Миссионерлар болалар орасида ҳам иш олиб бормоқда. Бу нималарда кўринади?
Миссионерлар ўзлари ҳақида ижобий тасаввурни шакллантириш ва шу аснода ўз фаолиятларини кенгайтириш мақсадида мактаб ёшидаги болалар билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор бермоқдалар. Жумладан, болалар учун ёзги оромгоҳлар ташкил этиш орқали тегишли эътиқодий таълим-тарбияни амалга оширишдан кенг фойдаланилаётганини таъкидлаш зарур. Масалан, бугунги кунда «Халқаро христиан лагерлари» ассоциациясининг МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатларининг 7 тасида, жумладан, Россияда -96, Латвияда -10, Беларусь Республикасида -5, Эстонияда -3, Қирғизистон, Литва ва Финляндияда -1 тадан лагери иш олиб бормоқда. Фаолияти тугатилган Нукусдаги «Эмануэль» черкови томонидан тузилган лагер мисолида бундай йўналишдаги ҳаракат Ўзбекистонда ҳам кузатилганини қайд этиш лозим.
Шу нарса эътиборга лойиқки, Қозоғистондаги “Ҳосил ўриб олиш черкови” нинг “Нива” оромгоҳида сўнгги 5 йил давомида кўпчилиги ота-онаси йўқ ёки кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган 3 мингдан ортиқ бола дам олган. Оромгоҳдаги дастур ва режалар шундай ишлаб чиқилганки, мавсум охирига бориб унда дам олган бола христианликнини қабул қилади.
Ёзги таътил даврида болаларни дам олиш жойларига қисқа муддатга олиб чиқиш, черков ҳудудида бир неча сменали, камида 2 маҳал овқат бериладиган кундузги дам олиш лагерлари ташкил этиш ҳам миссионерлар фаол фойдаланадиган усуллардан ҳисобланади. Одатда, бундай амалиёт черковга қатнайдиган фуқароларнинг болалари учун ташкил этилгани ҳақида ҳамма жойда очиқ-ошкор эълон қилинади ҳам. Аммо аслида бундай ҳаракатлар “эътиқодий тарбиядан четда қолаётган болалар” учун мўлжаллангани ҳеч кимга сир эмас. Черковга ибодатга келадиганлар орқали маҳалла ва мактабларда болалар лагерларига бепул йўлланма борлиги, дам олиш даврида турли тўгараклар фаолият кўрсатиши, болаларнинг дам олиши мазмунли ўтиши, қадимий жойларга экскурсиялар ташкил этилиши ҳақидаги эълон-даъватларнинг тарқатилиши ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.
Черковларда болалар учун мўлжалланган «якшанба» мактаблари ташкил этиш, бундай мактабларга жалб қилинганлар иштирокида турли тадбирлар ўтказиш, христианлик руҳи билан йўғрилган спектаклллар қўйиш ва муайян тайёргарликдан ўтган тарбияланувчилардан масиҳийликка даъват қилувчи турли адабиётларни тарқатишда фаол фойдаланишга интилишни ҳам болалар орасида олиб борилаётган миссионерликнинг ўзига хос кўриниши сифатида қайд этиш мумкин.
Миссионерлар шунингдек, жамиятимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ақли заиф болалар, касаллар учун “инклюзив таълим”ни ташкил этиш, ўсмирларни наркотиклардан ҳимоя қилишдек йўналишларда турли шакл ва мазмунда амалга оширилаётган лойиҳалар руҳига мослашишга ва шу йўл билан гўёки, уларнинг фаолияти мамлакатимизда олиб борилаётган ишларга ҳамоҳанглигини кўрсатишга интилмоқдалар. Бундай ҳаракатлар аслида фуқароларнинг ҳушёрлигини йўқотиш ва шу йўл билан ғараз мақсадларга эришишга қаратилгани ҳеч кимга сир эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |