Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуидаги маърузаси ҳамда мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишда Олий Мажлис Сенати, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини кучайтириш борасидаги 2010 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган вазифалар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуидаги маърузаси мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётида ғоят муҳим воқеа бўлди. Унда мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ўзгартиришлар жараёни, Ўзбекистоннинг демократик ва иқтисодий ислоҳотларни ўтказишдаги асосий ютуқлари чуқур таҳлил қилинди, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга бўлган очиқ демократик давлат қуришнинг, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг қоида ва хулосалари асосий стратегик мақсадга эришишга — бозор иқтисодиёти барқарор ривожланиб бораётган, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари сўзда эмас, балки амалда олий қадрият ҳисобланувчи кучли фуқаролик жамиятига эга бўлган очиқ демократик ҳуқуқий давлатни барпо этишга, Ўзбекистон дунёнинг ривожланган демократик давлатлари сафидан ўрин олишига қаратилган. Концепция мамлакатнинг сиёсий тизимини янада модернизация қилиш ишида дастурий ҳужжат, Ўзбекистонни ислоҳ қилиш ва демократлаштиришда янги босқич бўлди.
Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, ахборот соҳасини ислоҳ қилиш ҳамда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш, демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштиришнинг Концепцияда белгилаб берилган асосий йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан узоқ муддатга мўлжалланган конкрет ҳаракат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун асос бўлиши керак.
Мамлакат Президенти И.А. Каримовнинг маърузасида қўйилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатидан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидан, ҳар бир сенатордан ва барча даражалардаги депутатлардан юксак ташаббускорликни, қонун ижодкорлиги фаолиятининг самарадорлигини ҳамда парламент назоратининг таъсирчанлигини оширишни, ўз ишида умумдавлат ва минтақалар манфаатлари уйғун қўшиб олиб борилишини таъминлашни талаб қилади. Сенат Кенгаши, қўмиталари ва комиссияларининг, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг энг муҳим вазифаси Концепциянинг мазмуни ва моҳиятини кенг жамоатчилик, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси эътиборига етказишдан иборат.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясидан келиб чиқадиган юқорида кўрсатилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов томонидан ишлаб чиқилган, унинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисидаги маърузасида баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг қоидалари ва хулосалари бутунлай ва батамом маъқуллансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг энг муҳим вазифаси Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясидан келиб чиқадиган узоқ муддатли чора-тадбирлар комплексини амалга оширишдан иборат деб ҳисоблансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуидаги маърузасининг асосий қоидалари ва хулосаларини амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2010 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури тасдиқлансин (илова қилинади).
3. Қонунчилик базасини, назорат-таҳлил ишини такомиллаштириш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, унинг Кенгаши, қўмиталари ва комиссияларининг қуйидагиларга қаратилган устувор вазифалари сифатида белгилансин:
давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, давлат ҳокимияти субъектлари ўртасидаги ваколатларнинг янада мутаносиб тақсимланишини таъминлаш, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш;
суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, уни демократлаштириш ва либераллаштириш, қонун устуворлигини, қонунийликни таъминлаш, шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, ҳуқуқий давлатни шакллантириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий билимларни яхшилаш;
ахборот соҳасини ислоҳ қилиш ҳамда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари билан давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни барча чоралар билан мустаҳкамлаш, мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларнинг очиқ-ойдинлиги ва ошкоралигини таъминлаш;
мамлакатда амал қилиб турган ҳуқуқий нормалар демократиклигининг энг муҳим масаласи, халқ хоҳиш-иродасини ифода этишининг, фуқаролар давлат ва жамият ишларини бошқаришда қатнашишининг асосий шакли сифатида сайлов эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш;
фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг давлат тузилмалари билан ижтимоий шериклик принциплари асосида ўзаро ҳамкорлигини ҳуқуқий ва институциявий таъминлаш;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, вазифаларини кенгайтириш ҳамда унинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишини таъминлаш;
демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишни ҳуқуқий таъминлаш, оилавий, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик фаолиятининг ишончли кафолатларини яратиш.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар Кенгашларига қуйидагилар тавсия этилсин:
вакиллик ҳокимияти органларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуидаги маърузасининг қоидалари ва хулосаларидан келиб чиқадиган вазифалари тўғрисидаги масалани ва ушбу қарорни кўриб чиқиш;
мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган Концепциянинг мазмуни ва моҳиятини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, турар жойларда, корхоналарда, муассасалар ва ташкилотларда кенг муҳокама қилишни ташкил этиш;
Концепция қоидаларидан келиб чиқадиган аниқ ва мақсадга йўналтирилган тадбирларни амалга оширишни ўзларининг 2011 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган иш режаларига киритиш.
5. Ушбу қарор ижро этилиши учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар Кенгашларига юборилсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ушбу қарорни бажаришнинг бориши тўғрисида 2011 йил 1 мартгача ва тегишинча ҳар йили 10 декабргача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгашига ахборот тақдим этсин.
7. Ушбу қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси ўринбосари М.А. Раджабова зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 3 декабрь,
116-II-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2010 йил 3 декабрдаги 116-II-сонли Қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуидаги маърузасининг асосий қоидалари ва хулосаларини амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2010 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган
ҲАРАКАТ ДАСТУРИ