18.3. Нобанк кредит ташкилотлари томонидан фермер ва деҳқон хўжаликларини микрокредитлаш тизими, тартиби ва хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Республика Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган маросимда – “Фермер ва деҳқонларимиз қишлоқ хўжалигида асосий куч бўлиб, нафақат мазкур соҳани, балки бутун мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, юртимизни ҳар жиҳатдан обод ва фаровон қилишда беқиёс ишларни амалга ошираётганини бугун фахр ва ғурур билан, миннатдорчилик билан қайд этамиз” – деган эди.
Юртбошимизни таъкидлашича фермерлик ҳаракатини ривожлантириш натижасида кейинги йилларда 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари шаклланиб, шундан 75 мингтаси кўп тармоқли хўжаликлар ҳисобланади.
Олиб борилган иқтисодий ислоҳотлар, фермерлик ҳаракатининг ривожланиши натижасида жорий йилда мамлакатимизда 8 млн. 377 минг тонна ғалла, 2 млн. 930 минг тонна пахта, 12 минг 450 тонна пилла, 318 минг тонна шоли, 23 минг тонна мева-сабзавот, 13 млн тонна гўшт ва сут маҳсулотлари етиштирилди.
Мамлакатимиз фермер ва деҳқон хўжаликлари эришган ушбу натижаларда банклар, нобанк кредит ташкилотлари томонидан кўрсатилган кредит ёрдамининг ҳам ҳиссаси бор.
Фермер ва деҳқон хўжаликларини кредитлаш тизими Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2013 йил 52-сонли, 2014 йил 18-сонли қарорлари билан рўйхатга олинган “Кичик тадбиркорлик субектларини миллий валютада кредитлаш тартиби тўғрисида”ги низом асосида амалга оширилади.
Ушбу низомга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки бошқарувининг 2015 йил 28-сентябрдаги 86, 288 б-3 қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган пахта ва ғалла етиштириш харажатларини тижорат банклари томонидан кредитлаш тартиби тўғрисидаги низом асосида айрим ўзгартиришлар киритилган.
Унга кўра ушбу кредитлар бўйича имтиёзли фоиз ставкалари ғалла ҳосилини етиштириш харажатлари учун йиллик 5 фоиз, пахта ҳосилини етиштириш харажатлари учун йиллик 3 фоиз миқдорида белгиланиб, уларни 2 фоизи банк маржасини ташкил этади.
Республикамизда кичик тадбиркорлик субектларини миллий валютада кредитлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда оилавий корхоналар кредитлаш обектлари ҳисобланади.
Ушбу низомга асосан кичик тадбиркорлик субектларини кредитлаш қуйидаги қоидаларга асосланади:
1. Кредитлар қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида берилади.
2. Кредитлар тижорат банки (Нобанк кредит ташкилотлари) ва қарз олувчи ўртасида тузилган кредит шартномасига мувофиқ берилади.
3. Кредитлар кредитланаётган тадбирнинг ўзини-ўзи қоплашни ҳисобга олган ҳолда қуйидаги муддатларга берилади:
− Қарз олувчи ўз фаолиятини бошлаши учун айланма маблағларни шакллантириш ва инвеститсия лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқишга - 12 ой муддатгача;
−Айланма маблағларни тўлдиришга – 18 ой муддатгача;
−Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришни ташкил этиш учун айланма маблағларни тўлдиришга – 24 ой муддатгача;
4. Тижорат банклари кредитлар бўйича кредитлашнинг имтиёзли даврини белгилашлари мумкин.
5. Кредитлар қонун ҳужжатларида таъқиқланган фаолият турларини амалга ошириш учун ажратилиши мумкин эмас.
6. Кредитлардан фойдаланилганлик учун фоиз ставкаси миқдори кредит шартномасига мувофиқ белгиланади.
7. Кредитлар илгари олинган кредитларни ёки тижорат банкининг “кредит сиёсати”да белгиланган бошқа қарзларни қайтариш учун берилиши мумкин эмас.
8. Қарз олувчи олинган кредит суммасини муддатидан илгари қайтаришга ва улардан ҳақиқатда фойдаланилган муддат учун ҳисобланган фоизларни тўлашга ҳақли.
9. Қишлоқ хўжалик корхоналарида давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган ғалла ва пахта хомашёси етуштириш харажатларини молиялаштириш учун кредитлар бериш Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган пахта ва ғалла етиштириш харажатларини тижорат банклари томонидан кредитлаш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 86, 288 Б-3, 2015 йил 28 сентябр) мувофиқ амалга оширилади.
Низомнинг (2014 й 18 – сон) 11-моддасига мувофиқ қарз олувчи кредит олиш учун хизмат кўрсатувчи тижорат банкга (нобанк кредит ташкилотига) қуйидаги хужжатларни тақдим этади:
− Ариза;
− Қарз олувчининг банк ҳисобварағига пул тушумлари (пул оқими) прогнози кўрсатилган бизнес – режа;
Қарз олувчининг тегишли давлат солиқ инспексиясига тақдим қилган охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси, 90 кундан ортиқ муддатдаги қарзларга оид солиштириш далолатномалари, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот, янги ташкил этилган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этилмаган ҳолда фаолият юритаётган деҳқон хўжаликлари бундан мустасно.
Низомни 19-моддасига мувофиқ қарз олувчи томонидан мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида қуйидаги таъминот турларидан бири тақдим этилади.
− Мол-мулк ва қимматли қоғозлар гарови;
− Тижорат банки ёки суғурта компаниясининг кафолати;
− Учинчи шахс кафиллиги;
− Қарз олувчи томонидан олинган кредитни қайтармаслик хатарининг тижорат банки фойдасига суғурта қилинганлиги тўғрисида суғурта полиси;
− Таъминотчининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа турлари.
Юқоридагилар асосида банк (нобанк кредит ташкилотлари) кредит бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинганда, қарз олувчи ва тижорат банки (нобанк кредит ташкилоти) ўртасида кредит шартномаси тузилади.
Кредит шартномаси тузилгандан сўнг, кейинги кундан кечиктирмай кредит ташкилоти раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан кредитнинг муддати, миқдори ва фоиз ставкаси кўрсатилган ҳолда кредит ҳисобварағи очиш тўғрисида бухгалтерияга фармойиш берилади ва ушбу фармойишга асосан кредит ҳисобварағи очилади.
Юқорида келтирилган микрокредитлар бўйича тартиблар доираси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 мартдаги ПҚ–2844-сон “Тадбиркорлик субектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида янада кенгайди.
Жумладан, ушбу қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2017 йил 8-апрелдаги 7/3 сон қарори асосида тижорат банклари (нобанк кредит ташкилотлари) томонидан янги рўйхатга олинган юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субектларига уларни давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб олти ой мобайнида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун тўловлилик, муддатлилик, таъминланганлик, пул маблағларини мақсадли фойдаланиш ва қайтариш шартлари асосида энг кам иш ҳаққининг 100 баробаригача миқдорда берилади.
Микрокредитлардан фойдаланилганлик учун фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси даражасидан юқори бўлмаган миқдорда, банкнинг имтиёзли кредитлаш жамғармаси ҳисобидан микрокредит ажратилган тақдирда Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.
Имтиёзли давр ўрнатилган ҳолда берилган микрокредит бўйича асосий қарзни тўлаш имтиёзли давр тугагандан кейинги ойдан бошланади. Имтиёзли даврда микрокредит бўйича фақат фоизлар ҳисобланади ва тўланади.