2
I-Мавзу. ДАВЛАТ ВА ҲУҚУҚ АСОСЛАРИ
1-§. Давлат тушунчаси ва моҳияти
Давлат тушунчасининг нима эканлигини ва унинг моҳиятини тушуниб етиш учун аввало бор
жамият, фуқаролик жамияти тушунчаларини билиб олиш керак бўлади. Демак, жамият нима? Бу
кишилар жамоаси бўлиб, улар муайян эҳиёж ва муайян манфаатларига кўра бирлашишлиги
натижасида вужудга келувчи ижтимоий муносабатлар махсулидир. “Жамият инсонсиз бўлиши
мумкин эмас. Инсоният жамиятнинг тузилишида ва унинг ривожида асосий ролни ўйнайди.
Жамият инсонларнинг бир – бирлари билан жамоа бўлиб яшашга табиий эҳиёжлари асосида пайдо
бўлган”
1
. Жамият бирлашишга мойил бўлган гуруҳлар, синфлар, қатламлардан иборат. Оила, уруғ,
қабила ва миллат категориялари давлат ва жамиятнинг энг муҳим таркибий элементидир. У
жамиятда асосан сиёсий функцияларни бажаради. Жамият ва
давлат тушунчалари фалсафий
категория бўлиб, улар асло бир нарса эмас. «Жамият» тушунчаси «давлат» тушунчасига қараганда
кенгроқдир.
Жамиятнинг яна бир кўриниши мавжуд бўлиб, биз уни фуқаролик жамияти деб атаймиз.
Фуқаролик жамияти — юксак даражадаги ҳуқуқий маданиятга эга бўлган фуқаролардан иборат
жамиятдир. Бундай жамият ўзини ўзи юксак даражада ташкил этиши билан ажралиб туради.
Фуқаролик жамиятига давлатнинг кучли таъсири талаб этилмайди.
Давлат бундай жамиятнинг
назоратида бўлиши керак, чунки давлат — фуқаролик жамиятининг «ёлланма хизматкори»
2
.
Давлат, ҳуқуқ ва жамият муайян алоқадорликдадир. «Жамият» — нисбатан кенг тушунча.
Давлат унинг ичида мавжуд бўлади. Давлат ҳуқуқни келтириб чиқаради, аммо ҳуқуқ ҳам давлатни
шакллантиради ва йўналтиради. Жамият давлат ва ҳуқуқ таъсирида у ёки бу томонга ўзгаради.
Ҳуқуқ ҳамма учун мажбурий бўлиб, давлат учун ҳам, жамият аъзолари учун ҳам муҳимдир.
Давлатдаги ижтимоий – сиёсий муносабатлар қанчалик мукаммал бўлса, жамият ва
давлатнинг функциялари (вазифалари) шунчалик аниқ ажралиб туради. Фуқаролик
жамияти ва
ҳуқуқий давлат уйғун муносабатга эга. Жамият ўзининг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётига оид
кўплаб муаммоларни давлатнинг ёрдамисиз (аралашувисиз) ҳал қилади. Ҳуқуқий
давлат
жамиятнинг ўзи эплайдиган масалаларда фуқаролик жамияти (ва унинг айрим аъзолари)га
васийлик қилиши шарт эмас. Фуқаролик жамияти ўзини ўзи бошқаради ва ҳуқуқий давлат
сиёсатига, ундаги ҳуқуқий тизимга ҳал қилувчи таъсир ўтказа олади.
«Демократик жамият – бу, энг аввало, фуқаролик жамиятидир. Чинакам демократиянинг олий
мазмуни – шахслараро,
миллатлараро, давлат ва ижтимоий-сиёсий муносабатларни
уйғунлаштиришдан иборат.
Бунда инсон ва жамият, жамият ва давлат ҳокимияти тинч – тотув
яшайди»
3
.
«Давлат» тушунчасига тўхталадиган бўлсак, жамият ривожи натижасида оммавий ҳукмрон
гуруҳлар пайдо бўла бошлаган. Бу оммавий ҳукмрон гуруҳлар ўзларининг ҳукмронлиги
асосини
ташкил этувчи омилларни ҳимоя қилиш мақсадида турли хил ҳаракатларни амалга оширганлар.
Жумладан, сунъий тарзда иқтисодий (мулкий) қарамлик вужудга келтирилган,
тартибга солувчи
меъёрлар (ғоялар) ўйлаб топилган ёки тартибга солиб турувчи куч (ҳокимият) ташкил этилган.
Мулк, ғоя ва ҳокимият эса ўз навбатида жамиятни бошқарувчи ривожлантирувчи кучлар деб
ҳисобланади.
«Давлат» тушунчаси кенг маъноли бўлиб, унинг моҳияти деганда давлатнинг мақсад ва
вазифаларини, кимга ёки қайси синф манфаати учун хизмат қилаётганлигини, ҳуқуқийлиги
жиҳатидан қандай тамойиллар билан асосланганлигини тушуниш керак ва буни тушунишда уч
асосий назарий ёндашув мавжуд: ижтимоий, синфий ва сиёсий-ҳуқуқий.
Биринчи ёндашувга кўра, давлат – умумий муаммолар ва ишларни ҳал
этиш воситаси, у
ҳукмдорлар ва халқнинг ўзаро муносабатини тартибга солади. Иккинчи ёндашувнинг моҳияти
шундаки, давлат синфларнинг пайдо бўлиши билан юзага келган ва синфий кураш бир синфнинг
бошқасини бостириш қуроли бўлиб хизмат қилади. Учинчи ёндашувнинг асоси қуйидагича: давлат
жамиятнинг ва давлатнинг ўзининг ҳаётини ташкил этувчи ҳуқуқ манбаидир.
1
Муаллифлар жамоаси. Давлат ва ҳуқуқ назараияси. Дарслик. ТДЮИ. 2000. 49-б.
2
Саидов А., Таджиханов У., Одилқориев Ҳ. Давлат ва ҳуқуқ асослари. Дарслик. Т., “Шарқ”, 2002. 8-б.
3
Каримов И.А.
Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. Т.3.Т., 1996. 362-363-б.