Кюльпе Освальд (1862 – 1915), немис психологи, Вюрцбург психология мактабининг асосчиси. Берлин, Геттинген ва Лейпциг университетларида таълим олган. В. Вундтда ассистент бўлиб ишлаган. 1886 йили Вюрцбург университетида О. Кюльпе эксперименталь психология лабораториясини ташкил қилиб тафаккур муаммоси тадқиқотлари билан шуғуллана бошлади ва шу билан тафаккурни эксперименталь ўрганиб бўлмайди, деб ҳисоблаган В. Вундт позициясига қарши чиқди.
О. Кюльпе ретроспектив интроспекция методини ишлаб чиқди, унга кўра текширилувчи аниқ вазифани ҳал қилаётиб тадқиқот тугагандан кейин ўзининг нима учун шундай қарор қабул қилганлиги ҳақида ретроспектив ҳисобот тақдим қилган.
О. Кюльпе психик ҳаётда сенсор материаллар билан, бирга сезги бўлмаган ва субъектнинг ақлий фаолияти билан боғлиқ материаллар катта рол ўйнашлигини аниқлади.
О. Кюльпе ўз атрофига унинг қарашларини қўллаб қувватлайдиган Н. Ах, К. Бюллер, Л. Майер, К. Марбе, Л. Мессер, И. Орт, Г. Уатт каби ёш, талантли олимларни тўплаб илмий жамоада ижодий муҳит ярата олди. К. Марбе, мулоҳазалар шаклланиши жараёни образлар билан ишлаш натижаси бўлганлиги учун “бадбашара” табиатга эга, деб ҳисоблади. Л. Мессер экспериментлари натижасида предметга йўналтирилган – предметли тафаккур аниқланди. К. Бюллер, тугалланмаган гаплардан фойдаланиб шуни аниқладики, тафаккур жараёни нутққа боғлиқ эмас, чунки битта фикрни турли сўзлар ёрдамида баён қилиш, ёки аксинча турли фикрларни бир хил сўзлар ёрдамида баён қилиш мумкин.
Вюрцбург мактаби 1909 йилгача фаолият кўрсатди, О. Кюльпе Вюрцбургдан кўчиб кетгандан сўнг ўз фаолиятини тўхтатди, шунга қарамай О. Кюльпе ва унинг шогирдларининг изланишлари туфайли тафаккур эксперименталь психологиясининг бундан кейинги тараққиёти учун мустаҳкам замин яратилди.
Гальтон Френсис (1822 – 1911), инглиз психологи ва антропологи. Кембридж университетида тиббий маълумот олган.
1869 йилда Ф. Гальтон “Меросхўр гений” номли китобини нашр қилади, бу китобда у Ч. Дарвин ғоялари таъсирида иқтидорни наслий йўл билан узатилиши муаммосини баён қилган. Ф. Гальтон психологик хусусиятлар ота-онадан болаларга наслий йўл билан узатилади деб, бу муаммо фақатгина Ч. Дарвиннинг ирсият назарияси орқалигина кўриб чиқилиши мумкин, деб ҳисоблаган.
Ф. Гальтон психологик хусусиятларнинг шаклланишида наслий омилларнинг ролини бўрттириб, тарбия ва ижтимоий муҳит бу жараёнга нисбатан оз таъсир кўрсатади, деб ҳисоблаган.
Ф. Гальтон “евгеника” деб аталган ўзига хос ижтимоий лойихани ишлаб чиқиб, унинг доирасида иқтидорли эркак ва аёлларнинг аниқ мақсадга йўналтирилган никоҳи орқали улар авлодининг ақлий қобилиятларини яхшилашни таклиф қилган.
1884 йилда Лондонда ўтказилган халқаро выставкада Ф. Гальтон махсус антропометрик лаборатория ташкил қилиб 9 мингдан ортиқ одамнинг бўйи ва вазнининг антропометрик ўлчашдан ташқари сезгирликнинг айрим турлари, реакция тезлиги ва х.к. ўлчовларни ҳам амалга оширган.
Иқтидорлилик даражасини баҳолаш учун Ф. Гальтон тест (инглиз тилидан test — синаш) методини ишлаб чиқди, унинг ёрдамида ақлий қобилиятларни ўлчашни амалга оширди.
Ф. Гальтон математик статистика методларини амалиётда фаол қўллади.
Do'stlaringiz bilan baham: |