Молия сиёсати – бу молиявий ресурсларни жамлаш, уларни давлатнинг ўз функция ва вазифаларини амалга ошириш учун тақсимлаш ва ишлатиш шакл ҳамда усулларида тизимли намоён бўлувчи тадбирлар йиғиндисидир.
Маълум мамлакатнинг молия сиёсати қатор омилларга: тарихий шароитлар, иқтисодиётнинг ривожланиш даражаси, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий мақсадлар, уларга эришиш муддатлари ва ҳаттоки миллий удумларга ҳам боғлиқ бўлади. Ижтимоий ҳаётнинг эволюцион ривожланиш ва давлат тузумининг барқарорлик даврида давлатнинг молия сиёсатии мавжуд ижтимоий муносабатларни сақлаб қолиш ва ўзгартиришга йўналтирилган. Инқилобий ўзгаришлар даврида мавжуд тузумни тезроқ ўзгартиришдан манфаатдор сиёсий кучлар уни бузиш ва янги ижтимоий муносабатлар тизимини шакллантиришга йўналтирилган сиёсат олиб борадилар. Молия сиёсати – бу давлат иқтисодий сиёсатининг таркибий қисми бўлиб, молиявий ресурсларни (манбаларни) жалб этиш, уларни тақсимлаш, ишга солиш ва фойдаланишга давлат орқали йўналтирилган барча чора-тадбирлар йиғиндисидир.
Молия сиёсатининг муҳим вазифаси – у ёки бу иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг давлат режасини ёки чора-тадбирларини амалга ошириш учун тегишли молиявий ресурслар билан таъминлашдир. Бу сиёсат иқтисодий сиёсатга боғлиқ аммо бу молиявий муносабатлар соҳасида давлатнинг мустақил фаолият кўрсатадиган соҳаси. Молия сиёсати мустақил хусусиятга эга бўлиш билан бир вақтда давлат сиёсатини ҳар қандай исталган ижтимоий фаолиятни амалга ошириш учун ҳоҳ ижтимоий, ҳоҳ иқтисодий, ёки халқаро муносабатлар доирасида муҳим воситадир.
Молия сиёсатининг самарадорлигини белгилаш учун жамиятнинг эҳтиёжи қанчалик қондирилганлиги, қўйилган мақсадлар ва вазифалар амалга оширилганлиги баҳоланиши лозим.
Молия сиёсатига баҳо бериш ва унга тузатиш, қўшимчалар киритиш учун биринчи навбатда жамият эҳтиёжини қондира оладиган ҳолдаги ижтимоий тараққиёт режасини аниқ билиш зарур. У режада бўлажак ва яқин келажакда амалга ошириш вақтлари белгиланган чора-тадбирлар бўлиши лозим. Фақат шундагина молия сиёсатини ишлаб чиқиш ва муваффақиятли амалга ошириш ва объектив баҳолаш мумкин.
Молия сиёсатини асосий йўналишларидан бири – молиявий ресурсларни имкон қадар юқори ҳажмини аниқлаш ва ушбу манбалар доимийлиги ва узлуксизлигини таъминлашдир, чунки молиявий ресурслар потенциали барча ўзгаришларнинг базасидир. Шунинг учун, молия сиёсатини аниқлаш ва унинг стратегик ва тактик асосларини ишлаб чиқиш учун давлатнинг молиявий аҳволи, молиявий потенциали, бошқача қилиб айтганда давлатнинг молиявий имкониятининг объективлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш лозим.
Ҳар қандай жамиятда давлат ўз функциялари ва вазифаларини амалга ошириш, белгиланган мақсадларга эришиш учун молиядан фойдаланади. Қўйилган мақсадларни амалга оширишда молия сиёсати муҳим рол ўйнайди:
- уни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш жараёнида жамият олдида турган вазифаларни бажариш учун шарт-шароитлар таъминланади;
- молия сиёсатини мазмуни кўп қиррали бўлиб, қўйидаги муҳим бўғинларни ўз ичига олади:
а) молиявий муносабатларни ривожлантиришнинг илмий асосланган концепцияларини ишлаб чиқиш.
Бу концепциялар қўйидагиларни ўрганиш асосида ишлаб чиқилади:
иқтисодий қонун-қоидаларни ҳисобга олиш;
хўжалик аҳволини ҳар томонлама таҳлил қилиш;
иқтисодиётни бундан кейинги ривожланиш истиқболларини ўрганиш;
аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш.
б) истиқболда ва жорий давр мобайнида молиядан фойдаланишнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш; шу тарзда иқтисодий сиёсатда кўзда тутилган мақсадларга етиш йўлларидан келиб чиқилади, халқаро омиллар инобатга олинади ва молиявий ресурсларни янада кўпайтириш имкониятлари кўриб чиқилади.
в) қўйилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган амалий ҳатти-ҳаракатлар, чора-тадбирлар кўриш.
Юқоридаги асосий бўғинларнинг яхлитлиги молия сиёсатининг мазмунини аниқлаб беради.
Фақат ҳозирги кундаги жорий даврга мўлжалланган, кундалик эҳтиёжларни қондиришга қаратилган молия сиёсати самаралидир. Шунингдек, узоқ даврга мўлжалланган, истиқболни кўзлаб ишлаб чиқилган концепциялар ва йўналишлар, улар қанчалик олижаноб, жозибали бўлмасин, давлатнинг амалий ҳаракатлари, чора-тадбирлари билан таъминланмаса, иш берай қўяди.
Учта асосий бўғиннинг бирлиги молия сиёсати мазмунини белгилайди. Молия ривожланишининг асосий концепцияларини ўз ичига олмаган, фақат жорий талаб-эҳтиёжларни қондиришга йўналтирилган молия сиёсати истиқболсиздир. Айни пайтда молиядан фойдаланишнинг асосий концепциялари ва йўналишларини ишлаб чиқиш билангина чекланган (давлатнинг амалий ҳаракатлари билан мустаҳкамланмаган) молия сиёсати нореалдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |