I-БЎЛИМ
1-Маъруза. Корхоналар иқтисодиёти ва менежменти фанининг моҳияти ва вазифалари.
РЕЖА:
1. «Корхоналар иқтисодиёти ва менежменти» - фан ва ўқув курси сифатида
2. Курснинг тузилиши ва унинг иқтисодий фанлар тизимида тутган ўрни ҳамда бошқа ўқув фанлари билан боғлиқлиги.
3. Курснинг бозор иқтисодиёти шароитига ва ислоҳотлар талабига хос вазифалари.
4. Ўзбекистонда корхоналарни ривожлантириш тўғрисидаги қонунлар, фармонлар ва низомлар.
1. «Корхоналар иқтисодиёти ва менежменти» - фан ва ўқув курси сифатида
Иқтисодиёт фанлари ва амалиёт хўжаликни оқилона самарали бошқариш учун унга мос хўжалик юритиш механизмини ишлаб чиққан. Унга мос иқтисодий дастаклар (баҳо, солиқ, фойда, кредит, иш ҳакд кабилар), категориялар, кўрсаткичлар, усулларни (иқтисодий ёки маъмурий усуллар, режалар, нормаллаштириш кабилар) хўжалик юритувчилар ўз мақсадларига мувофиқ бошқарув жараёнларида ишлатадилар.
Корхоналар иқтисодиёти ва менежменти фани юқорида келтирилган-ларни мазмуни ва моҳиятини очиб беради, уларни хўжаликни бошқариш учун ишлатиш шакл ва усулларини ўргатади. Корхона фаолиятида жамиятнинг ривожланиш иқтисодий қонунларини кўринши шакллари ўз аксини топади.
Корхонани бошқариш асосида иқтисодий қонунлар талаблари субъектив ҳолда кўра билиш ва унга асосан қарорлар қабул қилиш зарур бўлади. Масалан: иқтисодий қонунлардан бири меҳнат унумдорлигини иш ҳақига нисбатан тезроқ ўсишидир. Бу қонуннинг талаби бузилса пул муомаласини мувозанати бузилишига олиб келиши, ортиқча пул вужудга келиши, товарлар дефицити пайдо бўлиши каби ҳодисалар вужудга келиши муқаррардир.
Корхоналар иқтисодиёти ва менежменти - аҳоли ва халқ хўжалиги учун зарур бўлган маҳсулот ишлаб чиқариш, иш бажариш ва хизмат кўрсатишнинг ижтимоийиқтисодий ва маъмурий-хўжалик механизмларини ўрганувчи ва очиб берувчи фандир. У табиат ва жамиятнинг муайян ишлаб чиқариш шароитларида ривожланишининг объектив қонунлари намоён бўлиши ва амал қилишига, Шунингдек, корхоналар фаолиятига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатувчи давлат миқёсида қабул қилинувчи қоида, норматив ва қонун ҳужжатларига таянади.
Ҳозирги кунда корхоналар иқтисодиётини ривожлантиришга бўлган қизиқиш сезиларли равишда ўсган. Гап шундаки, бозор иқтисодиёти шароитида янги ҳуқуқий-ташкилий шаклдаги корхоналар, хом ашё, материал ва асбобускуна етказиб берувчилар, шунингдек, бевосита маҳсулот ёки товар истеъмолчилари (харидорлар) билан янгича иқтисодий муносабатлар вужудга келиб, ривожланиб бормоқда. Бундан ташқари, корхона, бу – аввало ишлаб чиқариш жамоа, одамларнинг турли тарздаги фаолияти бўлиб, улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар тизими юзага келади ҳамда маълум бир турмуш тарзи, маънавият ва ахлоқ нормалари шаклланади. Буларнинг барчаси хўжалик юритиш шакл ва усулларини қайта кўриб чиқиш, корхонанинг иқтисодиёт ривожланишидаги ўрни ва ролига янгича ёндашишни талаб қилади.
Бугунги кунда аксари корхоналар акциядорлик жамиятлари, холдинг ва молия-саноат гуруҳлари тузиш йўлидан бормоқда. Давлат корхоналарнинг ташаббускорлиги, ижодий изланиш ва тадбиркорлиги учун кенг йўл очиб, уларнинг ишлаб чиқариш функцияларини режали иқтисодиёт давридаги каби назорат, лимит ва қаттиқ нормалар билан чеклаб қўяётгани йўқ. Яъни қонунда тақиқлаб қўйилган ҳоллардан ташқари барча ҳолатларда мустақил хўжалик фаолияти ва эркинлиги замонавий корхоналар фаолиятининг энг асосий хусусияти бўлиб, мазкур ўқув қўлланмада кўриб чиқиладиган барча масалар ушбу асосда юзага келган.Бироқ бозор иқтисодиёти автоматик равишда муваффақият ва тўкинликни таъминлаб беради, давлат эса барча корхоналар фаолиятига умуман аралашмайди, деб ўйлаш мутлақо хато бўлар эди. Давлат иқтисодиётнинг асосий ислоҳотчиси бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундайлигича қолади. Давлат ўз зиммасидан маъмурий-буйруқбозлик функцияларинигина соқит қилиб, махсус иқтисодий таъсир чоралари ёрдамида иқтисодиётни назорат қилиш ва бошқарув функцияларини, Шунингдек, иқтисодиётнинг хўжалик юритувчи субъектларнинг тўғридан-тўғри мажбуриятига кирмайдиган ҳамда уларнинг қўлидан келмайдиган соҳаларини ривожланитиришдаги иштирокини сақлаб қолган. Маълумки, иқтисодиёт жамият ҳолатини, ишлаб чиқариш кучларидан фойдаланиш ва уларнинг ривожланиш даражасини, фантехника тараққиёти ютуқларидан фойдаланишни, одамларнинг маданияти ва маълумоти даражаси ва ҳоказоларни акс эттиради.
«Корхоналар иқтисодиёти ва менежменти» фанибилимларнинг мустақил соҳаси ва иқтисодиёт фанининг таркибий қисми сифатида масаланинг айнан шу томонига кўпроқ эътибор қаратади. Жамият учун зарур бўлган моддий бойликлардан ташқари миллий даромаднинг ҳам асосий қисми айнан корхоналарда ишлаб чиқарилиши сабабли корхоналар иқтисодиётининг ҳолати бутун халқ хўжалигига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади, деб ҳисобланади.
Корхона қайси тармоққа мансублиги ва мулк шаклидан қатъи назар қанчалик яхши ва самарали ишласа, иқтисодиёт кўрсаткичлари ҳамда аҳолининг турмуш тарзи шунчалик юқори бўлади. Бундай шароитларда хўжалик амалиёти ва фан олдига биринчи ўринда ҳар бир корхона тўғрироғи, ишлаб чиқаришда қатнашувчи бутун жамоанинг бозор муносабатларига асосланган ҳозирги иқтисодиётнинг ривожланиш тенденциялари ва қонунларини, аввало, унинг асосий кўрсаткичлари - талаб ва таклиф тушунчаларини билиши ва тўғри тушуниши, иккинчидан, миллий иқтисодиётнинг ривожланиши ва мамлакатни ривожланган давлатлар қаторига қўшилишида ўз ҳиссасини қўшиши, учинчидан эса, ишлаб чиқаришнинг ҳар бир бўғинида юқори самара ва сифат кўрсаткичларига эришиш масаласи қўйилади.
Иқтисодиётнинг ривожланишига керакли билим ва кўникмаларни, маблағ ва кучларни киритмасдан туриб корхона ҳам, жамият ҳам ривожланган иқтисодиётни ҳамда моддий неъматларнинг тўкинлиги ва турмуш тарзининг юқорилигини талаб қила олмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |