3. Суғурта фаолиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари
Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг суғурта соҳасида туб ўзгаришлар юз берди. Иқтисодий ислоҳотлар туфайли тармоқда рақобат асосида фаолият кўрсатадиган турли мулкчилик шаклларидаги суғурта ташкилотлари фаолият кўрсата бошлади. Мулкларни давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши, янги шаклдаги тадбиркорлик тузилмаларининг пайдо бўлиши, ташқи иқтисодий фаолиятнинг жадал суратлар билан ривожланиши суғурта хизматларига бўлган талабнинг кескин ошишига сабаб бўлди. Иқтисодий ислоҳотлар бошланган 1991 йилнинг ўзида амалда қарийиб 70 йил давомида якка хоким сифатида фаолият кўрсатиб келган “ГОССТРАХ”га рақобатлаша оладиган нодавлат суғурта ташкилотлари фаолият кўрсата бошлаганлигини таъкидлаш жоиз.
Шуни алоҳида этироф этиш лозимки, мустақиллик йиллари суғурта соҳасини ислох қилиш юзасидан жиддий қадамлар қўйилди. Тармоқда туб ислоҳотларни амалга ошириш жараён бозор иқтисодиётига ўтишнинг дунёда тан олинган ўзига хос модели “Ўзбек модели” тамойилларига мос равишда кечди ва буғунги кунда бу жараён давом этмоқда. Бошқа соҳаларда бўлгани каби суғурта соҳасида ҳам давлат бош ислоҳотчи сифатида фаол иштирок этяпти. Бунинг тасдиғи ўлароқ, суғуртанинг хуқуқий базаси яратилиб, бирин-кетин турли мулкчилик шаклидаги суғурта ташкилотлари ташкил этила бошлади.
Дунё амалиётида суғурталаш фаолиятини давлат томонидан тартибга солишнинг бевосита ва билвосита усулларидан фойдаланилади. Ҳар бир мамлакатда иқтисодий ривожланиш даражаси, қонунчилик базасининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб юқоридаги усуллардан бири устувор ҳисобланади. Масалан, иқтисодчи М.С.Жилкина таъкидлашича, суғуртани давлат томонидан тартибга солиш шакл ва усулари икки гуруҳга бўлинади: маъмурий (тўғридан-тўғри) ва иқтисодий (билвосита), бунда ҳозирги суғурта тизими учун маъмурий усуллар кўпроқ учрайди.
Маъмурий тартибга солиш тизими суғурта қонунчилиги меъёрларига асосланади. Унинг марказий бўғини-суғурта назорати органидир. Иқтисодий тартибга солувчи воситалар-давлатнинг суғурта бозорига мамлакатнинг молия-кредит тизими (солиққа тортиш, Марказий банк пул-кредит сиёсати, давлат бюджети тизими ва шу каби соҳалар) билан билвосита таъсир кўрсатиш чора-тадбирлари киради3.
Суғуртавий ҳимоялашни давлат томонидан тартибга солиш усулларига махсус қонунлар қабул қилиш, Президент қарорлари, фармонлари ва ҳукуматнинг алоҳида қарорларини, лицензиялаш тартибини ишлаб чиқиш ва ваколатли давлат суғурта назорати хизматини ташкил этиш кабилар киради. Бозор муносабатлари шароитида давлат суғурталанувчи субъектлар манфаатларини ҳимоялаш механизмини яратади ҳамда суғурта фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган тадбиркорлик фаолиятини лицензиялаш, мазкур фаолиятни амалдаги қонунчиликка кўра назорат қилиш каби тадбирларни амалга оширишда намоён бўлади.
Давлатнинг суғурталаш амалиётида қатнашиши ушбу соҳалардаги суғуртани тартибга солиш, ривожланишини қўллаб-қувватлаш борасида қонунчилик, ижро этувчи ҳокимиятлар томонидан қарорлар қабул қилиш ва уларни амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш билан ифодаланади. Суғурта хизматларига бўлган талабининнг ўсиб боришида давлат бениҳоя катта рол ўйнайди. Бунда, аввало, миллий суғурта бозорининг ривожланишига таъсир этувчи омилларни яратиш мақсадида:
суғурта тўғрисидаги қонунларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва ҳаётга татбиқ этишни йўлга қўйиш, уларнинг амал қилиши устидан назорат олиб бориш;
давлат ва нодавлат суғурта компанияларини барпо этиш ва молиявий қўллаб-қувватлаш, уларни суғурта бозорида мазкур бозорнинг иштирокчилари сифатида тенг ҳуқуқлиликни кафолатлаш асосида эркин фаолият олиб боришларига шароит яратиш;
тадбиркорлик фаолияти иштирокчиларини суғурта бозоридаги хизмат турлари билан таништиришга ҳар томонлама кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш;
миллий суғурта бозорида фаолият олиб борадиган кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ташкил этиш чораларини кўради4.
Миллий суғурта бозорини ислоҳ этиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш, суғурта хизматларининг талаб юқори бўлган янги турларини жорий этиш, истеъмолчиларнинг суғурта бозорига бўлган ишончини ошириш мақсадида, “Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 августдаги ПҚ-4412-сонли қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 июлдан бошлаб суғурталовчилар учун низом жамғармасининг энг кам миқдорларига бўлган янги талаблар ўрнатилди (1-жадвал).
Do'stlaringiz bilan baham: |