Геосиёсат ва сиёсий географияда тадқиқотларни ташкил этиш
Режа
1. Сиёсий география, унинг объекти ва предмети.
2. Сиёсий география ва геосиёсат.
3. Сиёсий географик ўрин.
4. Республика ва монархия типидаги давлатлар.
5. Алоҳида қитъаларнинг сиёсий географияси.
Сиёсий география кенг маънодаги ижтимоий географиянинг бир қисмидир. У иқтисодий, ижтимоий-иқтисодий ва социал география билан бир қаторда ўзининг алоҳида блокини шакллантирмоқда. Ушбу блокга ҳарбий ва электорал (яъни сайловлар) географиясини ҳам киритиш мумкин.
Сиёсий географиянинг тадқиқот объекти бўлиб ҳудудий сиёсий тизимлар (системалар) хизмат қилади. Унинг предмети эса муайян мамлакат ёки бутун жаҳон миқёсида жамиятнинг сиёсий-ҳудудий ташкил этилишини, ўрганишдан иборат. Шунингдек, бу фан давлатлар ва уларнинг чегаралари (лимология), давлат тузуми, маъмурий-ҳудудий тузилиши, мамлакат доирасида сиёсий партия ва кучларнинг жойланиши, ҳудудий таркибини ўрганади. Сўнгги йиллардаги жаҳон ҳамжамияти ва геосиёсий тизимидаги муҳим ўзгаришлар ҳамда давлатлараро ташкил этилган ҳарбий-сиёсий уюшма ёки иттифоқлар сиёсий география тадқиқот предметини янада кенгайтирмоқда.
Мазкур фаннинг тарихи ҳам анча узоқ. Агар кенг кўламда қарайдиган бўлсак, унинг вужудга келиши дастлабки давлатларнинг пайдо бўлишига бориб тақалади, чунки сиёсий география учун давлат (демак, унинг ҳудудий яхлитлиги, чегараси, бошқариш ташкилотлари, ҳарбий ва сиёсий кучлари) асосий мазмун касб этади.
Аммо сиёсий географиянинг фан сифатида шаклланиш тарихи унча узоқ эмас. Даставвал “сиёсий география” тушунчаси, баъзи маълумотларга қараганда, XVIII асрнинг 20-50 ничи йилларида Петербургда (Россияда) хизматда бўлган немис олимлари Г.В.Крафт ва Х.Н.Винцгеймлар томонидан тилга олинган. Улар ушбу тушунчани география фанининг бир қисми, тарихий география ва статистика (давлатшунослик) билан алоқадорлигини таъкидлашган. Сиёсий географияни ҳақиқий фан сифатида шаклланишини эса кўпчилик немис географи ва социологи Фридрих Фон Ратцел номи билан боғлайдилар. У 1898 йилда шу номда китоб нашр эттирганлиги учун сиёсий географиянинг “отаси” деб тан олинган. Шу билан бирга Ратцелнинг айнан мазкур асари туфайли швед Р.Челлен “геосиёсат” тушунчасини яратди.
Сиёсий география география ва сиёсатшунослик қиррасидаги ижтимоий география фанидар. У, ўз навбатида, тарих ва геосиёсат билан ҳам яқиндан алоқа қилади. Бироқ, геосиёсат ва сиёсий география бир-бирига жуда яқин бўлсада, уларнинг орасида фарқ бор: геосиёсат асосан давлатларнинг ташқи сиёсати, сиёсий географиянинг тадқиқот объекти эса уларнинг ички ҳудудий-сиёсий тузилишидир. Айни вақтда ҳар икки фан ҳам жаҳон геосиёсий тизими, сиёсий харитаси билан иш тутади.
Ҳозирги вақтда жаҳон сиёсий харитасида 200-дан ортиқ мустақил давлатлар мавжуд (1998 йил маълумотига кўра 193 та, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига қабул қилинганлари 185 та бўлган). Биргина XX асрда суверен давлатлар сони яқин 4 марта кўпайган, шу жумладан , Африкада 4 тадан 53 тага, Осиёда 9 тадан 48 тага етган; Океанияда 1900 йилда бирорта мустақил давлат бўлмаган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 14 тани ташкил этади.
Ер шаридаги давлатлар ўзларининг катта-кичиклиги, географик ўрни ва жойланиши, сиёсий тузумига кўра бир хил эмас. Чунончи, Россия федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Канада, АқШ, Ҳиндистон, Австралия, Бразилия каби ҳудуди ниҳоятда катта мамлакатлар билан бир қаторда ўнга яқин жуда кичик, “митти” давлатлар ҳам бор (энг кичиги Рим шаҳри ичидаги Ватикан бўлиб, унинг майдони 400 км2, аҳолиси 1 минг кишидан иборат). Аҳоли сонига бўйича дунёнинг энг катта давлатлари Хитой, Ҳиндистон, АқШ, Индонезия, Жазоир, Судан, Конго, Саудия Арабистони ва бошқалардир (ҳозирги кунда 100 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган 11 давлат мавжуд).
Географик жойланишига кўра мамлакатлар оролда, ярим оролда, денгиз ва океанлар бўйида, материк ичкарисида жойлашганлиги билан фарқ қилишади. Масалан, Янги Зеландия, Буюк Британия, Кипр, Япония, Мальдив Республикаси, Куба, Филлипинга ўхшаш ҳамда Океаниядаги кичик давлатлар оролларда, Жанубий ва Шимолий Корея, Италия, Испания, Португалия, Норвегия, Швеция кабилар ярим оролларда жойлашган. Кўпчилик давлатлар бевосита жаҳон океани ва денгизлари бўйича ўрнашган, айримлари эса (Боливия, Парагвай, Непал, Бутан, Афғонистон, қозоғистон, Арманистон, Туркманистон, Ўзбекистон, қирғизистон, Австрия, Люксембург, Швецария, Чад, Марказий Африка Республикаси ва ҳоказо) материк ичида. Масалан, Ўзбекистон Республикаси жаҳон океанига чиқиши учун энг камида 2 хорижий мамлакат ҳудудидан ўтиши керак. Бу борада у дунёнинг геосиёсий харитасида икки мамлакатдан бири ҳисобланади.
Мамлакатнинг ички жиҳатдан ташкил этиш ва бошқариш кўпроқ унинг ҳудудини қиёфасига ва геошаклига ҳам боғлиқ. Шу нуқтаи назардан мамлакат ҳудудининг ихчам (компакт) бўлгани маъқул. Бунга мисол қилиб, Франция ёки Польша давлатларини келтириш мумкин. Норвегия, Португалия, Швеция ёки Чили давлатларининг ҳудуди эса «чўзинчоқ» узоқ масофага чўзилган. Бундай ҳолат, албатта, транспорт ва бошқа инфраструктура тизимини ривожлантириш аҳолига хизмат кўрсатиш ва ҳатто ҳарбий стратегик жиҳатдан ҳам қулай эмас.
Худди шу нуқтаи назардан давлатлар ҳудудининг яхлит, бир бутун ёки анклав, эксклав шаклларига эга бўлиши ҳам маълум мазмунга эга. Анклав шакли мамлакат ҳудудининг бошқа мамлакат ҳудудига суқилиб кириши (денгиз қўлтиғи, ёки ярим оролларга ўхшаб) демакдир. Бунга мисол Тошкент вилоятининг чека шимоли-шарқий қисми, Тожикистон Республикаси Сўғд вилоятидаги Зафаробод туманларини киритиш мумкин. Эксклавда эса давлат чегарасининг яхлит эмаслиги, унинг кичикроқ ҳудудини асосий ҳудуддан тамомила ажралиб қолган ҳолати тушунилади. Масалан, АқШнинг Аляска ва Гавайи ороллари (49, 50 штатлари), ўзимизнинг Ўзбекистондаги Фарғона вилоятининг Шоҳимардон қишлоғи, ёки Сўх тумани, Россия Федерациясининг Калининград вилояти ва б.).
Сиёсий географияда давлат чегараси, унинг шакли ҳам катта аҳамият касб этади. Одатда, бу чегаралар икки вазифани бажаради-улар ҳудудларни бир-биридан ажратиб, барьер сифатида ва айни вақтда икки давлатни боғлаб, улар ўртасида, иқтисодий интеграция майдони даражасида хизмат қилишади. шу билан бирга чегарага туташ районларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланиши ўзига хос бўлади.
Давлатларнинг сиёсий географик ўрни ва сиёсий тузими ҳам ҳар хил. сиёсий географик ўрин деганда маълум бир давлатнинг бошқа (қўшни ва жаҳон ҳамжамияти) давлатларига ҳамда йирик давлатлараро ҳарбий ва сиёсий уюшмаларга, Жахон океанига нисбатан тутган ўрни тушунилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг ҳозирги сиёсий географик ўрнини унча қулай деб бўлмайди.
Мамлакатларнинг давлат тузуми асосан икки хил, яъни монархия ва республика шаклида бўлади. Монархия давлат тузумининг энг қадимги шакли бўлиб, у олий давлат ҳокимиятининг якка бир шахсга-монархга (подшоҳ, қирол, шоҳ, амир, султон ва ҳ.к.) бўйсунишини билдиради. Ўз навбатида монархиянинг ҳам турли кўринишлари мавжуд, Масалан, мутлақ монархияда давлат бошлиғининг роли чекланмаган ва унга барча олий мансаблар тааллуқли бўлади, давлат раҳбарлиги авлоддан-авлодга мерос сифатида ўтиб боради (Бирлашган араб Амирлиги, қатар, Оман, ўтмишда Россия ва б.).
Чекланган монархияда давлат бошлиғининг функцияси конституция ёки парламент орқали чекланган. Масалан, Швеция конституцион монархия, Буюк Британия эса парламент монархия тузумига эга (бу мамлакатда асосий вазифани премьер-министр бажаради).
Юқоридагилардан ташқари, монархиянинг мутлоқ теократик (“тео”-худо, дин) шакли ҳам мавжуд. Бундай типдаги мамлакатларда (Ватикан, Саудия Арабистони, Бруней) давлат раҳбари айни вақтда диний бошлиқ ҳисобланади. Ватиканда монарх Рим Папаси, Саудия Арабистони эса барча раҳбарлик (премьер министр, Олий судья, Олий қўмондон ва ҳоказо) фақат яккаю- ягона қиролга бўйсунади.
Давлат тузумининг республика шакли ҳам анча қадимий (Сан-Марино Республикаси 301 йилда ташкил топган). Республика ҳам ўз навбатида президент ва парламент республикаси шаклида бўлади. Биринчисида, сайланган президент айни вақтда давлат ва ҳокимият бошлиғидир; у ҳатто парламентни олдиндан тарқатиб юбориш ҳуқуқига ҳам эга. Республиканинг бундай кўриниши АқШ, Бразилия, Ўзбекистон, қозоғистон ва бошқа давлатларда амал қилади.
Парламентар республикада президент ҳуқуқи бироз чекланган бўлиб, унда ҳокимият парламентга шаклан бўйсунса-да, у амалда асосий бошқарувчи шахс ҳисобланади (Германия Федератив Республикаси, Малайзия, Ҳиндистон, Австрия, Польша, Италия ва б).
Ҳозирги даврда ер шарида республика тузумидаги давлатлар кўпчиликни ташкил қилади. Уларнинг умумий сони 150 га яқин, монархия тузумига эса тахминан 30 та давлат киради.
Давлат тузуми мамлакатнинг маъмурий-ҳудудий тузилиши билан ҳам боғлиқ. Одатда, давлатлар маъмурий-ҳудудий тузулишининг икки -унитар ва федератив шакли мавжуд. Унитар давлатларда қонун чиқарувчи ва ижро этувчи орган битта, конституция ҳам ягона. Уларнинг ичидаги маъмурий бирликлар, масалан, вилоят, район кабиларнинг ҳуқуқи унча катта эмас. Бундай давлатлар сони жуда кўп: Франция, Украина, Туркманистон, Белорусь, қозоғистон, қирғизистон, Япония ва ҳ.к.
Федератив давлатларнинг ички сиёсий тузилиши анча муракаб: бу ерда “давлат ичида давлатлар” мавжуд бўлади. Ягона давлат таркибидаги республика, штат, округ, ер, кантон, провинция кабилар ўзларининг конституцияси, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларига эга. Уларнинг сиёсий жиҳатдан мавқеи ҳам анча юқори. Чунончи, АқШ, Бразилия, Ҳиндистон, Мексикага ўхшаш 20 га яқин федератив давлатлар таркибида штатлар (state, штат-давлат демакдир), ГФРда «ерлар», Россияда -республикалар мавжуд.
Давлат маъмурий тузилишининг конфедерация шаклида унинг ички бирликлари ўзларининг мустақиллигини тўла сақлаган бўлади. Бундай геосиёсий тизим Швецарияда кузатилади; Швецария конфедерацияси алоҳида контонлардан иборат.
Дунё сиёсий харитасида том маънодаги колония ва мустамлакалар деярли йўқолган бўлсада, сиёсий жиҳатдан қарам ёки бўйсунувчи ҳудудлар ҳанузгача бор. Буларга Португалия, Дания, Франция, АқШ, Буюк Британия каби давлатларнинг ер шарининг турли чеккаларида қолган аввалги мустамлакалари, кичик тўла мустақил бўлмаган ҳудудлари киради. Улар, масалан, Жануби-Шарқий Осиё, Океания, Кариб денгизи ҳавзасида жойлашган.
Шу ўринда Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик давлатларига ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Маълумки, “Буюк Британия” даставвал 1707 йилда Англия, Шотландия ва Ирландияни қўшилишидан ташкил топган эди. 1931 йилда вужудга келган Буюк Британия Ҳамдўстлигига ҳозирги вақтда 50 дан ортиқ давлатлар, шу жумладан, Австралия, Янги Зелландия, Канада киради (умумий майдони 30 млн. км2, аҳолиси эса дунё аҳолисининг 1/6 қисмини ташкил қилади). Ҳамдўстлик таркибидаги тузумга эга бўлган давлатлар олий ҳокимият сифатида Буюк Британия қироличасига бўйсунади.
Дунё сиёсий географиясини яхшироқ билиш учун уни алоҳида қитъалар доирасида тахлил қилиш мақсадга мувофиқ.
Европа. Майдони, Россия Федерациясисиз, 5,9 млн.кв.км. бўлиб, унинг ҳудудида 40 дан ортиқ мустақил давлатлар бор. Улардан 32-республика, қолгани монархия (асосан конституцион монархия) типидаги давлатлар; 5 давлат федератив тузилишга эга. Майдони жиҳатдан нисбатан катта давлатлар Франция, Украина, Испания, ГФР; шу билан бирга бу ерда 6 та “митти” давлатлар ҳам жойлашган: Андорра, Лихтенштейн, Ватикан, Монако , Сан-Марино, Мальта (энг кичиги Ватикан). Европада бирорта 100 млн.дан ортиқ аҳолиси бўлган давлат йўқ. Энг катта давлат ГФР-да 85 млн.киши атрофида аҳоли яшайди. Айни вақтда Эстония аҳолиси 1,5, Исландия-0,3, Люксембург-0,4 млн, Андоррада 40, Лихтенштейн ва Монакода 27 мингдан, Сан-Маринода 22, Ватиканда атиги 1 минг киши аҳоли бор, холос.
Кўриниб турибдики, Европанинг сиёсий харитаси анча мураккаб; бу ерда давлатлар жуда “зич” жойлашган, ўртача ҳар бир давлатга тахминан 1,4 млн.кв.км-дан майдон тўғри келади. Агар Россиянинг Осиё қисмини ҳисобга олмасак, Европанинг умумий майдони 10 млн.кв.км., аҳолиси 695 млн.киши (Россия Федерациясининг 75 фоиз аҳолиси Европада, шунча фоиз майдони Осиё қитъасида жойлашган.) Туркиянинг ҳам асосий ҳудуди Осиёда ўрнашган.
Европа сиёсий географиясини Шимолий, /арбий, Жанубий, Марказий ва Шарқий Европа минтақалари доирасида ўрганиш тавсия этилади. Шу билан бирга ушбу қитъанинг сиёсий географик таҳлилида “жанжалли” ёки сиёсий мавқеи аниқ бўлмаган ҳудудлар, ҳарбий, сиёсий-ҳудудий бирлашма ва иттифоқларга ҳам эътибор бериш керак. Масалан, собиқ Югославия ҳудуддидаги Косово, Корсика ороли, Молдавиядаги Днестр бўйи республикаси, Шимолий Ирландия кабилар сиёсий жиҳатдан барқарор ҳудудлар ҳисобланмайди. Гибралтар эса (6,5 кв.км) 1713 йилдан бери Буюк Британия қарамоғида.
Маълумки, 1949 йилда АқШ ташаббуси билан НАТО (Шимолий Атлантика блоки) ташкил қилинган. Ҳозирги кунда унинг таркибига 20 та яқин давлатлар киради. Уларнинг кўпчилиги, яъни 14 таси Европада жойлашган. Сўнгги йилларда ушбу ташкилот шарққа томон кенгайиб бормоқда.
Шунингдек, 1973 йилда ташкилд топган Европада ҳавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича ташкилот (ОБСЕ) ҳам асосан Европада фаолият кўрсатади. Унга барча Европа давлатларидан ташқари АқШ ва Канада ҳам аъзо бўлган (жами 40 га яқин мамлакатлар). Инсон ҳуқуқлари, демократияни ҳимоя қилиш мақсадида 1949 йилда Европа Иттифоқи ҳам ташкил қилинган.
НАТО-нинг “пойтахти” Брюссель (Бельгия), ЕИ-ники Страсбург шаҳри (Франция). Айни вақтда Швецария, Норвегия, Швеция, Австрия, Ирландия ва Мальта бетараф мамлакатлардир.
Осиё қитъасида Жануби-/арбий, Жанубий, Жануби-Шарқий, Шарқий ва Марказий Осиё сиёсий географик минтақалари ажратилади. Умумий майдони, Россияни ҳисобламаганда, 31 млн.кв.км., аҳолиси 3,8 млрд. кишидан ортиқ. Энг катта давлатлар ХХР, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, қозоғистон, Мўғилистон, Индонезия, Эрон. Уларниннг ҳар бирини майдони 1 млн. в, км.-дан (Хитойники 9,6 млн. кв. км). Энг кичик давлатлар қаторига Сингапур ва Бахрейн (1 минг кв.км), Бруней (5 минг), Малдив республикаси (0,3 минг кв.км) киради.
Аҳоли сони бўйича дунёнинг энг катта давлатлари: ХХР (2003 йил ўрталарида 1,3 млрд.га яқин), Ҳиндистон (1,07 млрд.), Индонезия (206 млн. атрофида). Шунингдек, Осиёда аҳолиси 100 млн. кишидан зиёд бўлган Бангладеш, Покистон ва Япония давлатлари ҳам жойлашган. Айни вақтда қувайтда 2 млн, Кипрда 0,7, Катарда 0,6, Бутанда 0,8, Бруней ва Мальдив республикасида 0,3 минг кишидан аҳоли яшайди.
Давлат тузуми бўйича республикалар кўпроқ. Шу билан бирга бу ерда яккаю-ягона империя шаклдаги давлат ҳам сақланиб қолган (Япония). Марказий Осиё ва Кавказорти мустақил давлатлари, Сурия, Кипр, Исроил, Покистон, Бангладеш, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Ливан, Хитой, Индонезия, Мўғилистон ва бошқалар република, Япония, Бахрейн, Бруней, Бутан, Катар, қувайт, Саудия Арабистони, Малайзия, Непал, Оман, Тайланд кабилар монархия типидаги давлатларга киради.
Осиёда ҳам “иссиқ“ ёки “оловли”, бахс ва мунозарали ҳудудлар кўп. Улар жумласига Фаластин, Курдистон, Кипр, Афғонистон, Тоғли қорабоғ, Абхазия, Чеченистон, Жанубий Осетия, Кашмир, Тайван, Шарқий Тимор, Синзян-Уйғур автоном области, Тибет, Жанубий Курил ороллари ва бошқалар киради. Шунингдек, Жанубий ва Шимолий Корея, Мьянма (аввалги Бирма), Шри Ланка, Каспий денгизи муаммолари ҳам мавжуд.
Ҳудудий-сиёсий ташкилотлардан қуйидагилар бор:
-1945 йилда ташкил топган Араб мамлакатлари Лигаси (маркази- қоҳира шаҳри);
- 1989 йилда вужудга келган Осиё-Тинч океани давлатларининг иқтисодий ҳамкорлиги (АТЭС). Унга 20-дан ортиқ мамлакатлар, шу жумладан АқШ, Япония, Канада, Австралия, Россия, Янги Зеландия, Корея Республикаси, Индонезия, Филиппин, ХХР, Мексика, Чили, Тайланд, Малайзия ва бошқалар киради.
- 1993 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ЭКО) ташкил топган. У Туркия, Эрон, Покистон, Афғонистон, Озарбайжон, қозоғистон, Туркманистон, Ўзбекистон, қирғизистонни бирлаштиради.
Африка сиёсий географик жиҳатдан энг “янги” ва айни вақтда энг мураккаб қитъа ҳисобланади (умумий майдони 29,6 млн.кв.км, аҳолиси 870 млн кишига яқин). Африканинг кўпчилик мустақил давлатлари ўтган асрда, хусусан унинг 60-нчи йилларида вужудга келган. Шу билан бирга бу ерда “энг ёш” мустақил давлат -Намибия (аввалги Жануби-/арбий Африка) жойлашган бўлиб, у бу мақомни 1990 йилда олган.
Африка сиёсий харитаси чиндан ҳам ўзбек хонатласни эслатади, у ниҳоятда ранг-баранг. қитъада 50 дан ортиқ давлат бор; қизиғи шундаки уларнинг аксарияти республика шаклидаги сиёсий тузумга эга. Монархия тузуми фақат Лесото, Марокаш ва Свазилендда мавжуд, холос.
Майдони бўйича энг катта давлатлар: Жазоир ёки Алжир (2,4 млн кв.км.), Судан ( 2,5 млн), Конго ( аввалги Зоир 2,3 млн.), Ливия ( 1,8 млн), Чад ( 1,3 млн), Мали ( 1,2 млн), Жанубий Африка Республикаси (1,2 млн кв.км), Ангола (1.2 млн кв.км), Миср Араб Республикаси (1,0 млн), Мавритания ( 1,0 млн), Нигер (1,3 млн). Шу билан бирга кичикроқ давлатлар ҳам йўқ эмас, улар асосан оролларда жойлашган (масалан Кабо-Верде мамлакатининг майдони атиги 4 минг кв.км. га тенг).
Аҳоли сони бўйича фақат Нигерия “юзмингликлар” қаторидан жой олган. қолган давлатлар ичида бу жиҳатдан Миср Араб Республикаси, Эфиопия (Ҳабашистон), Конго, Жар ҳам бироз ажралиб туради. Ўртача бир Африка давлатига 560 минг кв.км ер майдони ва 15 млн кишидан аҳоли тўғри келади.
Африкада, бошқа қитъаларга ўхшаш сиёсий-ҳудудий ташкилотлар камроқ. Бу ерда 1963 йилда тузилган Африка бирлиги ташкилотини кўрсатиш мумкин, холос (маркази Аддис-Абеба шаҳри). Унга 30-дан ортиқроқ қитъа давлатлари киради.
Африка мамлакатларини сиёсий географик жиҳатдан Шимолий, /арбий, Марказий ёки Экваториал Африка ҳамда Шарқий ва Жанубий Африка минтақаларига бўлиш мумкин. Албатта, сиёсий-иқтисодий нуқтаи назардан Шимолий ва Жанубий Африка нисбатан юқорироқ даражада ривожланган, Марказий Африка эса бу борада энг орқада туради. Айни вақтда Сахрои Кабирдан жанубда жойлашган давлатлар ҳам ажратилади.
қитъалар орасида Африка сиёсий жаҳатдан энг ҳаракатчан, ўзгарувчан , можароли регион ҳисобланади. Бу ерда, бошқа минтақаларга қараганда, ўтган асрда тез-тез давлат тўнтаришлари бўлиб ўтган.
Америка иқтисодий, тарихий ва сиёсий географияси ички тафовутларга эга. Унинг умумий майдони (Гренландия оролисиз) 42,5 млн.кв.км. Гренландия билан биргаликда Америка Осиёдан сал кичикроқ, аммо қолган материкларнинг барчасидан катта.
Американинг сиёсий-ҳудудий тузилишини Шимолий Америка, яъни Ақш ва Канада, Лотин Америкаси ва Ўрта Америка миқёсида таҳлил қилиш маъқул. Биринчисининг таркибидаги АқШ давлати республика тизимига эга бўлган федератив мамлакатдир (у 50та штатдан иборат). Канада ҳам федератив давлат бўлиб, у Буюк Британия Ҳамдўстлигига киради. Бинобарин, бу ерда давлат бошлиғи қонун бўйича Буюк Британия қироличаси ҳисобланади. Канада таркибига катта ҳуқуқа эга бўлган 100 та провинция киради.
АқШ ва Канада давлатлари майдони жиҳатдан унча катта фарқ қилмайди (9,6 ва 10,0 млн. кв. км.), аммо аҳоли сони АқШда Канадага қараганда деярли 9 марта зиёд (АқШда, 2003 йиллар маълумотларига кўра 292 млн, Канадада 32 млн киши яшайди).
Лотин Америкаси 33 мустақил давлатларни ўз ичига олади. Уларнинг барчаси республика давлат тизимига мансуб. Ушбу мамлакатларнинг «Лотин Америкаси» дейилишига сабаб уларнинг аксарияти лотин тилларида (испан ва португал) сўзловчи халқлар гуруҳига киришидир. Шундан тахминан 1/3 халқлар португал тилида (Бразилия), 3/5 қисмдан сал кўпроғи испан тилида сўзлашадилар.
Мазкур қитъа ҳам Африкага ўхшаб ўтган асрда сиёсий жиҳатдан анча ўзгарувчан бўлган; бу ерда жуда кўп сиёсий тўнтарилишлар бўлиб ўтган (масалан, Куба, Гватемала, Панама, Никарагуа, Чили ва бошқалар).
Ҳудуд ва аҳоли сони бўйича энг катта мамлакат бразилиядир (майдони 8,6 млн. кв.км, аҳолиси 172 млн. кишидан ортиқ). Мексика қўшма штатларининг майдони 2,0 млн кв.кмга яқин, аҳоли сони эса 100 млн. кишини ташкил қилади. Аргентина, Колумбия ва Перу давлатларининг майдони ҳам анча катта (мос равишда 2,8; 1,1 ва 1,3 млн. кв.км), аммо уларнинг ҳар бирида 25-40 млн.дан аҳоли яшайди, холос. Лотин Америкасининг қолган мамлакатлари ҳамда Кариб денгизи ҳавзасидаги давлатларда демографик салоҳият бундан ҳам оз. Масалан, Белиз, Гаяна, Суринам, Барбадос, Гренада аҳолиси ҳатто 1 млн. кишига ҳам етмайди.
Америка ҳудудида давлатлараро турли иқтисодий ва сиёсий иттифоқлар мавжуд. Уларга, жумладан 1992 йилда ташкил қилинган Шимолий Америка эркин савдо минтақаси (НАФТА), 1948 йилда вужудга келган Америка давлатлараро ташкилоти (у барча Лотин Америка мамлакатлари ҳамда АқШ ва Канадани бирлаштиради), 1975 йилда ташкил топган 26 мамлакатларни ўз таркибига олувчи Лотин Америка иқтисодий тизими (маркази Каракас шаҳри) мисол бўла олади.
Шимолий ва жанубий Америкада ҳам можароли ва сиёсий барқарорликка эга бўлмаган ҳудудлар бор. Улар масалан, Канаданинг Квебек провинсияси, Фолкленд, Малвин ороллари ва бошқалардир. Шунингдек, бу ерда АқШ, Франция, Буюк Британия, Нидерландияга сиёсий жиҳатдан тобе ҳудудлар анчагина (Пуэрто-рико, Бермуд, Микелон ороллари ва ҳ.к.). Ер шаридаги энг катта орол-Гренландия расман Дания қироллигига бўйсинади. Майдони 2,2 млн кв.км.
Do'stlaringiz bilan baham: |