Мотивациялаш стратегиялари ва услублари. У ёки бу мотивация стратегиясини қабул қилишга уч хил ёндошиш мумкин:
1. Рағбатлантириш ва жазолаш орқали: кўп ва сифатли меҳнат қилаётган ходимларга кўп пул берилади, янада кўпроқ ишлаётган ходимларга эса янада кўпроқ тўланади. Сифатсиз меҳнат қилувчилар жазоланади.
2. Меҳнат орқали мотивациялаш: ходимга қизиқарли ва унга ёқадиган иш берилса олинадиган натижа ҳам шунчалик юқори бўлади.
3. Раҳбар билан бўлган алоқани кучайтириш:агар ходим топшириқни сифатли бажараётган бўлса, унга ижобий баҳо бериш ва хатога йўл қўйган пайтда эса салбий баҳо беришни мунтазам шаклга келтириш. Ушбу мотивация стратегияси вазиятни доимо таҳлил қилиб бориш ҳамда ходим ва раҳбар муносабатларини мукаммаллаштириб боришни назарда тутади.
Бошқарув амалиётида ходим меҳнат фаолиятини кучайтириш учун қуйидаги мотивация услублари қўлланилади:
Пул бериш рағбатлантириш омили сифатида.
Огоҳлантиришлар.
Ташкилот билан якдиллик ҳиссиётини уйғотиш.
қизиқарли меҳнат орқали мотивацияни кучайтириш.
Ютуқларни тан олиш ва тақдирлаш.
Раҳбарликка жалб этиш.
ўзгалар билан ҳамкорликда ишлай олганлиги учун тақдирлаш.
Ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш.
Салбий омилларни камайтириш орқали.
Пул – универсал рағбатлантириш услуби бўлиб, ҳар қандай малака ва маълумотли ходимлар учун аҳамиятли омилдир. Бироқ, бу омил доим ҳам мотивацион кучга эга бўлавермайди. Херцберг фикрича, маошни ошириш доим ҳам меҳнат самарадорлиги ошишига олиб келмайди, аммо ойликнинг паст бўлса ёки ўз вақтида тўланмаса қониқмасликни юзага келтиради ва иш унумдорлигини камайтиради. Чет эллик олимлар ўтказган тадқиқот орқали аниқланишича, пул қуйидаги тоифа ходимлар учун аҳамиятли омилдир: ёшлар, бир нечта жойда ишлашга қодир профессионал ходимлар ва мақсадга интилувчан кимсалар – бундай ходимлар ташкилотда 25% ни ташкил этарканлар, 19% ходимлар эса ташкилотдаги ўз мавқе ва обрў-эътиборни етакчи ўринга қўяди, улар учун нуфузли ташкилотда ишлаш муҳимдир. Яна 18% ходимлар учун жамода ўзини хавфсиз ҳис этиш ва дўстона муносабат етакчи ҳисобланади. Аниқланишича, кўп пул тўланиши яхши ва самарали меҳнат учун асос яратди, дегани эмас, албатта.
Пул мотивация омили сифатида қабул қилинар экан, моддий тақдирлаш ҳам маълум қонуниятлар асосида ўтгани маъқул. Аниқланишича, маошнинг ошиши иш ҳақининг 15-20% дан 40-50% гача бўлиши мақсадга мувофиқдир. Маошни кўпайтириш орқали ходим фаоллигининг ошиши ярим йилдан бир йилгача давом этиши аниқланган. Шундан сўнг меҳнат мотивацияси яна сусая бошлайди. Маошни ҳатто 2 баравар оширган тақдирда хам маълум вақтдан сўнг ходимнинг меҳнат мотивация пасаяди.
Юқорида таъкидланганидек, маош хажми ёш ходимлар учун, шунингдек меҳнат фаолияти қалтис ва зўриқиш шароитларида ўтувчи мутахассислар учун кучли мотивация омили бўлиб ҳисобланади. Сарафланган куч ва ғайрат тезда тикланиш имкониятига эга бўлиши лозим.
Ижодий салоҳиятга эга ва мустақил фаолият юритишга мойил ходимлар учун маошни ошириш етакчи мотивация омили бўла олмайди.
Пул мотивация кучига айланиши учун у ҳақиқий меҳнат ҳақига айланиши керак. Бунинг учун эса ҳақ тўлашда қуйидаги талабларни ҳисобга олиш зарур:
1. Мутахассисларни ишхонада ушлаб туриш учун рақобатдош иш ҳақини тўлаш керак.
2. Ҳаққонийлик тамойилига амал қилган ҳолда ҳақиқий меҳнат ҳақини ифодаловчи маошни тўлаш керак.
3. Меҳнат ҳақини бажарилган иш натижаси, унинг сифати билан боғлаш лозим, бу орқали ходим ўз интилишлари қанча туриши ҳақида аниқ таасаввурга эга бўлсин.
4. Ходим ўз ҳаракати тааллуқли тарзда моддий рағбатлантирилиши ҳақидаги ишончга эга бўлиши керак.
Моддий рағбатлантиришнинг маошдан ташқари турлича бошқа шакллари мавжуд. Масалан, чет эл илғор фирмаларида қуйидаги рағбатлантириш шакллари қўлланади:
Яхши ходимларнинг ҳар ярим йилда маоши ошиб боради;
Ташкилотда 5, 10 ва ҳ.к. йиллар давомида меҳнат қилганлиги учун мукофот пули билан тақдирлаш;
Йил давомида касаллик варақаси олмаган ходимга ресторанда 2 кишилик кечки овқат учун пули тўланган чипта бериш;
Кадрлар бўлими томонидан ходим зиммасида турган баъзи муаммоларни ҳал этиш. Фарзандлар билан бўлган муаммолар, ходимнинг банк қарзларини қисман қоплаш, ҳодим касал бўлган пайтда ёрдам кўрсатиш, зарур бўлган пайтда бепул юридик хизмат ва ҳ.к.;
Нуфузли клиникада тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма;
Болалар боғчасига ташкилот томонидан пул ўтказилиши;
Коллектив гаражларни қуриб бериш;
Фирма автомашинасидан бепул фойдаланиш;
Шахсий автомобил ремонти ва ёқилғиси харажатларини қоплаш ва шу каби бир қанча имтиёзлар ходимга кўрсатиладиган моддий рағбатлантириш турларига киради.