Экинни парвариш қилиш. Суғориладиган ерларда арпа экилиши билан эгатлар орқали суғорилади. Бунда суғориш меъёри гектарига 800м3 бўлади. Ривожланишнинг кейинги даврларида ўсимликнинг талабига қадар суғорилади. Арпани ўсув даврида бегона ўтларга қарши курашилади.
Ҳосилни йиғиштириш. Арпа ҳосили асосан комбайнлар ёрдамида ўрилади. Ҳосилни ўриш биринчи навбатида уруғ учун экилган ва апробация ўтказилган далалардан бошланади, сўнг товар ғалла учун экилган майдонлар ҳосили ўриб янчиб олинади. Ҳосил ўришни арпанинг мум пишиши охири ва тўла пишиш бошланиши билан қисқа муддатда ўтказиш лозим. Акс ҳолда, ҳосилнинг бир қисми тўкилиб, нобуд бўлади ва уруғликнинг сифати пасаяди, бу ҳол иссиқ ва қуруқ иқлимга мансуб Ўзбекистон шароитида, айниқса, яққол намоён бўлиши мумкин.
Ўриш ишларини икки усулда бажариш мумкин: тўла пишиш билан комбайнда ўриш ёки уруғлик майдонларда мум пишиш даврида махсус жаткалар билан ўриб, қуриганидан сўнг комбайнда янчиб олиш мақсадга мувофиқ.
Ҳосилни ўриш ёки янчишда аппаратнинг тешиклари оралиғини товар-ғаллани (арпани) ўриб-янчишга қараганда бироз каттароқ қўйиш лозим, акс ҳолда уруғлик дон кўплаб майдаланиши ёки зарарланиш оқибатида кондицияли сара уруғлик арпа донининг чиқиш миқдори жуда ҳам камайиб кетиш ҳоллари содир бўлади. Пивобоп арпа навлари ҳосилни ўришни ҳам уруғлик майдонларидаги каби ўтказиш мақсадга мувофиқдир.
2.4.Кузги жавдар
Ҳалқ хўжалигидаги аҳамияти. Кузги жавдар озиқ-овқат учун экиладиган экин. Жавдар донидан ун тайёрлаш мумкин. Жавдар унидан тўйимли, таъми жуда яхши, мазали ҳамда парҳез учун истеъмол қилинадиган нонлар тайёрланади. Кузги жавдар Ўзбекистонда оралиқ экин сифатида ва дони учун экилади. У жуда кўп мамлакатларда буғдойдан кейин, иккинчи нон экини донида тўла қимматли, алмаштирилмайдиган аминокислоталар, айниқса, лизинга бой оқсил ҳамда А, С, Е ва В гуруҳидаги витаминлар мавжуд. Шунинг учун қорамолларга омихта ем тайёрлашда жавдар донидан лизинга бой қўшимча сифатида фойдаланилади.
Кузги жавдар Россия, Марказий Осиё ва Кавказортида дони учун ҳамда дуккакли экинлар, баҳорги арпа, буғдой ва бошқа экинлар билан қўшиб озиқа учун экилади.
Жавдар донида ўртача 8.0-18.7 % оқсил, 51.8-69 % крахмал, 1.6-2.6 % ёғ мавжуд. Оқсил таркибида лизин кўплиги туфайли кузги жавдар донининг биологик қиммати юқори. Жавдар донининг 100 кг да 116 озиқа бирлиги бор.
Ўзбекистонда кузги жавдар озиқа экини сифатида кўк массаси, пичан уни ва эртаги силос тайёрлаш учун кўп экилади. Сомони дағал озиқа сифатида ишлатилади ҳамда ундан қоғоз, фурфурол, сирка кислотаси, лигнин тайёрлашда фойдаланилади.
Н.И.Вавилов фикрига кўра ёввойи жавдар билан буғдой тоғда биргаликда ўсганида улар ўртасидаги рақобат натижасида ёввойи жавдардан маданий жавдар келиб чиққан. Ёввойи жавдар совуққа анча бардош берадиган бирмунча чидамли ўсимлик бўлиб, буғдойни экинлар орасидан сиқиб чиқариши ва шу тариқа фақат ўзи ўсиши мумкин. Бу ҳосилдан кадимги дехқонлар фойдаланганлар.
Марказий Осиё, шу жумладан Ўзбекистонда жавдар кадимдан “қора буғдой” номи билан танилган ва кенг экилган.
Жахон дехқончилигида кузги жавдар 7.4 млн гектар майдонга экилади ва ялпи ҳосили 10.5 млн т, ҳосилдорлик 14.6 ц/га ни ташкил қилади.
Суғориладиган ерларда илғор хўжаликлар жавдарнинг гектаридан 60-70 ц дон ҳосили олишмоқда. Янги яратилган калта пояли, интенсив типдаги жавдар серҳосил, суғоришга, азотли ўғитларга таъсирчанлиги билан ажралиб туради. Яшил масса ҳосили эрта баҳорда (апрел) 250-300 ц/га етади.
Тарихи: Жавдарнинг тарихи-эрамиздан аввалги I асрда Италияда ва сўнг эрамизнинг III ва IV асрларда Керч ярим оролида кўплаб экилганлиги хақидаги маълумотлар адабиётларда кўп учрайди. Сибир худудида жавдар XШ асрдан экила бошланганлиги, бу ерга рус мухожирлари томонидан олиб келинганлиги маълум.
Жавдарнинг асосан кузда экишга мослашган навлари кенг таралган бўлиб, баҳорги навлари кўкламда экилганда кузгиларига қараганда кам ҳосил беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |