Бошпиёзнинг етиштириш технологияси. Навлар. Бошпиёз экилгач, майсалашдан то маҳсулотбоп пиёз боши шаклланиш даври давомига кўра тезпишар (етилиши 150 кун), ўртапишар (150-180 кун) ва кечпишар (180 кундан ортиқ) навларга ажратилади. Озиқ-овқатлилик мазасига кўра аччиқ, ярим аччиқ ва чучук (ширин) пиёз гуруҳларига ҳам бўлинади. Пиёзнинг аччиқлиги ундаги эфир ёғлари таркиби билан боғлиқ. Қуруқ моддалар қанчалик кўп тўпланса, эфир ёғлари ҳам шунчалик кўпроқ тўланади ва пиёз шунчалик аччиқ бўлади. Ўзбекистонда етиштирилаётган чучук ва ярим аччиқ пиёз навлари тезпишар ва ўртапишардир.
Қишлоқ хўжалик экинлари давлат рейстрида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун 2008-йилда тавсия қилинганлар қаторига пиёзнинг қуйидаги навлари: ўртапишар, ярим аччиқ “Истиқбол”, “Қоратол”; кечпишар ярим аччиқ “Каба 132”, “Испанский-313”, “Самарқанд қизили-172” ва кечпишар чучук “Марғилон тухуми” нави киритилган.
Республикада туманлаштирилган пиёз навлари орасида иккитаси – “Қоратол” (Қозоғистон деҳқончилик ИТИ) ва “Испанский-313” (Россиянинг Бирючикут сабзавотчилик тажриба стантсиясида) хорижий мамлакатлар селектсияси навларидир.
“Марғилон тухуми” пиёзи ҳалқ селектсияси яратган маҳаллий навдир. Пиёзнинг “Истиқбол”, “Каба-132”, “Самарқанд қизили-172” навлари Ўзбекистон сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик ИТИ томонидан яратилган.
“Каба-132” ва “Қоратол” навлари мамлакатнинг барча вилоятлари, “Марғилон тухуми” нави Фарғона водийси, “Истиқбол” нави эса Андижон ва Тошкент вилоятлари, “Самарқанд қизили-172” нави – Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари, “Испанский-313” нави – Андижон, Бухоро, Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари учун туманлаштирилган.
Ўтмишдош экинлар ҳамда ерни тайёрлаш. Бошпиёз учун механик таркибига кўра соз тупроқли ҳамда қумоқтупроқли ерлар энг мақбул ҳисобланади. Айниқса, у қўриқ ерларда етиштирилганда яхши натижаларга эришилади. Пиёз шўрланган ҳамда ботқоқ ерларда ёмон ўсади.
Пиёз учун энг яхши ўтмишдош экинлар далани бегона ўтлардан тозаловчи карам, картошка, помидор, бодринг ҳисобланади. Алмашлаб экишда пиёз ҳайдалган беда ўрнига иккинчи ёки учинчи-йили, ёки далага гўнг солингандан кейин экилади. Беда ўрнига биринчи-йили пиёз экилганда бегона ўтлар ва зараркунандалардан зарар кўради, бош тугиши чўзилиб кетади. Пиёзни ўзининг ўрнига ва илдизмевали сабзавотлар ўрнига экиш тавсия қилинмайди.
Бошпиёзни кузда ва эрта баҳорда экканда унга бошқа сабзавот экинларидаги сингари ишлов берилади: ерни юмшатиш, кузги шудгор, жорий режалаштириш. Кузги ва баҳорги экиш муддатларида экишдан олдин ерга ишлов бериш, бароналаш, кичикроқ пайкалларга қўлда экилганда эгат олишдан иборатдир. Баҳорда экилганда пиёз учун эгатни кузда олган маъқул.
Кузги пиёз эртаги сабзавот ҳамда картошкадан бўшаган далага экилади. Шунинг учун ерни экишга тайёрлашда ҳайдашдан олдин ерни суғориш, сўнгра ҳайдаш ҳамда мола босиш, бароналаш лозим. Кузги экиш муддатида пайкалнинг бегона ўтлар билан ифлосланишининг олдини олиш мақсадида ўтмишдош экин йиғиштириб олингач, пайкал ҳайдалиб, суғориш жўяги олинади ва суғорилади. 8-10 кун ўтгач, ер чизел билан юмшатилиб, униб чиққан бегона ўт ниҳоллари йўқ қилинади.
Ўғит бериш. Пиёз илдизи ер юзасида жойлашганлиги учун тупроқ намлиги ва озиқасига талабчан. Бир тонна маҳсулот олиш учун тупроқда 10,6 кг азот, 7,3 кг фосфор, 3,6 кг калий солиш зарур. Бўз тупроқларда гектарига 200 кг азот, 150 кг фосфор, 75 кг калий; ўтлоқ ва ўтлоқботқоқ тупроқларга 160 кг азот, 160 кг фосфор, 80 кг калийли минерал ўғитларни бериш лозим. Фосфор-йиллик меъёрининг 75% ҳамда калийнинг ҳаммаси шудгорлаш олдидан, фосфорнинг қолган 25% эса экишолди ёки экишда берилади. Азотли ўғитлар 50% ўтоқдан сўнг 1-2 чинбарглик даврида, қолган 50% эса пиёзбошлар шаклланиш даврида солинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |