Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қарши давлат университети


Ўзбек тили оронимиясининг тарихий манбалари



Download 1,52 Mb.
bet12/82
Sana25.02.2022
Hajmi1,52 Mb.
#278330
TuriДиссертация
1   ...   8   9   10   11   12   13   14   15   ...   82
1.2.2. Ўзбек тили оронимиясининг тарихий манбалари

Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон оронимлари ҳам топонимиянинг бошқа тармоқлари қатори ўзининг манбаларига эга. Турли шакл ва мазмундаги тарихий ёзма манбаларда Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган турли тилларга мансуб лисоний бирликлардан шаклланган орографик сўз ва атамалар ҳамда улардан ясалган оронимларни учратиш мумкин. Жумладан “Авесто”, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит-турк”, Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, Абу Тоҳирхўжа ибн Абу Саъидхўжанинг “Самария”, Абу Райҳон Беруний, Ёқут ал-Ҳамавий, Шарафиддин Али Яздий, Ҳофизи Абру, Ҳофиз Таниш ал-Бухорий, Маҳмуд ибн Вали, ва бошқаларнинг тарихий асарлари ватанимиз топонимияси, жумладан оронимиясини ўрганишда муҳим тарихий манба бўлиб хизмат қилади.


Оронимлар табиий объектларнинг номи сифатида аҳоли масканлари номларига қараганда ўзининг турғунлиги билан тархий манбалар бўлмаган қадим ўтмиш даврлари тўғрисида яхшироқ маълумот бериши мумкин1. Аммо камгина оронимлар форс, хитой ва араб сайёҳлари асарлари орқали маълум. Тарихий ёзма манбалар ва сайёҳлар эсдаликларида оронимлар аҳоли масканлари, сув ҳавзалари номларига қараганда нисбатан кам тилга олинган. Уларда асосан йирик орографик объектлар (тоғ, тоғ тизмаси, довон, дара, баландлик каби) номларини учратиш мумкин. Уларни маълум даражада тўлдиришда қадимги қўлёзмалар, турли мазмундаги ҳужжатлар ҳам ёрдам бериши мумкин. Лекин уларда ҳам оронимлар ҳакидаги маълумот нисбатан кам учрайди.
Қадимги жой номлари тўғрисида маълумот берадиган энг қадимги ёзма манба шубҳасиз Авесто ҳисобланади2. Унда, айниқса, оронимларга алоҳида эътибор берилган. Жумладан, асарнинг Ясна 10-ҳот, 11-бандида қуйидаги тоғ номлари ва уларга тегишли таърифларни кўриш мумкин: “Шунда бир синалган покиза қуш сени чор атрофга – Упойирий саина тоғи чўққиларига; Старусара тоғи баландликларига; Кусрупата тоғи этакларига; Вийш паса тоғи атрофи ва Спийта гуна тоғи ён-бағрига ёйиб юборади. ...Сенга, эй мардлик соҳиби, яратгувчи Мазданинг ўзи Албурз тоғида ҳунар ўргатди(54-бет).
Китобда бу оронимлар ҳақида келтирилган қуйидаги изоҳларни ўқиш мумкин: Упойирий саина – маъноси “лочин” (шоҳин) ёхуд семурғдан кучли. Тоғ номи. “Бундаҳишн” да “Апарсин” шаклида ифодаланган ушбу тоғ хусусида кўп сўз юритилади. Китобнинг 12-бўлим, 9-бандида айтилишича, Апарсин Албурздан кейинги энг улуғ тоғ ҳисобланади. Айтиш мумкинки, Упойирий саина (Апарсин) Ҳиндикуш тоғининг Бохтар қисми, яъни Боботоғ (Кўҳи Бобо) силсиласидир. Боботоғнинг баландлиги беш минг тўрт юз туқсон метр бўлиб, унинг ҳайбатли тошлари ва чўққиларини ҳамиша қор қоплаган. “Замйад яшт” нинг 3-бандида Упойирий саина тоғидан олдин қўлланилган “ийшката” иборасини тадқиқотчилар “харсанг тош” деб таржима қилганлар(325-бет).
Кусрупата – маъноси “Ости нешаб”. Яснанинг 10-ҳот, 11-бандида келтирилишича, муқаддас ҳавм гиёҳи ўсадиган тоғлардан бири. “Дормустар” китобида ёзилишича, Кусрупата Ғурбанд тоғининг силсиласидир(325-бет).
Вийш писа – маъноси ҳамма ёқда ёхуд айланма, гирдогирд. Муқаддас ҳавм гиёҳи ўсадиган тоғларнинг бири. “Дормустатар” китобида ёзилишича, бу сўзнинг маъноси “ўтар жой” ва Ҳиндикуш тоғи ҳалқаларидан биридир(325-бет).
Спийта гуна – маъноси “оқ тусли”. Муқаддас ҳавм гиёҳи ўсадиган тоғлардан бири. “Дормустатар” китобининг гувоҳлик беришича, Спийта гуна Ҳиндикуш тоғи силсиласидир(325-бет). Шунингдек, асарда Хоро (худолар маскани бўлган муқаддас тоғ), Эрзифия (афсонавий тоғ), Ҳшатрасуқа (афсонавий тоғ довони) оронимларини учратиш мумкин (345-бет).
Ундан ташқари, китобда Хара ороними ҳам келтирилган бўлиб, у замин куррасини иҳота қилган афсонавий тоғ силсиласи эканлиги изоҳда кўрсатилган. Хар-Баразайти атамасининг таржимаси “Юксак хара”дир. Кейинчалик бу атама Шимолий Эрон ва Қофқоз ҳудудидаги Алфурз тоғларига нисбат берилди. Ҳар икки атама ҳам авестойидир. Юксак Хара ёхуд Харати ҳақидаги тушунчалар замирида эҳтимол Помир-Ҳиндикуш тоғлари ҳақидаги тасаввур ётгандир(347-бет).
Шуниси диққатга сазоворки, асарнинг Ҳуварно қасидаси (19-яшт, Замяд яшт) бевосита тоғлар мадҳига бағишланган. Хусусан, у қуйидаги бағишловлар билан бошланади: “Шод бўлсин Аҳура Мазда... Мазда бунёд айлаган Ушидарно тоғларига, Мазда бунёд айлаган қавайлик саховатпеша Ҳуварога, Мазда инъом айлаган қўл етмас Ҳуварнога шодликлар, дуо-ю олқишлар, шон-у шарафлар бўлсин” (215-бет).
Шундан кейин бирин-кетин тоғларнинг номлари мадҳ этила бошланади. Бу мадҳларда айтилишича, дастлаб тоғлар қад кўтарди, кунчиқардан кунботаргача ёйилган барча мамлакатларни ўраб турувчи улуғвор Харати юксалди. Иккинчи ўринда Манушанинг нариги томонидан кунчиқардан кунботаргача бўлган барча мамлакатларни қуршаб турувчи Зардаза тоғи қад кўтарган. Шундан кейин бирин-кетин Ушида, Ушидарна тоғлари, яширин Эрзифия, олтинчи ўринда Аразура, еттинчи ўринда Бумия, саккизинчи ўринда Раодита, тўққизинчи ўринда Мазишва, ўнинчи Антар-Даҳю, ўн биринчи Эрзиша, ўн иккинчи ўринда Ватигайса тоғлари юксалганлиги айтилади. Шундан кейин оз-моз қорлар эритгувчи Адарана ва Баяна, Ишқата, Упарисаона, Ҳаманкунанинг икки тожи, саккизта от бўйи баробар Вашананинг саккизта тоғи, Видвананинг тўртта тоғилари, Асзахон, Маонахон, Баҳодрина, Асая, Тутадна ва Вишава, Сайривант, Драошишва, Нанхушмант ва Қақаҳия, Қанҳадаги барча тоғлар, Сичидава, Аҳурана, Раомана, Ашастомбана, Асиавант, Фрапая, Удрия ва Раовант тоғлари ҳам қад ростлаганлиги мадҳ этилади (215-бет).
Қасидада айтилишича, бу тоғларни одамлар кўриб ёки уларга чиқиб, сўнгра ном беришган. Китоб изоҳида бу оронимлардан баъзиларининг луғавий маъноси келтирилган. Жумладан, Зардаза – “Ишқий...”, Мануша –
“Инсоний...”, Ушида, Ушидарна – “Сабуҳий...”, Эрзифия – “Бургут”, Аразура – “Тик,тўғри”, Бумия – “Заминий”, Раодита – “Малларанг, қизғиш”, Мазишва – “Улуғвор”, Антар-Даҳю – “Мамлакат ичкариси”, Эрзиша – “Тик, тўғри”(350-бет). Оронимларнинг луғавий маъноларидан билиш мумкинки, ўша қадим замонларда ҳам инсонлар орографик объектларга ном беришда ҳозирги кунга қадар сақланиб қолган номлаш тамойилларига амал қилишган. “Ҳуварно қасидаси”да таъкидланишича, бу оламда тоғлар сони икки минг икки юз қирқ тўрттадир (215-бет).
VII-X асрларга тегишли форс ва хитой манбаларида Иссиқкўл атрофида бўлган Тон ва Баскон (Барсхон) номли жойлар тилга олинган. Бу номлар ҳозирги кунгача Тон –Тонг шаклида, Барскоон – Барсхон шаклида довон, музлик, дарё ва аҳоли маскани номларида сақланиб қолганлигини
кўриш мумкин1 .
Ўзбекистон географик номларини қадимги туркий-руин ёдгорликларида ҳам учратиш мумкин. Жумладан, Куйултегин ёдгорлигида турклар «Йенчу дарёсидан кечиб ўтиб, Темир қопуғ деб аталган жойгача бордилар» дейилади2 . Олимларнинг аниклашларича, Йенчу ёки Йенчуўкуз Сирдарёнинг қадимги туркий номи бўлиб, “Марварид” , “Ҳақиқий марварид дарё” маъносини беради (И. Маркварт, В.В. Бартольд, С. Е. Малов, С. П. Кляшторный). Темирқопиғ – бу Сурхондарё вилоятидаги Темир дарвоза дараси номи.
Ундан ташқари, қадимги туркий ёдгорликларда Шандунг ёзи, Тунгартоғ, Кўгманер, Ўтканйиш (йиш – тоғ ўрмони, тоғ чўққиси), Ербойирку, Чуғаййиш, Олти чуб суўдоқ, Қора сингир, Бағрам қуми, Буқач орт, Қавоқ орт, Қашға буғро, Эран туз3 каби оронимларни учратиш мумкин. Бу номларнинг бир компоненти географик терминлардан ташкил топган, бу сўзларнинг айримлари ҳозирги ўзбек тилида қўлланади. Уларнинг маълум бир қисми истеъмолдан чиққан бўлиб, фақат топонимлар таркибида сақланиб қолган.
Х асрга тегишли форс тилида ёзилган «Ҳудуд ал-олам» географик асарида ҳам Ўрта Осиё ҳудуди билан боғлиқ бир қанча оронимларни учратиш мумкин. Жумладан, унда Иргайарт ёки Иргажарт, Иргайарт шаклидаги жой номлари бир неча марта такрорланган. Бу номлар давон ва тоғ номлари сифатида келтирилган1. X аср форс манбаларида Манис оронимини ҳам учратиш мумкин. Бу оронимни В.Минорский ҳозирги Қирғизистон ҳудудидаги Александров тоғи билан боғлайди. ХI асрларга тегишли Маҳмуд Кошғарий асарида бу тоғ Болосоғун тоғлари дейилган. Х-ХII асрларга тегишли араб хариталарида келтирилган Ботм тоғи, тахмин қилишларича, унинг ғарбий давоми билан Олтой тоғ тизмалари ҳисобланади. Аммо В.А. Никонов Бод оронимини қадим замонлардан бери Тибетнинг сохта (ясама) номи ҳисобланишини таъкидлайди2.
Шунингдек, бу асарларда бир қанча орографик терминларни ҳам учратиш мумкин. Ўзбекистон оронимиясининг вужудга келишида ўзига хос ҳисса қўшган бундай терминлардан бири ақба (арабча «довон») термини бўлиб, у ҳам ўзига хос қизиқиш уйғотади. Бу терминни IX-X асрларда араб тилида ижод қилган бир қанча муаллифларнинг асарларида, шунингдек, Х аср муаллифи номаълум «Ҳудуд ал-олам» ва «Тарихи Табари» асарларида ҳам қайд этилган. Ақба компоненти ҳозирги топонимлар таркибида ҳам сақланиб қолган. Жумладан, у Зомин топонимиясида авға шаклида учрайди.
Маълумки, Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асари топонимика учун қимматли манба ҳисобланади. Унда Бухоро ва атроф ҳудудларига тегишли кўплаб қадимги топонимларни учратиш мумкин. Лекин бу асар оронимикага оид материаллар жиҳатидан камбағалдир. Унда фақат иккита оронимни учратиш мумкин. Буларнинг бири Нур тоғ номи бўлса, иккинчиси Кеш вилояти ҳудудидаги Сом тоғи номидир3.
Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғати турк” асари ҳам топонимика учун қимматли манба бўлиб хизмат қилади. Уч томдан иборат бу асарда икки юзга яқин топонимлар, шунингдек, ҳозирги топонимлар таркибида сақланиб қолган сўзлар, атамалар ва уларнинг изоҳлари келтирилган4.
Маҳмуд Кошғарий тузган дунё харитасида ўлкамизнинг табиий объектлари, жумладан, Олой, Туркистон, Зарафшон тоғлари, Фарғона тизмаси, Чотқол ва Талас тоғлари, Қорақум чўли, Вахш водийси акс этган.
Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳудуди билан боғлиқ бундай маълумотлар орасида кўплаб орографик сўз ва атамалар ҳамда улар иштирокида ясалган оронимлар тўғрисидаги маълумотларни ҳам топиш мумкин. Жумладан, луғатнинг I томида орографик тушунчаларни ифодалайдиган қуйидаги атамалар келтирилган: арт - тоғ тепаси (78-бет), азиз – баланд ер (88-бет), алин – тоғнинг юмолоқ ва баланд томони (107-бет), ўзи (чигилча) – икки тоғ орасидаги кенг йўл (116-бет), ўғруғ – сой ёки тоғнинг кесилиш ёки узилиш жойи: тоғ ўғруғи – тоғнинг узилиш жойи (123-бет), арғу – икки тоғ ораси (148-бет), айаку – ён, тараф: айаку ер – тоғнинг ўртасидаги ер (156-бет), қуз: қуз тоғ – кун тушмас тоғ, фақат кун оққандагина чапдан кун тушадиган тоғ (315-бет), қадир ер – тоғларда қор ва муз кўплигидан юриш қийин бўлган ерлар (344-бет), кариш (ўғузча) – юқорисига чиқиш мумкин бўлган ҳар бир тоғнинг боши (350-бет), сиғра (ўғузча) – икки тоғ орасидаги катта йўл, водий (398-бет), тумса (ўғузча) – баланд ер (399-бет), кўтки – тупроқ уюми, тепалик (404-бет), қазған: қазған ер – ўнқир-чўнқир, ботқоқлик ер, серёриқ ер (412-бет), тармут – тоғларнинг тепалик ва сойликлари (421-бет), бўктир – тоғлардаги баланд-пастлик ер (424), балдир – тоғ бурнига ўхшаш кўтарилиб чиққан нарса (425-бет), талқиғ – тоғларнинг туташган, учрашган ери (430-бет), жахшақ – тоғ чўққиларидаги тошлоқ жой (435-бет), қадрақ – тоғнинг бўкилган, сойлик жойлари (438-бет), секрик – тоғдан сакраб ўтиладиган жойлар (442-бет) ва бошқалар. Шунингдек, Махмуд Кошғарий асарида Қавақарт - Ўзганд билан Қашқар ўртасидаги бориш қийин бўлган жой (364-бет), Бадаларт – Ўч (Ўш) билан Барсаған орасидаги бир жой, ўтиш қийин бўлган чўққи (373-бет), Буқачарт – ўтиш қийин бўлган бир йўл (389-бет), Аруқ-туруқ – Фарғона билан Қашқар орасидаги қийин, баланд йўл, довон (361-бет) каби оронимларни ҳам учратиш мумкин.
“Девону луғатит турк” асарида қир сўзига ҳам изоҳ берилган бўлиб, у икки маънода қўлланган: 1) ғов, тўғон; 2) ясси тоғ, қир. Туркий обидаларнинг айримларида уни “чўл, дашт, қум тепа” маъноларида қўлланганини кўриш мумкин1. Ундан ташқари, луғатнинг I томида тоғлар ва баландликларнинг турли белги-хусусиятларини ифодаловчи сўз бирикмаларини ҳам учратиш мумкин: турирқу ер – ўтлари оз ер (451-бет), татирлиғ ер – текис ва қаттиқ ер (455-бет), басарлиғ тағ – саримсоқли тоғ(455-бет), суғурлуғ тағ – суғур ҳайвони кўп бўлган тоғ (455-бет), бақирлиғ тағ – мис маъданли, мисга эга бўлган тоғ (456-бет), сағизлиғ ер – соғ тупроқли яхши ер (456-бет), тутуғлуғ йэр – жинли жой (456-бет), қурунлуғ тағ – тошли тоғ (458-бет), соғанлуғ тағ – ёввойи пиёз ўсадиган тоғ (459-бет), азиз тағ – баланд тоғ ёки ошиб ўтиш мумкин бўлмаган тоғ (88-бет).
Шунингдек луғатнинг III томида ҳам кўплаб орографик тушунчаларни ифодаловчи сўз ва атамалар ва улардан шаклланган сўз бирикмалар ҳамда жой номларини учратиш мумкин. Жумладан: йиш – юқорилик, баландлик; арт – чиқиш қийин бўлган баландлик, довон (9-бет), йуқ йэр – юқори ер, баланд ер (10-бет), йалтқайа – қоя, ҳар бир қаттиқ, пишиқ, мустаҳкам нарса (13-бет); йатиз йэр – кенг ер (17-бет); йазақ – ўтлоқ (23-бет); йасул тағ – баланд тоғ, ҳар бир баланд ва чуқур нарсага ҳам йасул дейилади (26-бет); йалим қайа – пишиқ, қаттиқ тоғ (27-бет); йапри йэр – ясси ва тўғри ер (38-бет); йалға: қара йалға – Турк диёри билан Фарғона орасидаги яқин бориб бўлмайдиган жарлик (40-бет); туз йэр – тўғри ер, текис ер; тайиз – баланд ер (135-бет); Тайиз – Қашқар яқинидаги бир яйлов, баландлиги учун уни тариғ арт тайиз дейилади (136-бет); қўл – тоғ чўққисидан пастга тўғри тушган, водийдан баланд жой (148-бет); қўй – водийнинг текислик жойи (156-бет); йар – сел ўйиб кетган чуқур ер, жар (156-бет); сай – қора тошли ер (173-бет); йувуғ – селлар тоғдан юмшатиб, ювиб туширган катта тош бўлаклари (179-бет); қайир – туркий халқлар тилида юмшоқ ер. Ўғизлар қумни қайир дейдилар (180-бет); қайа – тоғлардаги катта қаттиқ тош, қоя (186-бет); бўйнақ – тоғ бўйни (190-бет); йи – тоғдаги кичкина чуқур (235-бет); тупу – тепа: тағ тупуси – тоғ тепаси (235-бет); сангир – тоғ бурни, шунингдек ҳар бир девор тумшуғига ҳам бу сўз қўлланади (374-бет); Қара сангир – Барсағон ўлкасидаги бир жой номи (241-бет); бақу – тепа, баландлик (246-бет); сақа – тоғ этаги (246-бет); йабанг йэр – қумли ер (383-бет); йанграқ – тоғнинг буриладиган ва тагидан сув оқадиган жойи (394-бет); тазгинч – тоғларнинг бурилиш жойи (396-бет); йарсағ – тоғ ва бошқа ерлардаги тирғанчиқ жой (438-бет); Занбиарт – Қочнгар боши билан Боласағун орасидаги бир дара (445-бет). Луғатда келтирилган сўзлар, атамалар ва сўз бирикмалари кейинчалик оронимларнинг шаклланишига хизмат қилган. Улар Ўзбекистон, жумладан, унинг ўрганилаётган ҳудуди оронимларининг луғавий-маъновий хусусиятларини тадқиқ этишга ва асосли илмий хулосалар чиқаришга ёрдам беради деб ўйлаймиз.
Абу-л-Қосим ибн Хавқалнинг “Мамлакатлар ва йўллар” асарида Ўзбекистон ҳудудига тегишли бўлган Кўҳак тоғи (Самарқанд яқинида), Бутом тоғлари (Зарафшон тоғлари), Савадара тоғи, Сағраж тоғи (Иштихон яқинида), Саблиқ тоғи (Тошкент вилояти) каби оронимларни учратиш мумкин1.
Шунингдек, Х асрга тегишли араб муаллифлари ўз асарларида олтин ва кумуш конлари билан машҳур бўлган Илоқ тоғлари ва ундаги Кўҳисим (кумуштоғ) тўғрисида ёзганлар. Кўҳисимда Кони Мансур номли кумуш кони бўлганлиги қайд этилган. В.М. Массоннинг фикрича, бу жойлар ҳозирги Қорамазор тоғларига тўғри келади. Қўрама тоғ тизмаларининг жануби-ғарбий тугалланиши ҳисобланган бу тоғ тўлиғича Илоқ вилояти ҳудудига тегишли бўлган. Ундан ташқари, бу асарларда Чадғал (Уни Жидғил шаклида ўқиш ҳоллари ҳам бўлган, ҳозирги номи Чотқол) тоғ номини учратиш мумкин1.
Шарафиддин Али Яздийнинг буюк жаҳонгир Амир Темур юришларига бағишланган “Зафарнома” асари ҳам маълум бир даражада оронимлар тўғрисида маълумот берадиган тарихий манбалардан бири ҳисобланади2. Унда буюк саркарда Амир Темурнинг ҳаёти ва ҳарбий юришлари билан боғлиқ кўплаб жой номлари келтирилган. Лекин уларнинг орасида топонимиянинг бошқа турлари (ойконим, гидроним) га қараганда оронимлар нисбатан кам учрайди. Асар топонимияси, жумладан, оронимияси ареал жиҳатидан Марказий Осиё (Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон), Афғонистон, Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Кавказ, Россия, Туркия каби мамлакатларни қамраб олади. “Зафарнома”да Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳудудига тегишли Кеш уқбаси (Самарқанд билан Китоб оралиғидаги Тахтиқорача довони), Кўҳистон, Кўҳимард, Козиргоҳ, Кўҳак, Пойтоғ, Танги боло, Қорачуғ, Кўйитан (Кўҳитанг) каби тоғ номларини; Боштон, Қаҳлаға ва Дарбанди Оҳанин, Суф, Дараи ғиз, Оқ кўтал каби дараларнинг номларини; Дари Занги, Йабғу, Тошканд, Хивақ, Дашти Кўланка, Отақум каби чўл, саҳро, даштларнинг номлари; Йасси Добон довони каби оронимларни кўриш мумкин3.
“Вақфнома”лар ҳам Ўзбекистон топонимлари, жумладан, оронимлари тўғрисида маълумот берадиган муҳим тарихий манбалардан бири ҳисобланади. Жумладан, Хўжа Ахрорнинг Ўрта Осиё ва Афғонистондаги мулклари ҳақидаги вақфномаларда Ўзбекистон ҳудудига тегишли 140 дан зиёд оронимлар келтирилганини кўриш мумкин. Унда оронимлар ва оронимлардан келиб чиққан бошқа турдаги жой номлари таркибида индикатор (объектнинг турини кўрсатувчи сўзлар) вазифасида келган тоғ, кўҳ, тепа, талл, замин, ақба, арози, дашт, қиз, қоқ, қўруқ//қўриқ, кон, санг, тўда, девор, яйлоғ каби сўз ва атамалар учрайди1.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари ўзининг оронимлар тўғрисидаги бой материаллари билан бошқа ҳар қандай тарихий манбадан ажралиб туради2. Бобур ўз она тилиси бўлган туркий тилни, шунингдек, ўзи яшаган даврдаги турли лаҳжа ва шева тилларини, турли табақа ва тоифага тегишли кишиларнинг нутқий шаклларини тийран билганлиги, кенг сўз бойлигига эга бўлганлиги, араб, форс-тожик тилларини яхши билганлиги, афғон (пушту), урду (Покистонда яшовчи аҳоли тили), ҳинд тилларидан хабардор бўлганлиги сабабли ўз асарида табиат ҳодисалари, ер юзаси тузилиши, сувлоқлар, сиёсий-ижтимоий ва бошқа шунга ўхшаш воқеа-ҳодисаларни тўлақонли тушунган ҳолда, уларнинг номларини турли тиллар ва шеваларга хос шаклларда баён қила билган. Шулар қатори асарда кўплаб орографик сўзлар, атамалар, улардан шаклланган оронимлар ҳамда бошқ турдаги географик жой номларини кўриш мумкин.
“Бобурнома”да келтирилган орографик сўз ва атамалар: ўланг, қўриқ, мағоқ, пушта (асарда мустақил “тоғ” термини сифатида ҳам, оронимлар таркибида шу маънодаги объектни ифодаловчи индикатор вазифасида ҳам қўлланган), учма (асарда нотекис, қиррали баландликлари бўлган ер маъносида келган), домана ( тоғ этаги), бурж (тоғ чўққиси), чақар, канора
(тоғнинг чети), эниш, добон (довон), яйлоқ (яйлов), туз (текис ер), чангал (дарахтзор), шох (қоя), танги (тоғ орасидаги тор йўл, дара), кўтал, қўл (тоғ ўртасидаги кичик тармоқлар, асарда “ҳар қўлда ва ҳар пуштада кентлар ясаб ўлтурубтурлар” деган жумлада буни кўриш мумкин), паргана (асарда маъмурий-ҳудудий бирликни ифодаловчи атама сифатида келтирилган ва унга шундай изоҳ берилган: “ Самарқанд ва Бухоро ва яна бу навоҳида вилоятчаларниким, бир улуғ вилоят тахтида бўлғай, туман дерлар. Ва Андижон ва Кошғар ва ул орада ўрчин ва Ҳиндистонда паргана дерлар”1, ўрчин, сангтўда, қўлла (асарда этак маъносида ишлатилган, буни қуйидаги изоҳ тасдиқлагандай бўлади:” Ул тоғнинг қулласида Шоҳи Кобул иморат қилғони учун бу тоғни Шоҳи Кобул дерлар”(185-бет); қўҳистон (тоғли ўлка), тумшуқ тоғ шаклини ифодалайди: “Шоҳи Кобул тоғидан бир тумшуқ айрилиб келибтур, Уқобайин дерлар (186-бет); банд (бу атама асарда дара маъносида қўлланган, буни қуйидаги изоҳ тасдиқлайди: “Ул вилоятларда (ҳозирги Афғонистон ҳудуди) кўталларни банд дерлар”(193-бет); кўҳ (тоғ), сингир (асарда унга шундай изоҳ берилган: “Бу эл тоғни беркитканни сингир дерлар эмиш”(206-бет); камар, кўҳпоя (бу атама асарда тоғ маъносида қўлланган: “Исфара вилоятида тўрт бўлук кўҳпоядур: бири Исфара, яна бири Ворух, яна бири Сўх, яна бири Ҳушёр (61-бет); жулга (ўтлоқзор, ўланг атамаси билан маънодош), дун (“Ҳиндистон тили била жулгани “дун” дермишлар (330-бет); обкан (форс-тожикча “сув ўйган, тешган жой”), жар, секиртма (асарда қўлланишига қараганда баланд-паст, нотекис жойлар), ушоқ тоғ, берк тоғ, такоб ( тагоб – тоғ ости, тоғ этагидаги майдон), асарда унга тегишли шундай жумла берилган: “Такоблари берк даралардур, аксар ерлари якандоздур. Ҳар ердин тушуб бўлмас. ...” (201-бет).
Бу атамаларнинг кўпчилиги оронимлар ва оронимлардан келиб чиққан бошқа турдаги жой номлари (ойконимлар, гидронимлар) таркибида учрайди.
Жумладан, тоғ ва унинг форсча варианти бўлган кўҳ атамаси қатнашган 64 та ороним, добон атамаси қатнашган 5та ороним, дара ва кўтал атамасидан шаклланган 51 та ороним, пушта атамаси билан ифодаланган 4 та ороним (бу ўринда пушта сўзи “тоғ” атамаси ўрнида қўлланган), ўланг атамаси қатнашган 10 та ороним, дашт атамаси билан ифодаланган 4 та, жулга атамаси билан 2 та ороним келтирилганлигини кўриш мумкин. Бу оронимлар ҳозирги Ўзбекистон, Тожикистон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон ҳудудларини қамраб олади. Асарда келтирилган орографик атамалар ҳам юқорида кўрсатилган мамлакатларида яшовчи халқларнинг тилларига хос бўлган луғавий бирликлардан шаклланган. Уларнинг аксариятини туркий (ўланг, кўтал, қўриқ, учма, яйлоқ, туз, қўл, тумшуқ, сингир) ва форс-тожик (кўҳ, кўҳпоя, пушта, домана, канора, шоҳ, танги, сангтўда, банд, камар), шунингдек, араб (ҳисор, ақба) ҳамда мўғул (добон, ўрчин) тилларига тегишли атамалар ташкил этади.
Бобур орографик атамаларни шунчаки келтириб, ёки санаб ўтмайди, балки ўрни билан уларга тегишли изоҳларни ҳам қайд этади. Масалан, “Ул тоғнинг қулласида Шоҳи Кобул иморат қилғони учун бу тоғни Шоҳи Кобул (Кобул вилоятининг шоҳи) дерлар” (185-бет). Жавак кўтали, Тул кўтали, Бозарак кўтали тўғрисида гапирилган жойда шундай изоҳ берилади: “Бу уч кўталдан яхшироғи Тулдур. Вале йўли бир нима узунроқдур. Ғолибо бу жиҳаттин Тул дерлар”(188-бет)]. Тул сўзи асли арабча бўлиб, узун маъносига эга. Қуйида Бозарак кўталига тегишли яна бир изоҳни ўқиш мумкин: “Бозарак кўталини Сароб эли Порандай отлиқ кентга инар учун Порандай кўтали дерлар”(188-бет). Парвон туманлигига борадиган тоғ йўли Ҳафтбача деб аталишини Бобур шундай изоҳлаган: “Яна бири Парвон йўлидур, улуғ кўтал била Парвон орасида яна етти кўтал бор учун Ҳафтбача дерлар” (188-бет). Кўҳи Сафид тоғига шундай изоҳ берилган: “ Тўққиз руд ушбу тоғдин чиқар, бу тоғдин қор ҳаргиз ўксумас. Бу жиҳаттин ғолибо Кўҳи Сафид дерлар”(190-бет). Ғурбанд топонимига қуйидагича изоҳ берилган: ” Яна бир Ғурбанд туманидур. Ул вилоятларда кўталларни банд дерлар. Ғур сари бу кўтал била борурлар, ғолибо ул жиҳаттин Ғурбанд дебтурлар” (193-бет).
Хожа Региравон тоғига қуйидагича изоҳ келтирилади: “Бу икки даштнинг (яъни, Курраи Тозиён ва Дашти Шайх) орасида бир кичикроқ тоғ тушубтур, бу тоғда бир парча қум тушубтур, тоғ бошидан тубигача Хожа Региравон дерлар” (194-бет). Бу ерда рег сўзи форс-тожик тилида “қум”, равон сўзи эса равидан (юрмоқ, оқмоқ) феълининг ҳозирги замон шакли (рав) ва унга –он қўшимчаси қўшилиб, равон, яъни ҳозирги замон сифатдоши (равон - оқар) ясалган. Демак, Қум тоғнинг устки қисмидан пастга, яъни тоғнинг этак қисмига доимо оқиб тушуб турганлиги учун шундай аталган. Хожа сўзи эса тоғ культи сифатида, уни муқаддаслиштириш, улуғлаштириш маъносида қўшилган деб ўйлаймиз. Тоғ номи жойнинг хусусияти асосида келиб чиққан. Гўспандилиёр тангиси номининг келиб чиқиши тўғрисида қуйидагича изоҳ келтирилган: “ Қўйчи ва чўпон гоҳи гала ва рамани бу йўл ва танги била индурур учун бу йўлни Гўспандилиёр дер эмишлар. Йўлни афғон (бу ерда пушту тили назарда тутилган – изоҳ бизники) тили била лиёр дерлар (207-бет). Бир ўринда Қутий ҳавали номини келтириб, ҳавал сўзига шундай изоҳ беради:”Ул эл тоғдаги ғор ва ковакларни ҳавол дерлар” (257-бет). Кўтали Заррин кўтали номига берилган қуйидаги изоҳга эътибор берайлик: “Йўл худ қирлаб юқори чиқар экандур. Кўтали Заррин дер эмишлар. Бу ерда зарин сўзи аслида сарин (сар+ин) шаклида бўлиб, форс-тожик тилида бош, юқори маъноларига эга; -ин қўшимчаси нисбий сифат ясайди. Бир ўринда Кўҳи Жуд тоғи номига шундай изоҳ берилган: “ Беҳрадин етти куруҳ шимол сари бир тоғ тушубтур. Бу тоғни “Зафарнома”да ва баъзи китобларда “Кўҳи Жуд” битибтурлар, важҳи тасмияси маълум эмас эди, сўнгралар маълум бўлди: бу тоғда бир ота наслидан икки эл бор. Бирини жуд ва бирини жанжуҳа дерлар. ...Ушбу тоғнинг ярмида жуддур, ярмида жанжуҳа. Бу тоғни жудқа мансуб қилиб, Кўҳи Жуд дебтурлар” (289-бет).
Топонимларнинг бошқа турлари каби оронимлар ҳам тилдаги энг қадимий сўз бўлганлиги учун, улар маҳаллий географик атамалар ва маълум бир шеваларга хос бўлган сўз ва қўшимчалардан шаклланган бўлади. Шу боис уларни изоҳлаш, лисоний ва нолисоний асосларини аниқлаш ҳамда кўрсатиш даврлар ўтгани сари мураккаблашиб боради. Бу нарса номларнинг асли қиёфаси ва маъносини хиралаштириб, аҳоли ўртасида уларнинг изоҳи сифатида турли ривоятлар, фараз ва тахминларни келтириб чиқаради. “Бобурнома”да халқ ўртасида тарқалган шунга ўхшаш шарҳлар, изоҳлар ҳам кўплаб келтирилган. Масалан, Кўҳи Сафид “оқтоғ” оронимини келиб чиқиши тўғрисидаги қуйидаги изоҳга эътибор берайлик: “Тўққиз руд ушбу тоғдин чиқар, бу тоғдин қор ҳаргиз ўксумас. Бу жиҳаттин ғолибо Кўҳи Сафид дерлар”(190-бет). Шунингдек, Ҳодарвеш бодия (дашт)сининг маъносини келиб чиқиши тўғрисида халқ ўртасида мавжуд бўлган қуйидаги этимологияни келтиради: “ Дерларким, бир неча дарвеш бу бодияда тунд елга йўлуқуб, бир-бирларини тополмай, “Ҳо, дарвеш”, “Ҳо, дарвеш” де-де ҳалок бўлубтурлар, андин бери бу бодияни Ҳодарвеш дерлар” (62-бет].
Ўрта Осиё халқларининг XVI асрлардаги ижтимоий-сиёсий ҳаётини ўрганишда катта ўрин тутадиган тарихий ёзма манбалардан бири бўлган Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдулланома” (“Шарафномайи шоҳий”) асари ҳам Ўрта Осиё, жумладан Ўзбекистон оронимлари тўғрисида маълумот беришда шунга ўхшаш бошқа жангномалардан фарқ қилмайди1. Асарда воқеалар билан боғлиқ равишда келтирилган фақат бир нечта оронимларни учратиш мумкин. Жумладан, Бартоқ ва Қартоқ тоғлари, Арқанқур дараси,
Қоронғутоғ, Илонўтти дараси, Гиз дараси, Шер шутур чўли, Вол дараси, Ёрбулоқ тоғларини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.
XIX асрларга келиб, Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон тарихи, географияси, этнографиясига бағишланган бир қатор ишлар юзага келди. Бу асарларда мазкур ҳудуд жой номлари, уларнинг келиб чиқиши ва маънолари тўғрисида илмий ва халқ этимологиясига доир фикр ва маълумотлар мавжуд. Бу асарлар Х. Вамбери, Н.В. Хаников, Н.Ф. Ситняковский, Д.Н. Логофет, Г.П. Остроумов ва бошқалар қаламига мансуб. Ўрта Осиё топонимларини тадқиқ этишда рус олимларидан академик В.В. Бартольднинг қўшган ҳиссаси, айниқса, каттадир2. Шунингдек, мазкур ҳудуд топонимлари тўғрисида Б.Л. Вяткин, А.А. Семенов, П.П. Иванов, М.Е. Массон, С.П. Толстов, И.И. Умняков, Я.Г. Ғуломов, В.Я. Шишкин, О.Д. Чехович, Б.А. Ахмедов, А.Р. Муҳаммаджанов каби олимларнинг олиб борган кузатишлари ҳам муҳим ўрин тутади.
Академик Я. Ғ. Ғуломовнинг топонимия учун хизматлари катта аҳамиятга эга. У Хоразмнинг суғорилиш тарихини ўрганишда шу ҳудудда мавжуд бўлган топонимик объектларга тегишли тарихий-этимологик изоҳлар ва таҳлилларни ҳам келтирган1. Жумладан, олим томонидан Султон Уиздоғ тоғи номи VII асрларда Арабистонда яшаган суфизм таълимотининг асосчиларидан бири Карни Увайс номидан олинганлиги тегишли асослар билан исботлаб берилган. Бу тоғнинг қадимги хоразмча номи Кўҳи Чағра бўлган2.
Оронимлар тўғрисидаги турли маълумотларни кейинги даврларда илмий-оммабоп услубда ёзилган мақолалар, очерклар ва асарлардан ҳам олиш мумкин. Жумладан, таниқли журналист, публицист Ҳаким Сатторийнинг “Амир Темур севган юрт” номли бадиалар битилган асари ҳам шунга мисол бўла олади3 . Китобда машҳур “Амир Темур ғори” ва бу ғор жойлашган ҳудуд оронимиясига тегишли қизиқарли ва айни чоқда, қимматли маълумотлар учрайди. Жумладан, китобда келтирилишича, 1992 йилда нашр қилинган Амир Темур Кўрагоннинг ўзи тартиб берган таржимаи ҳоли – “Зафар йўли” асарида Амир Темур йигирма икки ёшга тўлганида мўғул хони амир Қазағонга қарши курашиш мақсадида қўшин тўплаш учун Аррафот тоғига бормоқчилиги айтилган. Китоб охирида келтирилган изоҳда Қашқадарё ҳудудида бўлган бу тоғ тўғрисида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмаслиги ёзилган. Кейинги даврларга тегишли манбаларда ҳам на тоғ номи ва на унинг жойлашган ўрни тўғрисида ҳеч қандай маълумот учрамайди. Китоб муаллифининг сўзларига қараганда, дастлаб, то Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Шодмон Комолов билан учрашиб қолмаганича, бирон жойдан ва бирон кишидан бу тоғ номи ва унинг маъноси тўғрисида изоҳ тополмаган. Шодмон Камолов кўп йиллар ТошДУ, ҳозирги ЎзМУ география факультетида талабаларга дарс бериб келганлар. Шу киши китоб муаллифига Аррофот номи тўғрисида ва бошқа бир қанча орографик атамалар тўғрисида ўз фикрларини айтганлар. Жумладан, у киши шундай изоҳ берган: “Текис тоғларни “садтоғ”, тик тушган, қирқилгандек бўлса, - “девортоғ”, туя ўркачларига ўхшаса, - уркунжатоғ, учли, қиррали, аррага ўхшаш тоғларни – “аррафот” деб атайдилар1. Шунингдек, Масхара чўққиси номининг изоҳига ҳам тўхталилган. Изоҳда келтирилишича, аслида Масхара эмас, Машҳара шаклида бўлган, Машҳараларда кузатувчилар турган ва душманни келиши ҳақида машъал ёқиб хабар беришган2.
Ундан ташқари, китобда “Амир Темур ғори” жойлашган жой атрофида бўлган Бовурчи тоғи, Мезайгов, Шилхазор, Сартўғай, Қалъаи Шерон даралари, Дулдулнинг қири номларини ҳам учратиш мумкин.



Download 1,52 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   8   9   10   11   12   13   14   15   ...   82




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish