2.Кредитнинг шакллари.
Иқтисодий адабиётларда, иқтисодчи олимлар ва мутахассислар томонидан кредитининг турлари ва шакллари хусусида турлича фикр юритилади ва талқин этилади. Масалан, Ўзбекистонлик олима, профессор Ш.Абдуллаева кредитнинг шакллари хусусида аниқ фикрларни баён этмаган бўлсада, унинг турларини “қисқа муддатли кредитлаш” ва “узоқ муддатли кредитлаш”дан иборат эканлигини таъкидлайдилар, худди шунингдек, россиялик иқтисодчи олимлар ҳам кредит шакллари бўйича турлича фикрларни илгари сурадилар. Шу боис, ушбу параграфда кредитнинг турларига атрофлича тўхталишга қарор қилдик.
Кредитнинг турлари асосан унинг моҳиятини аниқроқ тушуниш имкониятини беради. Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, кредитнинг нафақат турлари ва шакллари ўртасида, балки таснифланиши ҳам улардан ажралган ҳолда ўрганилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Кредит анъанавий равишда қатор белгиларга қараб таснифланиши мумкин. Хусусан, кредит қарздор ва кредитор тоифаси бўйича (1), кредитни тақдим этиш муддатига қараб (2) ва кредитни бериш шаклларига (3) қараб таснифланади.
Агар кредитнинг бу тартибда таснифланишига эътибор қаратадиган бўлсак, асосан бундай таснифланиш кредит субъектлари ўртасида вужудга келадиган иқтисодий муносабатлар жараёнида юз беради. Шунингдек, унинг эътиборли жиҳати материал қийматни ўзида акс эттирганлиги бўлиб, амалиётда тақдим этиш билан боғлиқ ҳолатларни ўзида намоён этиши ҳисобланади.
Юқорида қайд этилганларга ва иқтисодий адабиётлардаги манбаларга таяниб, кредитнинг а) товар, б) пул ва в) аралаш шакллари мавжудлигини таъкидлаш мумкин.
Кредитнинг товар шакли унинг жуда оддий шакли ҳисобланиб, кредит билан боғлиқ дастлабки муносабатлар айнан ушбу шакл доирасида ривожланган. Мавжуд иқтисодий адабиётларда баён этилишича, кредитнинг товар шаклида у асосан буюм кўринишида тақдим этилиб, қарздор кредиторнинг кредитини қоплашда худди шу миқдордаги буюмни унга қайтарган. Манбаларга кўра, кредитнинг ушбу шакли антик жамият даврида, қадимги Римда вужудга келган ва ривожланган1.
Ҳаттоки, ўша даврнинг ҳуқуқшунослари “ссуда” ва “кредит” иқтисодий категориялари ўртасидаги бир – бирига ўхшашлик ва фарқлар хусусидаги айрим фикрларни илгари суришган. Маълумки ушбу масала ҳозирги кунда ҳам иқтисодчи олимлар ва мутахассислар ўртасидаги мунозарали ҳолатлардан ҳисобланади. Бир гуруҳ олимлар, “ссуда” ва “кредит” ўртасида жиддий фарқлар мавжуд эмаслигини таъкидлашса, иккинчи гуруҳ олимлари буни инкор этишади.
Эътиборли жиҳати шундаки, Римда ўша даврнинг ҳуқуқшунослари “ссуда” ва “кредит” (қарз) ўртасидаги фарқни қуйидагича изоҳлаб беришга уринишган. Уларнинг фикрича, ссудада қарздор, яъни товар шаклида кредит олувчи кредитни қайтаришда ундан олган айнан шу товар ёки буюмни кредиторга тақдим этиши зарур бўлади. Масалан, қарздор кредитга отни олган бўлса, ушбу кредитни қайтаришда айнан шу от унга қайтарилиши зарур бўлади.
Кредитда эса товар шаклида олинган кредитнинг ўрнига шунга ўхшаш турдаги товар билан қайтарилиши мумкин эканлигини эътироф этишади. Масалан, товар шаклида олинган буғдойнинг ўрнига шу навдаги ва миқдордаги буғдой ёки бошқа маҳсулот билан қайтарилиши кредит сифатида тавсифланади.
Иқтисодий адабиётларда кредитининг товар шаклидаги жиҳатлари бўйича ҳам фикрларнинг хилма – хил эканлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Юқорида кредитнинг товар шаклига берилган таснифдан фарқли ўлароқ, профессор В.А.Щегорцова таҳрири остида нашрдан чиққан дарсликда2, кредитнинг товар шаклида машина, станок ва бошқа жиҳозларга тўловни кечиктириш, уларни ижрага ва ҳатто лизинга бериш эканлиги ҳақидаги фикрлар илгари сурилади.
Фикримизча, бу ерда россиялик олимлар кредитнинг товар шаклини унинг тури билан аралаштириб юборган. Кредитнинг товар шакли кишилар ўртасида пул муносабатлари вужудга келиб, тўлиқ тараққий этган вақтгача қўлланилган, кейинчалик ушбу кредит пул – товар кўринишида қўлланилган.
Жамиятда товар – пул муносабатларининг ривожланиши ва меҳнат тақсимотининг тобора такомиллашуви кредитнинг товар шакли замирида унинг пул шаклини вужудга келишига замин бўлди. Кредитнинг пул шаклини вужудга келиши, унинг кредитор ва қарздорга қулайлик жиҳатлари хусусида батафсил тўхталишга, фиркимизча, эҳтиёж мавжуд эмас. Чунки, кредитор жамиятдаги вақтинчалик бўш пул маблағларини тегишли шартлар асосида ўзига жалб этиб, ушбу маблағларга эҳтиёжи бўлган юридик ва жисмоний шахсларга қайтаришлик, тўловлилик, муддатлилик ва таъминланганлик асосида беради. Ўз ўрнида қарздор ҳам ушбу кредит суммасини белгиланган муддатларда тегишли тўловлар асосида кредиторга пул кўринишида қайтаради.
Пул жуда ликвидли ва қулай айирбошлаш воситаси бўлганлиги туфайли кредитнинг пул (қиймат) шакли кенг тарқалди, бунинг натижасида кредитининг товар шакли ўз ўрнини секинлик билан кредитнинг пул шаклига бўшатиб берди.
Кредитнинг юқорида қайд этилган шакллари билан бирга унинг аралаш шакли ҳам амал қилади. Кредитнинг ушбу шакли унинг товар ва пул шаклини ўзида мужассам этади. Бунда кредит товар ёки пул шаклида берилиши мумкин, уни қайтаришда ҳам қарздор олган кредитини пул ёки товар кўринишида кредиторга қайтариши мумкин. Айнан мана шу тескари боғлиқлик кредитнинг аралаш шаклини ўзида ифода этади. Кредитнинг айирбошлаш шаклига мисол сифатида тижорат кредитини келтиришимиз мумкин. Масалан, товар сотувчи ёки хизмат кўрсатувчи ташкилот сотиб олувчининг молиявий муаммолари мавжуд ҳолларда сотилган товарлар ва хизматларга тўловни кечиктиради, кечиктирилган тўлов кейинчалик қўшимча тўлов асосида амалга оширилади. Мазкур масала кейинги параграфларда батафсил кўрилади.
Умуман олганда, юқоридагилардан кўриниб турибдики, кредитнинг шакллари хусусидаги турли фикрларнинг мавжудлиги мазкур масалалар устида қатор илмий тадқиқот ишлари амалга оширишни давом эттириш зарурлигидан далолат беради. Шу билан бирга, кредитнинг шакллари унинг турларида янаям аниқроқ намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |