Тижорат банклари асосан жамиятдаги вақтинчалик бўш пул маблағларни жалб қилиш ва ушбу маблағларни тегишли мақсадларга жойлаштириш орқали тегишли фойдани шакллантиради. Банкларнинг вақтинчалик бўш пул маблағларини жалб қилиш билан боғлиқ операциялари пассив операциялар ҳисобланади. Банкларнинг пассив операциялари тегишли харажатлар эвазига амалга оширлади.
Демак, тижорат банклари пассив операциялари натижасида молиявий ресурсларни шакллантиради. Ресурслар иккита йирик манба: жалб қилинган маблағлар ва ўз маблағларидан иборат. Ресурслар банк балансининг пассивида ҳисобга олиб борилади. Тижорат банклари баланси пассивининг асосий улушини мажбуриятлар (жалб қилинган маблағлар) ташкил этиб, улар жами банк ресурслари таркибида 85–90 фоиздан иборат бўлади.
Мажбуриятларни муддати ва вужудга келиш манбасига қараб: –барқарор ва –беқарор маблағларга, улар учун тўланадиган харажатлар миқдоридан келиб чиқиб: –арзон ва –қиммат маблағларга ажратиш мумкин.
Жалб қилинган маблағларнинг манбаси: Депозитлар: чақириб олингунча сақланадиган депозитлар;
муддатли депозитлар;
жамғарма депозитлар.
Халқаро банк амалиётида банк ресурслари таркибида депозит маблағлар, айниқса муддатли депозитлар асосий улушни ташкил этади. Банк ресурслари таркибида муддатли депозитлар улушининг юқорилиги банкларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга ва тўловга лаёқатлилигини таъминлашга бевосита ижобий таъсир кўрсатади.
Таъкидлаш лозимки, республикамиз тижорат банклари ресурслари таркибида муддатли маблағларнинг улуши ўсиб бориш тенденциясига эга бўлиб, ушбу кўрсаткич 2001 йил 1 январь ҳолатига тахминан 7 – 8 фоизни ташкил этгани ҳолда, 2008 йил 1 январь ҳолатига 17 фоизга, 2018 йил 1 январ ҳолатига 30 – 35 фоизни ташкил этган.
Депозитсиз маблағлар Банклараро кредит ресурслари;
ҳукумат ҳисобварақларидаги вақтинча бўш маблағлар;
тижорат банкларидан олинган ресурслар;
бошқа маблағлар.
Банкларнинг депозит бўлмаган маблағлари таркибида молия бозоридан жалб қилинган банклараро кредит ресурслари асосий салмоқни эгаллайди. Банклараро кредитлар асосан қисқа муддатли характерга эга бўлиб, одатда ушбу кредитларни бериш ва олиш жараёни ўзининг тезкорлиги билан муҳим аҳамиятга эга. Ушбу жараён бўйича асосий операциялар банкларнинг вакиллик ҳисобварақлари доирасида амалга оширилади. Яъни, тижорат банклари ўзаро келишувга эришганда маблағлар вакиллик ҳисобварақлари орқали ўтказиб берилади. Шу билан бирга, ушбу кредитлар тижорат банклари учун нисбатан арзон ва муддати жиҳатидан «узун» маблағлар ҳисобланади.
Халқаро банк амалиётида банкларнинг депозит бўлмаган ресурслари таркибида асосий йирик манбалардан бири қимматли қоғозлар ҳисобланади. Банклар молиявий ресурсларни шакллантириш мақсадида акция, облигация, депозит ва жамғарма сертификатларни муомалага чиқаради. Шунингдек, тижорат банклари узоқ муддатли ресурсларини шакллантиришда ипотека ва субординар қимматли қоғозлари муҳим ўрин тутади. Банкларнинг қимматли қоғозларни муомалага чиқариш орқали ресурсларни шакллантириш билан боғлиқ операцияларини иккита гуруҳга ажратиш мақсадга мувофиқ.
Биринчи гуруҳга, тижорат банклари устав ва қўшимча капиталини шакллантириш мақсадида акция ва субординар қимматли қоғозларни муомалага чиқариш бўйича операциялари, иккинчи гуруҳга эса қисқа ва узоқ муддатли ресурсларга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун облигация ва ипотека қимматли қоғозлари, депозит ва жамғарма сертификатлари билан боғлиқ операциялари киради.