1. Паст босим жиҳозлари 2. Юқори босим жиҳозлари 3. Мишяксимон ангидрид ишлаб чиқарилишидаги қўшимча талаблар
1. Паст босим жиҳозлари 147. Реактор ва ишқорловчилар уларни қоришма билан тўлатиш сатҳини назорат қилувчи техникавий воситалар, сигнализация ва белгиланган сатҳдан ошиб кетишига йўл қўймайдиган блокировка билан жиҳозланиши лозим.
Қоришма компонентларини дозалаш ва уларни аралаштириш газларни ажралиб чиқиши ва аралашмаларни отилиб чиқиши билан кечадиган шиддатли реакцияга йўл қўймаслик учун автоматик усулда амалга оширилиши лозим.
148. Реакторнинг тўкиш штуцерларини тозалаш фақатгина аралаштиргич тўлиқ тўхтатилган, реакторда қоришма қолмаган ва таъминловчи қувурлар ёпилгандан сўнг амалга оширилади.
149. Реакторлар ишлаб турганда улардаги қопқоқлар зичлаб ёпилган ва маҳкамланган бўлиши лозим.
Реакторни ишга тушириш олдидан сўриш ва умумий вентиляция ишга туширилиши даркор. Вентиляцияни уламасдан туриб реакторни ишга тушириш мумкин бўлмаслиги учун тегишли блокировка ва сигнализация ўрнатилган бўлиши лозим.
150. Агрессив муҳит билан ишлаш вақтида хизмат кўрсатувчи ходимларни якка ҳимоя воситалари таъминлаш ва уларни тегишли реактивлар ишлаш ҳақида йўриқлашдан ўтказиш лозим.
2. Юқори босим жиҳозлари 151. Юқори босим аппаратларини лойиҳалаш, тайёрлаш ва ишлатиш қонунчиликда белгиланган тартибда олиб борилади.
152. Барча юқори босим аппаратлари аппарат иш режимида рухсат этиладиган катталикларга нисбатан четга чиқишларга (босим, ҳарорат ва ҳ.к.) йўл қўймаслик учун улар назорат-ўлчаш асбоблари ва сақлагич қурилмалар билан жиҳозланган бўлишлари лозим.
153. Юқори босим аппаратларини юклаш ва юксизлантириш механизациялашган бўлиши лозим. Қўлда юқори босим аппаратларини юксизлантириш фақат авария ҳолатларидагина рухсат этилади ва у юксизлантирувчи маҳсулотларга мос қувурлар магистралида камида икки киши томонидан бажарилади.
154. Атмосферасида кишилар соғлигига зарарли газлар, аэрозоллар ва бошқа аралашмаларнинг пайдо бўлиши мумкин бўлган барча хоналар сўриш вентиляцияси билан жиҳозланиши, зарарли моддаларни рухсат этиладиган энг катта концентрациядан (кейинчалик РЭЭКК) ошиб кетганлиги тўғрисида хабардор қиладиган сигнализация тизимлари бўлган тегишли назорат-ўлчов асбоблари билан таъминланиши лозим.
Ушбу Қоидаларнинг 1-иловасида иш зонаси ҳавосидаги, 2-иловада сувдан хўжалик ва маиший мақсадларда фойдаланиш объектлари сувларидаги РЭЭКК миқдорлари ҳақидаги маълумотлар берилган.
Биноларнинг атмосферасидаги зарарли моддалар концентрацияси РЭЭКК дан ошиб кетганда одамларнинг ўзларини тутиш тартиби, шунингдек улар томонидан якка ҳимоя воситаларидан фойдаланиш, шу жумладан чиқиндиларнинг авария ҳолатидаги чиқиши ҳолида ҳам фабрика раҳбари тасдиқлаган тегишли йўриқнома билан белгиланган бўлиши лозим. Шунингдек йўриқномада хонадан одамларни зудлик билан чиқариш ва зарарли газлар концентрацияси иш зонасида санитария меъёрларигача пасайгандан кейингина ишларни қайта бошлаш кўзда тутилиши лозим.
155. Юқори босим аппаратларда ишлаш фабрика раҳбари томонидан тасдиқланган махсус йўриқномага мувофиқ амалга оширилади, йўриқномада қуйидагилар кўзда тутилган бўлиши керак:
а) аппаратни хатолик билан ишга туширишга йўл қўймайдиган чораларни таъминлаган ҳолда аппаратни тўхтатишга тайёрлаш;
б) аппаратнинг аварияли тўхтаган ҳолатида хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ҳаракат тартиби;
в) аппаратни таъмирлаш ва унга хизмат кўрсатиш ишларини ташкил этиш;
г) одамларни аппарат ичига ишлаш учун киритиш тартиби ва бу ишларнинг хавфсихлик чоралари;
д) аппарат ичида бажариладиган иш хавфсизлиги ва сифатини назорат қилиш тартиби;
е) аппаратни ишга тушириш тартиби.