2.Шахсий суғуртанинг турлари Суғурталанувчининг ҳаёти, соғлиғи, меҳнат қобилияти билан боғлиқ мулкий манфаатлари шахсий суғуртанинг объекти ҳисобланади. Суғурталовчи ва суғурталанувчилар ҳамда суғурталанган шахслар шахсий суғурта субъектларидир. Шахсий суғурта, одатда, фуқароларни қуйидаги хавф-хатарлардан ҳимояланишини назарда тутади:
-суғурталанувчининг ёки суғурталанган шахснинг вафот этиши;
-меҳнат қобилиятини вақтинчалик йўқотиши;
-нафақа ёшига етиши билан фуқаронинг фаол меҳнат фаолиятини тугаши.
Юқорида қайд этилган ҳамма ҳолатларда суғурта ҳодисасини рўй бериши суғурталанувчининг ёки суғурталанган шахснинг даромадини камайишига сабаб бўлади.
Илмий-иқтисодий адабиётларда шахсий суғурта турлича таснифланади. Мутахассислар ўртасида кенг тарқалган фикрларга кўра, шахсий суғурта 2 та кичик тармоққа бўлинади:
-ҳаёт суғуртаси;
-соғлиқни суғурталаш;
Соғлиқни суғурталаш, ўз навбатида, 2 та гуруҳга бўлинади: -бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш;
-тиббий суғурта.
Шахсий суғуртани ҳаёт суғуртасига ва соғлиқни суғуртасига бўлинишига асосий сабаб суғурта суммаларини жамғарилиб борилишидир.Ҳаёт суғуртаси узоқ муддатли бўлиб, унда шартнома бўйича белгиланган суғурта суммаси ҳар йили жамғарилиб боради. Фуқароларни бахтсиз ҳодисалардан суғурталашда суғурта суммалари жамғарилмайди, муддати 1 йилдан ошмайди.
2002 йилнинг 28 майидан эътиборан “Суғурта фаолияти тўғрисида” қонуннинг қабул қилиниши билан суғурта 2 та тармоққа бўлинди:
-ҳаёт суғуртаси; -умумий суғурта. Қонунга асосан суғурталовчиларнинг фаолияти суғуртанинг қайси тармоғига ихтисослашганлигига қараб алоҳида лицензияланадиган бўлди. Ҳаёт суғуртасини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган суғурталовчилар умумий суғурта турларини ўтказишга ҳақли эмас ёки аксинча.
Шахсий суғурта ихтиёрий ва мажбурий шаклларда амалга оширилади. Ихтиёрий шахсий суғурта турларига қуйидагилар киради:
-ҳаёт суғуртаси;
-фуқароларни бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш;
-фуқароларнинг соғлиғини ва касалликлардан суғурталаш;
-фуқарони маълум ёшгача етишиш суғуртаси;
-вафот этиш ҳолатидан узоқ муддатли суғурта;
-тиббий суғурта;
-чет элга кетувчиларни касалликлардан суғурта;
-мактаб ўқувчиларини бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш.
Мажбурий тарзда амалга ошириладиган шахсий суғурта турларига қуйидагилар киради: -йўловчиларни бахтсиз ҳодисалардан мажбурий суғурталаш;
-солиқ органлари ходимларини бахтсиз ҳодисалардан мажбурий давлат суғуртаси;
-Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларини бахтсиз ҳодисалардан мажбурий давлат суғуртаси. Энди эса давлат мажбурий суғуртаси хусусида айрим маълумотларни келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Мамлакат суғурта бозорида фуқароларнинг суғуртага бўлган муносабати ҳамон ижобий эмаслиги, уларнинг онгида суғуртага бўлган ишончсизлик ҳиссиёти устунлиги ҳеч кимга сир эмас. Бундай салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида, назаримизда, энг аввало нафақат суғурта соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, балки мамлакатимизда давлат мажбурий суғурта фаолиятини тартибга солувчи қонун ва қонун ости ҳужжатларини бир тизимга солиш давр талабига айланмоқда.
Чунончи, Франция давлатида 1976 йил 16 июлда Суғурта кодекси қабул қилинган бўлиб, унинг биринчи қисмини қонун ҳужжатлари гуруҳи, иккинчи қисмини ҳукумат қарорлари, учинчи қисмини эса бошқа маъмурий органларнинг фармойишлари ташкил қилади.
Бошқа давлатларнинг суғуртага оид қонунчилик нормалари эса фақат Фуқаролик кодекси доирасида тартибга солинади (бу эса «монистик тизим»нинг қонунчилигига тааллуқлидир). Лекин суғурта соҳасидаги барча муносабатларни фақат Фуқаролик кодекси билан тартибга солиш мушкулдир. Шунинг учун Фуқаролик кодекси билан бир қаторда «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонун ҳам қабул қилинганлигини таъкидлаш лозим.
Бугунги кунда мамлакатимизда «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонун суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари фаолиятини тартибга солишга қаратилган бўлса, Фуқаролик кодексининг 52-боби (Суғурта) барча турдаги суғурта шартномаларини тартибга солади. Шу ўринда, бугунги кунда мамлакатимизда давлат мажбурий суғурта фаолияти Фуқаролик кодексининг 961-моддаси, шунингдек, 2008 йил 10 сентябрдаги «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан давлат мажбурий ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги 174-қонун, 1994 йил 26 январдаги «Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий мажбуриятли шахсларнинг, оддий аскарлар ҳамда бошлиқлар таркибига кирувчи шахсларнинг давлат мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида» 38-, 2010 йил 28 декабрдаги «Давлат суд экспертларининг ҳаёти ва соғлиғини давлат томонидан мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги низомни тасдиқлаш тўғрисидаги 321-ва 2018 йил 27 октябрдаги «Судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғини давлат томонидан мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 879-, 1994 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси солиқ органлари ходимларининг мажбурий давлат суғуртаси бўйича суғурта суммалари ва суғурта тарифлари миқдорлари тўғрисида»ги 631-қарорлари, шунингдек, 2003 йил 29 августдаги «Оддий аскарлар ва бошлиқлар таркибига кирувчи ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий мажбуриятли шахсларнинг давлат мажбурий суғуртасини ўтказиш тўғрисида»ги 1266-низом билан тартибга солинаётганини кўришимиз мумкин.
Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш давр талабига айланмоқда.
Жумладан, бугунги кунда суғурта бозорида суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан кўп фойдаланиб келинаётган «суғурта суммаси» тушунчасига 2008 йил 10 сентябрдаги «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан давлат мажбурий ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги қонунда таъриф берилмаган. 2003 йил 29 августдаги «Оддий аскарлар ва бошлиқлар таркибига кирувчи ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий мажбуриятли шахсларнинг давлат мажбурий суғуртасини ўтказиш тўғрисида»ги низомда эса «суғурта суммаси – суғурталовчининг ҳар бири суғурталанган шахс олдидаги мажбуриятлари ҳажмининг чегарасини ўзида акс эттирувчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан белгиланган тўлов кунидаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 йиллик йиғиндисига тенг сумма» деб таъриф берилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 декабрдаги «Давлат суд экспертларининг ҳаёти ва соғлиғини давлат томонидан мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги 321-қарорида бўлса «Суғурта суммаси – давлат суд экспертларининг ҳаёти ва соғлиғини давлат томонидан мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчи унинг доирасида суғурта товони тўлаш мажбуриятини олган пул суммаси» деб ёритилган бўлиб, унинг миқдори ушбу қарорнинг III-бўлим 13-бандида кўрсатиб ўтилганидек, амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараварига тенглигини кўришимиз мумкин.
Шунингдек, «Судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғини давлат томонидан мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги низомнинг 23-бандида судья ишлаётган даврда ёки унинг ваколат муддати тугаганидан кейин ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда олинган тан жароҳатлари ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши муносабати билан ҳалок бўлган (вафот этган)да унинг меросхўрларига судьянинг эллик ойлик иш ҳақи миқдорида суғурта пули тўланиши баён этилган.
Бундан ташқари, 1994 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси солиқ органлари ходимларининг мажбурий давлат суғуртаси бўйича суғурта суммалари ва суғурта тарифлари миқдорлари тўғрисида»ги 631-қарорида бўлса солиқ органлари ходими хизмат олиб бориш даврида вафот этган тақдирда унинг яқин қариндошлари ёхуд меросхўрларига белгиланган тартибда амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 80 баробари миқдорида суғурта пули тўланиши кўрсатиб ўтилган.
Юқоридаги «суғурта суммаси»га берилган таърифлардан билиш мумкинки, бугунги кунда мамлакатимизда давлат мажбурий суғурта муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларида суғурта миқдорлари турлича кўрсатилган. Бугунги кунда мамлакатимизда давлат мажбурий суғурта муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига кўра, суғурта ташкилоти суғурталанган шахс учун давлат мажбурий суғурта шартномасида кўрсатилган қоидалар асосида суғурта суммасини тўлаб беради.
Ривожланган хорижий мамлакатларнинг амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида эса давлат томонидан мажбурий тартибда суғурталанган шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун қуйидаги миқдорда суғурта суммаси тўланишини кўришимиз мумкин.
Масалан, Россия Федерациясининг 1998 йил 28 мартдаги «Ҳарбий хизматчилар, фуқаролар, ҳарбий хизматга чақирилган фуқаролар, Россия Федерацияси ички ишлар органларининг сафдор ва раҳбар шахслари, давлат ёнғинга қарши курашиш хизмати, жиноят ижроия ташкилоти ходимлари, Россия Федерацияси миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда Россия Федерацияси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг давлат мажбурий суғуртаси тўғрисида»ги қонунда суғурталанган ҳарбий хизматчи ҳарбий хизматни ўташ даврида ёхуд ҳарбий хизматдан бўшаганида, ҳарбий йиғинлардан четлаштирилган тақдирда бир йил ичида вафот этса унинг яқин қариндошларига 2.000.000 рубль (тахминан 300.000.000 сўм) пул тўлаб берилади деб белгиланган.
Қирғизистоннинг 2004 йил 21 августдаги «Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга мажбур бўлганлар, ўқув машғулотлари ва махсус йиғинларга жалб қилинган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги 163-қонунида эса «Ҳарбий йиғин ва хизматларга жалб қилинган шахслар хизмат даврида ёхуд хизматдан бўшагандан сўнг бир йил ичида жароҳатланиши (жароҳатланиш, шикастланиш ёхуд контузия) натижасида вафот этган тақдирда унинг маошининг 200 баробари миқдорида суғурта суммаси тўлаб берилади» деб кўрсатилган.
Озарбайжон Республикасининг 1997 йил 20 майдаги «Ҳарбий хизматчиларнинг давлат мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида»ги қонунига кўра эса «Суғурталанган ҳарбий хизматчи ҳарбий хизматни ўташ даврида ёхуд ҳарбий хизматдан бўшаганида, ҳарбий йиғинлардан четлаштирилган тақдирда уч йил ичида вафот этган тақдирда ҳарбий хизматчининг ҳаёти ва соғлиғи учун 11000 манат (2020 йил 11 июль ҳолатига кўра 65 967 110 сўм) тўлаб берилади» деб кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, юқорида қайд этилган давлатларнинг қонун ҳужжатлари илмий жиҳатдан таҳлил қилганда қуйидаги ижобий тарафлари аниқланган. Жумладан, Россия қонунида агарда суд томонидан суғурта қилинган шахснинг ҳаракатлари жамият учун хавфли деб тан олинганда, суд томонидан суғурталанган шахс гиёҳвандлик моддасини, алкоголь маҳсулотини ёхуд руҳиятга кучли таъсир қилувчи модда истеъмол қилган деб топилганда, шунингдек, суд томонидан суғурта қилинган шахс ўзига қасддан жароҳат етказган деб топилган тақдирда суғурта ташкилоти суғурта қилинган шахсга суғурта суммасини тўлаб беришни рад этишга ҳақли деб кўрсатилган.
Қирғизистоннинг «Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга мажбур бўлганлар, ўқув машғулотлари ва махсус йиғинларга жалб қилинган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонунида ҳам суғурта ташкилоти қуйидаги ҳолатларда суғурта қилинган шахсга суғурта суммасини тўлашни рад этиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Булар:
-суғурта қилинган шахс суғурта ходисаси юз берганда спиртли ичимлик истеъмол қилган бўлса;
-суғурта ҳодисаси юз берганда гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилган бўлса;
-инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи моддалар истеъмол қилган тақдирда.
Аммо бугунги кунда мамлакатимизда амалда бўлган давлат мажбурий суғурта муносабатларини тартибга солувчи «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан давлат мажбурий ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги қонун ва бошқа норматив ҳужжатларда суғурта суммасини тўлашни рад этиш тартиби кўрсатилмаганини кўришимиз мумкин.
Америка Қўшма Штатларида ҳарбий хизматчи вафот этган тақдирда унинг яқин қариндошларига 10000дан 250000 долларгача суғурта пули тўлаб берилади.
Швецияда эса ҳарбий хизматчи хизмат даврида олган жароҳати туфайли ногирон бўлган тақдирда 796000 крона (100000 АҚШ доллари) миқдорида суғурта суммаси тўлаб берилиши кўрсатиб ўтилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда давлат мажбурий суғурта муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига кўра, суғурта ташкилоти суғурталанган шахс учун давлат мажбурий суғурта шартномасида кўрсатилган қоидалар асосида суғурта суммасини тўлаб беради.