5.2. Пул тизимининг турлари
Кишилик жамиятининг вужудга келиши, ривожланиши ва такомиллашуви баробарида товар – пул муносабатлари ҳам шунга монанд ҳолда ривожланиб ва такомиллашиб келмоқда. Шунингдек, пул тизими ҳам мавжуд ижтимоий – иқтисодий жараёнлар давомида икки турдан иборат бўлди. Хусусан:
– металл пуллар тизими, бунда товар пул (қимматбаҳо металл)
муомала воситасини бажаради, металл пуллар тўлов воситасини бажарганда уларда пулнинг барча функциялари намоён бўлади;
– қоғоз – кредит пуллар тизими, олтин ва кумуш танга пуллар эволюцион тарзда қоғоз – кредит пуллари томонидан муомаладан сиқиб чиқарилди.
Металл пуллар тизими шароитида металл қандай шаклда бўлишидан қаътий назар, тўлов воситаси сифатида қабул қилинди. Металл пуллар тизими иккига бўлиниб, биринчиси, биметаллизм, иккинчиси, монометаллизм сифатида гуруҳланади.
Биметаллизм – бу пул тизимида давлат қонуний жиҳатдан тўлов воситаси иккита металлни (одатда олтин ва кумуш) чегараланмаган миқдорда эркин зарб қилишга рухсат беради.
Ўз навбатида биметллизм тизими учта шаклда амал қилди:
– биринчидан, параллел валюта тизими, ушбу металл пуллар ўртасидаги муносабат уларнинг бозор баҳосидан келиб чиққан ҳолда стихияли равишда ўрнатилди;
– иккинчидан, иккиёқламали валюта тизими, металл пуллар ўртасидаги муносабат давлат томонидан белгиланди ва шунинг асосида олтин ва кумуш тангалар зарб қилинди;
– учинчидан, «оқсоқ» валюта тизими – ушбу тизимда олтин ва кумуш тангалар қонуний тўлов воситаси сифатида хизмат қилди, лекин кумуш тангалар ёпиқ ҳолда, олтин тангалар эса эркин зарб этилди. «Оқсоқ» валюта
тизими дейилишига сабаб кумуш тангалар ушбу даврда тўлақонли валюта сифатида умум эквивалент ролини амалга оширмайди.
Муомалада иккита металл пулнинг вазифасини бажарган пайтда улар ўртасида баҳони аниқлашда муаммолар ва зиддиятли ҳолатлар вужудга келди. Шу билан бирга, пул тизимининг биметллизм шакли беқарор ва бир – бирига ўзаро қарама – қарши эди. Шунингдек, ривожланган товар – пул муносабатлари шароити талабларига етарли даражада жавоб бермас эди.
Пул тизимининг биметаллизм шакли ҳукм сурган даври асосан XVI – XVII асрларга тўғри келади. Европа мамлакатларида 1866 йилларда биметаллизм пул тизимини сақлаб қолиш мақсадида кумушнинг қийматини олтинга нисбати расмий белгилаб қўйилди. Унга кўра, ўша пайтда кумуш ва олтин ўртасида муносабат 15,5:1 нисбатда ўрнатилди. XIX асрнинг ўрталарида ушбу тенглик ўртасида фарқ кенгайиб 22:1 тартибда белгиланди. Бунинг натижасида олтин ва кумуш тангалар муомаладан чиқиб, бойлик жамғармасини бажара бошлади.
Жамиятда товар – пул муносабатларининг ривожланиши ва ижтимоий
– иқтисодий ягона умумэквивалент вазифасини битта металл пул бажариш зарурлигини кўрсатди. Бунинг натижасида монометаллизм пул тизими шаклланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |