчасидан фойдаланилади. Тор маънода миллий бойлик инсоният меҳнати билан яратилган ва такрор ишлаб чиқарилиши мумкин бўлган барча моддий бойликлардан иборат бўлади. Миллий бойликнинг бу қисми миллий иқтисодиёт ривожининг бутун тарихи давомида доимий такрорланиб турувчи ишлаб чиқариш жараёнининг, умумий натижаси сифатида чиқади ва моддий буюмлашган шаклда намоён бўлади. У кишиларнинг кўплаб авлоди меҳнати натижаси ҳисобланади.
Айтилганлардан келиб чиқиб, миллий бойликни шартли равишда қуйидаги учта йирик таркибий қисмларга ажратиш мумкин:
1. Моддий буюмлашган бойлик.
2. Номоддий бойлик.
3. Табиий бойлик.
Моддий буюмлашган бойлик охири оқибатда ишлаб чиқаришнинг, унумли меҳнатининг натижаси ҳисобланади. У ишлаб чиқариш яратилганда маҳсулотларнинг жорий истеъмол қилишдан ортиқча қисмини жамғариш оқибатида вужудга келади ва ўсиб боради.
Аммо моддий буюмлашган бойликни қатор йиллардаги йиллик ялпи маҳсулотлар йиғиндиси сифатида тасаввур қилиш нотўғри бўлур эди. Чунки бу бойликнинг бир қисми ҳар йили ишдан чиқариб, қайтадан янгиланиб туради (ишлаб чиқариш воситалари, истеъмол буюмлари). Шу сабабли ишлаб чиқариш воситаларининг ўрнини қоплаш билан бир вақтда ялпи маҳсулотнинг фақат бир қисми моддий буюмлашган бойлик сифатида жамғарилиб борилади. Демак, қоплаш фонди ва моддий буюмлашган бойликнинг ўсиши ялпи миллий маҳсулот ҳисобига амалга оширилади.
Миллий бойликнинг инсон меҳнати билан яратилган моддий қисми қиймат шаклига эга бўлиб, таркибий тузилиши бўйича қўйидагиларни ўз ичига олади:
— ишлаб чиқариш характеридаги асосий капитал (фондлар). Булар бутун миллий бойликнинг таркибида анча катта салмоққа эга бўлади, ҳамда ўзининг техникавий даражаси бўйича ялпи миллий маҳсулотнинг ўсиш имкониятини белгилаб беради:
— ноишлаб чиқариш характеридаги асосий капитал (фондлар). Асосий капиталнинг бу турига мамлакатнинг уй-жой фонди, ижтимоий маданий характердаги объектлар киради.
— айланма капитал (фондлар). Миллий бойликнинг бу қисми меҳнат предметларидан иборат бўлиб, асосий капиталнинг тахминан 1/4 қисмини ташкил қилади.
— тугалланмаган ишлаб чиқаришнинг моддий-буюмлашган қисми. Улар ишлаб чиқариш босқичида меҳнат жараёни таъсири остида бўлиб, потенциал тайёр маҳсулот ҳисобланади.
— моддий заҳиралар ва эҳтиёжлар. Бунга муомала босқичдаги тайёр маҳсулот, корхоналар ва савдо тармоқларидаги моддий заҳиралар, давлат эҳтиёжлари ва резерв фондлари киради. Моддий заҳиралар иқтисодиётда рўй бериши мумкин бўлган ва олдиндан билиб бўлмайдиган фавқулотда ҳолатларда фойдаланиш мақсадида ушлаб турилади.
Давлат эҳтиёжларига олтин заҳиралари, суғурта ва мудофаа эҳтиёжлари учун зарур заҳиралар киради.
— аҳолининг уй, томорқа ва ёрдамчи хўжалигида жамғарилган мол-мулк. Бунга уй-жой, автомобиль, маданий-маиший буюмлар, кийим-кечаклар ва шу кабиларнинг қиймати киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |