IV-БОБ. Электрокимёвий фаоллаштирилган сув асосида КЎПАЙТИРИЛГАН браконни БИОЛОГИК ва ишлаб чиқариш САМАРАДОРЛИГИНИ АНИҚЛАШ
4.1. Тажриба даласида ғўза тунламини ривожланиш динамикасининг фенологик кузатув натижалари
Ҳашаротлар ва атроф-муҳит ўртасидаги боғлиқликларда муайян қонуният мавжуд бўлиб, унга асосланган ҳолда ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш тадбирлари ва уларни ўтказиш муддатлари белгилаб олинади. Бу айниқса яширин равишда ҳаёт кечирадиган ҳашарот турларига қарши кураш олиб боришда жуда муҳимдир [133; 61–62-б.].
Фенологик кузатувда ҳашаротларнинг ривожланиши (фазалари бўйича) тақвим муддатларга боғлаб олиб борилади. Фенологик кузатишлар ўтказиш йўли билан ҳашаротлар ва муайян турдаги ўсимликларнинг пайдо бўлиш муддатлари ҳамда уларнинг ривожланиш фазалари белгиланади. Бунда йил шароити ва одамнинг фаолияти ҳам катта аҳамиятга эга. Табиатда энтомофагларнинг яшаши ва урчиши хужайин-ҳашаротларнинг мавжудлигига боғлик. Айрим ҳашарот турлари йилнинг маълум вақтида, уларнинг муайян ривожланиш даврларида пайдо бўлади, аммо турли йилларда хатто бир жойнинг ўзида ҳам уларнинг пайдо бўлиш муддатлари доим бир хил бўлавермайди. Зараркунандаларнинг кўпайиб кетишига йўл қўймаслик ёки ҳимоя тадбирларини ўз вақтида ўтказишда фенологик кузатиш натижалари катта ёрдам беради. Фенологик маълумотларга кўра, зараркунандаларнинг ёппасига урчиш вақтини олдиндан аниқлаш мумкин [133; 61–62-б.].
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда электрокимёвий фаоллаштирилган сув асосида тайёрланган сунъий озуқаларда озиқлантирилган катта мум куяси куртида кўпайтирилган браконни дала шароитида Наманган вилоятининг Наманган туманидаги “Зардўст замин зилол” фермер хўжалигида кўсак қуртига қарши биологик самарадорлигини ўрганиш давомида ғўза тунламининг ғўзада ривожланиш босқичларини аниқлаш мақсадида фенологик кузатув олиб бордик. Чунки фенологик кузатув натижалари биологик курашни ташкил этиш, харажатларни қисқартиришга ва юқори самарадорликка эришиш учун замин яратади[133; 61–62-б.].
Кузатувларда ғўза тунламининг қишловдан ғумбак шаклида ривожланиши апрел ва май ойларининг барча декадаларида кузатилди. Бу ҳолатни апрел ойининг нисбатан салқин келиши, бу ойда ҳавонинг ўртача ҳарорати 17,7 оС ни ташкил қилиб, кўп йиллик ўртачадан 1,4 оС га юқори бўлганлиги ва ёғин миқдорининг кўп йиллик ўртачадан -18,3 мм га кам бўлганлиги билан изоҳлаш мумкин.
Баҳорги авлодида капалакларининг ривожланиши май ойининг биринчи декадасидан инюн ойининг биринчи декадасигача бўлган вақтда, тухуми май ойининг иккинчи декадасидан июн ойининг иккинчи декадасигача бўлган вақтда, қуртлари май ойининг учинчи декадасидан июн ойининг учинчи декадасигача бўлган вақтда, ғумбаги эса май ойининг учинчи декадасидан июн ойининг биринчи декадасигача бўлган вақтда ривожланиши кузатилди. Бу ойлар об-ҳавоси ҳам иссиқ келиб, май ойида ҳавонинг ўртача ҳарорати юқори бўлиб, 22,1 оС ни ташкил этди. Ой давомида ёғингарчилик ўта юқори бўлиб, 97,7 мм ни ташкил этди. Бу кўрсаткич кўп йиллик ўртачадан 76,7 ммга кўпдир. Июн ойида ҳам ҳавонинг ўртача ҳарорати юқори бўлиб, 28,0 оС га тенг бўлди. Ой давомида ёққан ёғин миқдори, 12,2 мм.ни ташкил этди. Кўп йилликка нисбатан 3,2 мм кўп ёққани маълум бўлди. Об-ҳаводаги бу ўзгаришлар, ғўза тунламининг баҳорги авлодини ривожланишига ўз таъсирини кўрсатди.
Биринчи ғўза авлодида капалакларнинг ривожланиши июнь ойининг учинчи ва июль ойининг иккинчи ўн кунлигида, тухумининг ривожланиши июль ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлигида, қуртларининг ривожланиши июль ойининг иккинчи ва август ойининг биринчи ўн кунлигида, ғумбагининг ривожланиши эса июль ойининг учинчи ва август ойининг биринчи ўн кунлигида кузатилди.
Иккинчи ғўза авлодида капалакларнинг ривожланиши август ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлигида, тухумининг ривожланиши ҳам август ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлигида, қуртларининг ривожланиши август ойининг иккинчи ва сентябр ойининг биринчи ўн кунлигида, ғумбагининг ривожланиши эса август ойининг учинчи ва сентябр ойининг иккинчи ўн кунлигида кузатилди.
Учинчи ғўза авлодида капалакларнинг ривожланиши сентябр ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлигида, тухумининг ривожланиши ҳам сентябр ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлигида, қуртларининг ривожланиши сентябр ойининг иккинчи ва октябр ойининг иккинчи ўн кунлигида, ғумбагининг ривожланиши эса июль ойининг учинчи ва август ойининг биринчи ўн кунлигида кузатилди (4.1-жадвал).
Do'stlaringiz bilan baham: |