Таянч тушунчалар. Ислоҳот, аҳоли даромади, ялпи ички маҳсулот, истеъмол саватчаси, инфратузилма, модернизация, муҳандислик-коммуникацияси, тақсимлаш.
1. Ўзбекистонда аҳоли бандлиги таъминлаш ва реал даромадларни изчил оширилиши бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар.
Ҳар қандай иқтисодиётнинг бош масаласи инсон ва унинг эҳтиёжларини қондиришдан иборат. Бу албатта инсоннинг жамиятдаги ўрни, ишлаб чиқарилган моддий неъматларни тақсимлаш муносабатларига боғлиқ бўлади. Мамлакат иқтисодиётининг ривожланиш даражаси ишлаб чиқаришнинг ҳолатига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлса ҳам, тақсимот масаласи ҳам ўзига хос муҳим ўрин тутади. Тақсимлаш – бу ҳар бир хўжалик юритувчи субъектнинг ишлаб чиқарилган маҳсулотдаги улушини аниқлаш жараёнидир.117
Ўзбекистонда шакллантирилаётган ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти оммавий фаровонликни мўлжал қилиб олади. Унга эришиш учун бозор механизмига хос воситалар ишлатилади. Ҳозирги замон иқтисодиёти юксак ривожланган техника-технология, сифатли иш кучи ва тараққий этган менежментга асослангани учун фаровонликни таъминлайдиган юқори меҳнат унумдорлигига эришади. Юксак ишлаб чиқаришга асосланган иқтисодиётда инсонпарварлик принциплари амал қилиши учун замин юзага келади. Аммо фаровонликни таъминлаш инсонийлик билан бир қаторда жамиятнинг иқтисодий тизимида ҳам сифат ўзгаришлари бўлишини талаб этади. Ҳозирги кунда бунга мулкнинг демократлашуви натижасида – кўп хил мулкчилик негизида иш тутиш билан эришилади. Бу ерда асосий жиҳат – мулксизларнинг мулкдорларга айланишидир. Ҳозирги кунда иш кучи соҳиблари бошқа мулк эгаларига ҳам айланмоқдалар
Юқорида айтилганидек, бозор иқтисодиёти шароитидаги тақсимот қонунига мувофиқ иқтисодиёт субъектларининг даромади уларга қарашли ресурсларнинг миқдори ва самарали ишлатилишига қараб белгиланади. Бунга биноан олинган даромадлар ишлаб чиқариш омиллари даромадлари ёки бозор даромадлари ҳисобланади ва ҳар бир омил ўз эгасига алоҳида даромад келтиради. Ишчи кучи эгаси иш ҳақи, капитал эгаси фойда, кўчмас мулк эгаси рента, пул эгаси фоиз, акция эгаси дивидент шаклида даромад олади. Тақсимот қонунига кўра, даромадлар эквивалент яъни баббаравар, тенгма-тенглик тамойилига асосланиши – ҳар бир субъект ўз қўлидаги ишлаб чиқариш омили ёрдамида товар ва хизматлар яратишга қўшган ҳиссасига қараб даромад олиши керак. Бундай даромадлар иқтисодиётда бозор даромадлари деб аталади. Бу асосий даромад тури бўлсада у ягона даромад эмас, ундан ташқари бозор тамойиллари эмас, балки инсонпарварлик қоидаларига асосланган нобозор даромадлари ҳам бўлади.
Бозор даромадлари олиниш усулига ва шаклланиш манбаларига кўра фарқланади. Ўз олиниш усулига кўра даромадлар меҳнатга асосланган ва меҳнатсиз топилган даромадларга бўлинади. Иш ҳақи, фойда каби даромадлар меҳнатга асосланган даромадлар, деб ҳисобланса, қўйилмалар учун фоиз, мерос каби даромадлар меҳнатсиз даромадлар жумласига киради. Шаклланиш манбаларига кўра даромадлар иш ҳақи, мулкдан келган даромадларва ижтимоий тўловларга бўлинади. Мулкдан келган даромадлар сирасига фойда, рента, фоиз, дивидент даромадлари мансубдир. Ижтимоий тўловлар билан боғлиқ даромадлар пенсия, стипендия ва ҳоказолардан иборат.
Аҳоли даромадлари даражасини аниқлашда номинал, ихтиёрида бўлган ва реал даромад тушунчаларидан фойдаланилади. Номинал даромад – аҳоли томонидан маълум вақтда пул шаклида олган даромадларининг миқдори. Ихтиёрдаги даромад – номинал даромаддан солиқлар ва турли мажбурий тўловлар чиқариб ташлангандан сўнг, аҳоли ихтиёрида шахсий истеъмол ва жамғариш учун қоладиган даромад. Реал даромад – аҳолининг ихтиёрида қолган даромадга қанча товар ва хизматлар сотиб олиши билан аниқланади, даромаднинг харид қобилиятини англатади ёки реал даромад – бу истеъмол этиладиган товар ва хизматларда ифода этилган даромад бўлиб, муайян нарх-наво шароитида пул даромадларига бозорда нима берилишини билдиради.118
Реал даромад икки нарсага боғлиқ бўлади. А) қўлда мавжуд бўлган пул даромадининг ёки аҳоли ихтиёрида қолган даромаднинг миқдорига тенг. б) пул бирлигининг харид қобилияти.119 Бу бозорда нархга боғлиқ бўлади, яъни нарх қимматлашса у камаяди, нарх арзонлашса ортади. Бугунги кунда ривожланаётган мамлакатларда ишлаб чиқаришни ўсиши, аҳолининг турмуш даражаси кўтарилаётганлигига қарамай, энг бой ва энг камбағаллар ўртасидаги тафовут ошиб бормоқда.
БМТ нинг маълумотига кўра, дунёдаги энг бой 3 одамнинг бойлиги Африка, Осиё, Лотин Америкаси қитъасидаги 48 та кам ривожланган мамлакатларнинг йиллик ялпи ички маҳсулотидан ортиқ. Сайёрамизнинг 225 энг бой одамларининг умумий даромади 1 трлн доллардан ортиқ. Шундай бир вақтда ривожланаётган мамлакатларда яшаётган 4,4 млрд. аҳолининг 3/5 қисми канализациядан фойдаланмай, 1/3 қисми тоза ичимлик сувидан истеъмол қилишдан, 1/3 қисми соғлиқни сақлаш хизматидан фойдаланишдан маҳрум этилган. Европаликлар бир йилда 11 млрд. 6 долларлик истеъмол қилган музқаймоқнинг қиймати, дунёда тоза ичимлик суви ва канализацияга муҳтож бўлганлар эҳтиёжини тўла қондириш имконини беради.120
Сўнги йилларда ҳукуматимиз томонидан аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини янада ошириш, фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар, иш ҳақи ва пенсиялар изчил равишда ўсиб боргани яққол намоён бўлмоқда.
Аҳолининг реал даромадларини оширишда “истеъмол саватчаси”га оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш муҳим аҳамият касб этади. Содда қилиб айтганда, истеъмол саватчаси – муайян вақт давомида инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг энг кам тўплами. Ҳамма овқатланиши, кийиниши, коммунал ва бошқа хизматлар ҳақини тўлаши, зарур дори-дармонларни харид қилиши лозим ва ҳ.к. Буларнинг бари маҳсулотлар саватчасини бутлаш учун асос ҳисобланади. Унинг маълумотларидан, ўз навбатида,тирикчилик учун зарур энг кам миқдорни(истеъмол саватчасининг қиймат баҳосини) белгилаш учун фойдаланилади.121
Истеъмол саватчаси қуйидагиларнинг миқдорларини белгилаш учун ҳисоб-китобга асос бўлмоғи лозим:
энг кам иш ҳақи ва пенсиялар;
базавий ижтимоий тўловлар: ишсизлик, болани парваришлаш, боқувчисини йўқотганлик нафақалари, стипендиялар ва бошқалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |