Қозоғистон: профессионал стандартларни ишлаб чиқиш
Етарли малакага эга бўлмаган ишчи кучи Қозоғистоннинг йирик корхоналари учун асосий муаммоларни келтириб чиқармоқда
Мутахассислар танқислигига барҳам бериш – Қозоғистон корхоналарининг биринчи галдаги вазифасидир. 2016 йилда ИҲРТ ҳукуматга профессионал-техник таълим воситалари, энг аввало малаканинг миллий чегаралари ва профессионал стандартларни фаол қўллашни тавсия этган эди. Қозоғистоннинг ресурсга бойлиги, бозорларга яқин жойлашгани ҳамда мамлакат ичида ҳам, ташқарисида ҳам кимёвий маҳсулотларга бўлган талабнинг юқорилиги ҳисобга олинса, у кимё ва нефть-кимё саноатини ривожлантиришда улкан салоҳиятга эга мамлакат ҳисобланади. Ишчи кучи дунё рақобати туфайли доимо малакасини ошириб, янги ва турфа касб-ҳунарларни эгалламоқда, меҳнат бозори ҳам замонга мос тарзда тайёрланган ёш мутахассисларни қабул қиляпти. Қозоғистон кимё ва нефть-кимё саноатида малакали кадрлар етишмовчилиги кузатилмоқда. Айни пайтда, Қозоғистонда етарли малакага эга бўлмаган ишчи кучи йирик корхоналар учун асосий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Маърузада, камида 6000 нафар мутахассисга эҳтиёж борлиги билдирилади. Профессионал-техник таълим тизимида профессионал стандартлар иш берувчининг талаблари ва инсон капиталини ривожлантириш ўртасида боғловчи бўғин ҳисобланади. Бугунги кунда Қозоғистон нефть-кимё соҳасида профессионал стандартлар йўқ. Кимё саноати учун бир нечта стандартлар ишлаб чиқилган эди, бироқ иш берувчилар уларни тузишда фаол қатнашмади. Қозоғистонда профессионал стандартларни ишлаб чиқиш, назорат қилиш ва янгилаш механизми етарлича ишлаб чиқилмаган, нефть-кимё ва кимё соҳасида профессионал стандартларни тузиш учун жавобгар бўлган орган ҳам мавжуд эмас. Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўн нафар мутахассисдан иборат кичик гуруҳ бошқа вазирликлар кўмагида профессионал стандартларни ишлаб чиқиш масалаларини назорат қилувчи котибият вазифасини бажаради. Иқтисодиётнинг барча тармоқларини қамраб олиш учун бу етарли эмас. Бугунги кунда Қозоғистонда миллий, ҳудудий ва тармоқлар даражасида техник ва касб-ҳунар таълимини ривожлантириш ва кадрлар тайёрлаш кенгашлари тузилган. Бироқ иш беручилар профессионал стандартларни ишлаб чиқиш жараёнида тўлиқ иштирок этмайди. Профессионал стандартларни ишлаб чиқишда қайси тармоқ уюшмаси нефть-кимё саноати манфаатларини ифодалашини тушуниб бўлмайди. Бугунги кун профессионал-техник таълим тизимида ўқув режаларини ишлаб чиқиш ҳамда малака даражасини баҳолаш ва сертификатлашда профессионал стандартлар ҳисоб-китобини таъминловчи самарали механизм етишмайди. Амалдаги таълим стандартларида уларнинг профессионал стандартларга мувофиқ келиши ҳақида гапирилмайди, мамлакатдаги ўқув режалар эса аниқ натижалар олишга йўналтирилмаган. Бундан ташқари, тармоқ бирлашмалари иқтисодиётнинг олтита тармоғи (металургия, нефть ва газ, сайёҳлик, машинасозлик, ахборот-коммуникация технологиялари, қурилиш ва турар-жой коммунал хўжалиги)да ҳозирги кунда тажриба тариқасида ишлаётган тўртта мустақил баҳолаш марказларини таъсис этди. Бироқ уларнинг биронтаси ҳам профессионал стандартлар асосида баҳолаш ишларини амалга оширмайди.т Ушбу тушунчалар Қозоғистон аҳолиси учун янги бўлгани боис, айниқса вилоятлардаги хусусий сектор вакиллари профессонал стандартлар нима ва таълимда улар қай тарзда қўлланилади, деган саволлар тўғрисида тўлиқ тасаввурга эга эмас. Ва ёки мазкур соҳада олиб борилаётган давлат сиёсатидан хабардор эмаслар. Бу, соҳадаги ташаббусларнинг етарли даражада келишилмагани билан изоҳланади. Шу боис, ИҲРТ ҳисоботида қайд этилганидек, Қозоғистон профессионал стандартларни ишлаб чиқиш, назорат қилиш ва янгилаш бўйича доимий ишлайдиган органни мустаҳкамлаши, профессионал стандартларни тайёрлаш бўйича экспертлар гуруҳини шакллантириши ҳамда мутахассисларни баҳолаш учун тегишли мезонларни ишлаб чиқиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |