4.2. Пул массаси ва таркиби
Пул массаси – муомаладаги нақд пуллар ва нақд пулсиз оборотдаги пулларнинг йиғиндисидир. Бугунги кунда бозор иқтисодиёти шароитида фаолият юритаётган мамлакатларнинг пул оборотида фақат банкнота ва танга кўринишда эмас, балки кредит, чек ва электрон ёзувлар кўринишида иштирок этаяпти. Шунинг учун иқтисодчилар ушбу пулларни пул массаси деб юритишади. Пул массаси мамлакатда муҳим иқтисодий кўрсаткич бўлиб, унинг ҳажми жами ижтимоий маҳсулотнинг ҳажми билан мувозанатда (пулнинг айланиш тезлигини инобатга олган ҳолда) бўлиши зарур.
Пул массасининг миқдори ва унинг таркиби Марказий банк томонидан назорат қилинади. Марказий банк пул – кредит инструментлари орқали мамлакатда пул массасини оқилона меъёрини таъминлайди.
Пул массаси таркиби асосан иккита компонентдан ташкил топади.
Муомаладаги нақд пуллар – пул массасининг юқори ликвидли маблағлари ҳисобланиб, исталган пайтда тўлов воситаси сифатида фойдаланиш имкониятини беради. Ушбу агрегат муомаладаги банкнот ва тангаларни ўз таркибига олади.
Нақд пулсиз маблағлар – мулкий шаклидан қатъий назар барча турдаги хўжалик юритувчи субъектларнинг кредит муассасаларида ҳисобрақам-лардаги, шунингдек, пластик карточкалар ва ҳисоб – китоб чеки кўринишидаги маблағлардан иборат.
Муомаладаги ликвидлик даражаси паст ҳисобланган пуллар квазипуллар деб юритилади. Ушбу пулларнинг таркибига нисбатан паст ликвидли ва тўлов воситаси сифатида ишлатилмайдиган қимматли қоғозлар киради.
Пул массасини миқдорий ўлчашга нисбатан 2 хил ёндашув мавжуд:
трансакцион ёндашув - бунда пулларнинг тўлов воситаси ва муомала воситаси сифатида ҳаракатланиши кўзда тутилади. Шу сабабли трансакцион ёндашувда пул массасининг актив қисми еътиборга олинади;
ликвидли ёндашув - бунда пуллар энг юқори ликвидли актив сифатида тан олинади.
Активларнинг ликвидлилиги деганда тез пулга айлана олиш қобилияти тушунилади. Ликвидли ёндашувга кўра нафақат актив пуллар балки пассив пуллар ҳам пул массасининг таркибига киритилади.
Пулларга бўлган талаб назариялари ичида Ж.Кейнснинг ликвидликка ихлос қўйиш назарияси муҳим ўрин эгаллайди. Ушбу назарияга кўра пулларга бўлган талабни 3 та омил белгилайди:
трансакцион омил-товарлар хомашё ва материаллар сотиб олиш учун, иш ҳақи тўлаш учун компанияларга пул керак. Аҳоли маълум турдаги товарларни харид қилиш учун, хизматлар ҳақини тўлаш учун пул керак. Шу сабабли улар даромадларининг маълум қисмини пул шаклида сақлайдилар;
эхтиёткорлик омили-аҳоли ҳам компаниялар ҳам келгусида юз бериши мумкин бўлган, кўзда тутилмаган ҳолатлардан ҳимояланиш мақсадида пул жамғарадилар;
спекулятив (чайқовчилик) омили-аҳоли ва компаниялар пул маблағларини келгусида даромад олиш мақсадида активлар сотиб олиш учун сақлайди.
Муомалардаги пул массасининг ҳажми Марказий банкнинг монетар сиёсати асосида тартибга солинади, бу жараёнда иқтисодиётда пул таклифининг кўрсаткичлари муҳим омил бўлади. Пул таклифи – бу нақд ва нақдсиз кўринишдаги пул маблағларининг муомлада пайдо бўлиши бўлиб, пулнинг тўлов воситаси ва муомала функциялари билан боғлиқ.
Кўпчилик ҳолларда Марказий банк иқтисодиётда нақд пул таклифи миқдорига таъсир қилиш орқали унинг барқарорлигини оширишга ҳаракат қилади. Бироқ бу иқтисодиётда нақд пул тақчиллигини келтириб чиқаришга сабаб бўлади. Муомаладаги пул миқдорини камайтириш учун қуйидаги чораларни амалга ошириш муҳимдир.
- истеъмол кредитни ривожлантириш, кредитга қанчалик кўп товар сотилса, шунча кам миқдорда пул муомалада керак бўлади;
- нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг ривожланиши;
- пулларнинг муомала тезлигини оширишга эришиш ва бошқалар.
Пул массаси даражасини ҳисоблашнинг асосий тамойилларидан бири маблағларни ликвидлилик даражаси ҳисобланади. Муомаладаги пулнинг турлари пул агрегатлари билан гуруҳларга ажратилади. Унга кўра муомаладаги маблағлар ликвидлилик бўйича таснифланади, яъни дастлаб юқори ликвидли маблағлар паст ликвидлигига қараб М1, М2, М3,….Мn ёки L агрегатларга ажратилади. Пул агрегатлари таркиби ва сони турли мамлакатларда турличадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |