Амал қилсангиз инсонларни ўз фикрингизга оғдириш имконини берувчи ўн икки коида Ўнта ҳолатнинг тўққизтасида бахс ҳар бир иштирокчининг ўз фикрлари тўғрилигига бўлган ишончи бир мунча ошиши билан якунланади. Дунёда баҳсда ғолиб келишнинг ягона усули мавжуд — бу бахснинг келиб чиқишига йўл қўймасликдир. Худди ер силкинишидан ёки заҳарли илондан қочгандек, бахсдан ҳам узоқроқ юринг.
Суҳбатдошингиз фикрига ҳурмат билан қаранг. Унга ҳеч қачон ноҳақ эканлигини гапирманг.
Агар ўзингиз ноҳақ бўлсангиз буни тезда тан олинг. Бу усул ҳайратланарли натижалар бериши билан бир қаторда, хоҳ ишонинг хоҳ ишонманг, маълум ҳолатларда ундан фойдаланиш, кишининг ҳадеб ўзини ҳимоя қилишга уринишидан кўра ёқимлирокдир.
Аввал бошиданоқ дўстона муносабатларга шайланинг. Агар суҳбатдошингиз юрагида сизга нисбатан норозилик ёки нафрат ҳисси бўлса, уни ўз фикрингизга оғдираман деб хомтама бўлманг. Шунинг учун бирор кишини сиз илгари сураётган ғояга қўшилишини хохласангиз, энг аввало, сиз унга дўст эканлигингизга ишонтиринг.
Шундай қилингки, суҳбатдошингиз сизнинг ғоянгизни инкор эта олмасин. Суҳбатни мавжуд қарама-қаршиликларни таҳлил қилиш билан бошламаган маъқул. Аксинча, суҳбат бошида фикрлар мос тушадиган ҳолатлар ҳақида тўхталиб ўтинг ва суҳбат давомида буни бир неча марта такроран таъкидланг. Унинг инкор жавоб қилиш имкониятини қисқартиринг.
Суҳбат давомида суҳбатдошингиз кўпроқ гапирсин. Унинг гапини бўлманг. Гапиришга бемалол қўйиб беринг.
Суҳбатдошингиз ушбу ғояни ўз тафаккури маҳсули деб билақолсин. Ҳеч бир инсонга бирор нарсани мажбуран харид қилиш ёқмаганидек, нима қилиши кераклигини белгилаб беришлари ҳам ёқмайди. Бизга ўзимизга ёққан маҳсулотни харид қилиш, ёки ўз истагимизга кўра фаолият юритишимиз ҳамиша ёқимли.
Ҳар қандай ҳолатга суҳбатдошингиз назари билан қарашга астойдил ҳаракат қилинг. Шунда у нега бошқача эмас, айнан шундай фикрда эканлиги сабабларини тушунишингиз мумкин. Бу сабабларни ўрганишингиз унинг ҳаракати сирларини билиб олишингизга ёрдам беради.
Ўзгаларнинг фикр ва истакларига ҳамдардлик билан муносабатда бўлинг. Эртага сиз учрашадиган кишиларнинг 75 фоизи ҳамдардликка зорлар. Ўз ҳамдардлигингиз билан уларнинг муҳаббатларини қозонишингиз мумкин.
Ўз ғояларингизни жамият маънавияти билан ҳамо-ҳанглаштирган ҳолда етказишга ҳаракат қилинг. Эзгу мақсадли ғояларни инсон жуда тез англаб олади. Бундай ғояни қайта-қайта таъкидлашнинг ҳожати йўқ.
Ўз ғояларингизни гўзал қилиб етказишга ҳаракат қилинг. Биз ёрқин эффектлар даврида яшаяпмиз. ҳақиқатни оддий сўзлар билан етказиб беришнинг ўзи камлик қилади. Ҳақиқатни жонлантириб, қизиқарли, драматик тарзда етказиш лозим. Даромадли рекламадан фойдаланишни ўрганишингиз керак.
Кишилардаги юксакликка интилиш истагидан унумли фойдаланинг. Уларни ҳамкорликка чақиринг. Бу руҳан кучли инсонларга таъсир ўтказишнинг энг тўғри усулидир.