Эстетик эҳтиёж. Эстетик англаш ва шу асосдаги фаолият жараёнининг ибтидоси эстетик эҳтиёжга бориб тақалади. Эстетик эҳтиёж инсон ҳаётида рўй берадиган барча эстетик ҳодисаларнинг асоси сифатида ҳам табиий-биологик, ҳам ижтимоий-маънавий моҳиятга эга; «гўзал нафс», нафосатга ташналик, инсонда эстетик ҳиссиётни қўзғатиш хусусиятини сақлаб қолган ҳолда, кейинчалик унинг бутун умри мобайнида такомиллашиб боради ва эстетик муҳокама, эстетик баҳо, эстетик дид ва эстетик идеалнинг шаклланишига хизмат қилади. Ҳар бир шахсдаги маданиятлилик даражаси, маънавий салоҳияти унинг эстетик эҳтиёжи доираси билан ўлчанади. У «гўзал нафс» сифатида бошқа эҳтиёждан талаб этилаётган объектдан моддий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва бошқа манфаатлар кутмаслиги, беғаразлиги билан ажралиб туради. Эстетик эҳтиёж эстетик ҳиссиёт билан узвий, диалектик боғлиқ; эстетик эҳтиёж кўпинча эстетик ҳиссиётни уйғотса, баъзан эстетик ҳиссиёт эстетик эҳтиёжни вужудга келтиради. Масалан, сиз «Мирзо Улуғбек» спектаклини кўриш хоҳиши – эстетик эҳтиёж туфайли театрга бордингиз; спектакл мобайнида сизда эстетик ҳиссиёт-ҳайратланиш, завқланиш, қувониш в.б. туйғулар қўзғалди. Спектаклдан кейин эса у ҳақда мулоҳаза юритишга, ундаги ижобий ва салбий қиёфаларни баҳолашга, қолаверса, яқин кишиларга спектакл мазмунини ўз эстетик нуқтаи назарингиздан сўзлаб беришга ёки Мирзо Улуғбек суратини чизишга, унга атаб шеър ёзишга ёки у ҳақида иншо ёзишга эҳтиёж сезасиз. Демак, эстетик эҳтиёж ҳиссиётни уйғотса, ҳиссиёт яна эстетик эҳтиёжни, муайян эстетик ҳодисани ўзгача бадиий-эстетик талқин қилиш, унга ижодий ёндашиш эҳтиёжини туғдиради. Зеро, Ж.Локк айтганидек, «нимаики тушунчада бор экан, у бундан аввал ҳиссиётда мавжуд эди; агар ҳиссиётдан ақлга нарсалар қиёфаси узатилмас экан, у ҳолда тафаккур учун ҳеч қандай материал берилмаган бўлади». Демак, эстетик англаш аввало эстетик ҳиссиёт бўлишини тақозо этади.
Эстетик ҳиссиёт. Кўпинча адабиётларда эстетик ҳиссиёт «эстетик туйғу» сўзида, бирлик шаклида берилади. Гоҳ эстетик кечинманинг, гоҳ эстетик ҳаяжоннинг синоними тарзида талқин қилинади. Бизнингча, бу унчалик тўғри эмас. Чунки ҳаяжон ҳам, кечинма ҳам битта туйғудан эмас, туйғулар силсиласидан иборат бўлади, шу сабабдан уни кўпликда – ҳислар ёки ҳиссиёт шаклида қўллаш мақсадга мувофиқ.
Энди эстетик ҳиссиётни ташкил этадиган ҳисларнинг баъзиларини қисқача кўриб ўтайлик.
Эстетик ҳиссиётнинг ибтидосидаги туйғу эстетик қизиқиш. Маълумки, қизиқиш ҳисси, соғинч ва қўмсашдан фарқли ўлароқ, ўтмишда рўй берган ҳодисани эмас, балки кўп ҳолларда келажакда, тез муддат ичида рўй бериши лозим бўлган воқеликни назарда тутади, унга интилади; интилиш жараёни эса –«учрашув»га тайёргарлик дегани. Эстетик қизиқиш субъектнинг объект ҳақида, ҳали у билан юзма-юз келмасдан туриб, муайян бир умумий тушунчага эга бўлишини, уни идрок этишга ўзини ҳозирлашини тақозо этади. Уни бошқача қилиб, ҳаяжонли кутиш, орзиқиш ҳам дейиш мумкин; бадиий адабиётда, журналистларда, «ниҳоят орзиқиб кутилган кун келди» ёки «орзиқиб кутилган дақиқалар етиб келди» деган ибораларнинг ишлатилиши бежиз эмас, зеро орзиқиш – қизиқишнинг юксак нуқтаси. Масалан, сиз Самарқанддаги Шоҳизинда меъморий мажмуаси зиёратига отландингиз. Бунда сиз албатта у ҳақда қачондир эшитганларингиз ва ўқиганларингизни эслайсиз, билганларингизни муайян тартибга солиб, бу бевосита нотаниш ва айни пайтда билвосита таниш объект тўғрисида дастлабки тасаввурга эга бўласиз, унинг сирли зиналари, улуғвор мақбараларию гўзал безаклари билан учрашувга интиласиз. Бундай ҳолат ўзингиз севган хонанда ёки актёр билан бўлажак учрашув олдидан ҳам юзага келади.
Эстетик ҳиссиётда тасаввур худди эстетик фаолиятдагидек катта аҳамиятга эга, уни юқорида келтирганимиздек, дастлабки эстетик тасаввур деб аташ мақсадга мувофиқ. Дастлабки эстетик тасаввур субъект объект билан бевосита эстетик муносабатга киришмасдан аввал рўй беради. У орқали сиз эстетик муносабатга киришадиган объектини ўзингизча кўз олдингизга келтирасиз, кўпроқ умумий манзара билан чекланасиз, қолаверса хаёлан ўзингиз яратган, аслида объектда йўқ хусусиятларни ҳам тасаввурда бор деб ҳисоблайсиз. Эстетик жараён бошланганидан объектнинг «ундай» эмас, «бундай» экани маълум бўлади, илк таассурот асосидаёқ тасаввурингиз ўзгаради ва энди у эстетик фаолиятнинг бир мурвати, ижодий тасаввур сифатида иш кўради. Демак, дастлабки тасаввур эстетик тасаввурнинг таассуротгача бўлган даврини ўз ичига олади ва объектга ҳиссий кириб боришда ўзига хос йўлак вазифасини бажаради.
Эстетик муносабатнинг бошланишида рўй берадиган яна бир туйғу бу - қувонч ҳисси: субъект объектни кўрган пайтда, дейлик, гўзалликка дуч келганида уни ички бир қувонч қамраб олади. Эстетик қувонч субъектни кузатувни давом эттиришга даъват этади ва объектни ҳиссий ўрганиш учун унга муайян кайфият, руҳ беради. Худди шундай вазифани улуғворлик ва мўъжизавийликни мушоҳада этишда – ёқимли ҳайрат ҳисси, фожеавийликда –ачиниш, ҳамдардлик, кулгилиликда – ҳазил, кулги бажаради. Лўнда қилиб айтганда, ҳайрат билан эстетик жараён бошланади. Эстетик муносабат мобайнида у аввал қизиқишга, кейин аста-секинлик билан завққа айланади ва завқ билан идрок этиш ҳодисаси воқе бўлади. Айни пайтда завқ фақат эстетик объектни идрок этишдагина эмас, балки ана шундай объектларни яратишда ҳам илҳом шаклида иштирок этади: завқ билан ижод қилинган асар завқ билан идрок этилади. Табиат эстетикасидан бошқа эстетик соҳаларнинг ҳаммасида завқ субъектдагина эмас, балки объектда ҳам мавжуд бўлади. Бунда фақат эстетик завқ ўзини яшириб, ботиний хусусиятга эга ҳис – руҳ шаклида намоён қилади. Эстетик завқни бизда ҳам, руслардаги илмий адабиётларда ҳам одатда эстетик лаззат шаклида қўллаб келинади. Бизнингча, бу тўғри эмас. Чунки лаззат кўпроқ ташқи ниманингдир субъект ичига кириши билан белгиланса, завқда субъект объектнинг ичига кириб боради. Ундан ташқари, лаззат ҳам, завқ ҳам ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, гастрономик лаззат, шаҳвоний лаззат, меҳнат завқи, спортдаги, қимордаги завқ. Эстетик завқ буларнинг ҳаммасидан фарқли равишда моддий ёки жисмоний манфаатдорликдан йироқ, у объектга эгаликни эмас, объектни кўриш, кузатиш, мушоҳада қилишни тақозо этади. Ундан инсон моддий эмас, маънавий қониқиш ҳосил, қилади нарса-ҳодисага беғараз ёндашув билан чекланади. Эстетик завқ ўйин ҳодисаси билан боғлиқ. Ўйин эса, маълумки, санъатнинг санъатлик моҳиятини ташкил этади, доимо ижодийлик хусусиятига эга. Эстетик завқ, оддий завқдан фарқли ўлароқ, инсонни тарбиялаш хусусиятига эга, инсон эстетик идрок этиш жараёнида завқланиб борар экан, айни шу жараённинг ўзида тарбияланиб боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |