Техноген бузилган тупроқ хоссалари ва экологик ҳолатининг ўзгариши
Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO)[2] ерларнинг деградацияга учраши натижасида тупроқ унумдорлигининг пасайишини қуйидаги билан асослайди:
• тупроқ органик моддасининг камайиши ва биологик фаоллигининг сусайиши;
• тупроқ физик (аэрация, сув ушлаш, структуралик ҳолати) хоссаларининг ёмонлашуви;
• тупроқда озиқа моддаларнинг (азот, фосфор ва калий) камайиши ва микроэлементларнинг етишмаслиги;
• тупроқда зарарли ифлословчи моддаларнинг тўпланиши, минерал ўғитлардан нотўғри фойдаланиш.
Ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти атроф-муҳит ва инсон соғлиғига турлича таъсир қилади, жумладан, Болгария ҳукумати қарори билан атроф-муҳитнинг ифлосланиш ҳолати ўрганилганда кўпроқ тупроқнинг микробиологик олами зарар кўриши аниқланган. Шунингдек, тупроқдаги ҳашаротларда оғир металларнинг тўпланиши аниқланган, буларнинг ҳаммаси тупроқнинг ифлосланиши билан боғлиқлиги асосланган [1; 1-164. б].
Қора металлургия чиқиндилари катта масштабда салбий таъсир кўрсатадиган саноат тармоғи ҳисобланиб, бу тупроқнинг потенциал унумдорлигини ҳамда қишлоқ хўжалигида экинлар хосилдорликни камайишида кўпроқ кўринади. Шунингдек, тупроқ қопламида темир, кальций, магний ва бошқа ўсимликларни химоя қилишда қўлланиладиган заҳарли кимёвий моддаларнинг тўпланиши геокимёвий жараёнларга ҳам салбий таъсир қилади [2; 498-507., 3; 79-85.].
Техноген бузилган тупроқларнинг экологик ҳолатини билиш учун унинг микробиологик кўрсаткичларини ўрганиш муҳим. Биологик жараёнларнинг таҳлили тупроқ унумдорлигини олдиндан билиш, сақлаш, ошириш ва уни муҳофаза қилиш каби масалаларни самарали бошқаришнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш учун имконият яратади [4; 224-228., 5; 229-239., 6;. 27-28.]. Техноген бузилган тупроқларни ўрганишда кўпроқ ўша ҳудуднинг маҳаллий ўсимликларининг ҳолатини, биохилма-хиллик ва экотизимини чукирроқ ўрганиш тавсия этилган [7; 96-99., 8; 53-59., 9;240-248.].
Темир руда тозалаш заводи атрофида тупроқларнинг техноген бузилиши натижасида тупроқнинг кимёвий ва агрокимёвий хоссалари ўзгарган, жумладан, азот миқдори кескин камайган [10; 82-98.]. Техноген бузилишлар ўсимликларнинг илдизига таъсир қилган ва Cr, Pb, Cu ва Zn каби оғир металлари ўсимликларнинг турли органларида тўпланган [11; 268-292.]. Тупроқларнинг ифлосланиш даражаси ортиши билан тупроқнинг физикавий, кимёвий, биологик хусусиятлари, жумладан, тупроқ зичлиги ва механик таркиби ўзгаришга учраган [12; 8-12. 13; 132-138.]. Шунингдек, ифлосланган тупроқларда гумус миқдорининг камайиши ҳамда экинлар хосилининг камайиши кузатилган [14; 158-163. ].
Тупроқларни техноген бузилишида кўпроқ турли саноат корхоналари фаолияти натижасида оғир металлар билан ифлосланиш кузатилади. Хавфли оғир метал элементлари ГОСТ 17.4.1.02-83 давлатлараро стандартига кўра қуйидаги 3 гурухга (1.2.1-жадвал) бўлинади [15; 4 с.].
Do'stlaringiz bilan baham: |