Умматалининг назарида ўғли анча эсли, мулоҳазали бўлиб қолган (Саид Аҳмад, 107);
Фақат ҳовлидаги ёнғоқлар яп-яланғоч бўлиб қолди (Ўткир Ҳошимов, 23).
Ўзбек тилида феъл ифодалайдиган ҳаракатларнинг замони воқеланишида нутқ моменти таянч нуқта сифатида қаралади. Бунга сабаб нутқ моментидан олдин содир этилган ҳаракатлар айнан вақт оралиғига нисбатан ўлчанади. Жумладан, нутқ моментига нисбатан яқин вақт оралиғида содир этилган воқеа-ҳодиса яқин ўтган замон шакли ёки нутқ вақтидан анча олдин содир этилган воқеа-ҳодиса узоқ ўтган замон шаклига эга. Масалан: Бўри сап-сариқ кўзлари бақрайганча ўлиб қолган эди (Саид Аҳмад, 320). Бу ерда ўтган замон шакли ҳам маълум маънода содир этилган воқеа-ҳодисанинг натижасини англатиб келган. Аммо результативлик етакчи феълнинг лексик маъносига бориб тақалади. Олдинги мисоллар таҳлиллари кўрсатишича,“қолмоқ” кўмакчи феъли результатив тузилмаларни ташкил қиладиган энг муҳим элементлардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Тузилмадаги “эди” тўлиқсиз феъли результативликка қўшимча информатив маъно берган. Ўзбек тили феъл системасига оид турли тадқиқотлар амалга оширилган бўлса-да, аспектуал семантика доирасига тегишли тугалланганлик, перфективлик, результативликни фарқловчи белгилар аниқланмаган. Олдинги фасллардаги мисолларнинг таҳлил натижалари кўрсатишича, ўзбек тилида результативликни сифат ёки сифатдош билан ифодаланадиган иккиламчи результатив предикатлар, чегараланган акционал хусусиятли феъллар иштирок этадиган мажҳул нисбат шакллари, равишдош шаклидаги феъл (одатда қилмоқ ва бўлмоқ феъллари) ва сифатдош шаклли бирикма, феълнинг баъзи аналитик шакллари ҳамда результативлик семантикаси мавжуд бўлган баъзи феъл лексемалари ташкил қилади. Жумладан, иккиламчи результатив предикатлар, чегараланган акционал хусусиятли феъллар иштирок этадиган мажҳул нисбат шакллари, равишдош шаклидаги феъл (одатда қилмоқ ва бўлмоқ) феъллари ва сифатдош шаклли бирикма, феълнинг аналитик шакллари результатив тузилмалар сифатида тан олинади. Таъкидланган аналитик шаклларнинг кўпчилиги ўтган замон шаклида тугалланган ҳаракатларни англатади. Результативлик етказаётган тугалланган воқеа-ҳодиса, ҳаракат маълумотининг долзарблиги билан аниқланади. Масалан: Қамбар ота ўғилларининг ноиноқлигини яна бир марта оғриниб ҳис қилди-да, ерга қараб, жим бўлиб қолди. (Пиримқул Қодиров, 62); Ҳулкар нонни ёпиб бўлиб, устидан озгина сув сочди-да, қозонни яллиғланган чўғнинг устига тўнкариб қўйди. (Пиримқул Қодиров, 85).
Ушбу тузилмалар субъектив ва объектив результативлик, каузатив-объектив результативлик каби предикатларда ўз ифодасини топади.
Таъкидлаш жоизки, ўзбек тилида –ган шаклли сифатдош ўз синтактик вазифасига эга бўлган ҳолларда ҳам результатив маъноларни англатиш имкониятига эга. Аммо мазкур ҳолларда ҳам сифатдош предикатив бирикманинг бир бўлаги ҳисобланади. Масалан: Ўн-ўн бир ёшли бир бола кекса нокнинг шохида туриб, қуриган шох-шаббаларни синдириб ташлар, пастда юзини ажин қоплаган бир кампир уларни териб дасталар эди (Пиримқул Қодиров, 123). Ахир Акбарали чув тушган куёви билан йўлингни пойлаб юрипти (Саид Аҳмад, 108).
Ўзбек тили грамматикасида –ган шаклидаги сифатдош, асосан, статик ҳолатни билдириши таъкидланган (Ўзбек тили грамматикаси; 1975, 510-512). Юқоридаги мисоллардаги ажин қоплаган, чув тушган бирикмаларидаги сифатдош шакли статиклик ҳолатида келган результатив маънони англатиб келган.
Результатив тузилмаларни ҳосил қилувчи синонимик гуруҳлар ҳам мавжуд. Улар маълум аналитик шакллар ёрдамида ифодаланади. Мазкур тузилмаларнинг синонимик гуруҳ ҳосил бўлишида кўмакчи феълларнинг ўрни муҳим. Масалан: бўлиб ўтди, бориб етди, ўқиб чиқди, ёзиб бўлди ва ҳоказолар.
Ўзбек тилида перфект маъно яқин ўтган замон шакли ва “бўлмоқ” кўмакчи феъли ёрдамида ҳозирги замон билан алоқадор бўлган натижавийликни ҳосил қилади. Натижавийлик ўзбек тилида, асосан, баъзи кўмакчи феълли бирикмаларда юзага келади. Хусусан, ўзбек тилидаги “бўлмоқ”, “чиқмоқ”, “тугатмоқ” каби кўмакчи феъллар етакчи феъл билан ифодаланган ҳаракатнинг тугалланганлиги ва унинг натижасини англатиб келади. Масалан: Аваз ўқни жойлаб бўлиб, Ҳулкарнинг ёстиғини ёнига келтириб қўйди (Пиримқул Қодиров, 59).
Бевосита аналитик шаклларда равишдош шаклидаги етакчи феъл ҳаракатни англатиб келади, результативлик маъноси эса кўмакчи феълнинг маъносидан келиб чиқади. Мазкур ҳолат ўтимли феълларга хос хусусият саналади. Масалан: Унинг очиқ қолган кўзларига қарадим. Тун қоронғусида кўзларида қандай ифода қотиб қолганини билолмадим (Саид Аҳмад, 49).
Инглиз тилидаги перфект грамматик шакли перфект маъносининг прототипи сифатида олинади. Аммо ушбу категория билан алоқадор бўлган масалалар етарлича тадқиқ этилмаган. Инглиз тили перфект шакллари англатадиган маънолар борасидаги қарашлар назарий жиҳатдан ва, шунингдек, амалий грамматикаларда ҳам фарқ қилади (R.Quirk, S.Greenbaum, G. Leech, J. Svartvik, 1982). Мисол учун Б. Комри таърифича, “перфект нутқ вазиятидан олдин содир этилган ҳодисани” англатади (Comrie; 1985, 52). Америка инглиз тили сўзлашув нутқи тадқиқотчиларининг (Lindstedt, 2000), (J. Terry, 2001) таъкидлашича, ўтган замон (Past Indefinite) ва перфект шаклининг аралаш шакли ёки перфектнинг have кўмакчи феъли муомаладан чиққан.
Ўзбек тилида результативлик сифатдош шаклида ҳам ўз ифодасини топади. Результативлик ҳолат ўзгариши натижасида юзага келган ҳодиса ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |