Ўзандан сувни четлатиш йўли билан иншоотлар барпо этиш
Бу схема секцион тўсиқлар методидан фойдаланиш мумкин бўлмаган тор створларда, шунингдек кенг қайирли серсув дарёларда ҳар қандай босимли гидротехника иншоотлари бўғинларини барпо этишда кенг қўлланилади. Биринчи ҳолда ўзандан сув туннеллар (1) (6.5-расм), галерея (қувур) (9) орқали, қирғоқ массивида тўғон остидан ўтказилган нов ёки айланма канал ёрдамида, иккинчи ҳолда - қайирдан ўтказилган канал орқали четлатилади.
Сувни туннель ёки галерея орқали четлатиш йўли билан иншоотлар барпо этиш схемаси 6.5-расмда келтирилган. Дарёнинг сув сарфларини четлатиш учун қирғоқлардан бирининг (баъзан иккаласининг) қоятош массивида порталлари қурилиш котловани чегарасидан ташқарида жойлашган туннель (1), кириш (3) ва чиқиш (4) туннеллари ўтказилади. Галерея (9) (кўпинча қоямас заминларда) ўзандан ташқарида, ҳандақда қурилиб, унга сув канал (2) орқали келтирилади.
Дарёнинг сув сарфлари туннель ёки қувурга камсувлик даврида, ўзанга унинг бутун эни бўйлаб (кўприкдан ёки сузувчи воситалардан) ёки қирғоқлардан туриб 6, 8 тўсиқлардан бирининг створида тошлардан банкет тўкиш йўли билан ўтказилади. Банкет ўсишига қараб унинг қаршисидаги сув сатҳи кўтарилиб боради ва сув сарфлари қурилишнинг муваққат сув ташлагичи (туннель, галерея)га тушади. Тўсиқ банкет чўққиси сувдан чиққанидан кейин, деярли бутун сув сарфи (банкет танаси орқали фильтрация сарфидан ташқари) ўзандан ташқарида ўтувчи жойда якунланади. Сўнгра тиниб оқаётган сувга иккинчи тўсиқ тўкилади ва уларнинг баландлиги аста-секин оширилиб, қурилиш сув ташлагичи орқали ҳисобий тошқин сувлар сарфини ўтказиш учун етарли босим яратилади.
6.5-расм. Ўзандан сувни четлатиш йўли билан гидротехника иншоотлари бўғинини барпо этиш схемаси:
1 – туннель; 2, 5 – сув келтириш ва сув четлатиш каналлари; 3, 4 – устки ва пастки порталлар; 6, 8 – устки ва пастки тўсиқлар; 7 – тўғон контури; 9 – галерея
қайирда қурилиш қилиш методи ўзандан сувни четлатиш йўли билан иншоотлар барпо этиш сехмасининг бир тури ҳисобланади (6.6-расм). Гидротехника иншоотлари бўғинининг бетон иншоотлари дарёнинг паст ва кенг қайирида жойлаштирилади. Тошқин пайтида қайир сув билан кўмилган ҳолда қурилиш дамбалар билан тўсилган котлованда олиб борилади. Бетон тўғон (6) ва ГЭС биноси (5) қисман ёки бор бўйи қурилади, бунда қурилишнинг иккинчи навбатида сув сарфларини ўтказиш учун туб тешиклари ёки қуриб битказилмаган сув ташлагич оралиқлар қолдирилади. Бетон усти ҳисобий белгилар даражасига кўтарилгач, сув келтириш ва сув четлатиш каналларининг дарё билан туташувчи қисмлари муваққат сув ташлагич тешикларга сув йўлини очган ҳолда қазилади. Ўзан 2, 4 тўсиқлар билан тўсилгач, дарё сувининг сарфлари каналга ўтказилади, қуриган ўзанда эса тупроқ тўғон барпо этилади. Унинг ўсишига қараб бетон иншоотлар қурилиши тароқ ёки туб тешиклари усулида ниҳоясига етказилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |