Ёшлар орасида миссионерлик тарғиботининг олдини олишга қаратилган ишларнинг қандай устувор йўналишларини ажратиш мумкин?
Миссионерлар ўз фаолиятида миллат ва жамиятнинг келажаги бўлган ёшларга алоҳида эътибор бермоқдалар. Ёшларга бундай интилишларнинг оқибатларини тушунтиришда маънавий-маърифий тарбиянинг барча восита ва услубларидан самарали фойдаланиш, бунда баландпарвоз шиорларни такрорлаш ва дабдабабозликдан қочиш, миссионерликнинг реал таҳдидини ҳаётий мисоллар орқали ёритиб бериш муҳим аҳамиятга эга.
“Бугунги кунда, -деб ёзади И.Каримов,- ёшларимиз нафақат ўқув даргоҳларида, балки радио-телевидение, матбуот, Интернет каби воситалар орқали ҳам ранг-баранг ахборот ва маълумотларни олмоқда. Жаҳон ахборот майдони тобора кенгайиб бораётган шундай бир шароитда болаларимизнинг онгини фақат ўраб-чирмаб, уни ўқима, буни кўрма, деб бир томонлама тарбия бериш, уларнинг атрофини темир девор билан ўраб олиш, ҳеч шубҳасиз, замоннинг талабига ҳам, бизнинг эзгу мақсад-муддаоларимизга ҳам тўғри келмайди”.
Шу нуқтаи назардан қараганда, олиб борилаётган маънавий-маърифий ва ғоявий-тарбиявий ишлар ёшларнинг қизиқиши ва интилишларидан келиб чиқиб ташкил этилгандагина ўзининг таъсир қувватига эга бўлишини ва аниқ амалий натижаларга эришишга замин яратишини таъкидлаш зарур.
Бекорчилик ҳар қандай истеъдод учқунини ўчириб, бошланган ҳар қандай эзгу ният ва интилишларни йўққа чиқаради, қўлга киритилган муваффаққиятларнинг бой берилишига олиб келади. Бекорчилик оқибатида инсон ўз ҳаётида хаёлдан ва хоҳиш-истакдан нарига ўта олмайди.
ХУЛОСА
Ёшларни миссионерлик таҳдидларидан ҳимоя қилиш ҳақида гап кетар экан, яна бир жиҳатга алоҳида эътибор бериш лозим. Ёшларимизда ўз кучига ва билимига ишонч кучли. Бундай ишонч кўзланган мақсадларга эришиш ва ҳаётий-амалий фаолиятдаги собитликнинг асосидир. Аммо бу ҳушёрликни йўқотиб қўйишга, замонавий фан ютуқларига таянган ҳолда ўз фаолиятини тобора такомиллаштириб бораётган миссионерларни менсимасликка замин яратмаслиги лозим. Бундай менсимаслик, ҳушёрликни йўқотиш ҳамиша оғир оқибатларга олиб келади.
Бизда бир болага етти маҳалла тарбия беради. Фарзанд ноқобил чиқса етти маҳалла иснодга қолади. Халқимиз қиз олиб, қиз беришда нафақат келин ёки куёвнинг ўзига, балки унинг етти пуштига аҳамият беради.
Ўзбеклар фарзандлари бошқа динга ўтиб кетса, ҳеч қачон «ўзинг биласан, билганингни қил» демайди.
Ўзбеклар бағрикенг халқ, бошқа дин вакилларини ҳурмат қилиб, ғайридин қўшнилари билан яхши алоқа қилади. Буни ўзининг юксак инсонийлик бурчи, деб билади. Фақат ўз фарзандининг ғайридин қўшниси томонидан эътиқоди ўзгартирилишига чидай олмайди.
Шундай вазиятда миссионерлар ҳаракати натижасида бир оила вакили ёки вакиласининг бошқа динни қабул қилиши жамиятнинг илк ва энг муҳим бўлаги бўлмиш оиланинг жанжал ва низолар домига тортилишига олиб келади. Ота-она, қавму қариндошлар маҳалла-кўйда бош кўтара олмай қолади. Оила маҳалладан ва ўз яқинларидан узилиб қолади.
Шундай экан, ота-оналаримизнинг ўз фарзандларида соғлом эътиқодни шакллантириш, хулқи ва фаолиятидаги ўзгаришларни назоратсиз қолдирмаслик, онги ва руҳиятини заҳарли мафкуралар таъсиридан қатъият билан ҳимоя қилишдек масалаларга алоҳида эътибор билан қарашлари уларнинг эртанги куни порлоқ бўлишини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Бундай эътибор эзгулик ва ёвузлик ўртасида азалдан давом этиб келаётган кураш, инсон маънавияти ва эътиқодига қарши қаратилган ҳаракатлар глобаллашув таъсирида ўзига хос шаклу шамойил касб этаётган бир даврда айниқса муҳимдир. Зеро, бугунги кунда ҳа, бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ, деб бепарво қараб бўлмайди. Озгина бепарволик, кичкина бир лоқайдлик фарзандларимизнинг миссионерлар таъсирига тушиб қолишига, зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган оқибатларга олиб келишига замин яратиши мумкинлигини ҳеч қачон ёддан чиқармаслик лозим.
Шундай экан, ёшларимизнинг бўш вақтини унумли ўтказиш, касб-ҳунар, фойдали меҳнатга ўргатиш, турли тўгараклар фаолиятини жонлантириш, спорт клубларида қулай имкониятлар яратиб бериш ҳам кўзланган мақсадларга эришишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |