5 – мавзу.Ўсимлик намуналарини тахлилга тайёрлаш ва улардан намуналарни олиш усуллари.
Ўрганилаётган тажриба муҳитига боғлиқ бўлмаган ўсимликлардан масалан ўсиш нуқтаси бўлмаган, касалланган ўсимликлардан намуна олинмайди. Намуна текшириш дастурида белгиланган вариантлардангина олинади.
Агар тажриба вазифасига кўра ўсимликларни ўсув давридаги озиқ сарфини ўрганиш қўлланиладиган ўғитларга боғлиқ бўлса, намуна ўсув даврининг асосий даврларида олинади. Масалан, биринчи чин барг чиқарганда 200-300 та ўсимликдан, яганалаш вақтида асосан бир хил бўлган ҳисобдаги қаторлардан олинади. Ривожланишнинг қолган даврларида вариантларда белгиланган ўртача уч такрорликдаги қаторлардан: 150 та ўсимлик бир текисда танланади ва диагонал бўйича 3 қаторни ҳар биридан 50 тадан ўсимлик намунаси олинади. Ҳар бир қаторнинг бошидаги ва оҳиридаги ўсимликларга ёрлиқлар осиб қўйилади.
Шоналаш даврида тахминан 150 та танланган ўсимлик бош поясининг бўйи ўлчанади, симподиал шохлар, шоналар сони саналади ва ўсимлик учун ўртача кўрсаткич топилади. Тахлил учун 20 та ўсимликнинг илдиз бўғзидан (секатор билан) кесиб олинади.
Гуллаш даврида ажратилган 150 та ўсимликнинг асосий пояси ўлчанади, гуллари саналади. Сўнгра бир ўсимлик учун ўртача кўрсаткич топилади ва камида 10 та ўсимлик кесиб олинади.
Кўсак тугиш даврида олдиндан белгиланган ўсимликлар асосий поясининг бўйи ўлчанади, ҳосил кўсаклари ҳисобланади. Ўртача кўрсаткичга қараб камида яна 10 та ўсимлик танланади.
Ўсув даврининг охирида яъни ғўза етилиши олдидан, ҳар бир ажратилган майдондан камида 10 тадан ўсимлик олинади ва ёрлиқлар ёпиштирилади.
Биринчи терим олдидан тажрибада белгиланган ҳамма ўсимликлар текширилади ва уларнинг пахтаси, тушган барглари териб олинади. Совуқ тушиши олдидан белгиланган ўсимликлар кесиб олинади.
Ўсимликни тахлилга тайёрлаш.
Ғўза ўсимлигининг ҳар хил органларидаги озиқ моддалар миқдорини аниқлаш учун даладан олиб келинган ўсимлик тезда бўлакларга ажратилади.
Намуналар олинган вақтига қараб қуйидагича бўлинади:
Биринчи чин барг чиқарганда олинган намуналар бўлакларга бўлинмайди.
Шоналаш даврида олинган намуна-ўсимликлар барг тугунчаси, поя ва ғунчага бўлинади.
Ўсув даврининг охирида, пишиб етилиш даврида олинган намунаўсимлик барг тугунчаси, поя, илдиз, пишган чаноқ ва пишмаган чанок, пахта ҳосили чаноғидан ажратилади.
Ўсимликлар бўлингандан сўнг улар қуритилади.
Поялар тўпланиб ҳар бир вариант алоҳида-алоҳида қилиб боғланади. Ҳар бир боғга ёрлиқ ёзиб бойланади.
Ўсимликнинг қолган қисмларини дока халтачаларга солиб, ёрлиқ ёпиштирилади.
Намуналар сояда ёки термостатда 45-60°С температурада қуритилади.
Ўсимликни жуда юқори температурада қуритишга йўл қўйилмайди, чунки бунда баъзи бир моддалар парчаланиши мумкин.
Биокимёвий тахлиллар учун ўсимлик 100=105°С да 20-30 дақиқа давомида парчалантирилади, сўнгра 60 °С да қуритилади.
Тўлиқ очилган ва пишмаган чаноқдаги пахта қуритилади, сўнгра умумий пахтага қўшилади. Шохлари умумий шохчалар билан бирлаштирилади. Шундан сўнг, ғўза органларининг айрим бўлаклари 0,01 г аниқликдаги техник тарозида тортилади.
Тахлиллар аниқ бўлиши учун намунани тўғри танлаб олиш керак. Ўсимликнинг ҳамма органлари пахтадан ташқари секаторда яхшилаб майдаланиб эзилиши керак. Поя бошидан бўйига қараб кесилади, сўнгра 0,2-0,5 см бўлакларга бўлинади, ўсимлик пояси хўллигида кесилгани маъқул.
Шохча ва барглар қўл билан майдаланади. Тайёрланган ҳар бир ўсимлик органлари катта қоғозга ёйиб чиқилади. Сўнгра шпатель билан 4 бўлакка бўлинади, 2 та қарама - қарши бўлаклар олинади, қолган 2 бўлаги яна аралаштирилади. Бу аралаштирилган намуна ярим намуна бўлиб ўртача намунани ташкил этади.
Ўртача намуна таркиби бир хил бўлиши керак. Тахлилга олинган, ўртача намунани лаборатория тегирмони ёки электр тегирмонидан фойдаланиб майдалаб олинади.
Пайкалчаларда терилган пахтадан намуна олиш учун уни қуритиб уруғ ва толага ажратилади, сўнг катта қоғоз устида юпқа қилиб ёйилади. Ёйилган ўсимлик намуналарини диогонал бўйича тўрт бўлакка бўлиб, иккита қарама-қарши учбурчаклиги олинади, қолган икки бўлаги аралаштирилади, бу ўртача намуна ҳисобланади.
Текшириш учун саволлар.
Ўсимликларнинг қайси фазаларида намуналар олинади?
Ўсимликни тахлилга тайёрлаш қандай амалга оширилади?
Do'stlaringiz bilan baham: |