Ёшларнинг ғоявий-мафкуравий курашчанлигини ошириш омиллари.
Мафкуравий иммунитетининг таркибини мафкуравий билим (вайронкор ва бунёдкор ғояларнинг моҳияти, фарқи ҳақидаги), ишонч ва эътиқод, ҳис-туйғу, ирода, кўникма ва малакалар тизими ташкил қилади. Тўғри билимнинг турлари кўп. Мафкуравий иммунитетни шакллантирувчи билимлар авваломбор ёшларга миллат, миллий-маънавий мерос, ватан тарихи билан боғлиқ билимлардан иборат бўлиши лозим. Ёшлар ўз она ватанининг тарихини, миллий-маънавий меросини, қадриятларини қанчалик юқори даражада билишса уларда шу даражада ватанпарварлик юқори бўлади. ватаннинг, миллатнинг манфаатларини ҳимоя қилишга киришар экан ҳар бир ёш унинг она ватанига бўлаётган турли мазмундаги таҳдидларни ҳам чуқур билиши талаб этилади. Ҳозирги дунёнинг мафкуравий манзараси, унда кечаётган ғоявий жараёнлар, турли мазмундаги ғоявий таҳдидлар, уларнинг миллат ҳаётига, миллий мустақилликка зарарли таъсири, шунингдек бундай тусдаги таъсирларни олдини олиш, уларга қарши кураш усул ва воситалари ва шу кабилар. Ёшларда шаклантирилиши зарур бўлган мафкуравий иммунитетнинг иккинчи муҳим бир элементи ишонч ва эътиқод ҳисобланади. Аксинча билим бир шунчаки ҳавойи бўлиб қолади. Ёшлар ўзлари эгаллаган билимларни, амалга оширишга киришаётган ҳатти-ҳаракатларнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилишлари зарур. Миллий истиқлол ғояларига шахснинг ишончи, мустаҳкам иродаси унинг мафкуравий иммунитети манбаи ҳисобланади. Бундай мафкуравий иммунитетга эга бўлган шахс ёт мафкуралар таъсирига берилмайди, чунки Миллий истиқлол ғояси мафкуравий иммунитетни шакллантиришда ўзига хос имконият ва хусусиятларга эга.
Мафкуравий иммунитет миллий мустақилликнинг афзалликларига бўлган ишончга қурилади. Бу ишонч эса ишонтириш, тушунтириш натижасида ҳосил бўлади. Масалан, Ўзбекистон - дунёвий давлат. Дунёвий давлат фаолиятининг асосий тамойиллари, афзалликлари уларни диний давлат билан таққослагандагина кенг ва тўлиқ тушунчаларни беради. Бу дунёвий миллий-демократик тузумнинг моҳияти ва афзалликларини англаб етишга олиб келади. Тараққиётнинг «ўзбек модели» ривожланишининг умумий қонуниятларини, ҳамда бошқа давлатларда юз бераётган жараёнлар, ҳодисаларни қиёслаш, англаб етишга имкон беради. Демак, мафкуравий иммунитетни шакллантириш-муайян мафкуравий вазиятда инсоннинг ўзи, халқи, Ватани манфаатлари бирлигидан келиб чиқиб, ёт ғояларга қарши тура олиш малакаларидир.
Мафкуравий кўникмалар билим, фаолият ва ҳатти-ҳаракатлар бирлигида намоён бўлади. Малакалар эса ёт ғоялар таъсирига қарши қаратилган автоматлашган муносабат, адекват йўл ва усуллардир. Мафкуравий кўникма ва малакаларнинг ҳосил бўлишида миллий ғоя негизлари муҳим рол ўйнайди. Агар мафкуравий таҳдид сезилганда, нима қилиш кераклигини ўйлаб ўтирмай ва айрим ҳаракатларга алоҳида диққат қилиб ўтирмай ғояга ғоя билан жавоб бериш амалда бажарила бориладиган бўлса, мафкуравий иммунитет амалий шаклланди, деб ҳисоблаш мумкин.
Мамлакатимизда ёшларнинг баркамол бўлиб ўсиши учун барча имкониятлар яратилмоқда. Ёшларга доир давлат сиёсатига алоҳида эътибор берилмоқда. Ёшларни ватанпарварлик, миллатпарварлик руҳида тарбиялашда, уларда турли таҳдидларга қарши ғоявий салоҳиятни шакллантиришда, бу борадаги вазифаларни белгилаб олишда «Юксак маънавият - енгилмас куч» асари муҳим ўрин тутади. Мазкур асарида юртбошимиз масаланинг муҳимлигига эътибор қаратиб шундай ёзган эди: “Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади. Агар бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқоцак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзбўларчиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган маънавиятимизда, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин”85. Эл-юртимиз ўзининг кўп асрлик тарихи давомида кўрган жабру-жафолар, тилимиз, динимиз ва маънавиятимиз чеккан озорлардан тегишли сабоқ чиқаришга чақиради: “Ўтган давр мобайнида, эски тузумдан оғир мерос бўлиб қолган ана шундай иллатларга, эл-юртимизга нисбатан камситиш ва миллий манфаатларимизни менсимаслик ҳолатларига барҳам бериш, кўҳна қадриятларимиз, дину диёнатимизни тиклаш, ҳаётимизда тарихий адолатни қарор топтириш, янги жамият қуриш йўлида халқимизнинг маънавий юксалишни ўз олдимизга қўйган олижаноб мақсадларга етишда ҳал қилувчи мезон деб қараш ва шу асосда уни олиб бориш биз учун доимо устивор вазифа бўлиб келгани ва бугун ҳам эътиборимиз марказида турганини таъкидлаш лозим”86.
Биринчи Президентимиз асарларида маънавий тарбия асосини ташкил этувчи муҳим омил ва мезонлар, шахснинг ёш хусусиятларини ҳисобга олиб, босқичма-босқич ривожлантириб бориш усул ва воситалари атрофлича таҳлил этиб берилган. Ёш авлод тарбияси ҳаёт-мамот масаласи эканлиги, ота-оналар, маҳалла фаоллари ва устоз-мураббийлар фаолиятидаги энг устувор вазифа сифатида қаралиши лозимлигини қайд этади. Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек биз миллий маънавиятни ҳар томонлама юксалтириш масаласини ўз олдимизга асосий вазифа қилиб қўяр эканмиз, бугунги кунда маънавиятимизни шакллантирадиган ва унга таъсир ўтказадиган барча омил ва мезонларни чуқур таҳлил қилиб, уларнинг бу борада қандай ўрин тутишини яхши англаб олишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Албатта, ҳар қайси халқ ёки миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, ҳаётий қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Бу борада, табиийки, маънавий мерос, маданий бойликлар, кўҳна тарихий ёдгорликлар энг муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади87.
Шахс маънавий мафкуравий иммунитетини шакллантириш аввало оила муҳитида шаклланади. Бола бамисоли босма қоғоз сингари оиладан, ён-атрофдан олган барча таассуротларини тафаккурига сингдириб олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |