13.3. Ер ости қувурларини дайди токлар коррозиясидан ҳимоя қилиш Ер ости қувурларини дайди токлар коррозиясидан ҳимоя қилишдаги тадбирларни икки гуруҳга бўлиш мумкин:
Биринчи гуруҳ тадбирлари – дайди токларнинг ерга ўтишини камайтиришга қаратилган;
Иккинчи гуруҳ тадбирлари – дайди токларни ердан қувурга ўтишини ва уларни қувурдан таъсирсиз олиб чиқишга қаратилган.
Биринчи гуруҳ тадбирларига қуйидагилар киради.
1. Темир йўл узунлиги бўйича подстанциялар сонинини кўпайтириш. Бунда темир йўлидаги (рельсдаги) токларни станцияга қайтиб келиш масофаси қисқаради ва тегишлича, токни ерга ўтиш имконияти камаяди.
Белгиланган меъёрларга кўра, бир томонли темир йўлдаги подстанциялар орасидаги масофа 35 км дан, икки томонли темир йўлида 25 км дан ортиқ бўлмаслиги керак.
2. Темир йўлнинг узунлиги бўйича ўтказиш қаршилигини камайтириш, яъни ток ўтказишини ошириш. Бу темир йўл рельс секцияларини бирбирлари билан уланишини яхшилаш орқали эришилади. Рельс станцияларини уловчи металл ўтказгичларнинг қаршилиги узунлиги 3 м бўлган рельс қаршилигидан ортиқ бўлмаслиги керак.
3. Темир йўл рельси билан ер ўртасидаги ўтказиш қаршилигини ошириш. Бу темир йўл рельсларини диэлектрик моддалар (нефт битуми) билан тўйинтирилган ёғоч тўсинлари ёки темир битон шпаллари устига ўрнатиш орқали амалга оширилади.
Иккинчи гурух тадбирларга қуйидагилар киради.
1. Қувурнинг узунлиги бўйича ўтказиш қаршилигини ошириш. Бу изоляция қилувчи фланцлар ёрдамида қувурни секцияларга бўлиш орқали эришилади (31–расм). Қувурнинг узунлиги бўйича қаршилигини ошириш, ердаги дайди токларни қувурга кириб, у орқали ҳаракат қилиш имкониятини камайтиради.
2. Дайди токлар таъсирини камайтириш ёки умуман йўқ қилиш. Бу электродренаж қурилмалари ёрдамида амалга оширилади. Бу ҳимоянинг ҳимоя қилиш механизми, қувурдаги дайди токларни ўзича ерга утишини содир этмай уларни кабел сими орқали подстанцияга ёки рельсга олиб боришга асосланган. Бунда қувурнинг анод зонасида – электрокоррозия жараёни содир бўлмайди, яъни қувурдаги дайди токларни ўзича ерга ўтиши содир бўлмайди (32 – расм).
31 – Расм. Қувурни электрик секциялаш чизмаси.
1 – қувур; 2 – изоляция фланци; 3 – қаршилиги юқори бўлган материал – паранит.
Электродренаж ток бўйича танланиб, асосан қувурнинг темир йўлга яқинлашган жойига уланади. Ўрнатиладиган жойи, унинг иш самарадорлигининг юқори бўлишини таъминлаш керак.