Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди пленумининг



Download 89,08 Kb.
Sana21.02.2022
Hajmi89,08 Kb.
#41571
Bog'liq
306 23.12.2016




Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди пленумининг
Қарори
Олдинги таҳрирга қаранг.
Иқтисодий судлар томонидан қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида
(қарор номи Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Иқтисодий судлар томонидан қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Пленуми қарор қилади:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда иқтисодий судлар (бундан буён матнда судлар деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади), «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини қўллаши лозим.
(1-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Судларнинг эътибори қаратилсинки, буюртмачининг мақомидан ёки молиялаштириш шартларидан келиб чиқиб (масалан, марказлаштирилган манбалар, давлат бошқарув органлари ва давлат корхоналари маблағлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектларнинг қурилишида), қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидалари ҳам қўлланилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари тўғрисида»ги 2003 йил 6 майдаги ПФ-3240-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Капитал қурилишда танлов савдолари тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2003 йил 3 июлдаги 302-сонли, «Капитал қурилишда хўжалик муносабатлари механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2003 йил 12 сентябрдаги 395-сонли қарорлари ва бошқалар шундай ҳужжатлар сирасига киради.
2. Қурилиш пудрати шартномаси буюртмачи ва пудратчи ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат ҳисобланади.
2.1. Қурилиш пудрати шартномасининг шартларини баҳолашда судлар ФК 364-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан шундай ҳолларда талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган бўлса, шартнома тузилган деб ҳисобланишини инобатга олишлари лозим. Шу муносабат билан, агар қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартлар назарда тутилмаган бўлса ҳамда ушбу шартларни белгилаш имконияти бўлмаса, бундай шартнома тузилмаган деб ҳисобланади. Бу ҳолатда судлар низони ҳал этишда шартномадан ташқари мажбуриятларни тартибга солувчи қоидаларни қўллашлари лозим.
Судларнинг эътибори тузилмаган шартноманинг ҳақиқий бўлмаган битимдан фарқланишига ва тузилмаган шартнома ҳақиқий бўлмаган битимнинг оқибатларини келтириб чиқармаслигига қаратилсин.
2.2. Шартномада муҳим шартларнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги суд томонидан қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда аниқланади. Бунда, шартномада муҳим шартлар мавжуд эмаслиги ҳақидаги ўзининг важларини низонинг тарафи даъво аризасида ёки даъво аризаси юзасидан билдирилган ёзма фикрида келтириши мумкин.
Агар ишни кўриш жараёнида шартномада бундай шартларнинг мавжуд эмаслиги аниқланса, суд низо юзасидан қурилиш ишларини бажаришда расмийлаштирилган ҳужжатлар асосида қарор қабул қилади ва унинг асослантирувчи қисмида қурилиш пудрати шартномаси тузилмаганлигини кўрсатиб ўтади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Судлар шуни эътиборга олиши керакки, шартнома тузилмаганлиги тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинмайди, фақат бу ҳақда ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида кўрсатилади. Шунга кўра, шартномани тузилмаган деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилинса, бундай даъво аризасини қабул қилиш ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади, агар даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш юритиш ИПК 110-моддасининг 1-бандига асосан тугатилади.
(2.2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 17-сонли қарори таҳририда)
2.3. Судларнинг эътибори, қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартларнинг мавжуд бўлмаганлиги ва шунга кўра шартнома тузилмаган деб ҳисобланиши, агар бундай ишларнинг бажарилганлиги ҳолати тақдим этилган далиллар билан исботланса, бажарилган ишлар қийматини ундириш тўғрисидаги талабни рад этишга асос бўлмаслигига қаратилсин. Бироқ, бундай қурилиш пудрати шартномаси шартлари ва (ёки) қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик чорасини (неустойка, фоизлар ундириш, зарарни қоплаш) қўллаш тўғрисидаги талабни қаноатлантириш рад этилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси 122-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга киради.
Шунга кўра, агар ғазначилик бўлинмасида рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиққан низони ҳал этишда, шартнома рўйхатдан ўтказилмаганлиги аниқланса, судлар мазкур қарорнинг 2.3-бандида белгиланган қоидаларни қўллашлари лозим.
4. Агар қонун ҳужжатларида қурилиш пудрати шартномаси фақат танлов (тендер) савдолари натижалари асосида тузилиши назарда тутилган бўлиб, шартнома савдолар ўтказилмасдан тузилган бўлса, бундай битим ФКнинг 116-моддасига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.
Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, агар қонун ҳужжатларида қурилиш пудрати шартномасини тузишнинг мажбурий шарти сифатида танлов (тендер) савдолари ўтказилиши назарда тутилган бўлса, бундай шартнома шартларини ўзгартириш юзасидан қўшимча келишув тузиш учун пудрат ташкилотини ғолиб деб топган танлов (тендер) комиссиясининг белгиланган тартибда кўриб чиқилган ва расмийлаштирилган баённомаси асос бўлади.
Агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, танлов (тендер) савдолари натижалари бўйича тузилган шартнома шартларини тарафларнинг келишуви билан ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Танлов (тендер) савдолари натижалари юзасидан тузилган шартномага тарафларнинг келишувига асосан киритилган ўзгартиришлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.
5. ФКнинг 108 ва 109-моддалари мазмунига кўра, қурилиш пудрати шартномаси оддий ёзма шаклда тузилади ва ушбу шаклга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Бунда, агар қурилиш пудрати шартномаси ёзма шаклда тузилмаган бўлса, тарафлар битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини ёзма ёхуд бошқа далиллар билан тасдиқлашлари мумкин.
Шунга кўра, қурилиш ишларини бажариш билан боғлиқ низони ҳал этишда тарафлар қурилиш пудрати шартномасини оддий ёзма шаклда тузмаган ҳолда ҳуқуқий муносабатга киришганлиги аниқланса, судлар мазкур қарорнинг 2.3-бандида белгиланган қоидаларни қўллашлари лозим.
6. ФК 670-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, пудратчи қурилиш давомида лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олинмаган ишларни ва шу муносабат билан қўшимча ишларни бажариш ва қурилишнинг смета қийматини ошириш зарурлигини аниқласа, бу тўғрида буюртмачига хабар бериши шарт.
6.1. Агар техник ҳужжатларга ўзгартишлар киритиш туфайли бажарилиши керак бўладиган қўшимча ишлар қиймати сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг ўн фоизидан ошиб кетмаса ва қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган ишларнинг хусусиятини ўзгартирмаса, пудратчининг қўшимча ишлар бажарилиши лозимлиги тўғрисидаги хабарини олган ва унга розилик берган буюртмачи ФК 671-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ мустақил равишда лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартишлар киритишга ҳақли. Бундай ҳолатда пудратчининг хабарномаси ва буюртмачининг лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш бўйича ҳаракатлари тарафларнинг қўшимча ишлар бажарилиши зарурлиги бўйича келишувини англатади ҳамда бу масала бўйича қўшимча келишув тузилиши мажбурий эмас.
6.2. Агар қўшимча ишлар қиймати сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг ўн фоизидан ошса ва буюртмачи бундай ишларни бажаришга рози бўлса, лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш келишувга кўра амалга оширилади ва бу ҳақда тарафлар томонидан келишув расмийлаштирилади.
6.3. Агар пудратчи буюртмачидан ўн кун ичида (агар қонунда ёки қурилиш пудрати шартномасида бунинг учун бошқа муддат назарда тутилган бўлмаса) қўшимча ишлар бажариш ва қурилиш смета қийматини ошириш зарурлиги тўғрисидаги ўз хабарига жавоб олмаган тақдирда, у тегишли ишларни тўхтатиши шарт. Мазкур ҳолда, агар буюртмачи қўшимча иш бажариш зарурати йўқлигини исботламаса, бекор туриб қолиш натижасида кўрилган зарар буюртмачининг зиммасига юкланади.
Судлар эътиборга олишлари лозимки, агар қўшимча ишлар қиймати сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг ўн фоизидан ошмаса ва буюртмачи лойиҳа-смета ҳужжатларига тегишли ўзгартиш киритишга қарши бўлса, пудратчи шартномадан бош тортишга ва бажарган ишларига мутаносиб равишда шартнома баҳосини тўлашни талаб қилишга ҳақли.
Агар қўшимча ишлар қиймати сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг ўн фоизидан ошса ва буюртмачи лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиш киритишга қарши бўлса, пудратчи шартномадан бош тортишга ва бажарган ишларига мутаносиб равишда шартнома баҳосини тўлашни ёхуд ФК 382-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибда шартнома баҳосини қайта кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда, қурилиш пудрати шартномаси тендер савдоси натижаси бўйича тузилган бўлса ва тендер комиссияси шартномага ўзгартишлар киритишни рад этса, пудратчи шартномадан воз кечиш ва буюртмачидан етказилган зарарни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу қоида буюртмачи томонидан тендер комиссиясига тегишли ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолларда ҳам қўлланилади.
6.4. ФК 670-моддасининг олтинчи қисмига кўра, агар пудратчи қурилиш давомида лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олинмаган аниқланган ишлар тўғрисида буюртмачини хабардор қилмаса ёки тегишли ишлар бажарилишини тўхтатмаса, у бажарган қўшимча ишлар учун буюртмачидан ҳақ тўлашни ва шу туфайли кўрилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Шунга кўра, агар суд томонидан низони ҳал этишда пудратчи томонидан ФК 670-моддасининг олтинчи қисмида белгиланган талабларга риоя қилинмаганлиги аниқланса, пудратчининг бажарган қўшимча ишлар учун ҳақ тўлаш ва шу туфайли кўрилган зарарни қоплаш ҳақидаги талабларини қаноатлантириш рад этилади.
Судлар эътиборга олишлари керакки, агар пудратчи буюртмачининг манфаатини кўзлаб, хусусан ишнинг тўхтатилиши қурилиш объектининг нобуд бўлишига ёки шикастланишига олиб келиши мумкин бўлганлиги муносабати билан дарҳол ҳаракатлар қилиш зарур бўлганлигини исботласа, пудратчининг бажарган қўшимча ишлар учун ҳақ тўлаш ва шу туфайли кўрилган зарарни қоплаш ҳақидаги талаблари қаноатлантирилади. Бунда, буюртмачининг манфаатини кўзлаб дарҳол ҳаракатлар қилиш зарур бўлганлигини исботлаш мажбурияти пудратчи зиммасида бўлади.
Судларнинг эътибори қаратилсинки, агар пудратчи буюртмачини қўшимча ишларни бажариш ва қурилишнинг смета қийматини ошириш зарурлиги тўғрисида олдиндан огоҳлантирмаган, аммо буюртмачи пудратчи томонидан қўшимча бажарилган ишларни қабул қилган бўлса, бу ҳолат буюртмачининг бундай ишлар ҳақини тўлашга розилигини англатмайди.
6.5. Судлар инобатга олишлари керакки, ФК 671-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган пудратчининг лойиҳа-смета ҳужжатларидаги камчиликларни аниқлаш ва йўқотиш билан боғлиқ оқилона харажатларни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқи лойиҳа-смета ҳужжатлари фақат буюртмачи томонидан ишлаб чиқилгандагина вужудга келади.
7. Фуқаролик қонун ҳужжатларига кўра, пудратчи томонидан шартномавий мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда (ФК 642-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари, 650-моддасининг учинчи қисми) ёхуд бундай ҳолатдан қатъи назар (ФК 642-моддасининг тўртинчи қисми), буюртмачи шартномадан воз кечишга ҳақли.
Буюртмачи шартномадан воз кечганда у бу ҳақда пудратчини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.
Судларнинг эътибори ФК 636-моддасининг олтинчи қисмида назарда тутилган буюртмачининг шартномадан воз кечиш ҳуқуқи қурилиш пудрати шартномаси ижро этилишида қўлланилмаслигига қаратилсин, чунки лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олинмаган ишлар ва бунинг натижасида қўшимча ишларни бажариш зарурияти аниқланганда, қурилиш пудрати шартномаси тарафларнинг ўзаро муносабатлари бундай муносабатларни тартибга солувчи махсус норма бўлган ФКнинг 670 ва 671-моддалари билан тартибга солинади.
7.1. ФК 642-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар пудратчи пудрат шартномасини бажаришга ўз вақтида киришмаса ёки ишни суст бажариши натижасида уни белгиланган муддатда тугатиш мумкин эмаслиги аниқ бўлиб қолса, буюртмачи шартномадан воз кечиб, етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Судлар эътиборга олишлари керакки, буюртмачининг бундай асослар билан қурилиш пудрати шартномасидан воз кечишида, агар иш кечиктириб бажариладиган бўлса, буюртмачи шартномага нисбатан ўз қизиқишини йўқотганлигини исбот қилиши лозим. Агарда буюртмачи шартномага нисбатан ўз қизиқишини йўқотганлигини исботлаб беролмаса, етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги талабни қаноатлантириш рад этилади.
7.2. ФК 642-моддаси учинчи қисмининг мазмунига кўра, агар ишни бажариш вақтида унинг тегишли даражада бажарилмаслиги аниқ бўлиб қолса, буюртмачи шартномадан воз кечиш ва етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Бу ҳолатда буюртмачи пудратчига камчиликларни йўқотиш учун оқилона муддат белгиланганлиги ва пудратчи белгиланган муддатда камчиликларни бартараф этмаганлигини исботлаши лозим.
ФК 650-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, агар ишдаги пудрат шартномаси шартларидан четга чиқишлар ёки бошқа хил камчиликлар жиддий ва бартараф этиб бўлмайдиган даражада бўлса ёхуд аниқланган камчиликлар буюртмачи томонидан белгиланган оқилона муддатда бартараф этилмаган бўлса, буюртмачи шартномани бажаришдан бош тортишга ва келтирилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Судларга тушунтирилсинки, агар ишдаги пудрат шартномаси шартларидан четга чиқишлар ёки бошқа хил камчиликлар жиддий ва бартараф этиб бўлмайдиган даражада бўлса, буюртмачи шартномани бажаришдан бош тортишга ва келтирилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли. Агар ишдаги пудрат шартномаси шартларидан четга чиқишлар ёки бошқа хил камчиликларни бартараф этиш мумкин бўлса ва буюртмачи пудратчидан белгиланган оқилона муддатда уларни бартараф этишни талаб қилган бўлса, бироқ улар пудратчи томонидан бартараф этилмаган ҳоллардагина буюртмачи шартномани бажаришдан бош тортишга ва келтирилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
7.3. Буюртмачининг зарарни қоплаш тўғрисидаги талабини кўришда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, зарарга шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги муносабати билан тарафнинг қилган харажатлари, мол-мулк йўқолиши ёки шикастланиши, шунингдек агар иккинчи тараф шартнома мажбуриятларини бажарганда тараф олиши мумкин бўлган, лекин унинг ололмай қолган даромадлари, ҳуқуқи бузилган шахснинг ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари ҳам киради (ФК 14-моддасининг иккинчи қисми). Бундай харажатларнинг зарурийлиги ва уларнинг тахминий миқдори асослантирилган ҳисоб-китоб ва далиллар (ишдаги камчиликларни бартараф этиш харажатлари сметаси ёки калькуляцияси, мажбуриятларни бузилганлиги учун жавобгарлик даражасини белгиловчи шартнома ва ҳ.к.) билан тасдиқланган бўлиши керак.
Ололмай қолган даромаднинг миқдори (бой берилган фойда), агар мажбурият бажарилганида, буюртмачи қилиши лозим бўлган оқилона харажатларни ҳисобга олиб аниқланиши лозим.
7.4. ФК 642-моддаси тўртинчи қисмининг мазмунига кўра, буюртмачи иш натижаси ўзига топширилгунга қадар истаган вақтда шартномадан воз кечиши мумкин.
Судларнинг эътибори, буюртмачи бундай ҳуқуқдан, пудрат шартномасида бу тақиқланмаган бўлсагина, фойдаланиши мумкинлигига қаратилсин.
Буюртмачи ушбу ҳуқуқдан фойдаланганида, у пудратчига шартномадан воз кечганлиги тўғрисидаги огоҳлантириш олингунга қадар бажарилган иш ҳақини тўлаши ҳамда пудратчига шартноманинг бекор қилиниши туфайли етказилган зарарни қоплаши шарт.
Бунда, зарар миқдори пудратчи томонидан шартномани бажарилишига тайёрланишида қилинган харажатлар ҳамда шартнома бекор қилинмаганида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари суммасидан келиб чиқиб аниқланади. Бироқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам, пудратчининг зарари бажарилган ишнинг баҳоси билан ҳамма иш учун белгиланган баҳо ўртасидаги фарқ доирасида қопланади.
8. ФКда пудратчининг ҳам пудрат шартномасидан бош тортиш ҳуқуқи назарда тутилган. Бунда, буюртмачидан фарқли равишда пудратчи ҳеч бир асоссиз шартномадан бош тортишга ҳақли бўлмай, у фақат қурилиш пудрати шартномаси шартларининг буюртмачи томонидан бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги ҳолатларидагина бунга ҳақлидир (ФК 644-моддасининг иккинчи қисми ва 672-моддасининг учинчи қисми).
Судларнинг эътибори пудратчининг ФК 643-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган шартномадан воз кечиш ҳуқуқи қурилиш пудрати шартномасини бажарилишида қўлланилмаслигига қаратилсин, чунки буюртмачи томонидан етказиб берилган материаллар (деталлар, конструкциялар) ёки ускуналарнинг яроқсизлиги аниқланганлиги сабабли вужудга келган ўзаро муносабатларни тартибга солувчи қоидалар махсус норма ҳисобланадиган ФКнинг 672-моддасида назарда тутилган.
8.1. ФКнинг 256 ва 644-моддаларига кўра, агар буюртмачи пудрат шартномаси бўйича ўзининг муқобил мажбуриятларини бажармаса (пудрат объекти, материаллар ва (ёки) техник ҳужжатларни бермаганлиги ёхуд ушбу мажбуриятларнинг белгиланган муддатда бажарилмаслигини яққол кўрсатиб турганлиги) ёки шартномани бажаришига тўсқинлик қилса, пудратчи шартномани бажаришдан бош тортишга ва зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.
Судларга тушунтирилсинки, пудратчи мазкур ҳуқуқдан фақат пудрат шартномасида бу тақиқланмаган бўлсагина, фойдаланиши мумкин.
Судлар инобатга олишлари керакки, пудратчининг зарарни қоплаш тўғрисидаги талабини қаноатлантиришда зарар миқдори пудратчи томонидан шартномани бажарилишига тайёрланишида қилинган харажатлар ҳамда шартнома бекор қилинмаганида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари суммасидан келиб чиқиб аниқланади.
8.2. ФКнинг 672-моддасида ҳам, агар қурилишни материаллар (деталлар, конструкциялар) билан таъминлаш мажбуриятини буюртмачи зиммасига олган ва у топширган материаллардан, ускуналардан бажарилаётган ишлар сифатини ёмонлаштирмаган ҳолда фойдаланиб бўлмаса, пудратчи қурилиш пудрати шартномасидан воз кечиш ва буюртмачидан ишнинг бажарилган қисмига мутаносиб равишда шартнома нархини тўлашни талаб қилишга ҳақли эканлиги назарда тутилган.
Пудратчининг кўрсатилган асос бўйича шартномадан воз кечиши билан боғлиқ низоларни кўришда, судлар пудратчининг буюртмачига у томонидан тақдим этилган материал ва ускуналарни алмаштириш бўйича талаб билдирилган-билдирилмаганлигини аниқлашлари лозим.
Судлар эътиборга олишлари керакки, бундай асос билан шартномадан воз кечганда пудратчи буюртмачидан фақат ишнинг бажарилган қисмига мутаносиб равишда шартнома нархини тўлашни талаб қилишга ҳақли.
9. ФКнинг 646 ва 680-моддаларига кўра, буюртмачи бажарилган ишни (унинг натижасини) пудрат шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда пудратчи иштирокида кўриб чиқиши ва қабул қилиши шарт бўлиб, бу ҳақда иккала тараф томонидан имзоланадиган далолатнома расмийлаштирилади.
Тарафлардан бири далолатномани имзолашдан бош тортса, бу тўғрида ушбу далолатномага ёзиб қўйилади ва далолатномани иккинчи тараф имзолайди. Суд далолатномани имзолашдан бош тортиш сабабларини асосли деб топсагина, ишлар натижасини топшириш ёки қабул қилишнинг бир тарафлама далолатномасини ҳақиқий эмас деб топиши мумкин. Далолатномани имзолашдан бош тортиш асосли ҳисобланади, агар бош тортишга қуйидагилар сабаб бўлган бўлса:
бажарилган ишдан қурилиш пудрати шартномасида кўрсатилган мақсадда фойдаланиш имкониятини бермайдиган камчиликлар борлиги буюртмачи томонидан аниқланган ва уларни пудратчи, буюртмачи ёки учинчи шахс бартараф этиши мумкин бўлмаган тақдирда;
қонунда ёки қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган ёки шартнома юзасидан бажариладиган ишнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолларда пудратчи дастлабки синовдан бош тортган тақдирда.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Судлар шуни эътиборга олиши керакки, бир томонлама топшириш ёки ишлар натижасини қабул қилиш далолатномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинмайди, фақат ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида бу ҳақда кўрсатилади. Шунга кўра, пудрат шартномасининг тарафларидан бири судга бир томонлама далолатномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси билан мурожаат қилса, бундай даъво аризасини қабул қилиш ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади, агар даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш юритиш ИПК 110-моддасининг 1-бандига асосан тугатилади.
(9-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Тарафлардан бири ишлар натижасини топшириш ёки қабул қилиш далолатномасини имзолаш мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилганда, бундай даъвони қаноатлантириш рад этилади, чунки бир тарафлама далолатнома ишлар бажарилганлигини тасдиқловчи далил сифатида хизмат қилиши мумкин, агар суд иккинчи тарафни далолатномани имзолашдан бош тортишини асоссиз деб топса.
9.1. ФК 646-моддасининг қоидаларига кўра, ишни қабул қилиш вақтида унинг камчиликларини аниқлаган буюртмачи бу камчиликлар ёхуд уларни тузатиш тўғрисида кейинчалик талаб қўйиш мумкинлиги далолатнома ёки қабул қилишни тасдиқловчи бошқа ҳужжатда кўрсатилган ҳоллардагина уларни важ қилиб келтиришга ҳақли. Пудрат шартномасидан чекинишлар ёки ишни қабул қилишнинг оддий усулида аниқланиши мумкин бўлмаган бошқа хил камчиликлар (яширин камчиликлар), шу жумладан, пудратчи қасддан яширган камчиликлар аниқланган ҳолатлар бундан мустасно.
Шу боис, далолатномада кўрсатилмаган бажарилган ишларнинг камчилиги бўйича низо келиб чиққан тақдирда, судлар пудрат шартномасидан чекинишлар ёки бошқа камчиликлар ишни қабул қилишнинг оддий усулида аниқланиши мумкинлигини, бу камчиликлар пудратчи томонидан қасддан яширилмаганлигини аниқлашлари лозим.
Агар бундай камчиликларни ишни қабул қилиш пайтида аниқлаш мумкин бўлганлиги ёки ишлар буюртмачи томонидан текширмасдан қабул қилинганлиги аниқланса, буюртмачининг ишдаги бундай камчиликларга ҳавола қилиши пудратчининг бажарилган ишлар ҳақини ундириб бериш тўғрисидаги талабини қаноатлантиришни рад этиш ёхуд буюртмачининг ушбу камчиликлар билан боғлиқ талабларини қаноатлантириш учун асос бўлмайди.
9.2. ФК 646-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, буюртмачи иш қабул қилиб олинганидан сўнг унда пудрат шартномасидан чекинишлар ёки ишни қабул қилишнинг оддий усулида аниқланиши мумкин бўлмаган бошқа хил камчиликлар (яширин камчиликлар)ни, шу жумладан, пудратчи қасддан яширган камчиликларни аниқласа, улар аниқланганидан сўнг ўн кунлик муддат ичида бу тўғрида пудратчига хабар қилиши шарт.
Шунга кўра, бундай камчиликлар юзасидан низо келиб чиққан тақдирда, судлар ушбу камчиликлар буюртмачи томонидан қачон аниқланганлигини ва пудратчи бу тўғрида кўрсатилган муддатда хабардор қилинганлигини аниқлашлари лозим.
Агар пудратчи ўз вақтида хабардор қилинмаган бўлса ва кўрсатилган муддатнинг ўтказиб юборилганлик сабаби суд томонидан узрсиз деб топилса, буюртмачининг ишдаги бундай камчиликларга ҳавола қилиши пудратчининг бажарилган ишлар ҳақини ундириб бериш талабини қаноатлантиришни рад этиш ёхуд буюртмачининг ушбу камчиликлар билан боғлиқ талабларини қаноатлантириш учун асос бўлмайди.
Агар пудратчи ишдаги камчиликлар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинган бўлса ҳамда буюртмачи ва пудратчи ўртасида бундай камчиликлар юзасидан низо келиб чиқса, суд истаган тарафнинг талаби бўйича экспертиза тайинлаши шарт.
Бунда, судлар эътиборга олишлари керакки, агар ишдаги пудрат шартномасидан чекинишлар ёки бошқа хил камчиликлар ишни қабул қилишнинг оддий усулида аниқланиши мумкин бўлиб, бу камчиликлар ишни қабул қилиш далолатномаси ёки қабул қилинганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатда акс эттирилмаган ёхуд иш буюртмачи томонидан текширмасдан қабул қилинган бўлса, ФК 646-моддаси бешинчи қисмининг қоидалар қўлланилмайди.
9.3. Қонунда ёки қурилиш пудрати шартномасида иш натижасини қабул қилиб олишдан олдин дастлабки синов ўтказилиши кераклиги назарда тутилган бўлса ёки шартнома юзасидан бажариладиган ишнинг хусусиятидан бу келиб чиқса, ишлар натижасини топшириш ва қабул қилиш бундай синов ўтказилмасдан амалга оширилган бўлса, пудратчининг бажарилган ишлар қийматини ундириш тўғрисидаги талабини қаноатлантириш рад этилади.
Агар буюртмачи иш натижаси бўйича дастлабки синов ўтказилишидан бош тортса, пудратчи тегишли ташкилотлар мутахассисларини жалб этган ҳолда синов ўтказишга ҳақли. Бу ҳолда, синов далолатномасида буюртмачи синов ўтказишдан бош тортганлиги тўғрисида ёзиб қўйилади.
10. Судларнинг эътибори қаратилсинки, ФК 646-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган ишларнинг сифати юзасидан низо келиб чиққан тақдирда, суд экспертиза тайинлаши шартлигидан фарқли равишда, фуқаролик қонун ҳужжатлари бажарилган ишларнинг ҳажми бўйича келиб чиққан низолар бўйича суднинг экспертиза тайинлашга мажбур эканлигини назарда тутмайди.
Шунга кўра, агар ишлар натижаси буюртмачи томонидан қабул қилинган бўлиб, бу тўғрисида тегишли топшириш ва қабул қилиш далолатномаси билан расмийлаштирилган бўлиб, бироқ кейинчалик бажарилган ишларнинг ҳажмидан норози бўлганлиги сабабли буюртмачи томонидан ишлар қиймати тўланмаган бўлса, суд манфаатдор тарафнинг аризасига кўра бажарилган ишларнинг ҳажмини аниқлаш учун экспертиза тайинлашга ҳақлидир, агар буюртмачи бажарилган ишларнинг ҳажмига оид ўз важларини тасдиқловчи тегишли далилларни тақдим этса.
Агар бажарилган ишлар ва уларни қабул қилиш ҳолати тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланмаган бўлса ва буюртмачи уларни қабул қилишни рад этиш учун бажарилган ишларнинг ҳажмидан норози бўлганлигини важ қилиб келтирса, суд манфаатдор тарафнинг аризасига кўра бажарилган ишларнинг ҳажмини аниқлаш учун экспертиза тайинлаши шарт.
Пудратчи томонидан қўлланилган баҳо юзасидан низо келиб чиққанда, судлар бажарилган ишлар натижасини қабул қилиш ва топшириш далолатномаси мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида белгиланган қоидаларга риоя қилишлари лозим.
11. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ, буюртмачи қурилиш ишлар бажарилиши устидан техник назоратни амалга ошириш учун ўз вакилини тайинлашга ҳақли.
Буюртмачи вакиллигини тасдиқловчи ҳужжат шартномага илова қилиниши ёки алоҳида ҳужжат шаклида тақдим этилиши мумкин. Бундай ҳужжатда вакилнинг ваколатлари кўрсатилган бўлиши керак.
Судлар инобатга олишлари керакки, агар бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) далолатномаси бундай ҳужжатни имзолашга ваколати мавжуд бўлмаган буюртмачининг вакили томонидан имзоланган бўлса, ушбу далолатнома ишлар натижаси буюртмачи томонидан қабул қилинганлигини англатмайди. Бироқ, буюртмачи ишлар натижасини топшириш ва қабул қилиш далолатномасини имзолашдан бош тортса ва суд далолатномани имзолашдан бош тортиш сабабларини асоссиз деб топса, буюртмачининг вакили томонидан имзоланган далолатнома пудратчи томонидан бажарилган ишлар (қилинган харажатлар)ни тасдиқловчи далиллардан бири сифатида қабул қилиниши мумкин.
12. ФКнинг 667-моддасига мувофиқ, агар пудрат объекти нобуд бўлса ёки шикастланса, объект қабул қилиб олингунга қадар унинг тасодифан нобуд бўлиш ёки тасодифан шикастланиш хавфи пудратчи зиммасида бўлади.
Бироқ, судлар инобатга олишлари керакки, агар буюртмачининг объектни (бажарилган ишни) қабул қилишдан асоссиз бош тортиши объектни (ишни) топширишни кечиктирилишига олиб келса ва объектнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан шикастланиши объектни (ишни) қабул қилиши лозим бўлган пайтдан кейин содир этилган бўлса, бу қоида қўлланилмайди.
13. ФК 682-моддасининг биринчи қисмига кўра, агар қонунда ёки шартномада бошқача кафолат муддати назарда тутилган бўлмаса, кафолат муддати объект буюртмачи томонидан қабул қилинган кундан бошлаб ўн йилни ташкил этади.
Судлар кафолат муддатини ҳисоблашда шартномада назарда тутилган кафолат муддати шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган муддатдан кам бўлмаслигига эътибор қаратишлари лозим.
Буюртмачи кафолат муддати ўтганидан кейин ҳам ишнинг камчиликлари юзасидан талаб билдириши мумкин, агар бундай камчиликлар ишни бажариш пайтида пудратчи томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари бузилиши натижасида рўй берганлигини исботласа.
14. Агар қурилиш пудрати шартномасида бажарилган иш ҳақининг бир қисмини кафолат муддати тугаганидан кейин тўлаб берилиши назарда тутилган бўлса, пудратчи ушбу муддат тугагунга қадар бажарилган иш ҳақини тўлиқ ҳажмда тўлаб беришни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Шунга кўра, кафолат муддати тугагунига қадар бажарилган ишларнинг ҳақини тўлиқ ундириш сўралган ҳолда, судлар пудратчининг талабини кафолат муддати тугаганидан кейин тўланиши лозим бўлган суммани чегириб ташлаган ҳолда қаноатлантиришлари лозим.
15. Судлар пудратчининг тежами билан боғлиқ низоларни ҳал этишда, ФКнинг 637-моддасига кўра, пудратчининг амалдаги харажатлари иш баҳосини аниқлаш вақтида (смета тузилаётганда) назарда тутилган харажатлардан кам бўлган ҳолларда, агар шартномада тақсимлашнинг бошқа тартиби назарда тутилмаган бўлса, башарти буюртмачи пудратчининг тежами бажарилган иш сифатига (шу жумладан, фойдаланилган қурилиш материалларининг сифати, ишларнинг шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги) таъсир этганлигини исботлай олмаса, пудратчи ишлар учун пудрат шартномасида кўрсатилган баҳо бўйича ҳақ олиш ҳуқуқини сақлаб қолишига эътибор қаратишлари лозим.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 26 мартдаги 135-сонли қарори билан тасдиқланган Объект муддатидан илгари фойдаланишга топширилганлиги ва шартнома қийматига нисбатан маблағлар тежалганлиги учун пудратчи ташкилотни буюртмачи томонидан мукофотлаш тартибининг 1.4-бандига кўра, шартнома қийматига нисбатан маблағлар тежалиши тендер савдолар асосида белгиланган шартнома нархи билан амалдаги харажатлар ўртасидаги тафовут сифатида аниқланади. Ушбу маблағлар мукофот сифатида пудратчи ташкилот ихтиёрида қолади.
Ушбу Тартибнинг 2.5-бандида қабул қилиш комиссиясининг объект муддатидан илгари фойдаланишга топширилганлигини белгиланган тартибда тасдиқловчи далолатномаси объект муддатидан илгари фойдаланишга топширилганлиги учун мукофотлашга маблағ ўтказиш учун асос ҳисобланиши, 2.6-бандида эса - объект муддатидан илгари фойдаланишга топширилганлиги учун ишларни бажарувчиларга мукофотлаш маблағларини ўтказиш пудрат шартномасида белгиланган муддатларда амалга оширилиши белгиланган.
Шу боис, судлар пудратчининг тежами шартномада назарда тутилган барча пудрат ишлари бажарилганлигидан сўнг аниқланиши мумкинлиги, пудратчининг тежами билан боғлиқ маблағларни ундириш тўғрисидаги талаб шартномада назарда тутилган барча пудрат ишлари бажарилгандан кейин қўйилиши мумкинлигини инобатга олишлари лозим. Бунда, буюртмачи пудратчининг тежами бажарилган иш сифатига таъсир этганлигини исботлай олмаса, бундай талаб қаноатлантирилиши мумкин.
16. Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи томонидан берилган материаллар ва ускуналар қолдиғи пудратчи томонидан қайтарилмаганда, буюртмачи пудратчида қолган материал ва ускуналарнинг қийматини инобатга олган ҳолда бажарилган ишлар учун тўланадиган ҳақ миқдорини камайтиришга ҳақли.
17. Шартномада буюртмачининг пудратчи томонидан бажарилган ишларнинг қийматидан неустойкани ушлаб қолиш ҳуқуқи назарда тутилган бўлиши мумкин.
Агар шартномада бундай шарт мавжуд бўлиб ва буюртмачи томонидан бажарилган ишларнинг қийматидан неустойка ушлаб қолинган бўлса, пудратчи буюртмачи томонидан неустойка асоссиз ушлаб қолинган деб ҳисоблаган тақдирда, у ушлаб қолинган пул маблағини ундириш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
18. Агар пудрат шартномаси бўйича пудратчи мажбуриятни бажариш муддатини кечиктирилишига йўл қўйса, буюртмачи кечиктирилган ҳар бир кун учун пеня ундириш талаби билан бирга, мажбуриятнинг бажарилмаган қисмини бажаришни пудратчининг зиммасига юклашни талаб қилишга ҳақли.
Пудратчи қурилиш пудрати шартномаси бўйича ўз мажбуриятини кечиктириб бажарганлиги учун жавоб бермайди, агар бундай кечиктириш буюртмачининг ўз муқобил мажбуриятларини бажарилмагани натижасида юзага келган бўлса.
19. ФКнинг 234 ва 354-моддаларига кўра, мажбуриятларнинг келиб чиқиш асосларидан бири шартнома бўлиб, унинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади, тегишли шартнинг мазмуни қонун ҳужжатларида кўрсатиб қўйилган ҳоллар бундан мустасно.
ФК 673-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, буюртмачи пудратчининг бажарган иши учун сметада назарда тутилган миқдорда, қонун ёки қурилиш пудрати шартномасида белгиланган муддатда ва тартибда ҳақ тўлайди.
Шунга кўра, судлар эътиборга олишлари лозимки, ёрдамчи пудратчининг бош пудратчига нисбатан бажарилган ишлар ҳақини ундириш тўғрисидаги даъвоси бўйича ишни кўриш жараёнида, субпудрат шартномасида бажарилган ишлар ҳақи буюртмачи томонидан бош пудратчига пул маблағлари ўтказилганидан сўнг тўлаб берилиши белгиланган бўлиб, лекин пул маблағлари буюртмачидан келиб тушмаганлиги аниқланган ҳолда, бундай даъвони қаноатлантириш рад этилади.
Агар шартномада бундай шарт назарда тутилмаган ҳамда ёрдамчи пудратчи томонидан бажарилган ишлар ҳақини тўлаш муддати белгиланмаган бўлса, буюртмачи томонидан объектни молиялаштириш амалга оширилмаганлиги ёрдамчи пудратчининг бош пудратчидан бажарилган ишлар ҳақини ундириш талабини қаноатлантиришни рад қилиш учун асос бўлмайди.
20. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 330-моддасининг 27-бандига кўра, давлат эҳтиёжлари учун товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб бериш шартномалари бўйича сотиб олувчи ҳисобланган давлат органлари ва ташкилотлари етказиб берувчилар (пудратчилар) томонидан шартнома мажбуриятларининг бажарилмаганлиги билан боғлиқ даъволар юзасидан хўжалик судларида давлат божи тўловидан озод қилинган.
ФК 457-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланадиган, давлат бюджети ва молиялашнинг бюджетдан ташқари манбалари ҳисобига таъминланадиган Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжлари давлат эҳтиёжлари дейилади.
Судларнинг эътибори қаратилсинки, қурилиш объектини молиялаштириш давлат бюджети ва бюджетдан ташқари манбалар ҳисобига амалга оширилиши ёки буюртмачи бўлиб бюджет ташкилотининг ҳисобланиши қурилиш пудрати шартномасининг давлат эҳтиёжлари учун тузилганлигини англатмайди.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 330-моддасининг 27-бандида назарда тутилган давлат божи тўлашдан озод қилиш бўйича имтиёзни қўллашда судлар қурилиш пудрати шартномаси бўйича бажарилган ишлар Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжи эканлигини ёки бундай шартнома буюртмачининг шахсий эҳтиёжи учун ёхуд оддий хўжалик фаолиятини амалга ошириш жараёнида тузилганлигини аниқлашлари лозим. Хусусан, давлат дастури доирасида ёки давлатнинг мудофаа манфаатида бажарилган қурилиш ишлари давлат эҳтиёжлари учун қурилиш пудрати шартномаси бўйича бажарилган ишлар деб ҳисобланади, аксинча давлат органлари ва ташкилотлари буюртмалари бўйича уларнинг оддий хўжалик фаолиятини амалга ошириш жараёнида фойдаланиши учун бино ва иншоотлар қурилиши (ёки уларни таъмирланиши) бўйича бажарилган ишлар (масалан, у ёки бу вазирлик ёхуд идора ҳудудий бошқармаси биносининг қурилиши) бундай ишлар деб ҳисобланмайди.
21. Қурилиш пудрати шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни кўриш вақтида ташкилотлар, давлат органлари ва бошқа органлар, мансабдор шахслар ёки масъул ходимлар фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилган ёхуд тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсқинлик қилинган ҳолатлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, судлар қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кўришлари лозим.
Олий хўжалик суди раиси К. КАМИЛОВ
Олий хўжалик суди Пленумининг котиби, судья И. АЛИМОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 23 декабрь,
306-сон

Download 89,08 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish