Улуғворлик ва тубанлик
Нафосат фалсафасидаги яна бир муҳим мезоний тушунча – бу улуғворлик тушунчаси ҳисобланади. Бу тушунча ҳам гўзаллик категорияси каби мутафаккирлар эътиборини ўзига жалб этиб келган. Жумладан, инглиз нафосатшуноси Э.Бёрк гўзалликни улуғворлик билан қиёсий ўрганиб, бу икки тушунчани бир-бирига қарама-қарши тушунчалар сифатида тадқиқ этади. И.Кант эса бу борада аксинча йўл тутади, яъни гўзаллик ва улуғворликни уйғунликда ривожланувчи тушунчалар деб ҳисоблайди. Улардан фарқли ўлароқ, Ҳегел, улуғворликни гўзалликнинг бир кўриниши, улуғворлик – зоҳирий гўзалликнинг ботиний гўзалликка айланиши, деб тушунтиради.
Улуғворлик - инсон тафаккурида юксак ҳайратланиш туйғуларини ҳосил қилувчи нарса-ҳодисалар мажмуидир. Улуғворликнинг кўлами гўзаллик кўлами каби чексиз бщлиб, у ўзида ҳажм, миқдор, кўлам ва кўламни мужассам этади. Олмон файласуфи Ф. Шиллер улуғворлик тушунчасини драматиклаштиради: у қайғу ва қўркувни енгиш инсонни қанчалик улуғлаши ва чирой бахш этишини кўрсатиб беради. У улуғворликни «ахлоқий хавфсизлик» тушунчаси билан қиёслайди ва инсон қўрқув ва даҳшатга қарши бориши учун ҳам хавфдан холи бўлиши кераклигини айтади. Жисмоний хавфсизлик бевосита шахснинг ўзига тегишли бўлиб, инсондаги қатьий ишонч боис хотиржам ва хавфсиз бўлади. Бироқ, даҳшатли йўқотишлар ва ёвузликлар қаршисида инсоннинг хотиржамлиги йўқолади. Агар хавф инсоннинг ўзигагина яқинлашса-ю, у ўзини ҳотиржам хис қилса, демакки, унинг виждони хавфдан холи; унга ҳеч қандай ҳавф таҳдид солмайди. Шу боис Шиллер ахлоқий ҳавфсизликни дин, эътиқод ва абадийлик билан боғлайди. Ахлоқий хавфсизликнинг заминий хусусиятини эса ҳаёт ва ўлим масалалари билан изоҳлайди, улуғворлик муҳокамаси юксак даражада маданиятни талаб қиладики, бу муҳокама гўзаллик муҳокамасидан устуворроқдир.
Гўзаллик меъзоний тушунчаси каби улуғворлик ҳам табиат, жамият ва инсон билан боғлиқ эстетик муносабатлар тизимида намоён бўлади. Хусусан, табиатдаги улуғворлик чексиз осмон, пурвиқор тоғлар, юксак чўққилар, мовий денгизлар мисолида кўзга ташланса, вулқон, чақмоқ, камалак сингари табиат ҳодисаларида ҳам улуғворликнинг ҳажм намоён бўлади. Улар узоқдан кишиларда ҳеч қандай ҳаяжонли таассурот қолдирмайди. Бироқ, уларга яқинлашганимиз сари руҳиятимизни ҳаяжон, жўшқинлик эгаллай бошлайди, уларни бутунлигича кўз билан қамраб ололмаслик даражсига етганда эса бу ҳаяжон янада ортади. Табиатдаги улуғворлик математик ва динамик хусусиятга эга. Математик хусусиятида хажм, динамик хусусиятида куч устувор аҳамиятга касб этади. Бироқ, иккала хусусият ҳам инсонда кучли ҳайрат ва ҳайратланиш туйғуларини пайдо қилади. Зеро, тоғлар инсонни юксак фикрлашга, буюк ғояларга ундайди. Эверест чўққисига Ўзбекистон байроғини тикиб қайтишган алпинистларимизнинг хаяжонли таъссуротларини тинглаш эстетик завқ бағишлаши ҳам ана шунда.
Жамиятдаги улуғворлик умуминсоний қадриятлар, қаҳрамонлик, жасорат, халқпарварлик, бунёдкорлик тушунчалари билан уйғунлашади. Давлатда барқарорлик, жамиятда адолат устуворлиги, шахснинг эркин ва ҳурфикрлилик асосида фаолият олиб бориши ижтимоий тизимнинг улуғворлигини акс эттиради.
Санъатдаги улуғворлик эса ўзининг ҳар томонлама ижодий ифодасини топади; санъатнинг барча турлари учун улуғворлик асосий мезон бўлиб ҳизмат қилади. Бадииий адабиёт ва ифодали санъат турлари улуғворликни тасвирлашда хилма-хил воситалардан фойдаланиб ҳамда улуғворлик мавзусини бадиий ўзлаштириб, қаҳрамонлик эпосларини лиро-эпик достонларни, қаҳрамонлик фожиаларини, мардонавор мусиқа асарларини (симфония, оратория)ни вужудга келтирди. Бу борада меъморчиликдаги улуғворлик муҳим аҳамиятга эга. Масалан, Самарқанддаги Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси, Имом Бухорий мажмуи, Бухородаги Минораи Калон, Хивадаги Калта Минор, Шаҳрисабздаги Бибихоним, Оқсарой, Тошкентдаги Европа ва Осиё меъморчилигининг янги анъаларини уйғунлаштирган Миллий Банк биноси, Олий Мажлис биноси, Темурийлар тарихи Давлат музейи, Мисрдаги эҳромлар, юнонларнинг Парфенони, римликларнинг Колизейи, ўрта аср готик бош черковлари шулар жумласидандир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, улуғворлик тушунчасига фақат миқёс, кўлам ва ўлчовининг катталиги билан ёндашиш унинг қамровини чегаралаб қўяди. Бобил минораси, Минораи Калон, Миср эҳромлари ўзининг кенг миқёслилиги билан кишиларни ҳайратга солса, Гўри амир, Шоҳизинда, Ичан қалъа, Регистон майдони, Исмоил Сомоний мақбараси, Чор Минор, Боло ҳовуз мачити инсонда юксак даражада нафосат ва гўзаллик туйғуларни шаклантиради.
Санъатдаги улуғворлик театр, кино, бадиий адабиёт фожиавийлик билан ёнма-ён туради: эстетиканинг бу икки мезоний тушунчаси ўртасида ўзига хос диалектик алоқадорлик мавжуд бўлиб, улар миллийлик ва умуминсонийлик хусусиятларига кўра фарқланадилар. Масалан, Шекспир ва Шайхзода асарлари бир вақтнинг ўзида ҳам улуғворликни ҳам фожиавийликни намоён этади. Фарқ, Улуғбекнинг ўлими билан Оттелонинг қисматида, холос... Санъатдаги улуғворлик бадиий мазмун ва шаклнинг барча имкониятлари воситасида ифодаланади, лекин бунда ҳал қилувчи ролни ғоя ўйнайди. Муҳим аҳамиятли ғоя юксак руҳланган, муукаммал шаклнинг зарурлигини юзага келтириб, санъат асари даражасининг юксаклиги белгилаб беради. Бу ҳолат ҳаётий ҳақиқатдан қочишга эмас, унга хизмат қилишга даъват этади.
Тубанлик. Нафосат фалсафаси категориялари орасида хунуклик сингари кишиларда салбий ҳис-туйғу пайдо қиладиган бошқа тушунчалар ҳам мавжуд. Тубанлик ана шундай тушунча: уни хунуклик билан айнанлаштириб бўлмайди. Чунки, хунуклик кишиларда енгил нохушлик туйғусини пайдо қилса, тубанлик эса кучли нафратланиш ҳиссини уйғотади. Бир сўз билан айтганда, тубанлик - инсонда кучли нафратланиш туйғуларини ҳосил қилувчи эстетик категориядир.
Мазкур категория ҳам эстетик ҳам ахлоқийлик табиатига эга. Унинг эстетик табиати санъатда инъикос эттириши ва бадиий асар қаҳрамонларининг дунёқарашини акс эттириш орқали намоён бўлади. Тубанликнинг ахлоқийлик табиати эса шахс ва жамиятдаги ахлоқсиз қилмишлар ҳамда инсонийликка зид тамойилларга асосланади
Шуни таъкидлаш жоизки, ҳайвонот ва наботот оламидаги хунуклик тубанликка айланмаслиги мумкин. Бироқ, инсондаги ҳунук иллатлар секин-аста тубанлик даражасига етади. Иллатлар, ёмон одатлар инсон табиатидаги ёвуз хисларни қўзғатиб юбориши натижасида инсонни тубанлаштиради. Бу инсон, мамлакат, жамият бошига оғир кулфатларни юзага келтириши билан бирга эстетик дунёқарашни ҳам тўпослаштиради. Тубанликнинг ижтимоий зарари шундаки, у моҳиятан маънавий юксаклик ва жасорат, миллий ўзлик ва ғурур, халқ бирлиги ва жипслигига раҳна солади, азалий қадриятларни бир биридан бегоналаштиради. Лоқайдлик, ҳиёнат, алдов, манфаатпарастлик, ёлғон, адолатсизлик каби ахлоқсизлик кўринишлари жамият маънавий ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. Қизил империя корчалонларининг “ўзбеклар иши”, “пахта иши” деб аталган қатағони, биродар месхети турклар ва қирғизлар ўртасига сочган низо уруғлари, террорчи-экстеримистларнинг Бухоро, Тошкент, Андижондаги хунрезликлари тубанликка мисол бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |