4-МАВЗУ: СУҒУРТА МУНОСАБАТЛАРИДА ТАВАККАЛЧИЛИКНИНИГ МАВЖУДЛИГИ
Режа
1. Суғурта муносабатларида рисклар ва уларни баҳолаш
2. Молиявий рискларни бошқариш
3. Суғуртада рискларни классификациялаш
1. Суғурта муносабатларида рисклар ва уларни баҳолаш.
Ҳозирги шароитда кўрилиши эҳтимоли бўлган рисклар тадбиркорлик фаолияти йўналишини танлашга таъсир этувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Масалан, маҳсулот ишлаб чиқариш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш)да ҳамкорликнинг кенгайиши натижасида экспорт кредитлари суғуртаси объектлари суғурта фаолиятининг янги объектлари сифатида пайдо бўлишига олиб келмоқда.
Айниқса, иқтисодиётнинг негизини хилма-хил мулк шакллари ташкил этадиган очиқ бозор иқтисодиётига асосланган жамиятда инсонларнинг аксарияти мустақил равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб юқори даражада фойда олишга ҳаракат қилади. Бироқ тадбиркор ҳар доим ҳам бозор муносабатларидаги барча ҳаракатларини назоратга олиб, фаолият йўналишини аниқ белгилаш ва шунга қараб бир меъёрда режалаштира олмайди. Аксинча, тадбиркор ўз фаолиятида кўплаб қарорларни таваккалчиликка боғлиқ вазиятларда йўналишини белгилашга ва улардан бирини танлашга мажбур бўлади. Бу эса тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида унинг тараққиётига хизмат қилувчи ҳуқуқий механизмларининг барча усулларидан кенг фойдаланишга эҳтиёж сезади.
Эҳтимоликка кўра, юз бериши мумкин бўлган рискнинг мавжудлиги шароитида, иқтисодиёт субъектлари уларни ўз ички имкониятлари билан ҳал этишдан манфаатдордир. Суғуртага бўлган талаб риск бўйича қўшимча қоплама олиш зарурати юзага келган ҳолларда ўзини оқлайди. Бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган давр ўз бизнесини янгитдан бошлаётган ҳар қандай тадбиркордан хўжалик фаолиятида содир бўладиган турли рискларни бошқариш, бартараф этиш ва камайтириш бўйича тегишли малака ва қобилиятга эга бўлишини талаб этмоқда.
Ривожланган давлатлар тажрибалари шуни кўрсатадики, тадбиркорлик субъектлари мазкур рискларни камайтириш ва бартараф этишда энг самарали усулларидан бири бўлган суғурта хизматларидан фойдаланишни афзал кўрадилар. Тадбиркорликда афсуски, рискни бутунлай йўқотишнинг имконияти мавжуд эмас. Юқорида рискни тадбиркорликнинг ажралмас қисми ва фаолиятнинг асоси эканлиги таъкидланди. Агар тадбиркорликда савдо, молиявий ва иқтисодий муносабатлар мавжуд бўлса, унда иқтисодий рисклар албатта юзага келади5.
Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига бир-бирига боғлиқ бўлган омиллар таъсир кўрсатади. Улар сиёсий, валюта, табиий офатлар, инфляция, бозор, саноат рисклари шунингдек, банк ҳамда суғурта рискларидан иборат. Мазкур рисклар ичида суғурта рискларини кенгроқ ўрганиш алоҳида ўрин тутади. Уларга суғурта мукофотлари ва тўловларининг ҳажми, улар бўйича фарқ, қайта суғурталаш компанияларининг мавжудлиги, суғурта мукофотларининг ўртача даражаси ҳамда суғурта компанияларининг ўз мажбуриятларини бажара олиш қобилияти киради.
Мамлакатимизда ислоҳотлар талаб ва таклиф асосида амалга оширилиши, ўз навбатида, бозор инфратузилмаси институтлари, жумладан, суғурта фаолиятининг такомиллашувини тақозо этмоқда. Кўп тизимли ва мураккаб таркибий қисмлардан ташкил топган суғурта фаолиятини тадқиқ этиш орқали рисклар селекциясини амалга ошириш, суғурта портфели таркибини оптималлаштириш, шартномаларнинг томонлар учун фойдалилик даражасини ошириш вазифалари устувор аҳамият касб этмоқда6.
Демак, суғурта рисклари тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бозор талаб ва таклиф мувозанатини таъминловчи унсур экан, ундаги тадбиркорлик рискларидан ҳоли эмас. Бунга бозор инфратузилмасининг муҳим институти ҳисобланган суғурта фаолиятини такомиллаштириш йўли билан эришилади. Янги замонавий суғурта хизматларини таклиф этиш фаолият йўналишининг асосидир.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини суғурталашнинг моҳияти шундаки, тадбиркор молиявий ресурсларини бир қисмини рискни суғурталашга ихтисослашган суғурта компанияларининг хизматларига йўналтиради. Бу муваффақиятли бизнесни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган зарар ва йўқотишларни тўлиқ ёки қисман қоплаш имконини беради ҳамда тадбиркорлик субъектларининг турли кўринишдаги рисклардан ҳимоялаш орқали мамалакат иқтисодиётининг узлуксиз ривожланишини таъминлашда алоҳида ўрин эгаллайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |