Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик
суди пленумининг
Қарори
ХЎЖАЛИК ШАРТНОМАЛАРИНИ ТУЗИШ, ЎЗГАРТИРИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШНИ ТАРТИБГА СОЛУВЧИ ФУҚАРОЛИК ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ НОРМАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Иқтисодий судлар томонидан хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллаш бўйича бир хил суд амалиётини шакллантириш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасини қўллаб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми қарор қилади:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Тадбиркорлик ва бошқа хўжалик (иқтисодий) фаолияти соҳасида хўжалик шартномаларини (бундан буён матнда шартнома деб юритилади) тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда иқтисодий судлар (бундан буён матнда судлар деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади), «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашлари лозим.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 17-сонли қарори таҳририда)
2. ФКнинг 8-моддасига кўра фуқаролик муносабатлари иштирокчиларида фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари вужудга келишининг асосларидан бири шартнома ҳисобланади.
Шартнома ФК 2 ва 354-моддаларининг (шартнома тузиш эркинлиги принципи), 102-моддаси учинчи қисмининг (шартнома тузиш учун тарафларнинг келишилган хоҳиши мавжудлиги), 105, 107, 108, 110, 111-моддаларининг (тегишли шаклларга риоя қилиш), 364-моддасининг (шартнома тарафлари ўртасида унинг барча муҳим шартлари юзасидан келишувга эришиш) талабларига жавоб бериши лозим.
3. ФКнинг 364-моддасига мувофиқ агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган бўлса, шартнома тузилган ҳисобланади.
Шартноманинг нарсаси тўғрисидаги шартлар, қонунда ёки бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда бундай турдаги шартномалар учун муҳим ёки зарур деб ҳисобланган шартлар, шунингдек тарафлардан бирининг аризасига кўра келишиб олиниши зарур бўлган ҳамма шартлар муҳим шартлар ҳисобланади.
4. Шартномани тузиш жараёни икки босқичдан иборат бўлади: биринчи босқич оферта, иккинчи босқич акцепт деб аталади. Шартнома тузишни таклиф қилувчи тараф оферент, таклифни қабул қилувчи тараф эса акцептант ҳисобланади.
Судлар
шуни назарда тутишлари лозимки, шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга киришиш ҳақидаги ҳар қандай таклиф ҳам оферта деб тан олинмайди. Таклиф оферта хусусиятларига жавоб бериши учун у ФКнинг 367-моддасига мувофиқ етарли даражада аниқ бўлиши ва шахснинг шартнома тузиш ниятини аниқ ифода этиши, шартноманинг барча муҳим шартларини ўз ичига олиши ва бир ёки бир неча муайян шахсларга юборилган бўлиши лозим.
Таклифда юқорида кўрсатилган белгилардан бирининг йўқлиги судлар томонидан оферта қилишга таклиф этиш деб баҳоланиши керак.
ФКнинг 376-моддасига мувофиқ агар шартномада унинг тузилган жойи кўрсатилган бўлмаса, шартнома оферта йўллаган фуқаронинг яшаш жойида ёки юридик шахснинг жойлашган ерида тузилган ҳисобланади.
5.
Судларга тушунтирилсинки, шартнома у тузилган санада амалда бўлган қонун ҳужжатлари билан ўрнатилган, тарафлар учун мажбурий бўлган қоидаларга мувофиқ бўлиши лозим.
Агар шартнома тузилганидан кейин тарафлар учун мажбурий бўлган, шартнома тузилаётган пайтдагидан бошқача қоидаларни белгилайдиган қонун қабул қилинган бўлса, тузилган шартноманинг шартлари ўз кучини сақлаб қолади, қонунда аввал тузилган шартномалардан келиб чиққан муносабатларга ҳам татбиқ этилиши кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.
Бунда судлар
шуни инобатга олишлари лозимки, мажбуриятни бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг бекор қилинганлиги шартномадан мазкур ҳужжатда назарда тутилган жавобгарлик тўғрисидаги шартни чиқариб ташлаш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
6. ФК 365-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ оферта йўллаган шахс унинг акцептини олган пайтда шартнома тузилган ҳисобланади.
Офертада акцепт муддати кўрсатилган бўлса, акцепт оферта йўллаган шахс томонидан унда кўрсатилган муддат мобайнида олинса, шартнома тузилган ҳисобланади.
ФК 373-моддасининг биринчи қисмига кўра ёзма офертада акцепт муддати кўрсатилмаган акцепт оферта йўллаган шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган муддатларда, агар бундай муддат белгилаб қўйилган бўлмаса — бунинг учун нормал зарур бўлган вақт мобайнида олинса, шартнома тузилган ҳисобланади.
Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, ФК шартномаларни тузишда шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан тарафлар келишувга эришган ва у тегишли шаклга келтирилган бўлишидан ташқари, қонунга биноан муайян ҳаракатларни бажаришнинг талаб этилишини ҳам назарда тутади. Хусусан, ФК 732-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади, ФК 759-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ эса, банк омонати шартномаси омонат суммаси банкка келиб тушган кундан бошлаб тузилган ҳисобланади ва ҳ.к.
7. ФК 370-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, агар қонундан, иш муомаласи одатидан ёки тарафларнинг иш бўйича аввалги муносабатларидан бошқача маъно келиб чиқмаса, сукут сақлаш акцепт бўлмайди.
Офертани акцептлаш учун белгиланган муддатда олган шахснинг унда кўрсатилган шартнома шартларини бажариш юзасидан қилган ҳаракатлари (товарларни жўнатиш, хизматлар кўрсатиш,
ишлар бажариш, тегишли суммани тўлаш ва ҳ.к.), агар қонун ҳужжатларида ёки офертада бошқача тартиб назарда тутилмаган ёки кўрсатилмаган бўлса, акцепт ҳисобланади.
8. «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасига кўра хўжалик шартномаси битимлар тузиш учун назарда тутилган ёзма шаклда тузилади.
Нотариал тасдиқланиши ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган шартнома нотариал тасдиқланган ёки рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан, нотариал тасдиқланиши ва рўйхатдан ўтказилиши зарур бўлганда эса — шартнома рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан шартнома тузилган ҳисобланади.
ФК 112-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига мувофиқ, агар тарафлардан бири нотариал тасдиқлаш талаб қилинадиган битимни тўла ёки қисман бажарган бўлса, иккинчи тараф эса — битимни нотариал расмийлаштиришдан бош тортса, суд битимни бажарган тарафнинг талаби бўйича уни ҳақиқий деб ҳисоблашга ҳақлидир. Бу ҳолда битимни кейинчалик нотариал расмийлаштириш талаб қилинмайди.
Агар давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинадиган битим керакли шаклда тузилган бўлиб, аммо тарафлардан бири уни рўйхатдан ўтказишдан бош тортса, суд бошқа тарафнинг талаби билан битимни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли. Бундай ҳолда битим суд қарорига мувофиқ рўйхатдан ўтказилади.
Агар тарафлар шартномани муайян шаклда тузишга келишган бўлсалар, гарчи қонунда бу турдаги шартномалар учун бундай шакл талаб қилинган бўлмаса-да, шартнома белгиланган шаклга келтирилгандан кейин тузилган ҳисобланади.
Ёзма шартнома тарафлар имзолаган битта ҳужжатни тузиш йўли билан, шунингдек почта, телеграф, телетайп, телефон, электрон алоқа ёки ҳужжат шартномадаги тарафдан чиққанлигини ишончли суратда аниқлаш имконини берадиган бошқа алоқа ёрдамида ҳужжатлар алмашиш йўли билан тузилиши мумкин.
Судларга тушунтирилсинки, агар тарафларнинг шартномавий ҳуқуқий муносабатларга киришганлиги ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқланса, шартноманинг мавжуд эмаслиги даъвогарнинг
етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар қийматини ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмайди. Агар қонунда ёки тарафларнинг келишувида битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келиши тўғридан-тўғри кўрсатилган бўлса, ушбу қоида қўлланилмайди.
9. ФКнинг 357-моддасига мувофиқ шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади.
Шу билан бир вақтда тарафлар ўзлари тузган шартноманинг шартларини уларнинг шартнома тузилишидан олдин вужудга келган муносабатларига нисбатан қўлланилади деб белгилаб қўйишга ҳақлидирлар.
ФК 357-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ қонунда ёки шартномада шартноманинг амал қилиш муддати тугаши тарафларнинг шартнома бўйича мажбуриятлари бекор бўлишига олиб келади, деб белгиланиши мумкин. Агар бундай шарт мавжуд бўлмаса, шартноманинг амал қилиш муддати тугаган бўлса ҳам, тарафлар ўз зиммаларига олган барча мажбуриятларини лозим даражада бажарган тақдирдагина шартнома ўзининг амал қилишини тугатади.
Шартноманинг амал қилиш муддатининг тугаши тарафларни уни бузганлик учун жавобгарликдан озод қилмайди.
10. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, қонунчилик ҳужжатларида шартнома тузиш мажбурий бўлган ҳолатлар ҳам ўрнатилган. Хусусан, оммавий шартнома (ФКнинг 358-моддаси), дастлабки шартномада назарда тутилган асосий шартнома (ФКнинг 361-моддаси), ким ошди савдосида ғолиб чиққан шахс билан тузилган шартнома (ФКнинг 379-моддаси), давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш шартномаси (ФКнинг 457-459-моддалари) ва ҳ.к.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. ИПК 26-моддасининг 1-бандига мувофиқ тузилиши қонунда назарда тутилган шартнома юзасидан келиб чиққан келишмовчиликлар ёки шартнома юзасидан келиб чиққан бўлиб, ҳал этиш учун иқтисодий судга топшириш ҳақида тарафлар ўзаро келишган ихтилофлар ҳал этиш учун судга топширилиши мумкин.
(11-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Тарафлар ўртасида низони ҳал этиш учун судга топшириш ҳақидаги келишув шарти турли хил шаклларда, масалан, хат, телеграмма, факсимил ва электрон алоқа воситаси орқали ахборот алмашиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.
Шартнома бўйича келишмовчиликларни ҳал этиш учун судга топшириш шарти тузилаётган шартномада назарда тутилиши ва унинг лойиҳасига тарафлардан бири
томонидан киритилиши мумкин, агар бошқа тараф келишмовчиликлар баённомасида лойиҳанинг мазкур шарти бўйича бирор бир эътироз билдирмаган бўлса.
Қолган ҳолларда бундай ҳуқуқ фақат у қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган тақдирда вужудга келади. Шартнома тузиш бир тараф учун қонунга кўра мажбурий бўлган ва тарафлар ўртасида шартномани тузишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда ФКнинг 377-моддасида кўрсатилган қоидалар мажбурий тартибда қўлланилади.
12. Шартнома тузиши мажбурий бўлган тараф уни тузишдан бўйин товлаган ҳолда, бошқа тараф шартнома тузишга мажбурлаш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, даъво талаблари нафақат бутун шартномага, балки унинг айрим шартларига ҳам тегишли бўлиши мумкин.
Даъвогар даъво аризасига тузишга мажбур этилган шартнома лойиҳасини илова қилиши шарт.
13. ФК 377-моддасининг иккинчи қисмида келишмовчиликлар баённомасини судда кўриб чиқиш учун топширишнинг ўттиз кунлик муддати ўрнатилган. Шу билан биргаликда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ушбу муддатнинг ўтказиб юборилганлиги даъво аризасини қабул қилишни рад этиш учун асос ҳисобланмайди.
Оферта йўллаган тараф келишмовчиликларни кўриб чиқиш учун судга унинг муддати ўтганидан кейин топширган, бошқа тараф эса бунга эътироз билдирмаган ҳолларда суд бундай аризани мазмунан кўриб чиқади. Агар бошқа тараф бунга қарши эътироз билдирган бўлса, суд махсус даъво муддатининг ўтиши оқибатларини қўллаб, даъвони рад этади. Бу ҳолда шартнома оферта шартларида қабул қилин-ган ҳисобланади. Бунда, агар суд даъво муддатининг ўтказиб юборилганлиги сабабини узрли деб топса, у ФКнинг 159-моддасига мувофиқ
даъво муддатини тиклаб, низони мазмунан кўриб чиқади.
14. Агар шартномани тузиши мажбурий бўлмасада, лекин тарафлардан бири шартнома бўйича келишмовчиликларни ҳал этиш учун судга топширган ва суд ушбу келишмовчиликларни иш юритишга қабул қилган, мазкур шартнома бўйича контрагент эса ушбу шартнома юзасидан ўзининг таклифларини судга тақдим этган бўлса, суд низо уни кўриб чиқиш учун тарафларнинг келишуви бўйича берилган, деб ҳисоблаши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Судларга тушунтирилсинки, шартнома тузишга мажбур этиш тўғрисида даъво аризаси тақдим қилинган ҳолда, агар шартнома тузиш тарафлар учун мажбурий бўлмаса, суд бундай талабни қаноатлантиришни рад этади.
(14-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 17-сонли қарори таҳририда)
15. Шартноманинг айрим шартлари бўйича шартнома олдидан бўлган низони кўриб чиқишда судлар шартноманинг барча шартларининг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини текширишлари лозим. Шартнома шартлари қонунчиликка мувофиқ эмаслиги аниқланган ҳолда, суд тарафларга ҳал қилув қарори чиқарилгунга қадар номувофиқликларни бартараф этишни таклиф этади ва бунинг учун муҳлат беради, бу суд мажлиси баённомасида ёки суднинг ажримида акс эттирилади. Агар суднинг мазкур таклифи тарафлар томонидан бажарилмаса, суд шартномани қонун ҳужжатларига зид бўлган таҳрирда тузишга мажбур қилишни рад этади, етарли асослар мавжуд бўлган ҳолда эса, ишдаги ҳолатлардан келиб чиқиб, суд қонунчиликка зид бўлмаган таҳрирда шартномани тузишга мажбур этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.
Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин тарафлар қўшимча равишда алоҳида ҳужжат тарзидаги шартномани тузишга ва имзолашга мажбур эмаслар.
16. ФК 235-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ мажбурият унда тарафлар сифатида қатнашмаган шахслар (учинчи шахслар) учун бурчлар ҳосил қилмайди. Судлар назарда тутишлари керакки, агар шартноманинг шартлари учинчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмаса,
шартномани тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга унда фақат иштирок этувчи шахслар ҳақлидир.
Давлат органлари ва бошқа органлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда даъво тақдим этишлари мумкин.
17. Шартнома учинчи шахс фойдасига тузилган тақдирда ФКнинг 362-моддасига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, учинчи шахс шартнома бўйича ўз ҳуқуқидан фойдаланиш ниятини қарздорга билдирган пайтдан бошлаб тарафлар ўзлари тузган шартномани учинчи шахснинг розилигисиз бекор қилишлари ёки ўзгартиришлари мумкин эмас.
18. Шартноманинг амал қилиш даврида тарафлар ўзаро келишувга мувофиқ уни амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўзгартиришга ҳам, бекор қилишга ҳам ҳақлидирлар.
Шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида келишув ҳам шундай шаклда тузилади, башарти қонун ҳужжатларидан, шартнома ёки иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса.
ФК 382-моддасининг иккинчи қисми қоидаларидан келиб чиқиб, шартнома суднинг ҳал қилув қарорига биноан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:
иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса;
ФК, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда. ФК 382-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўлади-ган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади.
ФК 382-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўлади-ган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади.
ФК 384-моддасининг иккинчи қисмида белгиланганки, бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса — ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин. Бунда ўттиз кунлик муддат таклиф олинган пайтдан, агар таклиф олинган муддат номаълум бўлса, иккинчи тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифни олиши учун нормал зарур бўлган вақт ўтган пайтдан бошлаб ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
19. Мазкур тоифадаги низоларни ҳал этишда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ИПК 148-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар қонунда айрим тоифадаги низолар учун уларни судгача ҳал қилиш тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, низо мазкур тартибга риоя этилганидан сўнггина судга кўриб чиқиш учун топширилиши мумкин. Шу сабабли бундай тоифадаги низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилмаганлиги ИПК 107-моддасининг 5-бандига мувофиқ даъвони кўрмасдан қолдириш учун асос ҳисобланади.
(19-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 17-сонли қарори таҳририда)
20. Вазият жиддий ўзгариши муносабати билан шартномани ўзгартириш ёки бекор қилишга доир низоларни кўриб чиқишда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, агар тарафлар шартномани жиддий ўзгарган вазиятга мувофиқлаштириш ёки уни бекор қилиш ҳақида келиша олмаган бўлсалар, шартнома ФК 383-моддаси учинчи қисмининг 1-4-бандларида санаб ўтилган барча шартлар бир вақтда мавжуд бўлган ҳолдагина бекор қилиниши (ўзгартирилиши) мумкин.
Мазкур низоларнинг судлар томонидан кўриб чиқилиши ФК 383-моддасининг бешинчи қисми талаблари инобатга олинган ҳолда амалга оширилиши лозим.
21. Судларга тушунтирилсинки, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда агар суд шартнома тузилмаганлигини ёки шартноманинг амал қилиш муддати тугаганлигини аниқласа, у даъвони рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.
22. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш оқибатлари ФКнинг 385-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра шартнома ўзгартирилганида тарафларнинг мажбуриятлари ўзгартирилган ҳолда сақланиб қолади, шартнома бекор қилинганида эса, тарафларнинг мажбуриятлари бекор бўлади.
Шартнома ўзгартирилган ёки бекор қилинган тақдирда, агар келишувдан ёки шартномани ўзгартириш хусусиятидан бошқача тартиб англашилмаса, тарафлар шартномани ўзгартириш ёки бекор қилишга келишган пайтдан бошлаб, шартнома суд тартибида ўзгартирилган ёки бекор қилинганида эса — суднинг шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб мажбуриятлар ўзгартирилган ёки бекор қилинган ҳисобланади.
23. Шартномани ўзгартириш ёки бекор қилишга доир низоларни кўриб чиқишда судлар шуни инобатга олишлари лозимки, ФК 385-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, агар қонунда ёки тарафларнинг келишувида бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, тарафлар шартнома ўзгартирилгунча ёки бекор қилингунча мажбурият бўйича ўзлари бажарган нарсаларни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли эмаслар.
24. Судлар шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ва шартномани бекор қилиш тушунчаларини фарқлашлари лозим. Шартномани ҳақиқий эмас деб топишга ФКнинг 113—126-моддаларида назарда тутилган асосларга кўра йўл қўйилади.
Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, шартноманинг ҳақиқий эмаслиги ва уни бекор қилиш ўртасидаги фарқ қуйидагилардан иборат:
шартноманинг ҳақиқий эмаслигига унинг ноқонунийлиги, бекор қилинишига эса, шартномани бекор қилишга талаб қилинадиган ҳолатларнинг юзага келиши асос бўлади, бунда унинг қонунийлиги низолашилмайди;
ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир, шартномани бекор қилиш эса у амалда бўлган вақтдаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга таъсир этмасдан, фақатгина келгусидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга тааллуқлидир;
битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабдан фарқли ўлароқ, шартномани бекор қилиш ҳақидаги талабга шартнома амал қилишининг бутун муддати мобайнида йўл қўйилади.
Шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг оқибатларини кўллаш масаласи суд томонидан ҳар қандай манфаатдор шахснинг талабига биноан кўриб чиқилиши мумкин. Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган шартноманинг ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўллаш масаласини суд ўз ташаббуси билан ҳам ҳал этишга ҳақли.
25. ФК 382-моддасининг тўртинчи қисмига кўра бир тараф шартномани бажаришдан тўла ёки қисман бош тортиб, қонун ёхуд тарафларнинг келишувида бунга йўл қўйилса, шартнома тегишлича бекор қилинган ёки ўзгартирилган ҳисобланади.
Қонунчиликка мувофиқ шартномани бажаришдан бир тарафлама бош тортишга муайян шартлар мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади (ФК 422-моддасининг учинчи қисми, 746-моддасининг биринчи қисми ва ҳ.к.). Бундай ҳолларда шартномани бекор қилиш талаб этилмайди.
Шартномани бажаришдан бир тарафлама бош тортиш учун бу ҳақда иккинчи тарафга хабар беришнинг ўзи етарлидир.
26. Судларга тушунтирилсинки, агар шартномада уни бир тарафлама бекор қилиш шарти кўзда тутилган бўлиб, лекин манфаатдор тараф шартномани бекор қилиш тўғрисида даъво билан судга мурожаат қилган бўлса, бундай даъво аризаси суд томонидан умумий қоидалар бўйича кўриб чиқилиши лозим.
Тошкент ш.,
2009 йил 18 декабрь,
203-сон