5.4. Ўзбекистон Республикасида суғурта бозорининг ривожланиши
Маълумки, ҳар қандай бозорда сотувчи ва харидор бўлади ҳамда улар ўртасида тегишли товарлар (хизматлар) айирбошланади. Худди шундай, суғурта бозорида ҳам сотувчи (суғурталовчи) ва харид ор (суғурталанувчи) иштирок этади.
Суғурта бозори ҳудудий жойлашувига қараб халқаро, минтақавий ва миллий суғурта бозорларига бўлинади. Миллий суғурта бозори бирон-бир мамлакат ҳудудидаги суғурта муассасаларини ва уларни фаолиятини ўз таркибига олади. Жаҳондаги энг йирик миллий суғурта бозори Америка Қўшма Штатларидир. Иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатларда йиғиладиган суғурта тушумларининг 43 фоиздан ортиғи АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Бу ерда ҳаётни суғурта қилувчи 2600 дан ортиқ ва бошқа умумий турдаги суғурта хизматларини кўрсатувчи 3800 та компания фаолият кўрсатмоқда. Улардан баъзи бирлари дунё суғурта бозорида ҳам олдинги ўринлардадир. Масалан, “Пруденшиал оф Америка” компанияси мамлакат ички бозорида биринчи ва 1992 йил бошида мавжуд активлари, тўплаган суғурта мукофотлари бўйича учинчи ўринни эгаллади.
Суғурта бозорлари ҳудудий бўлиниш билан бир қаторда суғурта турларига қараб ҳам хилма-хил бўлиши мумкин. Иқтисоди ривожланган мамлакатлар амалиётида суғурта бозори иккига бўлинади: 1) Ҳаётни суғурта қилиш билан боғлиқ суғурта хизматлари бозори; 2) Умумий суғурта хизматлари бозори.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов ташаббуслари билан молиявий бозорни янада ривожлантириш, унинг ошкоралиги ва барқарор фаолиятини таъминлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан инвестициялар жалб этилишини фаоллаштириш борасида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан жадал ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида, аҳоли турмуш тарзини яхшиланишига, ишсизликни олдини олишга ва энг асосийси камбағалликни йўқотишга туртки бўлади. Охирги йилларда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг барча соҳаларида шу жумладан, суғурта соҳасида ҳам чуқур ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 10 апрелдаги 618-сонли “Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2008 йил 21 майдаги 872-сонли “Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари, суғурта, суғурта фаолияти ва суғурта назоратининг қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришнинг яққол мисолдир.
Бундан ташқари, Президентнинг мазкур қарори асосида, мол-мулк суғуртаси ва ҳаётни узоқ муддатли суғурталаш бўйича аҳоли ва корхоналарнинг тўлаган суғурта мукофотлари уларнинг даромад солиғи базасидан чиқарилиши белгиланди, бу билан шахсий суғуртани ва аввало жамғариб бориладиган суғурта турларини ривожланишига улкан база яратиб берилди. Ҳозирда Ўзбекистонда 29 та суғурта компанияси фаолият юритиб келмоқда. Ушбу суғурта компанияларидан 4 таси давлат улушига эга суғурта компаниялари ҳисобланади, булар “Ўзбёкинвест” ЕИМСК, “Ўзагросуғурта” ДАСК, “Кафолат” ДАСК ва “Мадад” Суғурта агентлигидир. “Ўзбёкинвест ҳаёт” суғурта компанияси ҳаёт суғуртаси соҳасида фаолият юритади ва яна битта қайта суғурта фаолиятини амалга оширувчи “Трансиншуранс” суғурта компанияси мавжуд. Қолган 25 та суғурта компанияси умумий суғурта соҳасида фаолият юритмоқда.
Ялпи суғурта мукофотлари ҳажмининг ялпи миллий маҳсулотдаги улуши, суғурта бозори ривожланишини ифодаловчи асосий макроиқтисодий кўрсаткич ҳисобланади. Ушбу кўрсаткич охирги йилларда 0,3% атрофидаги барқарорликка эришди, бу маҳаллий суғурталовчилар томонидан суғурта хизматларига бўлган тўловга қобил талабнинг тўлиқ қондирилганлигидан далолат беради. Шундай қилиб , шуни таъкидлаб ўтиш жоизки Ўзбекистонда суғурталаш ва қайта суғурталаш фаолияти юқори ўсиш суръатларини сақлаб турибди ва суғуртанинг иқтисодиётдаги аҳамияти кундан кунга ошиб бормоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |