Миссионерлик тизимида протестантликка мансуб ташкилотлар кўплигининг сабаблари нимада?
Протестантликда миссионерлик дин арконларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, бундай фаолият билан шуғулланиш ҳар бир протестант учун фарз ҳисобланади. Бу ҳозирда дунёдаги халқаро миссионерларнинг кўпчилигини протестант миссионерлари ташкил этилишига ўзига хос ғоявий-ақидавий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Протестантлар орасида биринчи бўлиб миссионерлик билан 1772 йилда Германиянинг Гернгут шаҳарчасида пайдо бўлган жамоа шуғулланган эди. Унга раҳбарлик қилган Н.Л.Цинцендорф Голландия, Англия ва Шимолий Америкада узоқ йиллар миссионерлик фаолиятини олиб бориши натижасида катта жамоа тузишга эришди.
XVIII-XIX асрларда протестант миссонерлигининг юқори чўққига чиқиши Англиянинг колониал сиёсати ва XVII-XVIII асрларда Европада кўплаб янги йўналишларнинг пайдо бўлиши ҳамда улар сонининг тез ортиб бориши билан боғлиқ бўлди. Бундай йўналишларнинг юзага келиши католик черковидан норозилик ва янгиликка интилишининг ҳосиласи эди. Натижада, 1795 йилда конгрегационистлар, пресвитерианлар ва англиканлар каби протестантлик йўналишлари Лондонда ўзларининг миссионерлик жамиятларига асос солдилар. XIX аср ўрталарига келиб протестант миссионерлик ташкилотлари Бельгия, Германия, Дания, Нидерландия, Норвегия, Финляндия, Франция, Швейцария, Швеция ва бошқа Европа давлатларида фаол иш олиб бордилар.
Шу даврда Шимолий Америкада ҳам ўнлаб протестант миссионер жамоалари фаолият юрита бошлади. Фаол миссионерлик билан ўша даврда кенг тарқалган “Библия” жамиятлари ва христиан адабиётини тарқатишга ихтисослашган ташкилотлар шуғулландилар.
Шунингдек, миссионерлик фаолияти билан христианлик доирасида юзага келган, издошлари сони озчиликни ташкил қиладиган квакерлар, меннонитлар каби янги конфессиялар ҳам шуғуллана бошлаганини қайд этиш зарур.
Умуман олганда, бугун католиклик ва протестантликда миссионерлик билан шуғулланиш ҳар бир масиҳийнинг бурчи даражасига кўтарилган
Мисссионерлик фаолиятида яна қандай ташкилотлар иштирок этмоқда?
Миссионерлик ривожига Жанубий баптист черковининг Халқаро миссионерлик бўлими, ушбу черковнинг АҚШнинг Ричмонд шаҳрида жойлашган илмий маркази, “Ибодат Ҳаракати-2000”, “Жаҳон Ибодат Маркази” ва “Халқаро Ҳаворийлар Коалицияси” каби ташкилотлар ҳам ўзига хос ҳисса қўшиб келмоқда.
Замонавий миссионерликда муайян молиявий имкониятларга эга ва ўзи мансуб бўлган конфессия таълимотини дунё бўйлаб ёйишга ҳисса қўшишни муқаддас бурч, деб биладиган алоҳида диндорлар томонидан ташкил этиладиган “хусусий миссия”лар пайдо бўлганини ҳам қайд этиш лозим. Одатда бундай фаол диндорлар маълум мамлакатга келиб у ерда ўз номларидаги миссия ва параллел равишда хайрия жамғармаси тузиб, миссионерлик билан шуғулланадилар. Ҳозирда МДҲ ҳудудида Канада фуқароси Кеннет Коупленд томонидан ташкил этилган “Кеннет Коупленд”, АҚШлик аёл Жойс Майер тузган “Жойс Майер” миссиялари фаолият юритаётгани фикримизнинг исботи бўла олади.
Ҳозирги кунда глобал миқёсда фаолият юритаётган миссиялар ичида Патрик Джонстоун томонидан асос солинган “Дунё операцияси” миссияси энг йирик миссия ҳисобланади. У асосий эътиборни П.Джонстоун томонидан ажратиб кўрсатилган ҳудудлар (“10/40 ОЙНА”) доирасида миссионерлик фаолиятини амалга оширишга қаратиб келмоқда.
Халқаро миссионер ташкилотлари христианликдан бошқа динлар доирасида ҳам мавжуд. Жумладан, буддавийлик доирасида юзага келган Сока Гаккай, Фогуаншанг ва Вон каби ташкилотларни шу қаторга қўшиш мумкин. Ушбу ташкилотлар ўз миссионерлик фаолиятида асосан адабиётлар тарқатиш ва баъзи ҳолларда хайрия тадбирларнини ўтказиш амалиётидан фойдаланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |