Молия бозорининг иқтисодиётдаги аҳамияти ва ўрни. Молия бозорининг бозор муносабатлари тизимидаги аҳамияти уни томонидан қуйидаги қулай шароитларни таъминланиши билан боғлиқ асосий вазифалари асосида белгиланади:
- иқтисодиётнинг реал секторига инвестицион молия ресурсларни самарали жалб қилиниши;
- капитални самарасиз тармоқдан самаралисига қайта тақсимланиши;
- давлат бюджетига хизмат кўрсатиши, унинг камомадини (дефицитини) қоплаш учун пул маблағларини самарали жалб қилиниши;
- иқтисодиётнинг ҳолатини аниқ бозор индикаторлари ёрдамида баҳоланиши;
- инфляция суръатлари (темплари) ва валюта курслари ўзгаришига оператив таъсир кўрсатилиши;
- давлатнинг кредит-пул ва бюджет-солиқ сиёсатини объектив ва мутаносибликда олиб борилиши;
- мулкка эгалик хуқуқини ишлаб чиқариш воситаларига қайта тақсимланиши;
- жаҳон глобаллашуви жараёнларига миллий иқтисодиётни интеграллашуви.
3.Молия бозори таснифи ва турлари тавсифи. Ҳозирда молия бозори савдо тизимлари – молиявий инструментлар-нинг (пул, кредитлар, валюта, қимматли қоғозлар) бозор муомаласи жараёнларини ташкиллаштирувчи шакллар, усуллар ва нормалар (тегишли тартиб-қоидалар, қонуний-меъёрий ҳужжатлар), традициялар (жумладан этик нормалар), тамойиллар ҳамда ушбу жараёнларни нормал кечишига ҳизмат кўрсатувчи профессионал қатнашчилар мажмуасидан иборат мураккаб савдо индустрия сифатида ташкиллашган бозор механизми.
Молия бозорининг савдо тизимларини молиявий инструментлар тури бўйича қуйидагича ажратиш мумкин:
- қимматли қоғозлар савдоси тизимлари;
- пул воситалари (масалан, пластик карточкаларнинг турли ҳиллари) ва валюта (ҳорижий ЭКВ) савдоси тизимлари;
- кредитлар савдоси тизимлари;
- суғурта инструментлари (полислари) савдоси тизимлари;
- молиявий (валюта) қийматга эга бўлган антиквариат ва ювелир буюмлари, қимматбаҳо металл ва тошлар ҳамда ноёб (камёб) элементлар (радиактив) савдоси тизимлари.
Пул воситлари савдоси банклар томонидан амалга оширилади. Бунда банкларнинг маҳсулотлари савдо марказлари (уйлари) ҳам бўлиши мумкин.
Валюталар савдоси тизими мисолида FOREX халқаро электрон тизимини ва валюта алмаштириш шаҳобчалари мажмуасини келтириш мумкин. Кредит ресурслари банклараро кредит бозорларида савдо қилинади, банклар ва кредит ташкилотларида (иттифоқларида) олди-бердиси амалга оширилади. Суғурта полислари суғурта компаниялари томонидан андеррайтерлар ва агентлар ёрдамида сотилади. Валюта қийматига эга бўлган антиквариат ва ювелир буюмлари маҳсус аукционларда савдо қилинади. Бунда ломбардлар ҳам иштирок этади.
Қимматбаҳо металл ва тошлар ҳамда ноёб элементлар маҳсус аукционларда савдо қилинади.
Молия бозорининг энг катта савдо тизмларидан қимматли қоғозлар (фонд) биржалари ва биржадан ташқари электрон савдо тизимлари ҳисобланади. Булардан ташқари қимматли қоғозлар бозорида маҳсус фонд дўконлари, Интернет-брокер (Интернет-трейдер) тармоқлари, “чакана кўча” ва/ёки андеррайтерлик (чакана савдо) тармоқлари мавжуд.
Қимматли қоғозлар бозорида ва унинг савдо тизимларида турли битимлар тузилади. Бундай битимлар доирасида турли операциялар бажарилади. Инвесторлар томонидан сотиб олинган Қимматли қоғозлар биржа бозорлари ва биржадан ташқари бозорларда қайта сотилиши мумкин. Инвесторлар қимматли қоғозларга доир битимларни қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари орқали ҳам, мустақил ҳолда ҳам амалга оширишлари мумкин.
Хусусийлаштириш жараёнида акцияларга оид битимлар биржадан ташқари бозорда мустақил суръатда, инвестиция воситачилари иштирокисиз ҳукумат белгилайдиган тартибда амалга оширилиши мумкин. Қимматли қоғозларга доир бошқа битимлар қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг қимматли қоғозлар бозорида операцияларни амалга оширишларига улар тегишли лицензияга эга бўлсалар рухсат этилади. Қимматли қоғозлар бозорида амалга ошириладиган ва уларнинг нархи, эгаси, даромад келтириш даражаси ўзгариши, шунингдек қимматли қоғозлар юзасидан қилинадиган ўзаро ҳисоб-китоблар билан боғлиқ ҳар бир битим қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Фонд биржалари, фонд бўлимини ташкил қилган бошқа биржалар ва қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси савдоларида тузилган қимматли қоғозлар бўйича битимлар улар томонидан тасдиқланган ва қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан келишилган қоидаларга асосан рўйхатга олинади.
Ташкилий йўсинда йўлга қўйилган бозорда олди-сотди битимлари тузиш чоғида битим тузиш ва унга оид ҳисоб-китоблар санаси ўртасидаги вақт қимматли қоғозлар бўйича савдолар ташкилотчиси қоидалари, бошқа ҳолларда эса олди-сотди шартномалари асосида белгиланади. Белгиланган муддатлар бузилган тақдирда битим ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва етказилган зарар учун битимнинг айбдор томони, агарда унинг айбдор эканлиги аниқланса, жавобгарлигига сабаб бўлади.
Қимматли қоғозлар бозори мураккаб ва кўп қирралидир. Фонд бозори ҳақида янада чуқурроқ билимга эга бўлиш учун уни таснифловчи белгилар орқали ҳар томонлама кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Қуйида бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда, шунингдек, Ўзбекистонда ҳам ўз ўрнига эга бўлган қимматли қоғозлар бозорининг асосий турларини кўриб чиқамиз: