Бегона ўтлар ва уларга қарши кураш. Қишлоқ хўжалик экинлари орасида учрайдиган бегона ўтларнинг келтирадиган зарари шундаки, улар тупроқдаги озиқа элементларидан ва қуёш нуридан кўп фойдаланиши натижасида маданий ўсимликларнинг ўсиш ва ривожланиши ҳамда улар ҳосилдорлигини пасайтиради. Кузги буғдой экилган майдонларда учрайдиган энг асосий бегона ўтлар жағ-жағ, эшак шўра, олабута, қўй печак, итузум, мингдевона, қамиш, семизўт, какра, қўйтикан.
Бегона ўтларга қарши кураш олдидан буғдой экин майдонларида учрайдиган бегона ўт турлари ва улар ҳолати аниқланиши керак. Аниқлашни энг оддий усули 1 м2 майдондаги бегона ўтлар миқдори кўз чамасида бир ва кўп йиллик ўсимликлар учун аниқланади.
Бир йиллик бегона ўтлар билан ифлосланиш даражси: 1м2 даги бегона ўтлар сони 10 дан кам бўлса-кучсиз ифлосланган:
Бегона ўтлар сони 10-50 тагача ўртача ва 50 тадан ортиқ бўлса бегона ўтлар билан ифлосланиш даражаси кучли деб ҳисобланади.
Кўп йиллик бегона ўтлар майдонларда эса:
1м2 майдондаги кўп йиллик бегона ўтлар сони 1 тагача -кучсиз
1-5 тагача ўртача ва 5 тадан ортиқча бўлса кучли ўт босган деб топилади.
Экин майдонларини бегона ўтлар босганлигини аниқлаш бўйича кузатиш буғдойни тўла тупланиш фазасида ўтказилади. Керак бўлганда кейинги муддатларда ҳам ўтказиш мумкин. Бегона ўтларга қарши кураш шартли равишда икки йўналишда олиб борилади:
А) Бегона ўтлар тарқалишини олдини олиш, яъни бегона ўтлар тарқалишига йўл қўймаслик: бунда бегона ўтлар уруғини ҳар-хил манбалар орқали тарқалишига йўл қўймаслик керак.
Б) Бегона ўтларни қириб битириш – бунда ер юза хайдалиб, тупроқнинг юза қисми юмшатилади ва бегона ўтлар ўлдирилади.
Ерни шудгорлаш олдидан юза қисми юмшатилганда ердаги бегона ўт уруғлари униб чиқади ва шудгорлашда бу ўтлар ўлади.
Ғўза қатор ораларига буғдой экишдан олдин қатор ораларидаги уруғлаган ва уруғи пишиб етилган курмак, эшак шўра, оқ шўра, итузум ва шунга ўхшаш бегона ўтлар илдизи ҳамда пояси билан қўлда юлиниб дала чеккасига олиб чиқиб ёқиб ташланиши керак. Масалан: шу усул билан бир дона оқ шўра йўқотилиши унинг 100 минг дона уруғини йўқолишига сабаб бўлади, ёки бир туп мачин йўқотилганда унинг 500 минг дона уруғи йўқ қилинади.
Бегона ўтларни қириб битирувчи чоралар бегона ўт уруғлари, илдизпоялари ва бегона ўтларни ўзини йўқотишга қаратилиб, у агротехника тадбирлари ва кимёвий кураш усуллари билан олиб борилади.
Бегона ўтларга кимёвий усулда кураш гербицидлар ёрдамида олиб борилади. Бу усулдан фойдаланилганда танлаб таъсир қилувчи гербицидлардан фойдаланиш керак. Бундай гербицидлар фақатгина бегона ўт майсаларини ўлдириб, маданий ўсимликларга салбий таъсир қилмайди.
Танлаб таъсир қилувчи гербицидлар контакт ва системали таъсирли гербицидларга бўлинади. Контакт таъсирли гербицидлар таъсирида бегона ўтларни фақатгина шу турдаги гербицидлар таъсир этган органлари зарарланади.
Системали таъсир этувчи гербицидлар эса бегона ўтларни тўқималарига барг ва бошқа органлари орқали кириб, ўтказувчи найларда ҳаракатланиб ўтни ўлдиради. Ғалла экинларида гербицидларни тупланиш фазасида қўллаш энг қулай бўлади.
Гербицидларни бегона ўтларга қарши таъсири, ҳаво қуруқ ва шамол тиним даврида ҳарорат 18-200С, ҳавонинг нисбий намлиги 50 фоиз бўлганда қўлланилиши юқори самара беради.
Ўзбекистон Республикаси ғаллазорларидаги бегона ўтларга қарши курашда қўллашга тавсия қилинган асосий гербицидлар – Старане, 20 фоизли с.э.к. Парднер 22,5 фоизли эм.к. Банвел 48 фоизли с.э.к. Гранстер 75 фоизли с.э.к. ДФ 75 фоизли к.о.сус. Серто-Плюс, 75 фоизли к.о.сус. Булар асосан бир йиллик ва кўп йиллик бегона ўтларга қарши ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |