16. 2. Туристик суғурта ва унинг турлари
Ўзбекистон Республикаси "Туризм тўғрисида"ги Қонунининг 20 - моддаcи "Туристларни суғурта қилиш", - деб номланиб, унда: туристларни суғурта қилиш мажбурийдир ва у туристик фаолият субъектлари томонидан суғурта фаолияти олиб бориш ҳуқуқига эга бўлган тегишли суғурта ташкилотлари билан тузиладиган битимлар асосида амалга оширилади, - дейилади.
Бирор жойга ёки мамлакатга қатновчи турист маҳаллий аҳолига қараганда кўпроқ ноқулай омилларга дуч келади. Шунинг учун аввалам бор туристнинг соғлиғи суғурталанади. Кейин эса мол - мулки суғурталанади. Туристнинг бир кунлик туристик суғуртаси ўртача бир ярим доллорга тўғри келади. Дунёдаги туристлар сони таҳминан ярим миллиард деб олиниб, саёҳат 5 - 7 кун давом этса, туризмнинг суғурталаш соҳасида айланаётган маблағи ҳажмини баҳолаш қийин эмас. Туризм ривожланган мамлакатларда махсус тезкор хизмат гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, туристга бирор кор ҳол бўлса у телефон орқали ўзининг шахсий номерини айтади ва унга зарур бўлган ёрдам кўрсатилади. Туризм статистикасига қараганда, суғурта тўлаш ҳолати ҳар бир 100 та туристнинг биттасига тўғри келади. Шу ўринда таъкидлб ўтиш керакки, туристлар билан рўй берган ҳар қандай ҳолатлар суғурта компанияси томонидан тан олинмайди ва унга суғурта пули берилмайди.
Ҳозирги вақтда туризм соҳасида суғурта тизими 10 дан ортиқ суғурта хизматини таклиф этади. Шулардан энг муҳимларига тўхталиб ўтамиз:
1. Шахсий суғурта. Инсоннинг ҳаёти, сиҳат - саломатлиги, меҳнат қобилияти ана шу суғурта муносабатларининг объекти ҳисобланади. Бунга қуйидагилар киради:
- ҳаётни суғурта қилиш;
- бахтсиз ходисалардан суғурта қилиш;
- тиббий ҳаражатлар ва касаллик юзасидан суғурта қилиш.
2. Мол - мулкни суғурта қилиш. Турли хил моддий бойликлар суғурта муносабатлари объектига киради. Масалан:
- денгиз суғуртаси, шу жумладан юкларни, кемаларни ва ҳоказоларни суғурта қилиш;
- ёнғиндан ва бошқа хавф - хатардан (табиий офатдан) суғурта қилиш;
- бузиб кириш йўли билан ўғирлик қилишдан, бошқа ёвуз ният билан ёки ғайри қонуний йўл билан учинчи шахс томонидан амалга оширилган ҳаракатлардан суғурта қилиш;
- автомобиль транспорти воситаларини суғурта қилиш;
- техникавий хавф - хатардан (қурилиш - монтаж ишларидаги ва ҳоказо хавф - хатардан) суғурта қилиш;
- ойна синишидан суғурта қилиш ҳамда суғуртанинг бу борадаги бошқа махсус турлари;
- ижара ишларини суғурта қилиш ҳамда суғуртанинг бу борадаги бошқа турлари.
3. Масъулиятни суғурта қилиш. Етказилган зарар ўрнини қоплаш бўйича зиммага олинган масъулият бу суғурта муносабатларининг объекти ҳисобланади.
Бунга қуйидагилар киради:
- иш билан таъминловчиларнинг масъулиятини суғурта қилиш;
- умумфуқаро масъулиятини суғурта қилиш;
- автомобиль хўжалиги соҳасида ишловчи фуқаролар масъулиятини суғурта қилиш;
- ишонч ва кафиллик масъулиятини суғурта қилиш.
Шуни ҳам айтиш керакки, фақат тижорат ишларининг ўзида 200 дан ортиқ суғурта турлари мавжуддир.
Хулоса
Мазкур мавзу ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Унда суғурта ҳақида умумий маълумот, суғурта фонди, суғурта шартномаси, хорижий давлатлардаги суғурталаш тизими, туристик суғурта ва унинг турлари (шахсий суғурта, мол -мулкни суғурта қилиш, масъулиятни суғурта қилиш), Ўзбекистон республикасининг "Туризм тўғрисида"ги Қонунида туристик суғурталаш ҳақидаги модда ҳақида фикрлар билдирилади. Ўйлашимизча, Ўзбекистонда ҳам туристик суғурта хорижий давлатлар каби юксак даражага кўтарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |