ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
НТМ <<МАШХУРА-УСТОЗ>>
УКУВ МАРКАЗИ
БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ НАЗАРИЯСИ
ТОШКЕНТ-2018
1-МАВЗУ. “БУXГAЛТEРИЯ ҲИСOБИ НAЗAРИЯСИ” ФAНИГА КИРИШ
Режа
1.1. Бухгалтерия ҳисоби назарияси фанининг ўрни ва вазифалари
1.2. Ўзбекистон Республикаси ҳисоб тизимида бухгалтерия ҳисобини ташкил қилишнинг ўзига хос тамойиллари
1.1. Бухгалтерия ҳисоби назарияси фанининг ўрни ва вазифалари
«Бухгалтерия ҳисоби назарияси» фани бухгалтерия ҳисобининг асосий назарий қисми бўлиб, унда бухгалтерия ҳисобининг жамиятдаги ўрни, аҳамияти, вазифаси, предмети, объекти, тамойиллари, усуллари ва бошқа ўзига хос хусусиятлари ўрганилса, «Молиявий ҳисоб» ва «Бошқарув ҳисоби» фанларида бухгалтерия ҳисобининг тамойиллари, усуллари амалиётда қандай қўлланиши ўрганилади.
«Бухгалтерия ҳисоби назарияси» фани нафақат бухгалтерия ҳисоби тизими учун балки, барча иқтисодий фанлар учун ҳам назарий манба ҳисобланади. Айниқса иқтисодиётни модернизациялаш шароитида барча маъмурий - бошқарув ходимлари ва ишчи-хизматчилари иқтисодий тушунча ҳамда жараёнлар тўғрисида маълумотга эга бўлиши керак. Бундай иқтисодий тушунча ҳамда жараёнлар мазмуни «Бухгалтерия ҳисоби назарияси» фанида кўриб ўтиладиган усул ва тамойиллар орқали ифодаланади.
Ҳисобнинг пайдо бўлиши бевосита кишилик жамиятининг вужудга келиши билан боғлиқ. Тарихий маълумотларга кўра, ибтидоий жамоа тузуми даврида ҳисобдан фойдаланишган. қабила бошлиғи ўз қабиласини сақлаб қолиш учун қайси фасл қачон келади, қабиласида қанча одам бор, улар учун қанча озиқ-овқат тўплаш керак каби ҳисоб-китобларни амалга оширган. Дастлаб ҳисоб қуроллари сифатида қўл бармоқларидан фойдаланилган (баъзи ҳолларда бу одатдан ҳозир ҳам фойдаланамиз).
Ҳозирда ҳам жамиятнинг бир бўлаги ҳисобланган ҳар бир оиланинг ўз ҳисоб-китоби бор. Қайси оилада ҳисоб-китоб яхши йўлга қўйилган бўлса, ўша оиланинг турмуш шароити яхши. Бундан кўриниб турибдики, ҳисоб инсонларнинг ҳаётий борлиғи ва ҳамкоридир.
Бухгалтерия
ҳисобининг
вазифалари
- иқтисодиёт тармоқлари корхона ва ташкилотларда содир бўлаётган хўжалик жараёнларини кузатиб бориш;
- кузатиш орқали олинган маълумотларни миқдорий кўрсатмаларда ифодалаш;
- корхона, ташкилот, муассаса хўжалик фаолиятларини кузатиш натижаларини махсус ҳужжатларда қайд этиш;
- махсус ҳужжатларда акс эттирилган маълумотларни умумлаштириш ва гуруҳлаштириш, хўжалик жараёнлари устидан назорат ўрнатиш ва уларга таъсир этиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |