1.Маъмурий қонунчиликни қонунчилик тизимида тутган ўрни.
2.Жиноят қонунчилигини либераллаштириш масалалари.
3.Ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда махалланинг роли.
4.Жиноятчиликка қарши курашишнинг назарий ва амалий жихатлари.
5.Ўзбекистонда Суд хокимияти ва унинг ихтисослашуви.
6.Ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар тизими.
7.Юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш йўллари.
8.Жамоатчилик назорати субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.
9.Давлат органларининг жамоатчилик назорати соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари.
10.Ўзбекистонда жиноий даромадларни легаллаштиришга ва тероризмни молиялаштиришга қарши курашиш чора-тадбирлари.
5-МАВЗУ. ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ ВА УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ
РЕЖА
1. Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш соҳасида ислоҳатлар.
2. Миллий иқтисодиётнинг мутаносиблиги ва барқарорлигини таъминлаш.
3. Ўзбекистон Республикасида давлат бюджети тақсимоти ва солиқ сиёсати
1. Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш соҳасида ислоҳатлар.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг дастлабки натижалари аҳолининг ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда, одамларнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга ишончи ўсиб бормоқда.
Миллий валютамизнинг эркин конвертацияси йўлга қўйилди. 336 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди.
Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишнинг муҳим шартларидан биридир.
Стратегиянинг «Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари» бобида хусусий мулк ҳуқуқи ва кафолатларини ҳимоя қилиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесга тўлиқ эркинлик бериш, улар фаолиятига давлат идораларининг ноқонуний аралашувига йўл қўймаслик, давлат мулкини хусусийлаштиришни янада кенгайтириш, хўжалик юритувчи субЪектларнинг устав жамғармаларида давлат иштирокини камайтириш, давлат мулки хусусийлаштирилган обЪектлар базасида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларида давлатнинг иштирокини камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Мамлакатимизда бозор иқтисодиётига ўтиш ва бозор муносабатларини чуқурлаштириш жараёнида либераллаштириш, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларини демократлаштириш, миллий хўжаликда таркибий ўзгаришларни жадаллаштириш макроиқтисодий мутаносибликнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб келаётир. Либераллаштириш тамойиллари туфайли қатор йиллар мобайнида мамлакатимизда иқтисодий ўсиш барқарор турибди. Жумладан, ўтган йили ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 5,3 фоизни ташкил этди.
Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш, миллий иқтисодиётнинг барча соҳаларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенг кўламда ривожлантириш орқали амалга оширилмоқда. Либераллаштириш узлуксиз, доимий жараён сифатида бундан кейин такомиллашиб бораверади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, оила тадбиркорлигини ривожлантириш, «Ҳар бир оила — тадбиркор» Дастурини изчил амалга ошириш унинг кафолати бўла олади. Айрим даврларда давлат “чарчаган” хусусий ва жамоа мулки обЪектларини “жонлантириб”, кейин уларни хусусий қўлларга сотиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, ялпи ички маҳсулотнинг 81 фоизи нодавлат, 19 фоизи эса давлат секторида ишлаб чиқарилмоқда. Ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасида нодавлат сектор улуши 100 фоизга яқинлашиб қолди. Иш билан банд аҳолининг 80 фоиздан зиёди мазкур тизимда меҳнат қилаётир108.
Ўзбекистонда бозор муносабатларига ўтишнинг илк босқичида чакана савдо ва умумий овқатланиш шахобчалари, уй-жой ва маиший хизмат обЪектлари хусусий қўлларга сотилди, имтиёзли ва текин берилди. Мақсад аҳолида бозор кўникмаларини ҳосил қилиш ва мустаҳкамлаш эди. Иккинчи ва учинчи босқичларда ўрта ва йирик корхоналар давлат тасарруфидан чиқарилди. Натижада акциядорлик жамиятлари, давлат улуши бўлган компаниялар, уюшмалар юзага келди.
Бозор қанчалик мукаммал восита бўлмасин, барча муаммоларни ҳал этишга қодир эмас. У давлат аралашувисиз иқтисодий мувозанатни таъминлай олмайди. 2007-2008 йилларда бошланган глобал молиявий иқтисодий инқироз сабоқлари буни яққол кўрсатди. Бозор ўзича барчага баробар фоиз ставкаси, баҳо ва даромадлар механизмини ярата олмайди. Истеъмол ва жамғариш ўртасидаги нисбатни сақлаш микродаражада давлат иштироки ва назорати билангина таъминланиши мумкин. Худди мана шу икки нарсада ишлаб чиқариш ва аҳоли даромадларини ўстиришнинг беқиёс имконияти мужассам.
Босқичма-босқич эркинлаштириб бориш ўтиш даврининг ўзидаёқ ўзининг ижобий натижаларини бера бошлади. 90-йиллар ўрталарига келиб ялпи саноат маҳсулоти, кейин эса ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш бозор ислоҳотларидан олдинги даражада тикланди. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози йилларида ҳам иқтисодиётда ўсиш давом этди. Ислоҳотларни чуқурлаштириш, таркибий қайта қуришлар, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, диверсификациялаш, кичик бизнесни ривожлантириш, хусусий мулкнинг устувор ролини таъминлаш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини босқичма-босқич камайтириб бориш ҳисобига иқтисодий самарадорлик таъминланди.
Мамлакатимизда ҳар йили 30 мингдан зиёд кичик бизнес субъектлари барпо этилмоқда. Кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги ҳиссаси 56,9 фоизга, саноат ишлаб чиқаришида эса 45 фоизга етказилди. Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар улуши 52 фоизни ташкил этди109.
Кейинги икки йилда 378 акциядорлик жамиятидаги давлат улуши савдога қўйилди. Қайд этиш лозимки, нисбатан муваффақиятли фаолият юритаётган «Навоиязот», «Фарғонаазот», «Урганчекскаватор», «Қизилқумтсемент», «Жиззах аккумулятор заводи», «Қўқон ёғ-мой заводи» каби акциядорлик жамиятлари, «Алоқабанк», «Туронбанк» каби банклар, «Ўзагросуғурта» компаниясидаги давлатга тегишли акциялар савдога қўйилди. Бу нима беради?
Биринчидан, акциядорлик жамиятлари давлатга тегишли қисмининг сотилиши давлат ғазнасига мўмай маблағ келтиради. Иккинчидан, давлатнинг қўли хўжалик юмушларидан бирмунча бўшайди. Учинчидан, мамлакатда тадбиркорлик муҳити кенгаяди. Бундан ҳам давлат, ҳам мулкдорлар ва оддий кишилар ютади. Асосийси, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш шуни талаб қилади.
Давлатнинг монопол мавқеи углеводород хомашёси, рангли металлар, уран қазиб олиш, темир ва автомобил йўллари, авиаташувлар, электр энергияси ишлаб чиқариш, электр ва коммунал тармоқларда сақланиб қолиши лозим. Бошқа соҳалардаги давлат активларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш давом этади. Хусусийлаштирилган давлат мулки обЪектлари чет эллик инвесторларга сотилмоқда. Жумладан, юзлаб мулк мажмуалари танлов асосида инвестиция киритиш шарти билан «0» қийматда янги мулкдорларга сотилди. Улар эса инвестиция киритиш, минглаб ишчи ўринларини яратиш мажбуриятини олди.
Иқтисодиётни либераллаштириш жараёни пировард мақсад бўлмаслиги керак. Агар эркинлаштириш суръатлари, иқтисодиётнинг ўсиш сифат кўрсаткичлари, аҳоли турмуш даражаси баробарида кечса янада яхши бўлади. Ўзбекистон иқтисодий ўсиш прогнозларига кўра, дунёдаги тез ривожланаётган мамлакатлар қаторидан жой олди. Минг йиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам олдинги ўринларга чиқди. Ушбу кўрсаткичлар ҳозирги шароитда анча юқори ҳисобланади. Чунки жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳали тўла барҳам топгани йўқ, давлатларнинг бир-бирига санкция ва эмбарголар қўллаши авж олмоқда. Қолаверса, муҳим товарларга ташқи талаб камайиб, нархлар пасайиб бормоқда, талабга нисбатан таклиф устунроқ. Бу каби ташқи иқтисодий ва сиёсий беқарорлик миллий иқтисодиётга ўзининг салбий таъсирини ўтказмасдан қолмайди, албатта.
Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш учун давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича Дастурида тўла қувват билан ишламаётган давлат корхоналарини тугатиш ва очиқ савдолар орқали янги хусусий мулкдорлар ихтиёрига ўтказиш, стратегик аҳамиятга эга бўлмаган ва фойдаланилмаётган давлат улушини тўла сотиш, қатор корхоналардаги давлат улуши акцияларини фонд бозорида сотиш орқали 51 фоизгача тушириш ва бошқа чора-тадбирлар кўзда тутилган. Шу билан бирга, бу тадбирларни ўтказиш механизмлари ҳам такомиллаштирилди. Жумладан, давлат активларини сотиш муддатлари қисқартирилди, савдолардаги давлат активларига икки ой муддатда талаб тушмаган тақдирда, уларнинг баҳосини 50 фоизгача, ҳар 15 кунда эса 10 фоизга пасайтириш, шунда ҳам сотилмаса инвестиция киритиш ва янги иш ўринларини яратиш шарти билан «0» қийматда сотиш, Марказий банкнинг қайта молиялаш йиллик ставкаси миқдорида чегирма бериш, давлат объектларини қисмларга бўлиб сотиш, харид тўловларига имтиёз бериш, давлат объектларини ижарачиларга сотилишга устунлик бериш, хўжалик органларининг устав капиталидаги давлат улушларини сотишдан тушган маблағлар корхоналарни модернизация қилишга йўналтирилиши мумкинлиги ва бошқалар белгилаб қўйилди.
Валюта ва ташқи савдо бозорини эркинлаштириш иқтисодиётни либераллаштиришнинг муҳим бўғинларидан бири бўлиб, давлат пул-кредит сиёсатига жиддий ўзгаришлар киритишни талаб қилади. Монетар сиёсат давлат ёки унинг Марказий банки томонидан макроиқтисодий вазиятга таъсир кўрсатиш мақсадида муомаладаги пул массасини ошириш ёки пасайтириш орқали амалга ошириладиган воситадир. Бу сиёсат фоиз ставкаси ва айирбошлаш курси, тўлов баланси, устидан назорат, инфляцияни жиловлаш, умумий бандликни ошириш, баҳолар даражасини меъёрлаш ва бошқа тадбирларни ҳам ўз ичига олади. Монетар сиёсат бир америкалик тили билан айтганда, “бир танга устида умбалоқ ошиш”дир.
Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, 2017 йил 2 Сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Валюта сиёсатини эркинлаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ундан асосий мақсад, барча бозор иштирокчилари учун бир хил шароит яратиш бўлиб, бозордаги турли-туман валюта курслари ўрнига ягона расмий курс бир долларга 8100 сўм миқдорида белгиланди. Корхона ва аҳолида чет эл валютасини эркин сотиб олиш имкони пайдо бўлди. Бу қадар радикал ёндашув ҳатто анча билимдон бўлган иқтисодчиларни ҳам хавотирга солиб: энди нима бўлади, миллий валюта курсининг роппа-роса икки бараварга пасайтирилиши инфляциянинг янги халқасини келтириб чиқармайдими, деган мулоҳазаларни туғдирган эди. Лекин февралда бир доллар 8188,33 сўмга кўтарилган бўлса, кейин аста-секин сўм мустаҳкамлана бошлади ва июн охирига келиб, бир доллар 7813 сўмга тушди. Эндиликда аҳолида «долларлаштиришдан» бирмунча қайтиш тенденцияси, пул ўтказмаларини миллий валютада олишни афзал кўраётгани кузатила бошлади.
Бу тенденция бундан кейин ҳам давом этиши, сўм ўз қадрини кўтариб бориши мумкин. Хўш, нима учун сўм бугун ўз позициясини мустаҳкамлаяпти, гиперинфляция йўқ. Чунки, биринчидан, доллар курси пасайишида Марказий банкнинг валюта биржасидаги интервенциясининг ҳам роли бор. Бу восита ҳам кўпчилик мамлакатлар амалиётида учраб турадиган валюта айирбошлаш курсига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатишдир. Бу ҳолат “бетараф” характерга эга бўлиб, мамлакат олтин-валюта заҳираларининг кескин камайиб кетишига олиб келмайди. Иккинчидан, асосийси, валюта бозоридаги ноаниқлик, нуфузли валюта курсларининг ҳар куни, ҳар соатда ўйнаб туриши аҳолида ажиотаж, яъни шов-шув талабни кучайтираётган эди. Энди эса Президент ва Марказий банк кафолати остида валюта бозорига аниқлик ва шаффофлик киритилди. Бугун ўзбекистонлик турист, бизнесмен, талаба ёки даволанувчи чет элда туриб конверцион картасидаги валютани банкоматдан хоҳлаган миқдорда нақд маблағ сифатида ечиб олиши мумкин. Икки йил олдин буни фақат орзу қилиш мумкин эди.
Учинчидан, либераллаштириш иқтисодиётнинг қайси соҳасида кечмасин, комплекс характерга эга бўлиб, маълум шарт-шароитларни тақозо этади. Айни пайтда мамлакатда макроиқтисодий барқарорлик ва инвестицион фаоллик сақланиб турибди, иқтисодий ўсиш бўйича давлат дастурларини рўёбга чиқариш жадал бормоқда. Солиқ ва банк тизими ислоҳотлари кетмоқда, бизнесни юритиш ва экспорт соҳасидаги маъмурий тўсиқлар олиб ташланмоқда. Булар ҳаммаси пул-кредит тизимини такомиллаштириш, соҳани либераллаштиришга хизмат қилади.
Валюта бозори либераллашуви ташқи савдога ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу соҳада рақобатбардошликни ошириш, экспорт корхоналарини қўллаб-қувватлаш, фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субЪектларининг экспорт фаолиятини рағбатлантириш, уларга имтиёзлар тизимини такомиллаштириш, божхона тартиб-қоидаларини соддалаштириш ва ташқи савдо операцияларини амалга ошириш муддатларини кескин қисқартириш, ташқи савдо тарифларини пасайтиришга оид ҳужжатларни расмийлаштиришларнинг электрон шаклига ўтиш ва бошқа чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Расмий валюта курси қийматини юқори даражада маъмурий йўл билан сунъий ушлаб турилиши миллий товар ва хизматлар экспорти ривожининг асосий тўсиқларидан бири эди. Бошқача айтганда, валюта бозори эркинлашмагани миллий товар ва хизматларнинг ташқи бозордаги рақобатбардошлигини пасайтирар, экспортда хомашё ҳиссаси юқори қолишига олиб келарди. Энди эса мамлакат экспорти таркибида нохомашё товарлари ҳиссаси ошириш, соҳада институционал қайта қуришлар, охир-оқибатда импорт ўрнини босадиган моделдан экспортга йўналтирилган ташқи иқтисодий моделга ўтилмоқда. Тинч океани ҳавзасидаги Осиё янги индустриал мамлакатлари ривожланиш тажрибаси худди шундай. Аммо экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш рақобатбардош маҳсулотларни тақозо қилади. Бу эса четдан машина ва асбоб ускуналар, янги техника ва технология киритишни талаб қилади. Ташқаридан кирмаса, ташқарига чиқариб ҳам бўлмайди. Бозор иқтисодиёти тартиби шундай. Миллий иқтисодиёт гўё икки томонлама қатновли катта магистрал йўлга ўхшайди.
Иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларини, жумладан, валюта бозорини либераллаштириш, давлатнинг халқаро имижи билан боғлиқ катта воқеа. Лекин улар устидан, шунингдек, эмиссия, чет элдан пул кўчирмалари устидан қатъий назорат ўрнатилмаса, иқтисодиётнинг реал ўсиши ва муомаладаги пул миқдори ўсиш суръатлари ўртасидаги фарқ сифатида доимо пайдо бўладиган инфляцияни келтириб чиқариши ҳеч гап эмас. Монетар сиёсат билан фискал сиёсатни қўшиб олиб бориш бундай ҳолатларнинг олдини олиш имконини беради.
Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз борар экан, Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича Ўзбекистон дунё рейтингида 187 мамлакат ўртасида 134-инчи ўринда туриши таъкидланди. Ваҳоланки, юртимиз бой табиий ресурсларга, катта иқтисодий салоҳиятга эга. Ҳамма гап ана шу захирани халқ манфаати йўлида оқилона ва самарали ишлата олишдадир.
Иқтисодиётда бошқарув тизими эскиргани, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш бўйича самарали механизмлар ўз вақтида жорий қилинмагани жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Шунингдек, технологик қолоқлик, ресурс ва энергияни тежайдиган технологиялар, муқобил энергия манбаларини татбиқ этишнинг сустлиги иқтисодий тараққиёт йўлида тўсиқ бўлмоқда.
Шу нуқтаи назардан давлатнинг инновацион янгиланиш дастурини шакллантириш, инновация ва инвестициялардан самарали фойдаланадиган янги авлод кадрларини, янги сармоядорлар синфини тайёрлаш ўта муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун Ўзбекистонни технологик ривожлантириш ва ички бозорни модернизация қилиш бўйича кучли миллий ғоя, миллий дастур керак.
Айрим корхоналарга имтиёзлар берилгани эркин рақобат муҳити бўғилишига олиб келди. Энди бундай амалиётдан воз кечилади. Бозор иқтисодиёти шароитида тенг ва ҳалол рақобат муҳитини яратиш мақсадида “Мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини янада самарали таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Божхона тартиб-таомилларининг мураккаблиги тадбиркорликка тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири ҳисобланади. Жаҳон банкининг ҳисоботига кўра, экспорт-импорт ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича Ўзбекистон 190 давлат орасида 175-ўринда туради. Божхона ҳужжатларини расмийлаштириш учун Бельгияда 1 соат кифоя қилса, Ўзбекистонда 1 ой муддат сарфланади. Шу муносабат билан келаси йилдан бошлаб, тадбиркорлик субъектлари учун божхона кўригида хавф-хатардан огоҳ этиш тизими, яъни, тадбиркорлар қанчалик ҳалол эканига қараб, уларни “яшил” ва “қизил” йўлаклар орқали ўтказиш жорий этилади.
Айни вақтда ноқонуний текширишлар, хусусий бизнес фаолиятига асоссиз аралашишга қарши курашни кучайтириш мақсадида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизими тубдан қайта кўриб чиқилади. Текшириш ўтказишга рухсат беришнинг махсус электрон ахборот тизимига ўтилиб, унинг назорати Бош прокуратурага юкланади. Барча тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш 2 йилга тўхтатилади.
Биз бўш турган давлат мулки объектларини ўзаро шериклик асосида хусусий секторга ўтказиш бўйича ишлар давом эттирилади. Интернет тармоғида электрон савдолар ва аукционлар орқали ер участкаларини, жумладан, тадбиркорлар учун ажратишнинг ягона тартиби ўрнатилиб, 2018 йилдан электрон савдо майдонлари орқали давлат активларини сотиш бўйича электрон тизим ташкил этилади.
Иқтисодиётни ривожлантиришда пухта ва барқарор банк-молия тизими улкан аҳамиятга эга. 2018 йилда банк тизими фаолиятини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларни амалга оширишда банклар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Ўзбекистонда халқаро стандартлар асосида валютани либераллаштириш жараёни бошланди. Валюта сиёсати бизнес ва иқтисодиётни ривожлантириш манфаатларига тўлиқ хизмат қилиши, инвестиция фаолиятига ижобий туртки бериши лозим.
2020 йилда солиқ сиёсатини амалга оширишда кескин чора-тадбирлардан воз кечилади. Чунки ислоҳотлар даврида давлат тизимининг узлуксиз фаолият кўрсатиши учун бюджет барқарор бўлиши керак.
Ўзбекистонда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ниятида бўлган инвесторлар учун мамлакатимизни жозибали қилиш мақсадида солиқ тизими такомиллаштирилади. Барча бизнес тоифалари учун солиқ юкини камайтириш ва қулайлаштириш, шу асосда ишлаб чиқаришни ва солиққа тортиладиган базани кенгайтириш зарур. Солиқ имтиёзлари беришда индивидуал ёндашувлардан воз кечиб, уларни фақат иқтисодиётнинг маълум тармоқлари учун қўллаш амалиётига ўтилади.
Давлатимиз раҳбари айтганидек, бюджет тизимини қайта кўриб чиқиш, бюджет даромадлари ва харажатлари очиқ ва ошкора бўлиши таъминлаш лозим.
Ташқи иқтисодий соҳада ҳали ишга солинмаган катта имконият ва захиралар мавжуд. Бу борада Марказий Осиё мамлакатлари ва йирик шериклар – Хитой, Россия, Жанубий Корея, АҚШ, Туркия, Европа Иттифоқи мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш давом эттирилади. Келаси йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокараларни қайта бошланади. Асосий мақсад – ташқи бозорга сифатли ва сертификатланган маҳсулотларни “ўзбек бренди” номи билан олиб чиқишдан иборат.
Ҳозирги кунда миллий иқтисодиётга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бири – бу туризмдир. Бу соҳага жаҳон брендларини фаол жалб этган ҳолда, зиёрат туризми, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик туризм ва бу соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Давлатимиз раҳбари иқтисодиётимиздаги етакчи тармоқ – қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг муҳим вазифаларга тўхталиб ўтди. Юртимизда 51 фоиздан зиёд аҳоли қишлоқ жойларда яшайди. Бироқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 17 фоиздан ошмайди. Аграр соҳа маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажми эса 10 фоизга етмайди. Шу муносабат билан қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш лозим.
Ҳудудларни жадал иқтисодий ривожлантириш ҳақида сўз борар экан, бу борада маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, имконият ва жавобгарлигини кенгайтириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Бунинг учун Давлат-хусусий шериклик муносабатларини жорий этиш концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш керак.
Қурилиш-пудрат ташкилотлари ва қурувчиларнинг замонавий авлодини яратиш – долзарб масалалардан бири. Шу мақсадда қурилиш соҳасини 2030 йилгача инновацион ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича устувор йўналишларга тўхталиб, илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси” тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратиш лозимлигини қайд этди.
Айни вақтда аҳолининг реал даромадлари, иш ҳақи, стипендия, пенсия ва ижтимоий нафақаларни босқичма-босқич ошириш бўйича ҳам амалий чоралар кўрилди.
2020 йилда намунавий ва арзон уй-жойлар қуриш кўлами жорий йилга нисбатан 1,5 баробар кўпайтирилади110.
Маълум қилинганидек, келаси йил янги йўллар барпо этиш, транспорт-логистика инфратузилмасини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича бир қатор ишлар режалаштирилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |