10-Мавзу:Ижтимоий географик тадқиқотларни ташкил этиш.Геосиёсат ва сиёсий географияда тадқиқотларни ташкил этиш
Ижтимоий-иқтисодий омиллар ичида энг муҳими аҳоли ва меҳнат ресурсларидир. Албатта, ҳар қандай ишлаб чиқариш жараёни ишчи кучисиз содир бўлмайди. Бу ўринда икки ҳолни қайд қилиш лозим: биринчидан, шундай корхоналар борки, уларга сон жиҳатдан кўп ишчи керак Масалан, тикув фабрикаси, консерва заводи, пахта етиштириш, уни қайта ишлаш ва х.к. Айни бир пайтда бошқа бир корхоналарга меҳнат ресурсларининг миқдори кўп бўлиши шарт эмас, аксинча «оз бўлса ҳам соз бўлсин" маъносида уларга малакали ишчи кучи талаб қилинади. Мазкур корхоналар ва тармоқлар (радио ёки приборсозлик аниқ машинасозлик ва шунга ўхшаш) малакали ишчи кучи мавжуд булган шаҳарларда, илмий техник марказларида жойлаштирилади.
Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони жуда кўп. Уларнинг миқдори қишлоқ жойларда ва суст ривожланган кичик шаҳарларда жуда юқори. Бинобарин, бундай жойларда иш ўринларини кенгайтириш, янги саноат ва бошқа корконалар, маданий-маиший муассасаларни қуриш зарур.
Аҳоли фақат ишчи кучи эмас, балки у энг аввало истеъмолчи ҳамдир. Бу омилнинг роли эса ҳозирги кунда, халқнинг яшаш шароити ва даражасини яхшилаш доирасида кескин ошиб бормоқда. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, муваққат қийинчиликларга барҳам бериш унга керак бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа эхтиёжларни қондирувчи маҳсулотларни етарли даражада ишлаб чиқаришни тақозо этади. Шу сабабли истеъмол омили озиқ-овқат корхоналарини ўзига "тортади", яъни бундай завод ёки фабрикалар бевосита аҳоли яшовчи масканларда жойлаштирилади.
Истеъмол омили фақат халқ эҳтиёжи билан белгиланмайди. Ишлаб чиқаришнинг ўзининг талаби, бошқа хил маҳсулотларнинг кенг миқдорда сарфланиши, уларни транспортда келтиришнинг ноқулайлиги ҳам бундай корхоналарни истеъмол районларида ташкил этишни назарда тутади. Масалан, қишлоқ хўжалик машинасозлиги ўша минтақанинг ишлаб чиқариш ихтисослашувига мувофиқ шу ерда ривожланиши зарур.
Умуман, қайси район нимага ихтисослашса шунга мос машинасозлик тармоғи бу ерда яхши ривожланган бўлиши қонуний бир ҳолдир. Ўзбекистонда пахта терувчи, Белоруссияда — картошка, Украинада қанд лавлаги, Шимолий Кавказ ва Волга бўйида ғалла йиғувчи, қиргизистонда пичан тахловчи, Грузияда чой терувчи машиналарни ишлаб чиқариш бунга яққол мисол бўла олади. Худди шундай, районларни маълум бир саноат тармоқларига ихтисослашуви ўша соҳаларга тегишли машина, асбоб-ускуна, жиҳозлар ишлаб чиқарилишини талаб этади. Чунончи, Уралда металлургия саноати учун, Бокуда—нефт, Донбассда — кўмир, Петрозаводскда — ўрмон, Ўзбекистонда тўқимачилик машинасозлиги ривожланган.
Бошқа саноат ва қишлоқ хўжалик тармоқларини ҳам аҳоли яшаб турган жойларда ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Бу ўринда кўп истеъмол қилинадиган қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари — сут, пиёз, карам ва бошқаларни шаҳар атрофи хўжалиги доирасида ташкил этиш керак. Ёки: нефтни келтириб, ундан бензин, керосин, мазут ва шунга ўхшаш қатор маҳсулотларни олиш, кимё санотини ривожлантириш яхшими ёки уларнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида келтириш-ми? Табиийки, бу ерда биринчи вариант маъқулроқдир. Худди шунга ўхшаш: бошқа мамлакатлардан ғалла олиш яхшими ёки у ердан сухари, печенье, макарон, вермишел ва бошқаларни келтириш-ми?
Гўшт саноатини жойлаштириш ҳам ўзига хос хусусиятга эга. Бу саноат бевосита чорвачилик районларида ривожлантирилса, унда истеъмолчига фақат музлатилган гўшт келтирилади. Бундай гўштдан эса колбаса, консерва ва бошқа гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариб бўлмайди. Агар гўшт саноати истеъмол районларида жойлаштирилса-чи? Унга молни (чорвани) келтириш керак, аммо бу даврда бироз бўлсада у (чорва) ўз тирик вазнини йўқотади. Бундан ташқари, гўшт маҳсулотини ишлаб чиқариш молнинг жуни ва териси, қони ва суягидан шу жойнинг ўзида фойдаланиш имкониятини берса-да, мазкур заводларни (аниқроғи комбинатларни) йирик шаҳар ичида ўрнаштириш экологик нуқтаи назардан тўғри келмайди.
Бир вақтлар йирик гўшт комбинати Тошкентнинг Бешёғоч даҳасида, Бўзсув ариғи бўйида қурилган эди. Ўз навбатида бу корхона кўнчилик, пойафзал саноатининг айнан шу районида шаклланганига сабаб бўлганди. Кейинчалик мазкур корхонанинг шаҳар ичида жойланишини кўп жиҳатдан номақуллиги сезилиб қолди ва у Зангиота туманидаги Ўртаовул шаҳарчасига кўчирилди. Демак, бу корхона ўз ўрнини чорвачилик районида ҳам эмас, шаҳарда ҳам эмас-экологик бехатар, истеъмолчиларга нисбатан яқин жойда топди.
Do'stlaringiz bilan baham: |