Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қарши давлат университети


Ўзбек тилшунослигида оронимияга оид тадқиқотлар



Download 1,52 Mb.
bet13/82
Sana25.02.2022
Hajmi1,52 Mb.
#278330
TuriДиссертация
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   82
1.2.3. Ўзбек тилшунослигида оронимияга оид тадқиқотлар

Топонимлар ва унинг бир тармоғи бўлган оронимлар тил факти сифатида тилшунос олимларнинг ҳам эътиборини ўзига қаратди. Асримизнинг эллигинчи йилларига келиб, тилшунос олимларимиз жой номларини мунтазам текшириш объектига айлантириб, уларнинг баъзи лисоний хусусиятлари ва келиб чиқиш тарихини ёрита бошладилар. Тилшунос олимлар томонидан кўплаб ойконимлар, гидронимлар қатори баъзи бир оронимлар ҳам тадқиқ этилди. Топонимлар ва уларнинг таркибида оронимларни ўрганишга рус тилшуносларидан академик В.В. Решетов ва Е.Д. Поливанов, ўзбек шевашунос-тилшуносларидан А. Ишаев, Б. Жўраев, А. Шерматов, Н. Ражабов, Ю. Жуманазаров, Д. Абдурахмонов, Т. Мирсоатов, Ҳ. Ғуломов, А. Алиев, М. Валиев ва бошқалар ўз ҳиссаларини қўшганлар.


Ўзбекистон топонимларининг том маънодаги лисоний жиҳатдан систематик тадқиқи 60-йиллардан бошланди. Шу даврлардан эътиборан, бир қанча тилшунос олимлар Ўзбекистон минтақавий топонимларини мунтазам ўрганишга киришдилар. Жумладан, С. Қораев Ўзбекистон топонимларини тарихий ва лисоний йўналишда ўрганди1, Т. Нафасов Қашқадарё вилояти топонимларини2, З. Дўсимов Хоразм вилояти топонимларини3, Ё. Хужамбердиев Сурхондарё вилояти топонимларини4, А. Зокиров Жиззах вилояти топонимларини5, Н. Мингбоев Мирзачўл топонимларини6, Х. Холмуминов Бойсун тумани ва унинг атрофи микротопонимларини7, Т.Эназаров номзодлик диссертациясида Шаҳрисабз ҳудуди микротопонимларини тадқиқ қилган бўлса, докторлик диссертациясида Ўзбекистон топонимларини лисоний асослари ва этимологик жиҳатдан тадқиқ қилди8. Н. Охунов Қўқон гуруҳига кирувчи ҳудудлар топонимиясини9, Т. Раҳматов Самарқанд шаҳри ва атрофи топонимларини10, Ж. Латипов Марғилон шаҳри ва унинг атрофи топонимларини11, Қ. Хуррамов Жанубий Ўзбекистон рельефига алоқадор географик терминларни1, О. Бегимов Жанубий Ўзбекистон топонимларининг ўзлашган қатламини2, С. Бўриев Ургут тумани микротопонимларини3, А.C. Аслонов Шофиркон тумани микротопонимларини4, Н. Улуқов ўзбек тили гидронимларини5, Ў. Ражабов топонимик индикаторларни6, Ш.Темиров Самарқанд вилояти оронимларини7 номзодлик ва докторлик ишлари даражасида махсус ўргандилар. Уларни лисоний жиҳатдан тадқиқ этиб, тарихий-этимологик қатламлари, номланиш тамойиллари, лексик-семантик хусусиятлари каби масалаларни ҳал этишда ўз ҳиссаларини қўшганлар.
Ўзбекистон топонимлари юзасидан олиб борилган лисоний тадқиқотларда топонимия турларидан бири бўлган оронимлар тўғрисида ҳам тегишли фикрлар айтилган, улар маълум шакл ва мазмунда лисоний таҳлилларга тортилган. Ишимиз оронимларнинг махсус лисоний тадқиқига бағишланганлиги учун шу кунга қадар Ўзбекистон топонимлари юзасидан ёзилган диссертацияларда оронимлар тадқиқи ва таҳлили қай даражада эканлигига қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Ўзбекистон топонимларини монографик тарзда ўрганишга бағишланган биринчи тадқиқот Т.Нафасовнинг “Қашқадарё област топонимлари” номли диссертацион ишидир8. Диссертациянинг “Қашқадарё топонимларининг тарихий-этимологик таҳлили” номли биринчи бобида туркий тиллар лексикасига тегишли топонимларни алоҳида тадқиқ этган. Унда келиб чиқишига кўра туркий тилларга мансуб орографик терминлардан шаклланган қиз, асқар, син, сингир компонентли топонимларнинг этимологияси алоҳида таҳлил этилган. Шунингдек, топонимларнинг тарихий-этимологик, луғавий-маъновий, грамматик хусусиятлари юзасидан амалга оширилган тадқиқотларда оронимик материаллар ҳам таҳлилга жалб этилган.
Т. Нафасов кейинги даврларда ўзининг илмий фаолиятини давом эттириб, “Жанубий Ўзбекистон топонимиясининг этнолингвистик анализи”1 , “Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати”2 каби китоблари ва бир қанча илмий мақолаларида ҳам ҳудудий оронимларнинг тадқиқига эътиборини қаратиб келди. Бойсунтоғ3, Заравут4 оронимлари этимологиясига бағишланган мақолалар шулар жумласидандир.
Тадқиқотчи С. Қораев ўзининг “Ўзбекистон топонимларини ўрганиш тажрибасидан” номли номзодлик ишида тарихий манбалар асосида диахрон материалларни синхрон материаллар асосида солиштириб, манбаларда мухрланган кўплаб жой номларини тадқиқ этган5. Тадқиқотчи топонимларнинг бошқа турлари қатори оронимлар ва уларнинг таркибида учрайдиган кўплаб орографик сўз ва атамаларни ҳам тадқиқ этган. Топонимлар таркибида туркий географик терминлар қадимги эроний (бороз, газа, чем), арабча (ақба, супа), мўғулча (дабан, шибер) элементлар билан тўқнаш келишини таъкидлаган. Бу ҳудудларда (Ғаллаорол, Зомин туманларида) ҳозирга қадар Маҳмуд Кошғарий асарларида кайд этилган бўктар сўзи «тоғолди», «адир» маъносида қўлланиб келишини кўрсатиб ўтган6.
Диссертация авторефератида келтирилишича, Александр Макидонскийга қаттиқ қаршилик қилган етти калъалардан бирининг номи Газа деб аталаган. Бу термин аҳоли нутқида «тоғ чўққиси» маъносида фаол қўлланади ва ундан топонимлар ясалган: Газаикалон (Ўзбекистон ва Тожикистон чеграсидаги тоғ), Газа (Самарқанд ва Сурхандарё вилоятларида), Сегаза (Фаргона вилоятида)1.
Ишда келиб чиқишига кўра жуда қадимий ва ареали жуда кенг бўлган терминлардан яна бири бароз - тоғлардаги “баландлик” тўғрисидаги таҳлиллар ҳам ўрин олган. Бу атаманинг фонетик ва семантик хусусиятлари эроншунос олимлар фикрлари асосида далилланган ҳамда топонимлар ясаш хусусиятлари мисоллар ёрдамида кўрсатиб берилган. Бу сўз Зомин тумани топонимиясида кўп учраши таъкидланган ва мисоллар келтирилган: Тўйчибойбароз, Катта бароз, Кичик бароз ва бошқалар2.
Диссертацияда таҳлилга тортилган орографик aқба (арабча «довон») термини ҳам ўзига хос қизиқиш уйғотади. У Зомин топонимиясида авға шаклида учрайди. Бу термин IX-X асрлар араб тилида ижод қилган муаллифлар асарларида, шунингдек, Х аср муаллифи номаълум «Ҳудуд ал-олам» ва «Тарихи Табари» асарларида ҳам кўп учраши кўрсатилган. Ақба компоненти ҳозирги топонимлар таркибида учрайди3.
Диссертацияда Жумуртов (Қизилқумда) оронимининг келиб чиқиши юзасидан ҳам қизиқарли маълумотлар келтирилган. Унинг фонетик ва семантик хусусиятлари таҳлил этилиб, этимологияси тўғрисида фикрлар илгари сурилган. Авторефератда келтирилишича, айрим тадқиқотчилар номнинг биринчи компоненти бўлган жумур сўзини туркий тилларда мавжуд бўлган жумур –“айлана” маъносидаги сўз билан боғлайди. Жумуртов билан жумур сўзи ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқ; бу топоним қадимги эроний мифик қаҳрамон Гаумард («ҳўкиз одам») номига бориб тақалган4.
С. Қораев кейинчалик географик номлар маъноси тўғрисида яратган изоҳли луғатида1 ҳам Жумуртов оронимининг этимологиясига алоҳида тўхталган ва унинг келиб чиқишини жовмард – “сахий, шердил, мард, ботир” сўзи билан боғлаган. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Хоразм топонимларини лисоний жиҳатдан тадқиқ этган З. Дўсимов Юмритов ва унинг айрим шева варианти Жумуртов оронимининг келиб чиқишини туркман уруғларидан бўлган эймурлар номи билан боғлайди2.
Умуман олганда, С. Қораев ўз диссертацион ишида ҳам ва ўзининг кейинги илмий фаолиятида ҳам, Ўзбекистон топонимлари сирасида оронимлар ҳамда уларни шакллантиришга хизмат қилган луғавий бирликларни кўпгина тарихий манбалар асосида тадқиқ этиб, уларнинг фонетик, лексик, семантик ва этимологик хусусиятларини асослашга ҳаракат қилган. Жумладан, унинг “Географические термины в зоне контактирования узбекского, киргизского и Таджикского населения” номли мақоласида бароз, бўктар, газа, ғарум, депсан, жона, зов, қоқ, ком, супа, танги ва бошқа бир қанча орографик терминлар ҳамда улардан ясалган оронимларнинг тарихий-лисоний тадқиқига ҳам ўрин берилган3.
З. Дўсимов “Хоразм топонимларининг тарихий-лисоний таҳлили” мавзусидаги докторлик диссертациясида4 ва “Хоразм топонимлари” номли монографиясида5 топонимлар сирасида Хоразм ҳудудида мавжуд бўлган оронимлар ва уларни ясалишида иштирок этган топонимик индикаторларни ҳам тадқиқ этган. Жумладан, монографиянинг “Геоморфологик тип” деб номланувчи бўлимида оронимик типларга тегишли жой номлари таҳлилига тўхталган. Унда худди гидронимлар каби оронимлар ҳам жой номларининг вужудга келишида муҳим фактор бўлиб хизмат қилишини таъкидлаган. Тадқиқотчининг фикрича, Хоразм топонимиясида оронимлар унча катта ўрин эгалламаса ҳам, маълум бир гуруҳни ташкил этади. Ўрганилган ҳудудда оронимлар асосан тав//дағ (тоғ), тöбä (дäпа), тöбäжык (кичик тепа) каби оронимик индикаторлар ёрдамида ясалиши айтилган. “Тав” компоненти орқали ясалган номлар кўпинча объектларнинг ташқи кўриниши ва турига қараб номланиши мисоллар ёрдамида кўрсатилган: Каратав, Ҳäктав, Қубатав, Ақтöбä, Қöшадäпä ва ҳ. Шунингдек, ишда Юмритов, Султон Увайс оронимларининг этимологиясига тўхталилган1.
Каримованинг “Шимолий ўзбек шевалари топонимлари” мавзусидаги номзодлик ишида ўрганилган ҳудуд топонимлари таркибида оронимлар ҳам таҳлилга тортилган2. Жумладан, топонимларнинг фонетик, семантик хусусиятлари тўғрисида фикр юритилган бўлимларида оронимлар ёки таркибида орографик сўз ҳамда атамалар қатнашган жой номларини ҳам таҳлили берилган. Жой номларининг грамматик (морфологик) хусусиятлари тўғрисидаги таҳлиллар келтирилган бобида ҳам топонимларнинг морфологик жиҳатдан содда (туб ясама), қўшма (икки ўзакли ва мураккаб ) топонимлар каби турларга бўлинган. Бу таҳлилларда ҳам оронимлар иштирок этган. Жумладан, қўшма топонимларни таҳлилида “Иккинчи компоненти ороним характеридаги топонимлар” мавзуси остида таркибида тоғ, тепа, жар, қум, тош каби сўзлар қатнашган топонимлар иккинчи компонент бўлиб келиши айтилган ва уларнинг ҳар бири алоҳида таҳлил қилинган. Ишнинг “Жой номларининг этимологик таҳлили” номли бўлимида кўпгина топонимлар қатори оронимияга дахли бўлган Чўрноқ, Ашақ, Қарсақти, Айдарли, Чаға, Олтинтепа, Бақырлытау, Қурама, Арғу, Камар, Охиртепа, Кентов, Бўржар каби топонимларнинг этимологик таҳлили берилган3.
Сурхондарё топонимларини тарихий-этимологик аспектда тадқиқ этган Ё Хўжамбердиев ишида бошқа турдаги объект номлари билан бир қаторда оронимлар тадқиқи ҳам ўрин олган. Жумладан, ўр компонентли топонимлар, Чўлбайир (Байсун тоғ тизмасининг номларидан бири), Бойсун топонимларининг кенг этимологик таҳлили келтирилган. Шунингдек, ишда қиз//қуз компонентли топонимлар, Темир дарвоза (дара, тоғ йўли), Капчиғай, Урдали, Кўхитанг ва бошқа бир қанча оронимлар ёки орографик
атамалардан шаклланган топонимларнинг тарихий-этимологик тадқиқи ўз ифодасини топган1.
Ж. Латиповнинг “Марғилон шаҳри ва атрофи топонимлари” мавзусидаги номзодлик диссертациясида ҳам оронимларга тегишли қайдларни кўриш мумкин2. Жумладан, авторефератнинг «Классификация ТМО в зависимости от характера обозначаемого объекта» номли бўлимида «Названия холмов» (тепа номлари) номи остида берилган таснифда оронимлар таҳлилига тўхталиб, шундай дейилган: В ТМО зафиксрованы названия ближайших гор и холмов”. Мисол тариқасида фақат тепалар номлари кўрсатилган: Тепатаги, Сурхантепа, Оқтепа, Қоратепа, Қумтепа, Қамиштепа, Учтепа, Зиндонтепа. Бу тепа номлари бир вақтнинг ўзида ҳам тепалар ва ҳам қишлоқлар номи бўлиб келиши айтилган3.
“Бойсун тумани ва унинг атрофи микротопонимлари” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган Х.Холмўминов ишида ҳам оронимлар таҳлили ўрин олган4. Ишнинг “Бойсун микротопонимияларининг луғавий-маъновий хусусиятлари» деб номланган биринчи бобида «Тепалар ва бошқа баландликлар номлари» мавзуси остида оронимлар таҳлилига тўхталган. Унда тоғ номлари (Сувсиз тоғи, Санжар тоғи, Кетмон чопди тоғи, Чулбайир тоғи, Қўрғонча тоғи, Кўккамар тоғи, Ур булоқ тоғи ва бошқалар); тепаликлар номи (Бозор тепа, Хўжамдовуд тепаси, Амир тепа, Кўктепа, Бештепа, Учтепа, Сурхтепа, Хонватепа, ва бошқалар) номлари келтирилган. Авторефератда оронимларнинг бошқа турлари тадқиқи тўғрисида айтилмаган1 . Авторефератда келтирилишича, оронимлар бир қанча қишлоқ ва овуллар номларининг келиб чиқишига асос бўлган: Кўктепа, Кўккутал, Газа, Сангардак2.
Умуман, ишда Бойсун ҳудудига тегишли микротопонимларнинг турли лисоний хусусиятларини таҳлил қилишда ўрни билан оронимик материаллар ҳам келтирилганлигини кўриш мумкин.
Т. Эназаровнинг “Шаҳрисабз ҳудуди жой номларининг тарихий- қиёсий тадқиқига бағишланган номзодлик диссертациясининг авторефератидан маълум бўлишича, ишда ўрганилаётган ҳудуд топонимлари қаторида оронимлар таҳлили ҳам келтирилган3. Жумладан, ишнинг “Шаҳрисабз ҳудуди жой номларининг лексик-семантик тавсифи ва таснифи” берилган иккинчи бобида объктларнинг турларига кўра оронимлар сирасига кирувчи номлар таҳлил этилган. Унда оронимлар қуйидаги гуруҳларга бўлиб таҳлил этилган: а) тоғ ҳамда адирларнинг номлари: Қуркирактоғи, Манқалчитоғ, Мираки адири, Зирабулоқ адири; б) жар ва қирларнинг номлари: Бўриошар жари, Миришкор жари, Болтошшиқири; в) тепа ва ёнақайликларнинг номлари: Кўмиртева, Майизтепа, Қораёна,; г) чуқурлик ва қояларнинг номлари: Кўксойками, Хўжақизилқоя, Ҳасанқоя кабилар4. Авторефератнинг геотопонимлар тадқиқига бағишланган бўлимда ҳам ТА (топонимик аниқлагич) ва ер юзаси тузилишини ифодаловчи сўзлар билан юзага келган микротопонимлар таҳлили берилган ҳамда мисоллар келтирилган: Жўлагантоғ, Каллакесартепа, Оқпаррани газаси ва б.5 .
Аслонов Акмал Субхоновичнинг Шофиркон тумани микротопонимиясининг лингвистик таҳлилига бағишланган номзодлик диссертациясининг автореферати1 га асосланиб шуни айтиш мумкинки, ишда микротопонимларнинг таркибий қисми сифатида орографик сўз ва атамалардан шаклланган микротопонимлар ҳам таҳлил этилган. Жумладан, ишнинг “Шофиркон тумани топонимиясининг мавзуий–номинатив таснифи” деб номланган биринчи бобида оронимлар устида ҳам тўхталиб, ўрганилаётган ҳудудда фақат битта тоғ номи – Қоратоғ, битта чўққи номи – Келин чўққи ва 30 га яқин тепа номи мавжуд эканлиги қайд этилган2. Бу ҳудудда орографик объектларнинг камлиги сабабли оронимлар ҳам кам учрайди. Ишда юқорида келтирилган оронимларнинг этимологиясига тўхталилган. Маълумки, қори эриб кетадиган (қор турмайдиган) тоғ Қоратоғ деб юритилади. Қорсиз тоғнинг ўсимлик дунёси камбағал бўлиб, тоғ олисдан қорамтир рангда кўринади. Келинчўққи деб юритилишига сабаб, чўққи баланддан пастга қараб қайрилган ҳолатдадир. Шунинг учун у эгилиб, энгашиб турган келинчакка ўхшатилади. Қизилэмчак катта қоясининг номланиш сабаби қоя аёлнинг кўкрагига ўхшаш шаклда бўлиб, қизил рангдалиги учун Қизилэмчак катта қояси деб юритилади3.
Шунингдек, ишда Шофиркон ҳудудидаги «тепа» ларнинг номланиш мотивлари келтирилган. Унга кўра тепалар қуйидагича номланиши хусусиятига эга. а) шахслар номи билан аталган: Муродбоботепаси; б) этнонимларга нисбатан: Арабли тепаси, Қатоғон тепаси; в) тепанинг миқдорига эътибор қилинган: Бештепа; г) тупроқ таркиби ҳисобга олинган; Чоғил тепаси (Шағал тепа), Талисафед тепаси, Оқтепа; д) тепаларда яшовчи (мавжуд бўлган) жониворлар объектни номлаш учун боис бўлган: Бургут тепа, Зулук ёки Шуллуктепа; е) тепанинг табиий тузилиши ҳисобга олинган: Ёйматепа, Юмалоқ тепа4.
Бўриев Сурхон Нормуродовичнинг “Ургут тумани микротопонимларининг лексик-семантик таҳлили” мавзусидаги номзодлик диссертациясида ўрганилган ҳудуд микротопонимлари таркибида оронимлар таҳлили ҳам ўрин олган1. Диссертациянинг авторефератида кўрсатилишича, микротопонимлар сирасида 275 та тепалик номи мавжуд бўлиб, шуларнинг 46 таси, яъни 17% ининг негизида антропонимлар ётади2. Ишнинг «Микротопонимларнинг семантик гуруҳлари» номланган қисмида оронимлар гуруҳи тўғрисидаги фикрлар келтирилган. Унда айтилишича, ўрганилаётган ҳудуд микротопонимиясида 106 та тоғ ва тоғ тизмаси, 275 та тепалик, 2 та довон, 17 та дара, 63 та жарлик, 21 та қир, 4 та қоя, 34 та чўққи, битта этак - жами 523 та оронимлар белгиланган. Улар орасида энг кўп миқдорни, яъни туман оронимларининг 71% ни тепалик ва тоғ ландшафти билан боғлиқ номлар ташкил этганлиги аниқланиб, лексик-семантик гуруҳларга ажратилган. Ургут оронимияси унинг географик ландшафтини ўзида тўла акс эттирган ва бу хусусиятлар топонимик номланишга ҳам ўз таъсирини ўтказган3. Шунингдек, ишда ҳар бир семантик гуруҳ яна кичик гуруҳларга ажратилиб тадқиқ этилган, жумладан, оронимлар сирасига кирувчи тепаликлар номлари 9 та маъновий гуруҳларга ажратилган4.
Кейинги вақтларда ўзбек тилшунослигида оронимларни ҳудудий жиҳатдан алоҳида текшириш объекти сифатида тадқиқ этишга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, бу боради Қ. Хуррамовнинг “ Оронимлар ва орографик терминлар муносабати”5, С. Бўриевнинг “Ургут тумани оронимлари сирасида тоғ номлари”6 каби мақолалар эълон қилинди.
Ўзбекистон оронимларини ҳудудий жиҳатдан ўрганишга бағишланган монографик тадқиқотлардан бири О.Бегимовнинг “Жанубий Ўзбекистон оронимларининг тарихий-лисоний тадқиқи” мавзусидаги монографияси бўлди1. Монографияда ўзбек тили оронимларининг тарихий-лисоний хусусиятлари Жанубий Ўзбекистон материаллари асосида тадқиқ этилган бўлиб, у муаллифнинг фан доктори диссертацияси устида олиб борган тадқиқотларининг натижаси сифатида эълон қилинган.
2019 йилда Ш. Темиров “Самарқанд вилояти оронимларининг лисоний тадқиқи” мавзусидаги PhD фалсафа доктори диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди2. Мазкур диссертациянинг мавзуси бизнинг ишимизга дахлдор бўлганлиги сабабли, унинг таҳлилига кенгроқ тўхталишни лозим топдик.
Тадқиқотнинг мақсади оронимиканинг назарий масалаларини ёритиш, оронимлар ономастик кўламига мансуб бирликларни белгилаш, Самарқанд вилояти оронимларини лисоний тадқиқ этишдан иборат.
Диссертациянинг «Оронимиканинг назарий масалалари» деб номланган биринчи боби уч бўлимдан иборат. Бобнинг «Оронимик кўлам ва оронимика соҳаси» номли биринчи бўлимида ўзбек тили оронимик кўлами, унга мансуб оронимик бирликлар ва оронимика соҳаси ҳақида фикр юритилган. Диссертант оронимик кўлам масаласида келтирилган илмий талқинларни умумлаштирган ҳолда ороним терминини қуйидагича изоҳлашни маъқул топади: оронимлар тоғлар, тоғ тизмалари, қирлар, довонлар, тепалар, тепаликлар, қоялар, чўққилар, тошлар, адирликлар ва тоғликларда жойлашган бошқа хил физикавий-географик ўринларни ифодаловчи орографик объектларнинг атоқли отлари3.
Бобнинг иккинчи бўлимида «Самарқанд вилояти оронимиясининг тарихий манбалари» ёритилган1. Унда Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома», Абу Тоҳирхожанинг «Самария» каби асарлари Самарқанд вилояти оронимларини ўрганишда ноёб тарихий манбалар эканлиги қайд этилган.
Бобнинг учинчи бўлими «Оронимлар тадқиқи ва оронимиканинг долзарб вазифалари» деб номланган. Унда оронимика топонимиканинг алоҳида соҳаси сифатида 1960-1970 йилларда илмий йўналиш сифатида шаклланганлиги, Тожикистон оронимияси Б.А.Алборов, А.З.Розенфельдлар томонидан ўрганилганлиги, Россияда оронимларнинг монографик тадқиқини илк бор О.Т.Молчанова бошлаб берганлиги тўғрисида фикр юритилган.
Диссертант бу бўлимда оронимлар тадқиқи масаласини ўрганиб, Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва янгиланишлар янги босқичга кирган бугунги кунда республиканинг Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон, Жиззах вилоятлари оронимлари ва оронимик индикаторларини тўплаш, картотекасини тузиш, тилшуносликнинг лингвогеография, семиотика, семантика, социолингвистика, прагмалингвистика, деривация каби соҳа ва йўналишлари ҳамда география, тарих, этнология, туризм фанлари аспектида тадқиқ этиш, оронимларнинг имловий, изоҳли луғатларини тузиш ўзбек ономастикасининг долзарб вазифалари эканлигини таъкидлайди2.
Диссертациянинг «Самарқанд вилояти оронимларининг лексик- семантик хусусиятлари» деб номланган иккинчи боби уч бўлимдан иборат3. Бобнинг «Самарқанд вилояти оронимларининг лексик-семантик таснифи» номли биринчи бўлими оронимларнинг лексик-семантик таҳлилига бағишланган. Хусусан, диссертант оронимларни лексик-семантик жиҳатидан “Табиий-географик оронимлар”,”Ижтимоий-иқтисодий оронимлар”га бўлиб тадқиқ этган.
Тадқиқотчининг фикрича, топонимлар пайдо бўлишида биринчи ва энг кенг тарқалган мотивация аҳоли маскани жойлашган ҳудуднинг табиий-географик хусусиятини эътиборга олинишидир. Бунда жойнинг табиий-географик белги-хусусиятини ифодаловчи тушунчаларнинг аниқлиги ва индивидуаллашуви юз беради.
Диссертацияда ижтимоий-иқтисодий оронимлар этнооронимлар (Туркманқир, Чиғатойтоғ, Найман (чўққи), Баҳринтепа, Наймантепа), антропооронимлар (Сатторчўққи, Ҳасанчарви(чўққи), Сафияучган (қоя), Авазтепа), агиоороним ва некрооронимлар (Авлиётепа, Пайғамбарсупа), геортооронимлар (Наврўзтепа) каби турларга ажратилган ва тадқиқ этилган.
Бобнинг «Оронимлар ва топонимлар муносабати» номли иккинчи бўлимида оронимларнинг антропоним, этноним, ойконим, гидроним ва бошқа ономастика соҳалари билан алоқадорлиги ҳақида сўз юритилган1. Атоқли отдан атоқли от ҳосил бўлиши ономастик терминологияга оид луғатларга таянган ҳолда конверсия ва трансонимизация деб кўрсатилади.
Тадқиқотчининг фикрича, Самарқанд вилояти оронимиясида ҳам трансонимизация ҳодисаси фаолдир. Бунда ҳудуд оронимиясида трансонимизация асосида антропооронимлар(Самандар (тепа), Маҳмудтоғ), этнооронимлар (Туркманқир, Баҳринтепа, Чиғатой, Манғит) вужудга келганлиги кўрсатилган.
Диссертацияда оронимлар трансонимизациясига кўра тоғ, тепа ва бошқа орографик объектлар номи бошқа жой номига ўтиши таъкидланган. Бунда ороним ойконимга, хоронимга, урбонимга ва бошқа топоним турларига ўтиши кузатилади. Оронимлар асосида юзага келган топонимлар оротопонимлар деб кўрсатилган.
Бобнинг «Айрим оронимларнинг этимологик ва номинацион-мотивацион таҳлили» номли учинчи бўлимида Шовдор, Эгизтепа//Эгизактепа, Гужум, Зинак, Ўртабўз, Тахтақорача, Кўмиртепа, Отўлди, Оҳалик, Бузуқли, Ялоқтепа, Ястепа, Ўртачим, Эгриқўл, Қозонтош, Наврўзтепа, Келитош, Хуржунқўтон, Бозортош, Бўрилик, Ғаровчўққи, Зарангтош, Букритош, Дастортош, Эгартош, Қурбақатош, Пангат, Ажинакамар, Қўштепа, Обтоватош, Холиёрсупа каби оронимларнинг этимологик ва номинацион-мотивацион таҳлили берилган1.
Диссертациянинг учинчи боби «Самарқанд вилояти оронимларининг структурал-типологик ва оронимик индикаторларнинг деривацион хусусиятлари» деб номланган2. Бобнинг «Оронимларнинг структурал-типологик таҳлили» номли биринчи бўлимида оронимларнинг тузилишга кўра турлари, моделлари ёритилган.
Диссертацияда Самарқанд вилояти оронимларини тузилишига кўра содда таркибли оронимлар, қўшма таркибли оронимлар, мураккаб таркибли оронимлар каби турларга ажратиб таҳлил этилган3.
Тадқиқотчининг фикрича, ўзбек тилида содда туб оронимларнинг асосий қисмини морфологик жиҳатдан от асосли номлар ташкил этади.
Самарқанд вилояти оронимиясида содда ясама сўзлардан ҳосил бўлган номлар ҳам учраши таъкидланган: Арчали, Ирғайли, Пистали каби.
Диссертацияда таркиби бирдан ортиқ луғавий асосдан иборат, композиция усули билан ясалган объект номлари қўшма таркибли оронимлар сифатида тадқиқ этилган. Унда қўшма таркибли оронимлар таркибида бел, тош, тоғ, тепа, қир, довон каби апеллятив оронимик индикаторлар фаол қўлланиши таъкидланган.
Диссертантнинг фикрича, ўзбек тили оронимик тизимида қўшма таркибли оронимлар миқдоран кўп. Бу оронимлар ясашда, яратишда аниқлик ва мантиқийликка интилиш маҳсулидир. Қўшма таркибли оронимларнинг морфологик таркибида иккинчи компонент сифатида асосан оронимик индикаторлар қўлланади.
Диссертацияда тузилишига кўра, мураккаб таркибли оронимлар ҳам ажратилган. Тадқиқотчининг фикрича, мураккаб таркибли оронимлар содда ва қўшма типдаги оронимлардан фарқ қилиб, бирикмага, айрим ҳолларда гапга тенг бўлади. Шунинг учун сўз бирикмаси ва гап моделидаги объект номлари мураккаб таркибли оронимлар ҳисобланиши кўрсатилган1.
Учинчи бобнинг иккинчи бўлими «Оронимик индикаторларнинг лексик-семантик ва функционал таҳлили» деб номланган. Диссертант ўзбек топонимикасидаги оронимикага оид тадқиқотларни кузатиш асосида оронимик индикаторлар сирасига тоғ, бел, газа, дара, довон, зов, кўтал, супа, тепа, тош, учма, чўққи, қир, қоя, қўл, тумшуқ каби луғавий бирликларни киритган. Мазкур оронимик индикаторларнинг ҳар бири ўзига хос тарихий-этимологик манбага, луғавий-маъновий хусусиятга эгалигини таъкидлаган.
Диссертант мавзу юзасидан амалга оширган тадқиқотлар натижасини боблар бўйича умумлаштирган ва уларнинг мазмунини ўн икки банддан иборат хулосаларида баён этган.
Биз юқорида Ўзбекистон ҳудудий топонимларини лисоний тадқиқига бағишланган монографик тадқиқотларда фақат оронимларнинг тадқиқи ва таҳлили учун характерли бўлган ишларга тўхталиб ўтдик. Ўзбекистон топонимларини лисоний жиҳатдан тадқиқ этишга бағишланган ишларнинг барчасида ҳам топонимларнинг бир тури сифатида оронимлар тадқиқи ва таҳлили мавжуд. Уларда Ўзбекистоннинг ҳудудий оронимларининг ўрганилиши турли даражада ва ҳолатда.
Барча тадқиқотларда келтирилган маълумотлар ўзбек тилида орографик сўз ва атамалар ҳамда улардан шаклланган оронимларнинг салмоғи маълум даражада эканлигини исботлайди. Уларни ўзбек тили ономастикасининг бир тармоғи бўлган топонимиканинг таркибий қисми сифатида мавжудлигидан гувоҳлик беради, ўз навбатида, уларни тарихий-лисоний жиҳатдан алоҳида тадқиқ этиш муҳим эканлигини кўрсатади.

Download 1,52 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   82




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish